Холис танқид тарафдориман

Рўзибой Азимий суд йиғини олдидан

1 апрель куни Бобомурод Абдуллаевнинг судидан кейинги ўйларим ҳақида шахсий саҳифамда пост қолдиргандим. Унда шундай жумлалар бор эди. “Бироқ Равшан Салаевнинг баёноти, яъни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг уйини портлатиш эвазига ҳукумат ва куч ишлатар тизими вакилларини чалғитиш орқали Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган маҳбус Муҳаммад Бекжонни озод қилишга интилишга доир кўрсатмалари мен қатори кўпчиликни ўйлантириб қўйган бўлса ажабмас. Илоҳим, Равшаннинг кўрсатмалари ёлғонлиги ўз тасдиғини топсин!”.

Айнан мана шу жумлага уч киши – ҳамкасбим журналист Малоҳат Эшонқулова ва мен реал ҳаётда мутлақо танимаган, шахсий саҳифасида на расми, на фотоси ва на ёритилиши лозим бўлган маълумотлар берилмаган (одатда фотосиз ҳамда сохта маълумотлар билан кўпроқ троллар мулоқотга чиқади, Facebook ижтимоий тармоғида бундай ҳолатларга кўп бора рўбаро келганим учун шундай фикрга келмоқдаман, бу борада адашган бўлсам Яратган Эгам ўзи кечирсин!), мен билан на ҳаётда ва на Facebook ижтимоий тармоғида ҳеч қачон мулоқотда бўлмаган Икрам Джураев ва Бурхониддин Ортиковлар (уларнинг бир киши бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Чунки ёзувларидаги услублар бир-бирини айнан такрорлайди) танқидий фикр билдиришди.

Шахсан мен ҳар қандай танқидий фикр агар холис бўлса сидқидилдан қўллаб-қувватлайман. Ҳатто, холис танқидий фикрдан анча завқланаман. Чунки холис, беғараз танқидий фикрлар кишининг онг-шуури ўсишига, дунёқараши кенгайишига ижобий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам холис танқиддан заррача хафа бўлмайман.

Бироқ юқорида номлари тилга олинган дўстларим танқидий фикр билдираркан, холислик тамойилидан хатлаб ўтган. Улар мен постимда қайд этган юқоридаги жумлалардан мутлақо бошқача фикр келтириб чиқарган. Журналист Малоҳат Эшонқулованинг фикрича, мен бу жумлаларни гўёки “молиявий қувватловчи”м буюртмасига биноан ёзганман. “Молиявий қувватловнинг зўрини вақтида мен ҳам олганман, ўртоқ! Бироқ, “Аравасига ўтирган қўшиғини ҳам айтади”, деган ақидага ҳечам амал қилмаганман! Ҳамиша ўзимнинг ҳақ қўшиғимни куйлаганман журналист сифатида!”, дея шаъма қилади М. Эшонқулова.

Яна бир нотаниш дўстим, кўринмас одам Икрам Джураев эса: “Мақсад М.С. (Муҳаммад Солиҳ назарда тутилмоқда, муаллиф) шахсида “одамларни қўрқитиб пул оладиган бир мафия шефи, бир террорист” имижини шакллантиришдир. Бунинг бошқа бир изоҳи йўқ”, деган узил-кесил фикрга, ҳатто изоҳ талаб қилишга йўл берилмайдиган хулосага келган-қўйган.

Яна бир кўринмас одам Бурхониддин Ортиковнинг фикри бундан ҳам даҳшатли. У “Рузибой! Сиз ва Сизга ўхшаганлар шу суд жараенида кимлигингизни билдириб куйдинглар! Сизга хакикатдан кура шахсий душманларингизнинг маглубияти юз чандон афзал. Гумон имондан айиради. Турт фронтда жанг килишга журналистик махоратингиз етадими?, дея айнан юқоридаги жумла доирасида кескин савол билан чиққан. Бурхониддин Ортиковнинг фикрича, журналист Малоҳат Эшонқулованинг саволларига жавобим “ахли каламни касбий касалига айланган узаро “хасад”. Жаноб Ортиковнинг “Нега бировларга (идорага) яхши куринишга харакат киляпсиз?” дея қўйган кўндаланг саволи эса туҳматдан бошқа нарса эмас. Менимча, ҳар қандай киши ўзи мутлақо танимайдиган одамнинг қаламига мансуб жумла юзасидан фикр билдиришдан олдин озгина ўйлаш, “Сўздан сўзнинг фарқи бор, 32 нархи бор”лигини озгина бўлса ҳам уқиш керак.

