Х

ХАВФСИЗЛИК – устувор даражада сиёсат, геосиёсат маконига нисбатан қўлланадиган, том маънода маъ-ят, инсонийлик ҳодисаси, инсонлараро ҳамжиҳатлик, ўзаро мурувватнинг ифодасидир. Х. глобал маън-йлашувнинг яққол кўриниши сифатида ижт-й соҳаларнинг барчасидан ўрин олган тақдирдагина, ҳақиқий Х. муҳити вужудга келганлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. XXI а.га келиб Х.да маън-й жиҳатнинг ўрни кучайишига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Олий ҳилқат сифатида инсоннинг ўзи улуғ бурчини тўлақонли ҳис этиши, миллионлаб юртдошлар, замондошлар тақдири учун жавобгарликни англаши Х.ка бўлган талаб б-н уйғунлашиб бормоқда. Зарур даражада Х. таъминланиши учун бугунги кунда шахснинг ўз номидан, ёхуд ўз манфаатларидан чиқиб жараёнда иштирок этиши, ўз хавфсизлиги учун фақат ўзи қайғуриши камлик қилади. Яъни ҳар бир фуқаро ўз юртдошлари ва шубҳасиз дунёдаги барча инсонлар хавфсизлиги учун куйиниши, яъни ўзгалар, замондошлар номидан иш кўриши лозим. Зеро бугун XXI а.даги кескин ўзгаришлар оқибатида бир шахснинг хавфсизлиги ҳар биримизнинг хавфсизлигимизга дахлдорликка айланди. Шу нуқтаи назардан Ислом Каримовнинг яъни “ҳадсиз-ҳудудсизлик” ҳолатида, Х.ни глобал контекстда, идрок этиш шартлиги ҳақидаги фикри айни ҳақиқатни англатади. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ўтган а.ларда Х. асосан сиёсий чора тадбирлар, қарорлар ва фаолият орқали таъминланиб турилган. Унинг замирида, эса ўша пайтлардаги конкрет вазият, халқаро мун-тлар шакли ва режими ётган. Бугун эса, тобора маън-й жиҳат касб этиб бормоқдаки, инсоннинг яшашга, авлод қолдиришга бўлган ҳақ-ҳуқуқини а.аш, унга ўзидаги интеллектуал, маън-й ва илоҳий салоҳиятни, куч-қудратни рўёбга чиқариши пайсалга солиб бўлмайдиган глобал мақсадга айланмоқда. Х.ни маъ-ят нуқтаи-назаридан таҳлил қилиш, унинг олам бир бутунлиги, яхлитлигининг таянчи эканлигини эътироф этишга олиб келади. Х. инсонни, миллатни моддий-маън-й имкониятларини, билими, таафаккурини рўёбга чиқариш имкониятидир.

ХАЁЛ — маънавий ҳодиса, тафаккур сингари билиш жараёнларидан бири ҳисобланиб, у инсоннинг руҳий фаолиятида, муайян даражага эга бўлган муаммоли вазиятнинг вужудга келишида ҳамда унинг ҳал қилинишида иштирок этади. Бинобарин, хаёл ҳам руҳий фаолиятнинг бир тури. У ҳаётда инсон томонидан идрок этилмаган тасаввур ҳамда ўйдаги ҳолатларнинг вужудга келишидан таркиб топади. Хаёл муайян ҳиссий тимсолларга ёки борлиқиинг аниқ андозаларига таянади. Хаёл учун замон ва макон борасида чегара йўқ. Хаёл воқеликдан ҳамиша олдинда юради ва уни олға етаклайди. Кашфиётга олиб келувчи гумон, фараз ва интунция ҳам хаёлсиз бўлмайди. Бошқача айтганда, хаёл воқеликни моҳиятига кўра умумлашган ҳолда идрок этиш ҳодисасидир. Амалий фаолият бошланмасдан туриб, унинг маҳсулини олдиндан тасаввур қилиш ва уларни тимсоллар тариқасида вужудга келтириш Х.нинг асосий вазифаси ҳисобланади. Х. билиш жараёнлари б-н узвий боғлиқликда ҳукм суради, уларни акс эттириш имкониятининг тўлароқ рўёбга чиқишига ёрдам беради. Психологияда суст (пассив), фаол (актив), ихтиёрий, ихтиёрсиз, тикловчи ва ижодий Х. турлари тўғрисида етарли маълумотлар мавжуд. Х.нинг аналитик синтетик хусусияти бўйича 2 тенденция мавжуд. Аналитик ҳолат Х.нинг мазмунини, предметини тубдан янги образлар, тимсоллар яратилишдан, атроф-муҳитнинг ифодаси, янги безакли, жилоли эканлигини қайд қилишдан иборатлигини тан олишдир. Иккинчи тенденция биосфера, ноосфера тўғрисидаги маълумотлар, тасаввурлар, таъсирланиш, тажрибалар ижтимоий-тарихий тараққиёт давомида қайтадан тикланиш орқали Х. маҳсули сифатида сақланиб келади, деган ғояга асосланади. Ҳар иккала тенденция уйғунлашуви орқали ижодий ва тикловчи Х. турлари аҳамиятига, маҳсулдорлигига оқилона баҳо бериш мумкин, холос. Халқимизда “хаёлнинг учқур оти” деган ибора бор. Бу отга миниб, бир зумда олис Амир Темур замонида бўлиш, Навоий ҳазратлари давридаги Ҳиротни кўз олдимизга келтириш ёки келажакка сафар қилиш мумкин.  Кишилар қадим замонларда табиат ҳодисаларининг қудратини эътироф этиб, Қуёш, Сув, Олов каби буюк кучларни хаёл орқали инсонлар, ҳайвонлар, қушлар қиёфасида тасаввур қилганлар. Мавжуд хаёлий тушунчалар ва тимсолларни бутунлай асоссиз, ҳақиқатга хилоф дейиш мумкин эмас. Чунки инсон қадимдан то ҳозиргача хаёл орқали воқеликнинг турли қирраларини ўрганиб келмоқда. Хаёл оламни билишнинг, воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини, ички хусусиятларини ўрганишнинг кучли қуролидир. У инсонга реал ҳаёт ҳодисалари заминидаги моҳиятни, ички алоқадорликни тушунишга, келажакни олдиндан кўришга, юксак идеаллар учун курашишга ҳамда эҳтимол тутилган фалокатларнинг олдини олишга ёрдам беради. Ва аксинча, шуни ҳам эътибордан соқит қилмаслик зарурки, реал замондан, реал шароитдан ажралган, юксак идеалларга зид хаёл инсониятни янглиштириши, тўғри йўлдан чалғитиши мумкин. Буни хомхаёл деса бўлади. Фашизм ана шундай хомхаёлдан келиб чиқиб мамлакати халқи бошига ҳам, инсониятга ҳам талафот етказди. Коммунистик утопия — хомхаёл ҳам кишилик жамиятига нақадар фалокат етказгани ва ҳамон етказаётгани ҳаммамизга аёндир.

ХАЙРИХОҲЛИК   (араб. хайр — яхшилик, эзгулик; форс. хоҳиш — истак, тилак) — яхши мақсадлардаги  ишларни, эзгу хатти-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни англатади. 1) маънавий муносабатларнинг ўзига хос алоҳида шакли; 2) ўзга кишиларга бағрикенглик ва меҳрибонлик асосида муносабатда бўлиш. Х.  кишилар бир-бири б-н оилавий ва қондош-уруғлик ришталари б-н боғланган, ижтимоий мавқега, моддий таъминланганлиги бўйича бир-бирларидан фарқланадиган инсонларнинг биродарлиги ҳақидаги умуминсоний ғоялар ва яқинларга меҳр-мурувватли бўлиш тарафдорларидир. X. — ахлоқий беғараз ҳаракат соҳаси, инсониятнинг ўзи каби қадимий хулқдир. Исломда Х.  инсонпарварлик мақсадларида ҳамда гуноҳдан фориғ бўлиш б-н боғлиқ (гуноҳнинг авф этилиши, жаннатга дохил бўлиш ва ҳ.к.) эзга амал сифатида талқин этилади. Хайрия ташкилотлари ва уларнинг фаолияти замонавий давлатчилик, жамоатчилик тизимида муҳим ўрин тутади.  X. фаолияти аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд  қисмига  моддий ёрдам кўрсатишнигина назарда тутмайди у ижтимоий фаоллик, меҳр-оқибат кўрсатиш ва маънавий жиҳатдан  ўз-ўзини тарбиялаш йўналиши ҳамдир Бизнинг замонамизга келиб, тилимиздаги бу тушунча яхшилик йўлида бирор кимсага ён босиш, эзгулик йўлида тарафдор бўлиш, шундай ишларда ҳомийлик қилиш маъноларини ҳам англата бошлади. Дарҳақиқат, Х. инсон кўнглидаги эзгуликлардан, яхши орзу-ниятлардан, унинг маънавиятидан дарак бериб, яхшиликка умид билдирган хатти-ҳаракатлардан иборат бўлган ҳолатларни ифодалайди. Шундан келиб чиқиб, Х.ни – кишининг ички гўзаллигини намоён этадиган, яхшиликка йўғрилган истаклар “барометри” деб таърифлаш ҳам  мумкин. Хайрихоҳ одамлар жамиятнинг кўрки, ифтихори деб саналишга лойиқ. Зеро, халқ манфаати, Ватан равнақи, эл-юрт фаровонлиги йўлидаги эзгу ишлар, ташаббуслар ҳам айнан хайрихоҳ инсонларнинг покиза орзу-ниятлари туфайли амалга ошади, ҳаракатга келади, вожиб бўлади. Бу эса халқ хотирасида  боқий амалларга асос солади,  унинг пойдеворини мустаҳкамлайди. Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида тоғни талқон қилиб, ариқ қазган Фарҳоднинг жасорати, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида Отабекнинг миллатимиз қадриятларининг рамзи сифатида тасвирланиши  ёки Мустақиллик йилларида халқимизнинг озод ва обод келажаги йўлида амалга оширилган  бунёдкор ишларнинг барчаси кўнгилдаги инжа ва покиза туйғу – Х. учқунларидан яралган мўъжизавий ишлар, десак янглишмаймиз. Бинобарин, хайрихоҳ инсонларнинг эзгу  саъй-ҳаракатлари туфайли  XXI асрда ҳам ўзбек  халқи оламшумул воқеликларга гувоҳ бўлиши шубҳасиздир. Негаки, улуғ шоиримиз Абдулла Орипов айтганидек: «Буюкликдан буюклик туғилиб келган доим»   

ХАЙРЛАШИШ — маънавий тамойилларга асосланадиган хатти-ҳаракат шакли, нутқ одоби унсури. Ҳар қандай нутқий мулоқот тури Х. б-н якунланади. Худди саломлашишдаги сингари хонани тарк этадиган ёки ким учун мақбул бўлса, у биринчи бўлиб хайрлашади. Х. шакллари ҳам саломлашиш шакллари сингари сўз (вербал) воситасида («хайр», «кўришгунча», «яхши қолинг», «хайр, кўришгунча») ва новербал — айтилган сўзга қўшимча тарзда енгил таъзим, қўл ҳаракати ва ҳ. орқали намоён  бўлиши мумкин. Худди шундай талаб қўл бериб Х.га ҳам тааллуқли: катта биринчи бўлиб кичикка қўл узатади. Ташриф буюрувчининг хизмат хонасидан бирор ишга алоқадор масала ҳал этилгандан кейин чиқиб кетиши олдидан суҳбатдошига стол устидан қўл узатиши  ножоиз ҳисобланди. Ёши ўзидан катта шахс ёки аёл билан суҳбатлашган ижтимоий ходим учун энг яхши йўл қуйидагилар ҳисобланади: ташриф буюрган, Х. учун ўрнидан туриб кетишга чоғланганда ўриндан туриш. Кексайган, айниқса, ногирон киши кетаётганда уни эшиккача кузатиш одобдан бўлади. Суҳбатнинг якуни сифатида X. бир қатор ўзига хос вазифани ўтайди: биринчидан, бу одатдаги одобга риоя этиш; иккинчидан, коммуникатив алоқани якунловчи бир ҳаракат. X. билан суҳбат якунига етади ва бўлиб ўтган суҳбат кейинчалик эътиборда қолишига муайян кафолат беради. Ўзбекларга хос хайрлашув одоби ва унинг миллий қадриятларимиз тизимидаги ўрни катта. Бизнинг миллий урф-одатимизга кўра, тўғри Х. усулларига амал қиладиган одам юксак маданиятли, маънавиятли инсон  (шахс) саналади. Чунки кишиларнинг ахлоқ-одоби, улар ҳақидаги дастлабки тассурот саломлашиш, мулоқот (суҳбат), Х. вақтида пайдо бўлади. Х. одоби кишиларга болаликдан шакллантирилади. Бунда боланинг хулқий гўзаллиги ортади. У таълим-тарбиянинг асл меваси, инсоний фазилат бўлиб, кишининг ички дунёсини намоён этувчи ахлоқий сифатнинг бир қиррасидир. Саломлашганда ёки хайрлашганда айтиладиган “ассалому алайкум”, “саломат бўлинг” деган сўзларда инсонларнинг бир-бирига ҳурмат-эҳтироми, хайрихоҳлик изҳори билан бирга  теран мазмун ва мулоҳаза мужассамлашган. Булар мулозаматни, инсонларга бўлган камоли эҳтиромни билдиради. Х. одоби бизга авлод-аждодларимиз қолдирган мерос қон-қонимизга сингиб кетган маънавий қадриятимиздир. Тузумлар, замонлар ўзгарди, лекин ушбу калом ҳамон тилимиздан, ахлоқ-одобимиздан айри тушгани йўқ. Ўзига хос ўзбекона Х. халқимиз табиатининг кўзгуси, ширинсуханлик, хушмуомалаликнинг кўринишдир. Х. инсонларнинг бир-бирига меҳр-оқибати ифодаси сифатида туғилади ва халқимиз донишмандлигининг чинакам тимсолидир. Бу одатнинг бойлиги ҳам шунда. Истиқлол  туфайли ота-боболаримизнинг ахлоқ-одоб, шу жумладан, саломлашиш ва Х. мезонлари ҳақидаги ҳикоялари, нақл ва ривоятлари фарзандларимизни маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг қалбига юксак маънавий қадриятларни қарор топдиришда дастуриламал  сифатида хизмат қилиб келмоқда.

