Қарағанда вилоятидаги конда тунги сменада ишлаган 200га яқин кончи смена вақти туганидан сўнг 11 декабрь куни эрталаб юқорига чиқишни истамади. Норозилик акцияси ўтаётган шахта тегишли бўлган «АрселорМиттал Темиртау» компанияси ишчиларнинг бу акциясига рухсат берилмаганини маълум қилди.
Иш берувчи-компания маълумотларига кўра, тўртта шахтадан айрим кончилар тепага чиқишни истамади. «Қолган шахталар одатдагидек фаолият юритмоқда», – дейилади компания хабарида.
Қарағанда вилояти ҳокимлиги вазият назоратга олинганини айтар экан, «компания ва “Коргау” кончиларининг касаба уюшмаси раҳбарияти иштирокида меҳнат қонунчилигида кўзда тутилганидек мулоқот бошланганини” маълум қилди.
Келаётган маълумотларга кўра, норозилик акцияси иштирокчилари ойлик маошлари оширилишини, меҳнат шароитлари яхшиланишини, кончилар учун пенсия имтиёзлари қайтарилишини талаб қилмоқда. «Коргау» кўмирчилари касаба уюшмаси раиси Марат Миргаязовнинг телефонлари айни дамлда ўчирилган. Хабарларга кўра, у вилоят хокимиятида музокаралар олиб бормоқда.
Бу Қарағанда вилоятида кончилар томонидан сўнгги икки ҳафтада ўтказилган иккинчи норозиликдир. Ноябрь ойи сўнгида Сатпаев шаҳрида Жанубий Жезқазған конида ўнлаб кончилар норозилик билдирган эди. Улар смена вақти тугаши билан юқорига чиқишдан воз кечди. Улар маошлар оширилишини, пенсияга қўшимча берилишини талаб қилишди. Ўшанда норозилик акциясига юқорида ишловчибир неча ходимлар ҳам қўшилган эди. Кўп ўтмай иш берувчи –«Казахмис» корпорацияси меҳнат баҳси барқарорлашганини маълум қилган эди.