ХАЙРИЯ (хайр қилиш) — хислат ва фойдали ҳаракат, бу яхшиликка олиб келади; бошқаларга яхшилик қилиш, камбағалларга ёрдамлашиш; якка шахслар ва ташкилотлар (умуман, давлат, хусусан, корхоналар, фирмалар, жамғармалар ва б.)нинг камбағаллар, кам таъминланганларга раҳм-шафқат юзасидан моддий ёрдам кўрсатиш; турмуш даражаси паст бўлганларга давлат томонидан ёрдам кўрсатилиши. Ислом ақидаларига кўра, X. ислом пайдо бўлганидан бошлаб тарғиб этилади. X. имкони бор ҳар бир мўмин ва мусулмоннинг шарафли бурчидир. Ислом дунёсида масжидлар муҳтожларга ёрдам кўрсатиш ишида, шунингдек, хайрия қилишда (камбағал, кам таъминланган, бева-бечораларга моддий ёрдам кўрсатишда), беморлар, етим-есирлар, ногиронлар ва кексалар ҳолидан хабар олишда фаол қатнашиб келган ва фуқароларни бунга даъват этган. Аста-секин X. фақат диний эмас, балки дунёвий кўриниш ҳам касб эта бошлади. Тарихий манбаларда келтирилишича, кўпгина ҳукмдорлар, амалдорлар орасида ҳам хайру саховатлилари бўлган. Хусусан, соҳибқирон Амир Темур, унинг набираси Улуғбек шундай ҳукмдорлардан саналади. Шеърият мулкининг султони, давлат арбоби Алишер Навоий эса бу борада барча замонларнинг энг саховатли намояндаси ҳисобланади. Дин арбобларидан Ҳожа Ахрор Валий ўз замондошлари орасида энг саховатлиларидан ҳисобланган.

ХАЛҚ – кенг маънода, муайян мамлакатнинг барча аҳолиси, тор маънода эса тарихий-этноижтимоий бирликларнинг турли шакллари, чунончи, миллат, элат, этник бирлик, уруғ ва ҳ.к. ифода этувчи тушунча. Кенг маънода Ўзбекистон Х.и деганда  миллати, дини, тилидан қатъи назар, мамлакатнинг барча фуқаролари ҳамда юртимизда доимий равишда истиқомат қилаётган аҳоли тушунилади. Илмий адабиётда Х. атамаси баъзан “этнос” тушунчасига синоним сифатида қўллаш ҳоллари ҳам учрайди. Юнон. “этнос” тушунчаси луғавий маънода Х., қабила, кишилар гуруҳини англатади. Юнон тилидаги “демос” ибораси ҳам Х. тушунчасини англатади. Лекин, кишилар гуруҳининг муайян ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол қатнашувчи қисмини англатса, “этнос” тушунчаси муайян жой, яъни ҳудудда яшаб, этногенетик ва тилнинг умумийлиги, моддий ва маънавий маданиятнинг муштараклигига асосланувчи Х.нинг локал гуруҳини англатади. Ҳозирги пайтда этнос термини фақатгина илмий доира ва илмий адабиётлардагина қўлланса, “Х.” термини эса кундалик ҳаётнинг ижтимоий-сиёсий, маданий, иқтисодий ва маънавий жабҳаларида фаол қўлланади. Шу жиҳатдан ҳам этнос ва Х. тушунчалари маълум маънода бир-бирига яқин бўлса-да, аммо мазмун ва моҳият жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади. Яъни, “этнос” атамаси муайян тил, урф-одат, анъана, миллий ўзликни англаш жиҳатларининг муштараклигига асосланиб, ушбу бирликни асосан назарий жиҳатдан англатувчи тушунчадир. Х. термини илмий адабиёт билан бир қаторда оммабоп нашрларда ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида фаол қўлланилиб, “этнос”га синоним сифатида ҳам, шунингдек, муайян ҳудуд ёки мамлакат Х.ига нисбатан ҳам ишлатилади. Тор маънода ушбу термин эл, элат, миллат, аҳоли, халойиқ, оломон, муайян гуруҳ вакилларини англатади.  Х. сўзи муайян локал ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолига нисбатан ҳам қўлланилади. Мас., қишлоқ Х.и, шаҳар Х.и ва ҳ.к. Касб, муайян машғулот ёки маълум табақага мансуб бўлган кишиларга нисбатан ҳам ўқитувчи Х.и, савдогар Х.и, деҳқон Х.и каби сўзлар ҳам учрайди. Замонавий  халқаро ҳуқуқда ҳам Х. атамаси кенг қўлланади. Х. биринчи марта халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида 1945 йили БМТ Уставида “Х.ларнинг тенглиги ва ўз тақдирини ўзи белгилаш” тамойилининг мустаҳкамланиши натижасида тан олинган. Ҳозирги вақтда халқаро ҳуқуқда Х.лар ҳуқуқи турли конвенция ва декларацияларда ўз аксини топган. Шу б-н бирга, халқаро ҳамжамият томонидан умумий тан олинган ягона “Х.” тушунчаси ҳозирга қадар ишлаб чиқилмаган, фақат халқаро ҳуқуқда эмас, балки этнографик адабиётда ҳам “Х.” тушунчасига оид баҳс-мунозара XIX асрдан буён давом этиб келмоқда. Х.қа берилган кўпгина тавсифлардан келиб чиқиб (халқаро ҳуқуқ доктринасида 100 дан ортиқ тавсифлар мавжуд) шундай таърифлаш мумкин: Х. маълум бир давлат фуқароларининг умумий бирлигини англатиши билан бир қаторда, муайян ҳудудда тарихан таркиб топган, бошқа гуруҳлардан ўз тили, руҳий-психологик ҳолати ва маданияти, шунингдек, умумий онги ва номланиши б-н фарқ қилувчи сиёсий ёки этноижтимоий бирлик йиғиндисидир.  Х. термини ғоҳида миллат тушунчасига синоним сифатида ҳам ишлатилади. Ўзбек Х.ининг тарихий шаклланиш жараёни этнотарихий макон билан чамбарчас боғланган бўлиб, ушбу заминда Х. сифатида ривожланиб келаётган этник бирликдир. Ўзбекистон Президенти И.А.Каримовнинг «Биз жаҳон майдонида куни-кеча пайдо бўлган халқ эмасмиз. Бизнинг миллатимиз, халқимиз кўҳна Хоразм заминида «Авесто» пайдо бўлган замонлардан буён ўз ҳаёти, ўз маданияти, ўз тарихи билан яшаб келади», — деган фикрлари ўзбек миллати вакилларининг ушбу ҳудуд автохтон Х.и сифатида этнотарихий илдизнинг теранлигидан далолатдир. Дарҳақиқат, тарихий илдизлари мустаҳкам бўлмаган Х. этносиёсий майдонда йирик, қудратли бир давлатчиликни шакллантириб, келажак авлодларга миллий давлатчилик негизларини, осмонўпар маданий ёдгорликларни мерос сифатида қолдиролмас эди. Шу жиҳатдан ҳам ўзбек Х.ининг шаклланиш жараёни ва ривожланиш босқичлари ушбу замин билан мустаҳкам боғликликда бўлиб, қадимийдир.

ХАЛҚ ДАҲОСИ – халқ истеъдоди, тафаккури, ақл-идроки, иқтидори, салоҳияти, илм-фан ва иқтисодиётдаги куч-қудратининг маълум бир тарихий даврларда юксалишини намоён қилувчи хусусиятни англатувчи т. Жаҳон халқлари тарихига, ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ва тараққиётига таъсир қилувчи бу хусусият баъзан илм-фаннинг бирваракайига бир қанча соҳаларида ўзини кўрсата бошлайди. Мас.,  бундан минг йиллар муқаддам Мисрда бунёд этилган муҳташам эҳромлар; Хитойдаги тиббиёт ва фалсафа, жамиятни бошқариш соҳаларида эришилган ютуқлар; Ҳиндистондаги ҳайкалтарошлик, мусиқа санъати ва диний тараққиёт; Зардўшт пайғамбар (Авесто) даврида Хоразмда бунёд этилган шаҳарсозлик, сувдан фойдаланиш иншоотлари; Мексика ва Перудаги осори атиқалар; туркий халқларнинг ҳарбу зарб (жанг) санъати  – Х.д. замирида дунёга келган ижод намуналаридир. Х.д. туфайли яралган ютуқлар, ижод намуналари натижасида инсоният тараққиёт сари қадамба-қадам илгарилаб боради, ижтимоий муносабатларда, иқтисодий ҳаётда, маданий ва маънавий тараққиётда маълум ютуқларга эришади ва ҳ. Агар битта одамнинг истеъдоди бевосита бирон-бир кашфиёт ёки ихтиро билан боғлиқ ҳолда намоён бўлса, Х.д., халқ истеъдоди ана шундай ихтиро ва кашфиётларни жамулжам ҳолда амалга ошириш, турмушда қўллаш орқали амалиётда намоён бўлади. Шунинг учун ҳам Х.д. яратган тараққиёт намуналари, турмуш афзалиятлари, илм-фан ютуқлари тарихий даврлар манзарасида кўпроқ идрок қилинади. Ўзбек халқи ҳам ўзининг кўп минг йиллик тарихи мобайнида кишилик жамияти ривожига хизмат қилаётган, инсоният хотирасида унутилмас оламшумул ютуқларни намоён этиб келаётган халқ ҳисобланади. Халқимизнинг ватансеварлик, ҳарбу зарб, ташқи душманлардан ҳимояланиш соҳасидаги истеъдоди Тўмарис, Широқ, Алпомиш, Жалолиддин каби тарихий-афсонавий сиймоларда ўз тажассумини топди. Жаҳон илму фани тараққиётига мислсиз улуш бўлиб қўшилган Маъмун академияси (Хоразм, Кўҳна Урганч, 997-1017 йиллар) намояндалари яратган асарлар кейинчалик математика, фалсафа, тиббиёт, кимё, фалакшунослик, тил ва адабиёт фанлари соҳасида мўътабар манбалар бўлиб қолди (Ибн Хаммор, ал-Журжоний, ал-Беруний, Ибн Сино, ас-Саҳрий, Ҳамид ал-Хоразмийлар). Халқимизнинг марказлашган давлат тузиш, дипломатия, адолатли жамият барпо этишдаги салоҳияти ўрта асрларда Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятида, унинг ҳарбий даҳосида ўз тажассумини топган бўлса, кейинчалик бундай истеъдод унинг набираси Бобуршоҳ тимсолида Ҳинд заминида яна бир бор бўй кўрсатди. Халқимизнинг дин ва маънавий-маърифий соҳадаги иқтидори ал-Бухорий, ат-Термизий, Нажмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, имом Мотуридий, имом Марғиноний, аз-Замаҳшарий каби даҳолар фаолияти орқали намоён бўлса, бадиий адабиёт, илм-фандаги юксак тафаккури ва истеъдоди Мусо ал-Хоразмий, Улуғбек, Навоий, Рабғузий, Абулғози Баҳодирхон, кейинчалик эса жадидчилик ҳаракати намояндалари фаолиятида, асарларида акс этди. Натижада халқимиз даҳоси туфайли яралган ижод намуналари, кашфиёт ва ихтиролар башарият тафаккури ва хотирасининг олтин хазинасига бебаҳо улуш бўлиб қўшилди. Дарҳақиқат, мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов  таъкидлаганидек,  “Бизнинг қадимий ва бой тарихимизни, улуғ аждодларимиз ва улар қолдирган беқиёс маданий мерос башарият маданияти ва ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилганини бутун жаҳон тан олади” (Каримов И.А. Бунёдкорлик йўлидан. 4-жилд. Т., “Ўзбекистон”, 1996. 15-б.). Афсуски  мустабид тузум даврида халқимизнинг даҳоси, аждодларимизнинг ақл-заковати туфайли дунёга келган буюк кашфиёт ва ихтиролар, жаҳон илм-фани ва маданиятига қўшган улкан ҳиссани эътироф этмаслик баъзан эса нотўғри талқин қилинганига гувоҳ бўлдик. Мустақиллик туфайли буюк аждодларимизнинг илмий, бадиий, маънавий-маърифий мероси, улкан давлакчилик тажрибаси нафақат мамлакатимиз миқёсида балки бутун дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда, кенг тарғиб қилинмоқда, буюк мутаффаккирларимиз ва саркардаларимизнинг юбилейлари дунё миқёсида муносиб нишонланмоқда. Эндиликда ёш авлод вакиллари  илм-фан, маданият чўққиларини забт этиб, ўтмишдаги аждодлар эришган ютуқларини янада бойитиб, ўзларининг қандай тафаккур соҳибларига ворис эканликларини исботлашлари керак. Бунинг учун  мамлакатимизда барча имконият ва шарт-шароитлар яратилган. Қолаверса, давлатимиз раҳбарияти юритаётган сиёсат ҳам ёш авлоднинг ҳар томонлама етук, доно, билимли, ўткир ақл-тафаккур соҳиблари  бўлиб вояга етишини назарда тутади.

ХАЛҚ МАНФААТЛАРИ – жам-т фаолияти ва ҳукмини белгилайдиган асосий омил сифатида халқнинг мақсадларини ифодаловчи т. Халқ манфаати аввало, жам-тнинг ижт-й ҳаётидаги ишлаб чиқишдаги ўрни ва мавқеи б-н белгиланади. Х.м. моддий ва маън-й манфаатларга бўлинади. Уларни-бир-биридан ажратиб бўлмайди. Зеро, маън-й манфаатлар моддий манфаатларни, унинг хусусиятларини белгилаб берувчи муҳим омил ҳисобланади. Юртбошимиз таъкидлаганидек, “…биз айрим мамлакатлардан моддий жиҳатдан орқада бўлсакда, аммо юксак ва бой тарихий мерос ва қадриятларимиз орқали маънавий жиҳатдан юқори эканлигимизни эътироф этишимиз лозим”. Халқ манфаати б-н яқин ва турдош т. халқ эҳтиёжидир. Эҳтиёжсиз манфаат бўлиши мумкин эмас. Улар ўртасида кўп ўхшашлик ва умумийлик б-н бир қаторда тафовутлар ҳам мавжуд. Эҳтиёжлар бевосита объектга йўналтирилган бўлса манфаатлар шу эҳтиёжни қондириш воситасидир. Жумладан, маъ-ят ҳам, эҳтиёж ҳам манфаат сифатида халқ манфаатларининг ажралмас қисмидир. Ш-дек, маъ-яти манфаатига уйғун бўлган жам-т ривожланувчан жам-т ҳисобланади.

ХАЛҚ МАЪНАВИЯТИ — халқ ёки миллат қадриятларининг муайян тартибда, даражада ва йўсинда тизим ҳолига келиши. Ҳар бир халқнинг маъ-яти муайян қадриятлар йиғиндисидан ташкил топади. Бу тизим таркибига озодлик, тинчлик, хотиржамлик, иймон, инсоф, лафз, орият, фаровонлик, катталарга ҳурмат, ҳамкорлик, адолат, меҳмондўстлик сингари умуминсоний қадриятлар муҳим роль ўйнайди. Лекин, айни бир хил қадриятлардан ташкил топишига қарамай, турли халқлар маъ-ятининг ўзига хос бўлиши боиси шуки, ўша айни бир хил қадриятлар маъ-ятда ўзига хос йўсинда акс этади. Мас., бир Х.м.да меҳмондўстлик устувор бўлса, бошқа Х.м.да жасурлик устун бўлиши мумкин. Бундан ташқари, айни бир Х.м. тараққиётидаги бир босқичда ўша меҳмондўстлик ёки катталарга ҳурмат катта ўрин тутса, кейинги босқичда жасорат ёки адолат энг устувор қадрият бўлиб қолиши мумкин. Ш.у. айтиш мумкинки, барча миллатлар маъ-ятида деярли бир хил қадриятларнинг жамланиши миллий маъ-ятларнинг умуминсоний асосини ифодаласа, уларнинг ҳар биридаги ҳар бир қадрият турли даражада ривожлангани ва ўзаро турли йўсинда боғланиши миллийликни ифодалайди. Қадриятлар бирикишидан маъ-ят ҳосил бўлса, маъ-ят негизида мафкура вужудга келади. Мафкура тур жиҳатидан хилма-хил бўлиши мумкин: оила мафкураси, ижт-й гуруҳлар мафкураси, сиёсий мафкуралар, диний мафкуралар ва бошқалар. Бу мафкураларнинг барчаси ҳам бир миллий маъ-ят негизида шаклланса-да, уларга шу маъ-ятнинг муайян жиҳатлари асос қилиб олинади. Ижт-й гуруҳларнинг мафкураларида бутун халқ ва миллат манфаатларига, орзу-умид ва интилишларига мос бўлган қадриятлар ифодаланса, улар негизида миллий мафкуралар вужудга келиши мумкин. Лекин, миллий мафкуралар сиёсий партияларга уюшмаган ижт-й гуруҳ ва қатламларнинг орзу-умидларини ҳам ифодалайди. Миллий мафкура миллий қадриятлар орасида устувор бўлганларини жамласа, миллий ғоя улар ичидаги энг устувор қадриятни ифодалайди. Х.м.да эса ана шу ижт-й гуруҳ, қатлам ва партиялар қадриятлари орасида халқ учун энг мақбул бўлганлари жамланади. Аслида, халқ қадриятларни ижт-й гуруҳ ва партиялардан олмайди, аксинча бу гуруҳ ва қатламлар халқ қадриятлари орасидан ўзлари учун маъқул бўлганларини танлаб оладилар.

ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ — мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг олий мақсади — халқимизга муносиб турмуш шароити яратишни ифодаловчи тушунча. Ўзбекистонда барпо этилаётган жамиятнинг иқтисодий асоси — ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётидир. Бугунги кунда дунёдаги барча мамлакатлар айнан шу йўлдан тараққий этиб, ўз халқининг фаровонлигини таъминлашда эришмоқда. Ўзбекистон ҳам худди шундай оқилона йўлни танлади. Бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар шунчаки ислоҳот учун эмас, айнан инсон учун, унинг ҳақ-ҳуқуқи ва эркинликлари ҳамда фаровон ҳаёти таъминлашга хизмат қилади. Жамиятимизда амалга оширилаётган ҳар қандай янгиланиш, ўзгаришнинг моҳиятида ана шундай эзгу мақсад ётгани барчамизга ғайрат-шижоат бахш этади. Собиқ шўро тузуми одамлар онгига барча фалокатларнинг сабаби — хусусий мулкдадир, деган ғояни сингдириб, сохта тенгликни қарор топтирмоқчи эди. Оқибатда ишламаган одам ишлаган одамдан яхшироқ яшай бошлаган эди. Ҳатто совет кишисининг ўзи ҳам давлат машинасининг мурватига айлантирилган эди. Меҳнатга ҳақ тўлашдаги адолатсизлик боқимандалик кайфиятини, ишлаб чиқаришдаги исрофгарчиликни, ташмачиликни кучайтирди. Афсуски, ўша даврдан мерос бўлиб келаётган «Давлат бор, ҳаммани боқади» деган кайфият айрим кишилар онгида ҳанузгача сақланиб қолмоқда. Бугун ҳам баъзи кишилар иш ахтариш, ўз аравасини ўзи тортиш, янги касб эгаллаш ўрнига турли идоралардан моддий ёрдам сўраш билан овора, ҳолбуки, давлат ҳаммага текин мол улашадиган корхона эмас. Буни англаб етмаганлар «Берсанг — ейман, урсанг — ўламан» қабилида лоқайдлик билан ҳаракат қилиш ўрнига ҳануз бир четда томошабин бўлиб турибди. Одатда, мустабид тузумлар халқ фаровонлигидан, унинг бойиб кети­шидан манфаатдор бўлмайди. Совет тузуми ҳам оммани сунъий равишда турмуш ташвишларига ботирган эди. Ҳақиқатан ҳам, кун кўриш машаққатидан боши чиқмаган халқ объектив нарсалар хусусида ўйлашга, фикрлашга имкон тополмай қолади. Шўролар ҳам шу тариқа ўзлари юритган сиёсатни танқид қилишга қодир ижтимоий-сиёсий оқимлар пайдо бўлишининг олдини олишга уринган. Лекин эски тузумнинг барча уринишлари бекор кетди, у охир-оқибатда ўз-ўзини еб тугатди. Ўзбекистон истиқлолга эришган дастлабки кунларданоқ якка давлат мулки ҳукмронлигига барҳам берилиб, мулк шаклларининг  хилма-хиллигига, жумладан, хусусий мулкка кенг йўл очди. Бугунги кунда мамлакатимизда мулкдорлар синфи шаклланмоқда. Мулксиз одам ўзига ҳам, ўзгага ҳам, жамиятга ҳам кўп фойда келтира олмайди. Энди қашшоқликни пеш қилиб, имтиёз сўраш замони ўтиб кетди. Аксинча, тадбиркорлар, мулкдорлар замони бошланмоқда. Биз энди рақобатсиз ўсиш, юксалиш, тараққиёт бўлмаслигини англаб етдик. Лекин, тўрт мучаси бут, онгли, ақлли ва фаол одамнинг камбағал яшаши уят саналадиган давр келганини ҳали ҳамма ҳам англаб олгани йўқ. Халқимизда «Беш қўл баробар эмас» деган ажойиб нақл бор. Лекин собиқ тузум беш қўлни баробар қилиш шиори билан яшади. Бозор иқтисодиёти жамиятда маълум маънодаги табақаланишга олиб келиши табиий. Шу билан бирга, биз барпо этаётган жамиятда давлат халқнинг кескин табақаланишига — ошиб-тошиб кетган бойлару камбағал-қашшоқларга бўлиниб кетишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриб, бу борада ўзига хос кучли ижтимоий сиёсат юритмоқда. Аҳолининг энг кам ҳимояланган ва муҳтож табақаларини ўз вақтида қўллаб-қувватлаш халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар муваффақияти кафолатидир. Ижтимоий ҳимоя чоралари аҳолининг ҳаммасига эмас, балки асосан ҳақиқий муҳтож ва эҳтиёжманд қатламларга йўналтирилмоқда. Бу борада давлат манбалари билан бир қаторда меҳнат жамоалари, жамоат ва хайрия ташкилотлари ҳамда жамғармаларнинг маблағлари ҳам ишга солинмоқда. «Сендан — ҳаракат, мендан — баракат» деган доно нақл бежиз айтилмаган. Яъни бу дунёда кўп нарса инсоннинг ўзига, унинг саъй-ҳаракатларига ҳам боғлиқ. Бугунги кунда фаровон турмуш асоси — эркинлик, тадбиркорлик, ташаббускорликдир. Бу ҳақиқатни одамлар онгига сингдириш, кенг аҳоли қатламларининг ислоҳотлар моҳиятини англаб етишига ва унинг фаол иштирокчисига айланишига эришиш даркор. Бунинг учун эса уларнинг дунёқарашини, ҳаётга, меҳнатга, ерга муносабатини тубдан ўзгартириш муҳим аҳамият касб этади. Иқтисодиёт мустабид тузумда айрим мутахассисларнинг иши бўлса, бугун умумхалқ, умумжамиятнинг манфаатига дахлдор масала бўлиб қолди. Бутун халқ янги иқтисодий тафаккур билан қуролланмоқда. Бизнинг мулкка, меҳнатга муносабатимиз тубдан ўзгара бошлади. Миямизга сингиб қолган «давлат мулки» тушунчаси ёнига бугун хусусий мулк, пайчилик жамиятлари, ширкат, фермер, оила пудрати деган янги тушунчалар қўшилди. Мамлакатимизда истиқлол йилларида ўта марказлашган ва яккаҳокимлик асосига қурилган, ўзини оқламаган тизимга барҳам берилди. Тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги учун конституциявий, ҳуқуқий ва иқтисодий шарт-шароит ва кафолатлар яратилди. Мулкдорлар синфини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқини мустаҳкамлаш, нуфузини ошириш, зарур имтиёз ва  кафолатлар борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Ташаббускорлик ва тадбиркорликни рағбатлантириш, одамларда мулкка эгалик ҳиссини тарбиялаш, кичик ва ўрта корхоналарни изчил ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги ва даромадларининг ортишида, ишсизлик муаммосини ечишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда халқимизда мулкка эгалик ҳиссини шакллантириш, унинг хўжалик юритишнинг замонавий усулларини ўзлаштиришига эришиш, унда ўз кучига ишонч туйғуларини камол топтириш миллий ислоҳотларнинг энг устувор вазифаларидан биридир. Табиий бойликлар, ер ресурслари, мамлакат иқтисодий салоҳияти ҳар бир фуқаронинг эҳтиёжларини қондириш, ўзлигини намоён этиш ва бунёдкорлик қобилиятини рўёбга чиқаришнинг асосий омилларидир. Дунёдаги кўпгина атоқли кишилар қозоқ оқини Абай эътироф этган қуйидаги сўзларга тўла-тўкис қўшилади: «Ўзбеклар етиштирмайдиган ва мўл ҳосил олмайдиган экиннинг ўзи йўқ, ер юзида ўзбек савдогарининг оёғи етмаган жой йўқ, ўзбеклар уддалай олмайдиган ишнинг ўзи йўқ… Ўткир зеҳн, маҳорат, абжирлик ва тадбиркорлик — буларнинг ҳаммаси ўзбекларга хос хусусиятдир». Меҳнаткаш, миришкор, ишнинг кўзини биладиган Ўзбекистон халқи ўз турмушини ўз қўли билан фаровон қилишга қодир. Ҳар қайси инсон ва оила бадавлат бўлса, жамият ва давлат ҳам кучли ва қудратли бўлади, деган ҳақиқатга асосланган бугунги иқтисодий ислоҳотларимиз яқин келажакда, албатта, ўз мевасини беради.

ХАЛҚАРО НИЗОЛАР — халқаро ҳуқуқ субъектлари ўртасида расмий ҳисобланган келишмовчилик. Ҳуқуқ ёки мавжуд юз берган факт масалалари юзасидан келиб чиқиши мумкин. Х.н. икки томонлама ёки кўп томонлама бўлади. Аниқ давлатлар ва бошқа давлатлар фаолиятининг жавобгарлигида ҳар хил тармоғида у ёки бу халқаро шартномаларни қўллаш ёки тузиш, тушунтириш жараёнидаги мун-тларда вужудга келади. Ҳар кандай давлатлараро келишмовчиликлар халқаро низолар бўлиб ҳисобланмайди. Х.н. нинг мавжудлиги фактини тан олиш бу низони бартараф этиш мажбуриятини келтириб чиқаради. Халқаро амалиётда тез-тез учраб турадиган ҳолатлар, қачонки бир тараф қаттиқ туриб олади, иккинчи тарафга ён босишни ҳоҳламайди, бунда Х.н. вужудга келган бўлади, айрим давлатлар Х.н. фактининг вужудга келганлигини тан олмайди. Бундай ҳолатларда давлат ўзининг тутган ўрни, мавқеини бўшаштиришни ҳоҳламаганлиги туфайли зарурат сифатида шу ҳолатни сақлайди. Чунки бундай тараф ўзининг тутган ўрнини мутлоқ низосиз деб ҳисоблаб, кўриб чиқмайди. Х. н.ни тинчлик йўли б-н юксак маън-й тамойилларга таяниб кўриб чиқиш принципи асосида тинчлик воситалари ёрдамида ҳал қилинади. Х.н. маъ-ятга ҳам тегишли бўлиши мумкин. Бир миллат, халқ, ирқ ёки фуқароларининг ўзга шундай инсоний бирликлар томонидан ҳақоратланиши, хўрланиши, зулм ўтказилиши ёки улар идеаллари, қадриятларининг бошқалар томонидан камситилиши, биринчи гуруҳда иккинчи гуруҳга нисбатан нафратни келтириб чиқаради ва бунинг энг хавфли кўриниши нафратнинг оммавий тус олиши, мафкуралашишидир. Халқ маъ-ятига кўрсатилган салбий таъсир натижасида юзага келувчи Х.н. бартараф қилиниши оғир кечадиган низолар туркумига киради.

ХАЛҚЧИЛЛИК – халқона, муайян халққа хос хусусиятларни ўзида мужассам этган бадиий ёки санъат асари ёки халққа яқин ва халқ томонидан осон қабул қилинадиган воқеликнинг сифатий ифодаси. Х. санъатда ва адабиётда асосий тамойиллардан бири сифатида намоён бўлади. Х. халқнинг баддий-ижодий ва ҳаваскорлик фаолиятида, оғзаки бадиий ижодда (фольклор), халқ мусиқасида (мусиқа фольклори), халқ театрида (томоша санъати), халқ ўйинларида (дорбоз, рақс, турфа томошалар), халқ тасвирий, амалий ҳамда безак санъатида ўз ифодасини топиши мумкин. Халқчил бадиий асарларда мазмун-моҳиятида халқнинг турмуш тарзи, яшаш шароитлари,  руҳияти, орзу-армонлари, идеаллари, ижтимоий ва маиший ҳаёти, меҳнат фаолияти, табиат ва жамиятга қарашлари, эътиқоди ва диний тасаввурлари, теварак-атрофга нисбатан ҳис-туйғулари, бадиий олами, тарихий асарларда бахтли ва адолатли замон ҳақидаги ўй-фикрлари, мустақил ва озод яшаш орзулари мужассам бўлади. Бадиий адабиётда Х. афсона, ривоят, лоф, латифа, мақол, топишмоқ, эртак, термалар, достон, қўшиқ, оғзаки драма ва ҳоказоларда ўз ифодасини топган. Айниқса, халқ оғзаки бадиий ижоди миллий маданиятнинг таркибий қисми сифатида Х.ни ўзида кўпроқ мужассам этгани боис жуда катта ижтимоий аҳамият касб этади. У халқнинг тарихи, турмуш тарзи, урф-одатлари, дунёқараши, ижтимоий-маданий муносабатлари, орзу-умидларини ифода этганлиги билан эътиборлидир. Унда Х.ни мужассам этган халқ бадиий диди, воқеликка нисбатан халқона эстетик муносабат, гўзаллик, бадиий сўз қадри, миллий тил имкониятлари ўз ифодасини топган бўлади. Халқ мусиқасида, чунончи, қўшиқ, лапар, термаларда халқчил ифодалар ўз ўрнини топганлиги билан эътиборлидир. Хоразм мусиқа услуби, Самарқанд-Бухоро мусиқа услуби, Қашқадарё-Сурхондарё мусиқа услублари Х. жиҳатлари билан ажралиб туради. Инсоният ижтимоий-маданий тараққиётида Х. муайян миллатнинг ўзлигини англашда, тарихий-маданий қадриятларига ижобий муносабат муҳитини шакллантиришда, халқнинг руҳини кўтаришда муҳим ўрин тутган. Халқчил асарларни оммага талқин этишда ижтимоий-тарихий тараққиёт жараёнида эртакчилар, нақлчилар, бахшилар, масхарабозлар, қизиқчилар, қўғирчоқбозлар, раққослар, машшоқлар, наққошлар, кулоллар, ўймакорлар, каштадўзлар фаолият кўрсатганлар. Бугунги кунда адабиёт ва санъат ходимлари, жумладан ёзувчи ва шоирлар, қўшиқчилар, рассомлар, ҳайкалтарошлар ва ҳ.к.лар халқчил асарлар талқинида муҳим роль ўйнамоқдалар. Халқчил асарлар тарғибида театр, кўргазма заллари, хиёбонлар билан бир қаторда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёсдир. Жамиятда халқчил асарларнинг қиммати халқ қалбидан қай даражада ўрин олгани билан белгиланади. Шу жиҳатдан ҳам халқчил асарларни яратиш миллий қадриятларимиз ривожи ва  тарғиботига хизмат қилиб, жамиятимиз аъзолари, хусусан ёшларни Ватан ва халққа садоқат руҳида тарбиялашда муҳимдир.

ХАРАКТЕР (юн. charaktir — белги, ажратувчи сифат, хислат)  — ижтимоий муҳитда таркиб топадиган, шахснинг теварак-атрофдаги воқеликда ва ўзига ўзи муносабатларида ифодаланадиган, унинг муайян вазият ва шароитда намоён бўлувчи хатти-ҳаракатларини белгилаб берадиган барқарор, турғун руҳий хусусиятларининг мажмуаси. Х. хусусиятлари келиб чиқишининг физиологик шароитларидан бири — бу кўчиш механизми асосида турли динамик стереотипларнинг ҳосил бўлишидир. Темперамент типи Х.нинг индивидуал ўзига хос хусусиятларининг пайдо бўлишидаги муҳим психологик шароитлардан бири. Инсон Х.ининг айрим хусусиятларининг ўзаро боғлиқ, бир-бирига тобе яхлит организми унинг тузилмаси (структураси) дейилади. Руҳий хусусиятларнинг ўзаро боғланган тизими симптомокомплекслар ёки факторлар деб аталади. Х. хусусиятларининг 4 та тизими мавжуд: 1) жамоага, гуруҳга, айрим инсонга нисбатан муносабатларни ифодаловчи хусусиятлар (яхшилик, меҳрибонлик, талабчанлик, такаббурлик ва б.); 2) меҳнат фаолиятига нисбатан муносабатни акс эттирувчи хусусиятлар (меҳнатсеварлик, ялқовлик, виждонлилик, меҳнатга масъулият ёки масъулиятсизлик б-н муносабатда бўлиш ва б.); 3) нарса ва ашёларга нисбатан муносабатни ифодаловчи хусусиятлар (озодалик ёки ифлослик, нарсаларга аяб ёки аямасдан ёндашиш ва б.); 4) инсоннинг ўзига ўзи нисбатан муносабатларини ифодаловчи хусусиятлар (иззатнафслилик, шуҳратпарастлик, мағрурлик, димоғдорлик, камтаринлик ва б.). Х. тузилишининг хусусиятлари: 1) хусусиятларнинг чуқурлик даражаси; 2) Х.нинг фаоллиги, кучи; 3) унинг барқарорлиги, ўзгармаслиги; 4) Х.нинг маълум даражада пластиклиги кабилар. Х.ни ташкил қилувчи хусусиятлар унинг хислатлари деб номланиб, маънавий ва иродавий туркумлардан иборат. Хусусият туғма, ўзгармайдиган хусусият эмас, шунинг учун у инсоний турмуш шароитларига боғлиқ ҳолда таркиб топиб, ўзгарувчан ва тарбияланувчандир. Модомики шундай экан, психиканинг индивидуал сифат хусусиятлари шахснинг ижтимоий типик муносабатлари б-н бирга қўшилгандагина Х. хислатларини белгилаш имкониятига эга бўлади. Х. ирсият б-н бевосита алоқага кирмайди, чунки у ижтимоий қонуниятлар б-н белгиланади. Х. б-н темпераментнинг ўзаро муносабати уларнинг физиологик асослари б-н тавсифланади. Х.нинг шаклланишида бир неча турли психологик механизмлар мавжуд бўлиб, уларнинг изида одатлар муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, Х. умумбашарий сифатлар б-н чекланиб қолмасдан, у миллий ва этнопсихологик хусусиятларга ҳам эга. Шу боисдан ўзбекларнинг ўзига хос миллий Х. хислатлари мавжуд. Истиқлолдан кейин миллий маънавият ва қадриятларнинг тикланиши туфайли Х.нинг соф фазилатлари барқарорлашиб бормоқда. Х.нинг моҳиятини, тузилишини, типларини психологиянинг махсус соҳаси характерология ўрганади.

Харизма (ёки харизматик легитимлик) — бирор шахснинг бошқаларга нисбатан мисли кўрилмаган даражада устун хусусиятларга эгалиги ва ана шу устунлик ёрдамида халқни бошқаришга ҳақли эканини ифодалайдиган т. Х. тушунчаси илк бор италиялик руҳоний Ст. Паул томонидан мўъжизавий қобилиятга эга бўлган пайғамбарга нисбатан ишлатилган. Аммо илмий тушунча сифатида Х. асосан немис социологи М. Вебер томонидан чуқур тадқиқ қилиниб “Gnadengabe”, “эҳсон” дея номланган. М.Вебернинг фикрича, Х. Худо  томонидан берилган эҳсондир. Инглиз олими Ч. Андриан эса бундай шахсий, яъни харизматик устунликни “grace”, яъни “қобилият” деб номлаган ва унинг фикрига кўра ҳам бу — тангри томонидан берилган қобилиятдир. Х.га асосланган сиёсий ҳокимиятни эса Ч. Андриан “эҳсон этилган қобилият ҳокимияти” деб атайди. Қад. даврларда фақат илоҳий мазмунга эга бўлган Ушбу тушунча вақт ўтиши б-н олимлар томонидан реал ҳаётга татбиқ этила бориб, илоҳий қобилиятга эга бўлмаган, аммо устун хусусиятларга, юксак фазилатларга эга бўлган етакчи  тарихий шахсларга нисбатан ҳам ишлатила бошлаган.

ХИЁНАТ(КОРЛИК) – шахснинг маън-й-ахлоқий жиҳатдан ўзини назорат ва идора қилиш қобилиятининг йўқлиги, ахлоқий бурчларини мустақил равишда шакллантира ва бажара олмаслиги ҳамда ўз қилган ишларига баҳо бера олмаслигини, аҳдлашилган аҳду паймонни бузиши, умумий танланган ишга, фуқароликка, дўстликка, севги ва биродарликка содиқ қолмаслик, бевафолик ҳолатини ифодаловчи т. Х. деганда бировнинг омонатига, молига, жонига, тинч яшаш ҳуқуқига, етимлар ва аёллар ҳақига, миллат, Ватан, Ватан ғоялари, эл-юрт мақсад ва манфаатларига хиёнат қилиш ва бошқа шу кабилар тушунилади. Х. мусулмон қонун-қоидаларига кўра инсонга таъқиқланган ва ҳалол бўлмаган фаолият б-н шуғулланувчи, ҳаром ишларга қўл урувчи, ҳаром йўллар б-н кун кечирадиган, алдов йўли б-н турли фирибгарлик ишларини қилувчи, нафси ва ҳирсини тия билмайдиган, мунофиқ, разил, иймонсиз, виждонсиз, маън-й-ахлоқий фазилатларга эга бўлмаган шахслар томонидан қилинади. Кишини ғийбат ва туҳмат қилиш ҳам унга нисбатан қилинган Х. ҳисобланади. Одатда, Х. ва бундай аксилмаън-й ҳодисалар маън-й тубан шахслар томонидан содир этилади. Х. қилувчи шахс ўз ҳаёти, нафси, шахсий манфаатини дўсти, ёру биродарлари, халқи ва Ватани манфаатларидан устун қўяди, уларга вафосизлик қилади, уларнинг моддий ва маън-й ҳақларини суиистеъмол қилади, аҳдлашилган аҳду паймонни бузади. Қуръони каримда, аҳду паймонни бузиб хиёнат қилгувчилар энг ёмон кимсалар – золимлар, кофирлар, иймонсизлар эканлиги, улар Оллоҳдан қилмишларига яраша жазо олишлари муқаррарлиги уқтирилган. Бундан ташқари, унда одамлар ўртасида Х. содир этилганда қандай йўл тутиш ва чора кўриш лозимлиги ҳақида маслаҳат қилинган ва тўғри йўл кўрсатилган: “Агар (ўрталарингизда аҳд-паймон бўлган) бирор қавм томонидан Х.ни сезсангиз, уларга (қилган аҳд-паймонларини) баб-баробар қилиб ташланг (яъни, ўрталарингиздаги аҳд-паймон тугаганини ҳар икки тараф ҳам билсин). Албатта, Оллоҳ Х.кор кимсаларни севмас.” Сўз б-н иш бирлигига амал қиладиган, ваъдасига вафодор, ҳалоллик қонун-қоидаларига амал қиладиган иймонли, инсофли, виждонли инсон ҳеч қачон Х. қилмайди.

ХОКИСОРЛИК – ниҳоят даражада камтар, содда, итоаткор, ўзини тупроқ б-н тенг кўриш, ўзини паст, хор тутишни англатувчи т. Бу юксак маъ-ятлиликни алоҳида шахс ва миллатда мужассам этади. Шунинг б-н бир қаторда «Х.»ни меъёр даражасида билмоқ ва кўрмоқ лозим. Хокисор киши ҳаддан ташқари ўзини паст даражада кўрсатмаслиги керак. Ўз қадр-қимматини билиши лозим. «Х.» камтарлик белгиси бўлиши б-н бирга у шахсни маън-й-руҳий, маър-й ожизлигини билдирмаслиги керак.

ХОЛИСЛИК  (араб тоаз, соф, самимий, холи маъносида.) – инсоний фазилатларидан бири бўлиб, атрофдагиларга  беғараз, чин дилдан, самимий яхшилик қилишни англатувчи т. Х. – ҳаммага бир хил назарда бўлиш, бирор манфаат юзасидан, бирор воқеага ноҳақларча ён босмайдиган, воқеа-ҳодисага адолат юзасидан самимий, таъмасиз ёндашиш. Бирор амални Х. б-н бажариш юксак олижаноблик нишонасидир. Х. фазилати аксарият ҳолларда мухлис инсонларда мавжуд бўлади.  Шарқнинг буюк алломаси Аз- Замаҳшарий  Х. қилувчи  холис, ҳалол-покиза киши доимо хотиржаму тинчликда яшашини, бировга хиёнату ёмонлик қиладиган киши эса ҳалокатга гирифтор бўлишини таъкидлаган. Шу маънода Х. қилган инсон дунёдаги энг адолатли инсондир. Фаридиддин Атторнинг “Тазкиратул авлиё” асарида ёзилишича, шайхлардан бирига бир киши ҳадя келтирса олмабди (ваҳоланки, шариатга кўра, ҳадяни рад этиб бўлмайди), шайх шундай шаръиати машъру (шаръиатга мувофиқ узр айтибди) келтирибди: “Ҳадянгни қабул қила олмайман, чунки, сенинг дўстинг мендан таълим олмоқда, агар ҳадянгни олсам, шу молинг сабаб бўлиб дўстинга нисбатан майлим ортгай”, дейди. Бу ҳолатни шундай изоҳлаш мумкинки, ҳаммага Х. билан бирдек дарс ўтаётган мударрис бир кишининг ҳадяси сабабли унинг дўстига майли ортади, уни бошқаларга нисбатан яхшироқ ўқита бошлайди ва шу жойда нохолислик пайдо бўлади. Чунки,  Х.ни сақлаб қолувчи омил таъмасизликдир. Агар бирор ишга манфаатдорлик, таъма аралашса у ердан Х. кўтарилади. Демак, Х.нинг зидди  миннат юклаш, нохолислик, ғаразгўйлик, таъмагирликдир. Алишер Навоий “Маҳбубул қулуб” асарида Х.ни энг юксак инсоний фазилат сифатида санайди. Абу Ҳанифа ҳазратлари эса жазирамада  ўтказилган  маъракада ўзлари қарз берган одамнинг  уй девори соясида ўтирмайдилар. Ул  зотдан нима учун кун тиғидан ўзини сояга олмаётганларининг сабабини сўрасалар,  ортиқ таъмагирлик, миннат юклаш бўлиб қолади деб қўрқаман, деган эканлар (“Тазкиратул авлиё”). Х.ка Имом Шофий ҳаётидаги  бир ибратли ҳодисани ҳам мисол тариқасида келтириш мумкин. Имом Шофий Каъбада ой ёруғида китоб ўқиётганини кўрганлар: “Шам ёруғига ўгирилиб ўқисангиз бўлмайдими?” деган саволларига жавобан буюк фақиҳ: “Шам Каъбани ёритиш учун ёнмоқда, китоб мутолааси учун эмас” деган. Шу маънода Х. нафақат кишиларга, балки барча нарса ва ҳодисаларга нисбатан муносабатда ҳам намоён бўлади.

ХОТИРА (араб.  фикр, тафаккур; ғоя; хаёл) – 1)  бирор киши ёки нарса ҳақидаги ёдда, эсда сақланган таассурот; 2)  эсдалик, ёдгорлик; 3) Хотира (хотин-қизлар исми). Кишининг бошқа одам ёки нарса ҳақидаги бирор таассуротни эсда сақлаш, эслаб қолиш қобилиятига Х. дейилади. Инсоннинг ўйлаш, фикрлаш қобилияти ҳам Х.га киради. Бирор киши учун қилинадиган иззат-ҳурмат ҳам Х. ҳисобланади. Марҳумлар эсланса, арвоҳ Х. бўлади. Хаёли сочилган, фикри тарқоқ кишига нисбатан “паришон- хотир” ибораси қўлланади. Х. инсон аввал ўзлаштирган, ҳис қилган, бажарган, ўйлаган нарсаларни бош мияда сақлаш ва зарур бўлганда тиклаш қобилиятидир. Х. боис кишилар тўплаган тажрибалари, билимларини эсда олиб қолади, қўллайди, келажак авлодга қолдиради. Кўпчилик умуман барча нарсани унутмасликни истайди. Бироқ бу инсонга жуда оғирлик қилади. Яхши Х. эсда қолиши зарур воқеа-ҳодисаларни эсда сақлашгина эмас, балки керак бўлмаган нарсаларни унута билиш ҳамдир. Шунинг учун ҳам яхши эслаб қолишнинг асосий шарти – ўйлаш. Нималарни эслаб қолганини ўйлаш, ёдда қолаётган нарсани аввалдан маълум нарса билан боғлаш, эслаб қолаётган нарсаларни фикран кўра билиш лозим. Энг муҳими, эслаб қолаётган нарса қачон ва нима учун зарур бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаш керак. Х. узоқ давр билишнинг умумий муаммолари билан узвий боғлиқ равишда асосан фалсафада ўрганилди. Х. ҳақидаги дастлабки илмий қарашлар Шарқ мутафаккирлари ва Юнон файласуфлари таълимотларида учрайди. Хусусан, Форобий Х.ни билишдаги ақлий жараённинг таркибий қисми сифатида қараб, унинг фақат инсонга эмас, ҳайвонга ҳам хос хусусият эканини алоҳида таъкидлаган. Замонавий  психологияда х. атроф-муҳитдаги воқеликни бевосита ва билвосита, ихтиёрсиз ва ихтиёрий равишда, пассив ва актив ҳолда, репродуктив ва продуктив тарзда, вербал ва новербал шаклда, мантиқий ва механик йўл б-н акс эттирган ҳолда эсда олиб қолиш, эсга тушириш, унутиш ҳамда таниш, эслашдан иборат руҳий жараён сифатида талқин қилинади. Ихтиёрий Х.да муайян материални эсда олиб қолиш олдиндан мақсад қилиб қўйилади. Ихтиёрсиз Х. да бундай мақсад бўлмайди ва у бирор-бир фаолиятда (мас., меҳнат жараёнида ёки ким биландир суҳбат пайтида) ўз-ўзидан эсда сақлаб қолинади. Барқарорлиги жиҳатдан  ихтиёрий Х.  ихтиёрсиз Х. дан самаралироқ. Шу билан бирга, алоҳида ва умумийлик намоён қилувчи ижтимоий ҳодиса, барча таъсирларни ижодий қайта ишлашга йўналитирилган мнемик Х., фаолият. Х.ни 5 та муҳим мезонга мувофиқ равишда турлар (кўринишлар) ажратиш мумкин: руҳий фаолиятнинг фаоллигига кўра  Х. қуйидаги турларга бўлинади: а) ҳаракат ёки мотор ҳаракат Х.; б) образли Х.; в) ҳис-туйғу ёки ҳиссиёт Х.; г) сўз – мантиқ Х. Руҳий фаолиятнинг мақсадига биноан; а) ихтиёрсиз ихтиёрий, механик. Булардан сўз –мантиқ Х.си етакчи ўрин тутади. Х. нинг барча тури бир-бири билан боғлиқ ҳолда кечади. Х. руҳий фаолиятнинг давомийлигига кўра: а)  қисқа муддатли; б) узоқ муддатли; в) оператив турларга бўлинади. Кундалик ҳаётда Х. асосан икки турга — узоқ муддатли ва қисқа муддатли Х.ларга бўлинади. Қисқа муддатли Х.лар ҳатто бир сония ичида гавдаланиб, шу ондаёқ эсдан кўтарилиши мумкин. У аста-секин узоқ муддатли Х.га айланади. Узоқ муддатли Х.лар эса киши ёдида бир умр сақланиб қолиши мумкин. У инсоннинг ҳаёт тажрибасидаги муштараклик, уйғунлик ва барқарорликдан далолат беради. Х. руҳиятнинг ўтмиш ҳолати билан ҳозирги ва келгусидаги ҳолатларга тайёрлаш жараёнлари ўртасидаги ўзаро алоқадорликни кўрсатади. Бошқа психик ҳодисалар каби Х. ҳам шахснинг хусусиятлари, унинг эҳтиёжи, қизиқишлари, одати, феъл-атвори билан бевосита боғлиқ.  Инсоннинг ўзлиги унинг Х.лари мажмуида мужассам бўлади. Инсон Х.си б-н инсондир. Х.сиз киши эса одамийликдан чиқади. Президент И.А.Каримов Х. ижтимоий ва маънавий маъно-мазмуни ҳақида тўхталиб, шундай деган эди: “Биз хотирлаш деганда катта маънони тушунамиз. Аввало хотирасиз келажак йўқ. Ўзингиз ўйланг, инсоннинг хотираси бўлмаса, у ўз келажагини қандай тасаввур қилади? Агар хотира бўлмаса, ота-боболаримиз тўплаган керакли билим ва тажрибаларни билмасдан, ҳар куни, ҳар қадамда янги-янги муаммо ва ғов-тўсиқларга дучор бўлар эдик… Одамзод ўзининг кечаги кунини хотирлай олсага, ўтмишдан зарур сабоқ ва хулосалар чиқариб, онгли ҳаёт кечириши мумкин” (Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди.  13-жилд. Т., “Ўзбекистон”, 2005. 291-292 б).

Худбинлик — юксак маънавият тамойилларига зид ижтимоий ҳодиса, шахсий ёки индивидуал хусусият ва қадриятларни мутлақлаштириш, бошқаларни менсимаслик натижасида намоён бўладиган ҳаётий принцип ва ахлоқий сифат, индивидуализм кўринишларидан бири. Х. ўз индивидуал эҳтиёжларни ҳамма нарсадан юқори қўядиган  ахлоқий сифат, иллатни, маънавиятсизликни англатувчи тушунча; бирор-бир инсоннинг моддий-маиший манфаатларининг бошқаларникидан устун қўйилишини билдирувчи манфаатпарастликдан ва ўз шахсини мутлақлаштиришга қаратилган шахсиятпарастликнинг баъзи унсурларидан иборат салбий хатти-ҳаракатлар мажмуидир. Шунингдек, Х. тушунчаси маънавий жиҳатдан инсонни унинг жамиятга ва б. кишиларга муносабати нуқтаи назаридан тавсифлайди. Худбин киши ўз хатти-ҳаракатида фақат ўз манфаатларини кўзлаб иш кўради, жамиятнинг ва теварак-атрофдагиларнинг манфаатлари б-н ҳисоблашмайди. Ахлоқий сифат тариқасида Х. инсоният ахлоқий онги тарихида доимо салбий баҳоланиб келган. Х.ни тарғиб қилувчи наз-ялар ғайри ижтимоий,  реакцион мазмун касб этган, сохта ахлоқий принцип сифатида Х.га онгли ихлосмандлик эса аморализмга айланиб кетган. Шахс даражасида Х. эгоизм ва индивидулизмга, миллий даражада эса миллатчилик ва буюк миллатчилик шовинизмига олиб келиши м-н.  “Х. инсонга заволлик келтиради. Кимки худбин бўлса халқ назаридан қолади. Эй азиз, агар сен инсон бўлай десанг худбин бўлма,  йўқса сен ўз жонингни хатарга ташлаган бўласан. Агар сен улуғликни хоҳласанг, камтарлик йўлини тут” – деган эди донишманд Муҳаммад Жавҳар Заминдор.  Х. шарқона жўмардлик ахлоқий тамойили ва инсофлилик меёърининг акси: агар жўмардлик, бирор шахс, жамоа ёки жамият бахти, фаровонлиги йўлида кишининг ҳатто ўзига энг зарур бўлган нарсалардан ҳам воз кечишига тайёр туришини  англатса, Х. ўз манфаатлари йўлида, ҳеч кимни, ҳеч бир жамоани, ҳеч қандай жамиятни тан олмайдиган салбий меъёр эгасининг бўртиб кўзга ташланадиган хусусияти. Х. ни инсон шахсининг ўзига бўлган муҳаббати б-н айнанлаштирмаслик лозим. Х. муҳаббат ҳиссига эмас, нафсга, ҳирсга, ружуга асосланиб, адолатсизлик, инсофсизлик ва бераҳмлик хислатларида намоён бўлади. Бинобарин, ҳамманинг ҳам қўлидан жўмардлик келавермайди, лекин инсоннинг ўзига бўлган муҳаббати, бошқаларнинг ҳам ўзига шундай муҳаббати борлигини инкор этмаслиги керак. Шу қоида бузилган жойдан Х. бошланади. Х. жиноят эмас, худбин одам қонунни бузмайди, аксинча, ҳамиша қонун олдида «тоза», «фақат қонуний ҳақи»ни ҳар қандай шароитда, ҳатто  бировларнинг фожеаси, ўлими эвазига ундириб олади, холос. Унинг ақидаси: «Гўзал бино қуласа  қулайверсин, мен ўзимга тегишли юзта ғиштни суғуриб олишим керак!» Х. бизнинг жамиятда ҳам учраб туради. Чунки, қонуннинг мустаҳкамланиб бориши худбин одамлар учун қулайлик туғдиради: улар қонуннинг руҳини – моҳиятини бир четга суриб қўйиб, унинг шаклидан  фойдаланишга интилади. Аввалги анъанавий урф-одатлар ҳукмрон бўлган даврларда худбин одам жазоланиши – бир четга чиқариб қўйилиши, жамоадан, маҳалладан ҳайдалиши мумкин эди. Эндиликда бундай муносабат эркин шахс ҳуқуқларини поймол қилиш, ноқонуний ёндашув деб ҳисобланади. Демак, Х.га барҳам беришнинг ягона бир йўли – жамиятда маънавий-ахлоқий тарбияни замон талаблари даражасида ривожлантириш ва кенг жорий этишдир. Бунинг учун ижтимоий-сиёсий жараёнларда, маданий-маънавий ҳаётда жамоат ташкилотлари фаолиятида, таълим тизимида, оила ва маҳаллада миллий ғоя ва “мафкуравий иммунитет”ни шакллантиришга оид изчил ва самарали тадбирлар ўтказишга жиддий эътибор қаратиш лозим. Айниқса, фарзандларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш жараёни оила, мактаб ва маҳаллада кўпроқ кечгани боис улар ўртасидаги фаолиятнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш, айниқса, таълим ҳамда тарбия соатларида Х. кўринишлари, унинг жамият ва кишилар ҳаётига салбий таъсирини бартараф этишга ҳаракат қилиш даркор. Шунингдек, жамоавийлик хусусиятларини, ўртоқ-биродарликни тараннум этувчи санъат асарлари, бадиий адабиёт орқали тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш мақсадга мувофиқдир.

ХУДО – диний сиғиниш ва эътиқод қилишнинг объекти сифатида намоён бўладиган буюк қудрат, азалийлик ва абадийлик, яратувчанликнинг тимсоли. Х. турли таълимотларда турлича талқин этилган. Хусусан Шарқда кенг тарқалган пантеизм (вужудиюн)да Х. табиат (борлиқ)нинг ўзида Х. ва табиат бир бутунликни ташкил этади, дейилади. Қадимги зардуштийлик динида икки Х. образи: ёруғлик Х.си (марҳаматли Х.) Аҳурамазда ва қоронғилик Х.си (шафқатиз, ёвуз Х.) Анҳраману (Аҳриман) бир-бирига қарама-қарши қўйилган. қадимги Шарқ динларида ва б. политеистик динларда Х.лар жуда кўп бўлиб, улардан бири энг асосий, энг қудратли ҳисобланган (мас., қадимги бобилликларда Мардук, юнонларда Зевс, славянларда Перун), Монотеистик динларда (қ. Монотеизм), хусусан, исломда ягона ва қудратли Х.га эътиқод қилиш – асосий диний ақидадир. Х. тасаввури тарихий тараққиётнинг сулидир, бошқачароқ айтганда, Х.лар одамларни эмас, одамлар Х.ларни яратган. қадимги диний эътиқодларда Х.ларга сиғиниш бўлмай, жонсиз нарсаларга топинилган ёки руҳ, ажиналар ва б. фантастик образларга эътиқод қилинган. Ибтидоий жамоа тузуми емирилиб, бирлашмалари ривожланаётган, синфлар вужудга келаётган шароитда қабила Х.сининг образи келиб чиқди. Бу образ аввало бир қабила бошлиғининг б. қабила ва унинг Х.сига қарши курашдаги образи бўлган. Кўпгина ўтроқ халқларда шаҳар давлатларнинг ташкил этилиши б-н қабила Х.лари шаҳар Х. ҳомийларига аланган. Бир неча қабила ёки шаҳарларнинг бирлашиши б-н энг кучли қабила ёки шаҳар давлатларнинг Х.лари умумдавлат, миллий Х.ларга айланган, бўйсунган қабила ва шаҳр Х.лари политеистик ибодатхонада иккинчи даражали ўрин эгаллаган. Қад. яҳудийларда Яхве дастлаб қабила Х.си ва маҳаллий Х. бўлган, қад. яҳудий қабилаларининг бирлашиши ва Иудея давлатининг ташкил этилиши б-н умумяҳудийларнинг Х.сига, кейинчалик эса қудратли ягона Х.га айланган. Христиан динида Х. образи милоднинг 1 асрида шаклланган. Унинг асосини яҳудийлар Х.си Яхве (ота Х.) ташкил этади, лекин бу Х. тимсолига ўғилХ. (Иисус Христос) ва муқаддас руҳ Х. образлари ҳам сингиб кетган. Буддизмда дастлаб Х.ларга сиғиниш инкор этилган бўлсада, кейинчалик будданинг ўзи Х. деб танилган, бу динда у б-н бир қаторда б. Х.лар ҳам бор. Ислом динида эътиқод қилинадиган якка Х. Оллоҳ деб аталади. Бу Х. Маккада яшаган қад. қурайш қабиласи Х.си бўлиб, Муҳаммад тарғибот б-н 7а.да ислом дини Х.сига айланган. Маккадаги қад. ибодатхона – Каъба Байтуллоҳ (Оллоҳнинг уйи) деб аталиб, мусулмонларнинг бош саждагоҳи бўлиб қолган. Асосий монотеистик динлар шакланиши тарихий жараёни тугалланиши б-н диний-фал-ий таълимотлар вужудга келди. Х. фақат эътиқод ва сиғиниш объекти бўлмай, идеалистик фал.нинг тушунчасига ҳам айланди. Х. тўғрисидаги тасаввур ва унинг турли шаклларига нисбатан  турлича қарашлар бор. Уни мутлақлаштириш асосида “теизм”, рад этиш оқибатида эса “атеизм” иборалари шаклланган.

ХУЛҚ (араб. феъл-атвор, табиат; кайфият) – кишининг муомала ва руҳий хусусиятлари мажмуи; феъл-характер. Х. -инсоннинг маънавий қиёфаси  ва фаолиятига хос бўлган ахлоқий тушунча. Х. эзгулик ёхуд разилликнинг муайян бир инсонда намоён бўлиш шакли. Бинобарин, Х.да эзгулик ва олижаноб ёки разиллик ва бадбинликнинг тимсоли сифатида намоён бўлиши мумкин. Шу жиҳатдан улар яхши ва ёмонга бўлинади. Лекин булар кишида ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Уларнинг шаклланиши учун маълум бир шароит, тарбия керак. Кишилар туғилишидан ёмон бўлиб дунёга келмайди. Уларни муайян шароит ёмон қилади. Демак инсон Х.и аввало тарбияга боғлиқ. Маърифатпарвар ватандошимиз А.Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот,  ё ҳалокат,  ё саодат, ё фалокат  масаласидир” деб бежиз таъкидламаган. Х. шахс ҳаёт тарзининг ўзига хослигини, унинг фаолиятида ахлоқий қадриятлар тамойиллари нечоғли ўзлаштирилгани, одоб меъёрлари қай тарзда амалий аҳамият касб  этганини ва аксинча, одоб-ахлоққа зид бўлган хислатлар мавжудлигини кўрсатиб туради. Бошқача айтганда, Х. шахс ахлоқий фаолиятининг ўлчами, кўрсаткичидир. Шахснинг гўзал ахлоқий фазилатлар билан йўғрилган фаолият тарзи яхши Х. намунаси бўлиб хизмат қилса,  табиати ва фаолиятида ахлоқий қадриятларга зид амалларнинг намоён бўлиши ёмон Х.га мисол бўла олади. Инсон Х.и унинг маънавий-ахлоқий дунёсининг ўзига хос кўзгусидир. Шахс маънавий-руҳий кечинмалари  айни вақтда унинг Х.и орқали амалий аҳамият касб этиб, ўзига хос бўлган фаолият меъёрларини шакллантиради. Х. кишининг феъли, характери б-н боғлиқ маънавий ҳодиса, инсон табиатининг ахлоқийлик доирасида намоён бўлиши. Инсоннинг ахлоқийлик доирасидаги хатти-ҳаракати Х.дан ташқари яна одоб ва ахлоқни ўз ичига олади. Одоб кундалик турмуш масалаларида воқе бўлса, ахлоқ шахснинг жамиятга, давлатга, инсониятга бўлган муносабатларида ўз аксини топади. Х. одобга нисбатан кенг, ахлоққа нисбатан тор қамровлидир. Х. оила, меҳнат жамоаси, маҳалла-кўй доирасида яққол кўзга ташланади ҳамда яхшилик ва ёмонлик, жўмардлик, меҳмондўстлик каби маънавий-ахлоқий тамойилларни ўзида намоён этади. Хушҳулқ инсон ўзгаларга мулойимлик, назокат, ширинсуханлик, меҳрибонлик сингари маънавий қадриятларга таяниб муносабат қилса, бадхулқ одам, қўпол, ҳақоратгўй, бемеҳр, маънавиятсиз кимса ҳисобланади. Хушхулқлиликни Х.нинг гўзаллиги тарзида эстетика фани ҳам ўрганади. “Банданинг савоб тарозусида яхши Х.дан оғирроқ иш йўқдир. Унинг даражаси ҳатто намоз ва рўзанинг даражаси билан баробардир”  ёки ҳадисларда айтилганидек,  “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқ одобидан буюкроқ мерос беролмайди”.

ХУЛҚ ГЎЗАЛЛИГИ — ҳусни хулқ, ибратли феъл-атвор, шахснинг характери ва хатти-ҳаракати орқали ўзгаларга намуна бўла оладиган фазилатлари билан ижобий ва ёқимли таассурот уйғотувчи ахлоқий камолот белгисини ифодаловчи тушунча. Х.г. инсоннинг ички (ботиний) ва ташқи (зоҳирий) олами уйғунлигига асосланади. Инсоннинг ботиний гўзаллиги унинг одоб, хулқ ва ахлоқий фазилатлари билан белгиланади. Бу нафосат илмида Х.г. деб аталади. Ботиний гўзаллик бевосита ахлоқий фазилатлар ва муносабатлар билан боғлиқ ҳолда намоён бўлади. Бундан ташқари, “хулқ” тушунчаси ахлоқнинг таркибий қисми сифатида инсон камолотида муҳим аҳамият касб этади ва ин­сонни камолотга етишувида асосий омил ҳисобланади. Инсоннинг Х.г. эстетик ва ахлоқий мазмун касб этади. Эстетик мазмуни шундаки, у “гўзаллик”, “улуғворлик”, “қизиқарлилик”, “туғёнийлик”, “ҳайрат” каби эстетик тушунчалар орқали намоён бўлса, “эзгулик”, “бағрикенглик”, “ҳалоллик”, “виждонлилик” каби ахлоқий тушунчалар билан барқарорлашади. Эзгуликнинг гўзаллик билан уйғунлашуви Х.г.ни юзага келтиради. «Авесто»да ин­соний гўзалликнинг уч муҳим асоси – эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал ибораларида зардуштийлик таълимотининг ахлоқий-эстетик моҳиятини ташкил этувчи асос ва айни пайтда Х.г.нинг моҳияти акс этади. Х.г.ни намоён эттирувчи сифатлар ва фазилатлар нисбий характерга эга. Улар даврлар ўтиши билан ўзгаради, сайқаллашади ва бир қатор ахлоқий меъёрлар ва мезоний тушунчалар орқали такомиллашиб боради. “Иймон”, “муҳаббат”, “эзгулик” каби фалсафий-ахлоқий тушунчалар, “ният”, “хавотир”, “масъулият” каби ахлоқнинг мезоний тушунчалари инсонда Х.г.нинг мазмунини бойитади. Бу тушунчалар хусусийлик табиатига эга бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида ҳолатларда Х.г.нинг муайян жиҳатларини акс эттиради. Бироқ, инсоннинг ахлоқий-эстетик муносабатларида булар бир-бири билан узвий боғлангандагина чинакам гўзалликка айланади. Айтиш керакки, иймоннинг хоҳ диний хоҳ дунёвий талқини бўлсин улар моҳиятан инсонда ижобий фазилатларни шакллантиришга йўналтирилган. Бинобарин, сўз, фикр, ният ва қилинган чиройли амалларни ҳар икки талқиндаги иймон инкор этмайди. Аксинча, иймон кишиларнинг бир-бири б-н чиройли сўзлар орқали муомала қилишга, эзгу мақсадлар сари интилишга ва уларни гўзал амал орқали мужассам қилишга даъват этади. Борди-ю инсон чиройли сўзласа-ю, иймони бут бўлмаса – ёлғончиликка; чиройли фикрларга эга бўлса-ю, иймонсиз бўлса, – ик­киюзламачиликка; чиройли ниятлар қилса-ю, иймон бўлмаса – боқимандаликка, дангасаликка олиб келади. Инсонда иймон гўзалли­гининг мужассам бўлишида хулқ асосий восита сифатида хизмат қилади. Шунингдек, муҳаббат инсон Х.г. мукаммалла­шувидаги тушунчаларнинг ибтидосидир. Инсон Х.г.нинг асосий мезони – эзгулик ҳам муҳим аҳамият касб этади. Эзгулик – ижтимоий хусу­сият касб этувчи ахлоқий фазилат бўлиб, юксак ахлоқий тамо­йиллар даражасини белгилайдиган ҳамда моҳиятан абадий ижо­бийликка дахлдор бўлган тушунча. Эзгуликнинг Х.г. учун зарурлиги шундаки, баъзи ўринда у гўзалликнинг муқобили сифатида намоён бўлади. Гўзалликни фақат кўзга кўринувчи нарсалар сифатида талқин қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Инсон ўз гўзаллигини эзгуликка йўғрилган ҳатти-ҳаракатлар орқалигина намоён эта олади. Зеро, эзгулик қилиш фақат инсоннинг зиммасида. Бу борада Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асарида эзгу инсон ҳақида Элиг тилидан қуйидаги фикрлар баён этилган: «Ойтўлди: Эзгу ўзи ким? У қандай одам бўлади? Эзгунинг феъл атвори қанақа бўлади? Элиг айтди: Эзгунинг барча қилмиши ва йўриқлари халққа фойда ва манфаат берадиган бўлади. Барчага бирдек яхшилик қилади, лекин эвазига улардан мукофот миннатини қилмайди. Эзгу ўз манфаатини кўзламайди, бошқаларнинг келтирган фойдасидан ўзига манфаат тиламайди». Инсоннинг амалий ҳатти-ҳаракати, ахлоқийлиги, нафосатга муносабати айни пайтда унинг ботиний туйғуларига, қалб кечин­маларига боғлиқ. Бу кечинмалар, одатда шахс фаолиятидаги яхши аъмолларга кўра — фазилатлар, ёмон қилмишларига кўра  – иллатлар деб аталади. Фазилатлар инсонни иж­тимоий мавжудот сифатида маънавиятли, баркамол зот эканини кўрсатса, иллатлар унда ҳайвоний табиатнинг мавжудлигидан далолат беради. Х.г. тушунчаси ахлоқнинг таркибий қисми сифатида инсон камолотида муҳим аҳамият касб этади. Бироқ, хулқ икки кўринишда намоён бўлади. Биринчиси — яхши, чиройли хулқ. У ҳалоллик, иффат, диёнат, ор-номус, нафсни тийиш, виждон, шижоат, сабр, илмлилик, ғайрат, риёзат, қаноат, сабр, интизом, мунислик, ҳақиқатпарварлик, ватанпарварлик, ин­сонпарварлик, адолатпарварлик ва шу сингари ижобий туйғуларда намоён бўлади. Бу фазилатлар инсонда Х.г.ни намоён этиб, уни ахлоқий жиҳатдан камолот сари етаклайди. Иккин­чиси — ёмон, ҳунук хулқ. Бу худбинлик, ҳасадгўйлик, таъма­гирлик, иккиюзламачилик, фирибгарлик, иғвогарлик, туҳматчилик, баднафслик, бадниятлик, дилозорлик, андишасизлик, бевафолик, бераҳмлик, товламачилик, беҳаёлик сингари иллатларда ифодаланади. Улар инсонни тубанлик сари етаклайди ва маънавий жиҳатдан қашшоқлашувига олиб келади. Мазкур иллатларни одат қилган кишилар умумтасаввурда жирканч таассурот қолдиради. Х.г.нинг мукаммал бўлишида инсон хатти-ҳа­ракатининг сабаби бўлган ниятнинг алоҳида ўрни бор. Ният бу –  ин­сонни фаолиятга, ҳаракатга ундовчи, ҳали ҳақиқатга айланмаган, аммо айланиш эҳтимоли бўлган ахлоқий-эстетик кечинма. Ният инсоннинг қалбида пайдо бўлиб, аста-секин ҳаракат орқали воқеликка айланади. Бунинг учун инсонда, аввало, истак, хоҳиш, мақсад бўлиши шарт. Чунки, киши ўйлаган ҳар бир ниятига эришиши учун, авваламбор,  ўз олдига мақсад қўяди. Шунингдек, ният индивидуаллик хусусиятига эга. Шу жиҳатдан қараганда, ният ижобий ва салбий маънога эга бўлади. Ижобийлик касб этувчи ниятнинг асосида гўзалликка муҳаббат, эзгу­ликка эътиқод ётади. Аксинча, салбий маънодаги ният моҳиятан ёвузликка дахлдордир. Шу боис инсоннинг ориятли, номусли экани унинг қилган қилмишлари билангина эмас, балки кўнглидаги ниятининг поклиги, холислигига қараб белгиланади. Зотан, нияти бузуқ кимсаларнинг қилган ишлари яхшилик бўлиб кўринса-да, моҳиятан тубанликка йўналтирилган. Шарқ ҳикматлари дурдоналарида Х.г.нинг ўнта белгиси алоҳида кўрсатилади. Булар: 1. Бўлар-бўлмасга одамлар билан жанжаллашмаслик. 2. Инсофлилик. 3. Бировдан айб қидирмаслик. 4. Бирор киши  нолойиқ иш содир этган бўлса, уни яхшилик йўлига солиб юбориш. 5. Кечиримлилик. 6. Муҳтожларнинг ҳожатини чиқариш. 7. Бошқаларга ёрдам қўлини чўзиш. 8. Нафсини тия билиш. 9.Бошқаларга очиқ чеҳра билан муомала қилиш. 10. Доимо яхши сўзлаш. Ушбу Х.г. ичидаги учта белги яъни, «Бўлар-бўлмасга одамлар билан жанжаллашмаслик», «Бошқаларга очиқ чеҳра билан муомала қилишлик», «Доимо яхши сўзлаш» инсоннинг хатти-ҳаракати билан эмас, балки чиройли, ширин сўзи натижасида амалга ошадиган ахлоқий ҳодисалардир.

ХУНУКЛИК — эстетика категорияси, гўзалликнинг акси, инсон гўзаллиги, шаъни, қадр-қиммати табиатнинг сахийлиги, сўлимлиги ва идеал тасаввурларга хилоф келадиган хусусият, нарса-ҳодисаларни ифодалайдиган т. Х.ни идрок этиш киши қалбида турли хил салбий ҳис-туйғу, кайфият қўзғатади. Х. гўзалликка қисман бир жиҳатдангина терс бўлса у кишида баъзан таассуф, ғазаб, турли характердаги кулги (қувноқ, аччиқ кулги) уйғотади; гўзалликка батамом зид келса, жирканчли, ҳатто даҳшатли ҳодисага айланиб, кишида шунга яраша нафратли ҳиссий муносабатни ҳосил қилади.

ХУРОФОТ (араб. уйдирма, беҳуда сўзлар, таги йўқ гаплар) — дев, пари каби ғайритабиий кучларга ишониш ва сиғиниш туфайли юзага келган урф-о., ирим-сиримлар. Х. маън-й-руҳий ва маър-й жиҳатдан кишининг табиат ва жам-т, инсон тафаккуридаги сир-а.орларини, нарса ва ҳодисаларни билишдаги ожизлигидир. Х. индивидуал ва ижт-й кщринишда намоён бўладиган иллатлар мажмуасини ифодалаб, миллий, маданий, маън-й, маиший ҳаётда мавжуд урф-о.лар б-н аралаш тарзда шаклланади. Х.нинг келиб чиқиши, рив-ши ва давомийлигига хилма-хил воситалар сабаб бўлиши мумкин. Бироқ, бу воситаларнинг остида борлиқни тушунмаслик, билимсизлик, бидъат ва мутаасиблик каби қусурлар ётади.

ХУСУСИЯТ — шахснинг ўзига хос барқарор жиҳатларининг мажмуи, фаолият ва мулоқотда юзага келади ва намоён бўлади, шахснинг ўзигагина хос бўлган одатий хулқ-атворни англатади. Индивид хусусиятини англаш, унинг хулқ-атворини олдиндан билиш эҳтимолини анча оширади ва бу б-н кутилаётган хатти-ҳаракати ва хулқини тўғрилаш мумкин бўлади. Х.ни шахснинг ижтимоий турмуши белгилайди, ижтимоий тажрибани ўзлаштириш эса Х.нинг одатдаги жиҳатини юзага чиқаради. Ижтимоий-одатий бирлиқда X. субъектнинг индивидуал ўзига хослиги сифатида намоён бўлади, буни турли-туман такрорланмайдиган вазиятлар пайдо қилади, буларда субъектнинг ижтимоийлашуви, унинг тарбияланиши ва, шу б-н бирга, табиий омилларга боғлиқ ҳолда индивидуаллигининг ривожланиши (кўникмалари, жўшқинлиги, олий асаб фаолияти) боради. Индивиднинг кўплаб жиҳатлари орасида айримлари етакчи ҳисобланса, айримлари етакчи хислатларнинг ривожланиши б-н боғлиқ иккинчи даражали ҳисобланади. X. инсоннинг атроф-борлиққа муносабатлари тизимида намоён бўлади: бошқа кишиларга муносабатда (киришимлилик ёки биқиқлик, ростгўйлик ёки ёлғончилик, одоблилик ёки тўпорилик ва ҳ.); ишга муносабатда (масъулиятлилик ёки виждонсизлик, меҳнатсеварлик ёки ялқовлик ва ҳ.); ўз-ўзига муносабатда (камтарлик ёки ўз-ўзига маҳлиёлик, ўз-ўзига танқидийлик ёки ўз-ўзига ишонганлик, кеккайганлик ёки камсуқумлик); мулкка муносабатда (сахийлик ёки бахиллик, тежамлилик ёки исрофга йўл қўйишлик, саришталик ёки палапартишлик). X. инсонинг дунёқараши, унинг эътиқоди ва ахлоқий тамойилларига боғлиқликда, унинг ўз ижтимоий-тарихий табиатини кўрсатади. X. жиҳатининг нисбатан барқарорлиги унинг мослашувчанлигини инкор этмайди. X. шаклланишида ижтимоий тарбия, шахснинг жамоага қўшилиб кетганлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.

ХУШМУОМАЛАЛИК  — муҳим аҳамиятга эга бўлган мулоқот шакли бўлиб, у юксак инсоний фазилатлардан бири ҳисобланади. Х. ижтимоий аҳамиятгига кўра хушфеълликка нисбатан кенг қамровлироқдир. У инсоннинг ҳам хатти-ҳаракати, ҳам мулоқоти натижасида вужудга келади. Х. ўз ичига мулойимлик, муросаи-мадора, оҳисталик, тагдорлик каби сифатларни қамраб олади. Шунингдек, Х. қатьий тартибга асослаган ахлоқий меъёр ҳисобланади: у ўзгани ранжитмаслик, бировга ёмон сўз айтмаслик, баҳс-мунозарага киришганда мухолифни ҳурмат қилиш, қўрслик ва чапаниликдан холи бўлиш ҳамда суҳбатлашганда эҳтиросларга берилмасликни талаб этади. Х. ҳам маънавий бойлик сифатида шахснинг маданиятли ва чиройли хулқ эгаси эканини билдиради. Х. суҳбатдошларнинг дилини равшан қилиш, кайфиятини ҳушнуд этиш, кўнгилга таскин бериш учун хизмат қилади. Х. самимийликнинг ифодаси бўлиб, ҳазрат Навоий таъбири б-н айтганда, “Ҳар кимки чучук сўз элга изҳор айлар, Ҳар нечани ағёр дурур ёр айлар”. Оилада ёки жамиятда содир бўладиган катта–кичик жанжаллар диққат б-н кузатилса, барчасининг сабаби кўпинча қўпол сўз ёки ёмон муомалага бориб тақалиши аён бўлади. Бир киши ўйламасдан гапириб қўйса, бошқасига шу гап ёқмайди ва натижада бекордан бекорга жанжал келиб чиқади. Х. кўпгина муваффақиятларнинг омили, ҳатто тараққий этган жамият барпо этишнинг асосларидандир. Шунинг учун ҳам турли даврларда яшаб ижод этган алломалар хушмуомала бўлиш масаласига катта аҳамият бериб келганлар. Улар доимо бошқаларга яхши сўзларни айтиш, мулойим гапларни танлашга ундаганлар. Яхши, мулойим гап инсоннинг обрўини орттиради, дўстларини кўпайтиради, у барчанинг ҳурматига сазовор бўлади. Кўплаб адабий-тарихий ёдгорликларимизнинг ҳар бир зарварағида аждодларииздан мерос бўлган ибратли сўзларга дуч келамиз. Чунки турмуш тажрибалари асосида шаклланган ширинсўзлик суҳбат одоби ва  тарбия масалалари барча замоналарда муҳим ўрин тутган. Жумладан, Амир Хусрав Деҳлавий суҳбат одобига кўп эътибор қаратган. Шоир ёмон ниятли, фикри бузуқ, совуқ муомала одамлардан йироқ юришни маслаҳат беради: унинг фикрича, Х. б-н амалга оширилган ҳар қандай иш, тадбир, мулоқот, кенгаш пировардида ўзининг ижобий самарасини берган. Аксинча қўрслик, жиззакилик, баджаҳллик каби Х.га зид бўлган иллатлар шахснинг ахлоқсизлигини кўрсатади. Чинакам Х.ка айнан бурч сифатида қаралмоғи  жоиз. Х. инсон номини улуғлайдиган муҳим омиллардан биридир. Муомала маданияти – ижтимоий ва шахсий ҳаётда кишиларнинг моддий-маънавий эҳтиёжларини қондириш ва бошқа кўпгина ҳаётий муаммоларнинг ечимини топиш калити ҳисобланади. Бу калит – майин ва шириш тилдир. Тил кишиларнинг бир-бирига муносабатлари, муомалаларида ўта нозик ва бағоят муҳим восита. Кишининг кўрки юз, кўз бўлганидек, тилнинг кўрки сўздир. Сўз эса ақл-заковатнинг кўрки. Бунинг маъноси шуки, кишининг ақл-идроки, ахлоқи, билими, маданий-маърифий савияси маълум даражада унинг муомаласида акс этади. Демак, муомала маданиятининг муваффақияти ўз ўрнида ишлатиладиган оқилона, ширин сўзлар билан изоҳланади. “Темур тузуклари”да ёзилишича, Соҳибқирон ўзининг ҳарбий юришларида қуролни ишга солишга шошилмаган. Мухолифига вазминлик билан илиқ муомала қилган, сўнг мақсади хайрли эканини далиллаган. У юз минг қўшин кучи билан ишғол қилиш мумкин бўлган айрим шаҳар, қалъаларни ҳам илиқ ва асосли дипломатик муомала-мулоқотлар туфайли қўлга киритган. Х. – инсон кўрки, инсонга бўлган самимий меҳр-мурувват мезонидир. Бу мезонга изчил амал қилиш одамларни бир-бирига яқинлаштиради, ўзаро ишончни мустаҳкамлайди. Муомала маданияти аслида “Ассалому алайкум, ваалайкум ассалом” калималаридан бошланади. Бу сўзлар, таниш ёки нотанишликдан қатъи назар, ўзаро муносабатларимизда бир-биримизга бўлган самимий ҳурмат ва эҳтиромни ифодалайди. Саломга алик олмаслик ёки унга лоқайдлик билан  қараш такаббурлик белгисидир. Ўзбекона Х.нинг зийнати фақат самимий саломлашишдагина эмас, айни вақтда бир-биримизга сизлаб мурожаат  қилишда ҳам тажассум топади. Шарқ маданияти ва анъаналари руҳида тарбияланган оилаларда бешикдаги болакайга ҳам сизлаб мурожаат қилишади. Х. бўлиш, уни тасдиқлайдиган сўзларни ишлатишнинг ўзи билан чекланмайди. Х. хўжакўрсинга бўлмаслиги керак. Балки ҳар бир кишининг бошқаларга бўлган ҳақиқий муносабатини акс эттириши, ўзаро алоқани оқилона ва гўзал қилиб кўрсатишга хизмат қилмоғи лозим. Х. турмушда учраб турадиган майда-чуйда кўнгилсизлик, ноқулайлик ва таъби хирачиликдан сақлайди. Чунки ҳаётда киши битта ўзи яшамайди, одамлар билан доимо ўзаро муносабатда бўлади. Шунга кўра, инсон ўзининг осойишталиги бошқаларнинг осойишталиги билан боғлиқлигини ҳисобга олмоғи зарур. Айниқса, ёши ўзидан катта бўлган кишиларга ҳурмат, яъни кексаларга йўл бериш, жой кўрсатиш, транспортга чиқишда ёрдамлашиш, учрашганда биринчи бўлиб саломлашиш, суҳбатда сўзини бўлмаслик, ўзлари сўрамасалар уларга маслаҳат бермаслик каби қоидалар Х.лик белгиларидир. Шуни таъкидлаш керакки, Х. ҳаётда ва ишдаги камчиликларни очиб ташлаш ва танқид қилишни, ножўя хатти-ҳаракатлар қилаётган кишиларга нисбатан принципиал муносабатда бўлишни рад этмайди. Х.ли инсон ахлоқ-одоб меъёр ва қоидаларини бузаётган ҳар бир кишига кескин зарба бермоғи лозим. Х.лик хотин-қизларга бўлган муносабатда ҳам яққол кўринади. Аёл киши қўлидан оғир юкини олиш, транспортга чиқиши ва тушишида ёрдам бериш, бир сўз билан айтганда ғамхўрлик қилиш, ҳурмат кўрсатиш ҳар бир эркакнинг бурчи. Х.ли киши бировларни ранжитмайди, дилига озор етказмайди. У бошқаларга кўнгилсизлик келтирадиган, уни хижолатга қўядиган нарсалар ҳақида ҳеч қачон гапирмайди, бошқаларга ўзининг тажанглиги ва хафагарчилигини билинтирмайди. Хушмуомала ҳар бир киши инсон шахсини бениҳоя ҳурмат қилади, унга доимо мурувватли, манзиратли, мулойим ва кўнгилчан бўлади.

ХУШОМАДГЎЙЛИК – лаганбардорликка хос хислат, хатти-ҳаракат; лаганбардорликни ифодаловчи т. Х. кишилардаги салбий иллатлардан бири ҳисобланади. Бундай хислат фақат онгли кишигагина хос бўлмайди. Негаки онгли киши деганда онгга эга, ақл-идрокли одам тушунилса, “онгли ҳаёт” иборасида эса, аниқ мақсадга йўналтирилган турмуш ифодаланади. Воқеликни, ижтимоий ҳаётни, ўзининг мавқеи ҳамда тарихий ва фуқаролик бурчини тушунадиган, онгги юксак одамга нисбатан онгли ибораси жуда тўғри келади. Муайян тушунчага эга билимли, кўзи очилган, маданиятли кишига ҳам онгли ибораси мос тушади. Онгли равишда фикр юритиш – бу онг, ақл-идрок билан иш тутишдир. Одам атайин, кўра-била туриб ҳам, яъни онгли равишда бирор ёмон ишни қилиши мумкин. Бу унинг қилмиши дейилади. Шунга баъзан киши онгли равишда Х. қилиб қўйиши мумкин. Х. муносабати сохталикни, юзакиликни келтириб чиқаради. Инсонга инсоннинг хушомад қилиши ўша инсоннинг йўлдан чиқаришга, бузишга олиб келади. Юртбошимиз Х.ка шундай таъриф беради: “Ҳаёт мураккаб. Кўп ҳолларда хушомад қилиб, мансаб қурсисида ўтирганларнинг ўзимиз бузиб қўямиз. Натижада амалдор ғўдайиб кетади, ҳамма менга эътибор беряпти, демак мен ҳаммадан ақллиман, деб ўйлай бошлайди. Мувозанатни жойига қўядиган, амалдорнинг попугини пасайтирадиган тизим тузиб олишимиз керак. Бу тизимнинг негизи, аввало, жамоатчилик бўлади. Яна бир бор айтмоқчиман: манмансираш иллатидан тезроқ, бутунлай қутулишимиз зарур, акс ҳолда ҳаммаси эскича қолаверади, жамиятимиз олға юрмайди”.

ХУШФЕЪЛЛИК – инсоннинг бир қанча маънавий-ахлоқий сифатлари, ана шу сифатларга уйғун хатти-ҳаракатлари, бу сифатлар ва хатти-ҳаракатларга мувофиқ дунёқараши, тафаккур тарзини қамраб олувчи хусусиятини ифодаловчи тушунча. Инсондаги х. кўпинча унинг амалий ҳаёт-фаолияти давомида кўпчилик орасида ўзини тутиши, муомаладаги юмшоқлигига қараб, жамоанинг умумий фикри асосида эътироф этилади ва инсоний сифат даражасига олиб чиқилади. Бунда мазкур сифатга лойиқ шахснинг: биринчидан, бошқалар билан муносабатдаги юмшоқлиги, камгаплиги, ахлоқли сўзлаши каби муомаладаги одобига; иккинчидан, босиқлиги, камтарлиги, росткорлиги, яхшиликка мойиллиги каби амалий ҳаракатларига; учинчидан, эзгу фикрлаши, беғаразлиги, дунёқараши кенглиги каби тафаккур тарзига оид белгиларига аҳамият қаратилади. Баъзан қайд этилган уч йўналишдан биттасига оид сифатларга эга инсонларга ҳам х. нисбат берилади, лекин бу нисбат фақат маълум бир гуруҳ ичидагина эътироф этилган бўлади. Х. нинг ҳар учала йўналишидаги сифатларнинг кўпчилигига эга бўлган инсонлар одатда халқнинг фаҳрли, ибратли вакили сифатида шуҳрат қозонадилар. Масалан, Абдухолиқ Ғиждувоний “Мақомоти Юсуф Ҳамадоний” асарида устози Юсуф Ҳамадонийнинг х. билан боғлиқ юздан ортиқ сифатларини таърифлаб келтиради ва бу сифатлар у туфайли халқ орасида кенг тарқалганлигини, нафақат суфийлар, балки оддий халқ ҳам уларга риоя этишга ҳаракат қилганлигини таъкидлайди. Х.ка эга инсон атрофдаги ахлоқий муҳитни бузмайди. Натижада ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам кўтаринки кайфият, турли-туман омадсизликларнинг ўткинчилигини англатувчи ҳаётбахш бир умид бағишлайди. Жамият доимо ана шундай одамларни ҳурмат қилади ва улардан ўрнак олишга интилади. Х., қай даражададир кўпроқ ихтиёр б-н, кишининг маълум бир инсоний табиатга интилиши б-н боғлиқ бўлса, босиқлик, камтарлик, камсуқумлик аксинча, кўпроқ ирода кучи натижасида юзага келади. Зотан инсоннинг сўзда ҳам, ҳаракатда ҳам, фикрлашда ҳам ўз ғазабини боса билиши, норозилигини билдирмаслиги; салбий вазиятларда ёмон сўз, ҳаракат қилиш ёки фикр билдиришга ундовчи истакни тўхтата олиши кучли иродани талаб қилади. Шу боис муомалалик, босиқлик, камтарлик тамойили асосида иш кўрган шахслар оқил, хушфеъл одамлар саналади ва улар жамиятда ҳам намунавийлик мақомига ноил бўладилар. Х. алоҳида намоён бўлишига кўра хусусият, қай даражада (яхши, олий) намоён бўлишига кўра эса сифат шаклида амал қилади. Тарихимизда яшаган алломалар, донишмандларимиздан кўпчилигининг қайд этишича х. болаликдан ўзгармас шаклда намоён бўлса у руҳга мансуб бўлади ва хусусият ҳисобланади, ўзгарувчан бўлса тажриба орқали ўзлаштирилган, ақлга мансуб бўлади ва сифат ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, ақлнинг даражаси х. сифатининг ҳам даражасини белгилайди, ундаги ўзгариш бундаги ўзгаришга олиб келади дейиш мумкин. Жамиятда х. ни инсоннинг ҳаёт тарзига хулқ-атвори ва маданиятидан талаб қилинадиган энг оддий қоида,  бурч сифатида сингдиришга ҳаракат қилинади. Ёнидагиларга, қўни-қўшниларга, оила аъзоларига, маҳалладошларига, касбдошларига, жамоат жойларидаги ҳамроҳларига диққат-эътиборлилик, ҳаммага ва ҳамма нарсага яхшилик нуқтаи-назаридан қараш, ёрдамга-мададга  муҳтож бўлиб турган ҳар қандай одамга таянч-далда бўлиш, унга яхши сўз топиб  бера олиш, яхши муомала қилиш – буларнинг барчаси  одамнинг х.гини, маданиятини кўрсатувчи сифатга хос жиҳатлардир. Бу ахлоқий  сифат ана шу жиҳатлари билан қўполлик, жоҳиллик, бадбинлик, тўпорилик каби салбий сифатларга тескари ҳисобланади. Маълумки, ҳар бир жамиятнинг маданийлик даражаси ундаги фуқароларнинг ўзаро муносабатлари маданиятининг юксаклиги билан белгиланади. Зеро, х., инсоннинг инсонлигини, тарбиясини, ҳатто жамоадаги ўрнини ҳам аниқ кўрсатиб бера оладиган кўзгудир. Киши  шу оддий муомала – Х. билан бошқаларга кўтаринки кайфият бағишлайди, яшашга бўлган иштиёқни орттиради, намуна ва ибрат кўрсатади. Шунинг учун одамлар хушфеъл  кишини доимо иззат-ҳурмат қиладилар, унинг шаънига олқиш ва раҳматлар айтиб, ундан ўрнак олишга ҳаракат қиладилар.

ХЎРЛИК – иззат нафси поймол бўлиш, таҳқирланишни англатувчи т. Х. сўзи ташқаридан зоҳир бўлмайдиган, балки одамийлик қадри топталганидан ич-ичдан эзилиш, зил кетиш ҳолатини ҳам англатади. Х. кўрган одам фаолиятининг барча турлари ва ҳар қандай меҳнат кишидан кучли иродани талаб қилади. Чунки ирода кишиларнинг ҳаракат мақсадини белгилаш, унга эришиш восита ва йўл-йўриқларини олдиндан аниқлаб, маълум қарорга келиши ҳамда бу азму қарорни амалга оширишда намоён бўлади. Одамда ироданинг қатъийлиги Х. ҳолатига тушиб қолганда ундан қай тарзда холос бўлишида кўринади. Х. сўзи “итдек хор бўлмоқ”, “ит куни бошига тушмоқ” каби иборалар билан маънодош ҳисобланади. Х. азобланишнинг энг аянчли кўриниши бўлиб, инсон оғир машаққат ва таҳқирлашни бошидан кечираётганини англатади. Инсон бутун умри давомида бошдан кечирган ҳис-туйғуларни унутиб юбориши мумкин, бироқ ҳеч қачон Х.ни унута олмайди. Чунки хўрланиш дилозорлик, киши кўнглига қаттиқ ботадиган сўзларни ўзида мужассам этадиган, салбий маънога эга бўлган ҳолатни ифодалайди. Халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир” мақоли бежиз келтирилмайди. Ҳар бир инсон чуқур мушоҳада қилиб, ўйлаб гапириши лозим. Токи унинг сўзидан ҳеч кимнинг кўнгли озор чекмасин, хўрланмасин. Бу ўринда ҳазрат Навоийнинг: “Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай” мисраларини келтириш жоиздир. Дарҳақиқат, ҳар бир инсон “юз ўйлаб, бир сўзлаши”, яъни ўз фикр-мулоҳазасини ниҳоятда эҳтиёткорлик билан билдириши лозим. Шунда у кишини хўрламасдан, унинг кайфиятини шод қилади, кўнглини вайрон қилмасдан уни обод қилади.

Ч