Тўғри, ҳар бир жумлани ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди, ўз савиясига монанд тарзда хулоса чиқаради. Бунга эътироз йўқ. Ҳолбуки, “Бироқ Равшан Салаевнинг баёноти, яъни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг уйини портлатиш эвазига ҳукумат ва куч ишлатар тизими вакилларини чалғитиш орқали Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган маҳбус Муҳаммад Бекжонни озод қилишга интилишга доир кўрсатмалари мен қатори кўпчиликни ўйлантириб қўйган бўлса ажабмас. Илоҳим, Равшаннинг кўрсатмалари ёлғонлиги ўз тасдиғини топсин!”, деган жумлаларимда ўша уч дўстим айтганидек, Баҳодир Хон Туркистонга ён босиш ҳам, Бобомурод Абдуллаевнинг озодликка чиқишига қаршилик ҳам ва Муҳаммад Солиҳга қарши одамлар имижини ўзгартиришга доир уриниш ҳам йўқ менда. Буни мен комил ишонч билан, Аллоҳ номини қўшган ҳолда баралла айта оламан. Агар менда дўстимиз, ҳамкасбимиз Бобомурод Абдуллаевнинг қамоқ жазосига маҳкум қилинишига оид қандайдир пинҳоний истаклар бўлса, у ҳолда мени Яратган Эгам — Аллоҳим энг оғир жазо билан жазоласа ҳам майли! Ахир мен Бобомурод Абдуллаевга ўқиладиган ҳукм Бобомурод учун эмас, қалам аҳлининг келгуси фаолияти учун ўқиладиган ҳукм эканини, мамлакатиизда матбуот эркинлиги, сўз эркинлигининг келгуси тақдирига доир ўқиладиган ҳукм эканини, Бобомурод Абдуллаевнинг фаолиятида “конституцион тузумга тажовуз” аломатлари йўқлигини била, дилдан, қалбдан, юракдан, бор-будим билан ҳис қила туриб қандай қилиб ҳамкасбни чангал томон итаришим мумкин? Менда бундай разилликни, бундай ифлосликни, бундай тубанликни қачон ва қаерда кўрдингизлар Малоҳат Эшонқулова, Бурхониддин Ортиков, Икрам Джураев?!

Ҳа, дарҳақиқат, Сизлар айтганингиздек, Равшан Салаев кўрсатмаларининг ёлғонлиги ҳали суд залидаёқ фош қилинди. Судланувчининг бу кўрсатмасини худди шу куни шундоқ ёнгинамизда ўтирган Муҳаммад Бекжонга саволлар билан мурожаат қилган ҳолда Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Муножат Парпиева фош қилди. Лекин, лекин, лекин суд залида фош қилинган бу шармандали ҳолат бизнинг ҳозирги қозиларимиз томонидан ҳукм ўқилишида инобатга олинармикин, деган хавотир мени тамомила жунбушга келтирган эди. Шу тариқа, Салаевнинг кўрсатмалари иссиқ жойда ёлғонлиги очиқланган бўлса-да, “Илоҳим, Равшаннинг кўрсатмалари ёлғонлиги ўз тасдиғини топсин!”, дея илтижо қилгандим. Ахир, юқоридаги дўстларим Равшан Салаев бу кўрсатмаларни ўз хоҳиш-иродаси билан айтмаётганини, кимлардир сайратаётганини нега билишмайди?! Салаевнинг мана шу кўрсатмаси тегишли органларнинг Бобомуродга қарши қўяётган тузоғи эканини нега англамайди?

Дўстларим! Сизлар Бобомурод Абдуллаевнинг тақдирига қанчалик куйинаётган бўлсангизлар, мен ҳам шунчали куйинаяпман. Бобомурод Абдуллаевнинг оқланишини сизлардан кўра минг чандон кучли хоҳлайман. Шунинг учун ҳам судда иштирок этган пайтимда унинг оқланишига умид уйғотадиган ҳар қандай хабарларни қурбим етгунча тезкорлик билан тарқатишга интилганман. Ана шундай тезкорликлар натижасида тузилган жумлаларим сизларнинг мияларингизга акс таъсир этган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Сизларнинг мужмал фикрларингиздан кейин ўзимни Бобомурод Абдуллаевнинг рафиқаси Қуттиқиз Балхибоеванинг олдида худди ноқулай аҳволга тушиб қолгандай ҳис қиляпман. Даниилнинг Қуттиқиз Балхибоевага Андрей Сахаров жамғармаси томонидан таъсис этилган “За мужество” нишонини топширган пайтида Қуттиқиз билан бирга кўз ёшларга эрк бергандик. Қуттиқизга қараб: “Құдай қаласа, келесе сотта үйіңе жарыңмен бірге кетесін!”, дея таскин беришим замирида, ҳар сафар учрашганимизда ҳақиқат қарор топишига оз қолганини билдиришим замирида Бобомуроднинг озодликка чиқишига ташналик, ҳақиқатнинг тикланишига рўйхушлик мужассам эди. Афсуски, Сизлар менинг битта жумлам билан (сизларнинг наздингизда хато, молиячим буюртмаси, Муҳаммад Солиҳга қарши фитна) менинг Бобомурод Абдуллаевга нисбатан қарашларимни оммага тескари тарзда етказдингизлар. Бурхониддин Ортиковга ўхшаганлар назарида: мен гўёки эртага Бобомурод озодликка чиқса, унинг озодликка чиқишида, ўзимча “менинг ҳам ҳиссам бор” эди деб керилишим мумкин”. Менга бундай кеклик, бундай тарзда керилиш заррача керак эмас. Яна бир марта такрорлайман: Бобомурод Абдуллаевнинг ҳеч қандай шартларсиз озодликка чиқарилиши биз журналистларнинг озодликка чиққанимиздан, йиллар давомида турғунлик исканжасида қолган ўзбек журналистикасига жон бахш этилганидан далолат бўлади. Мен буни чин юракдан хоҳлайман!

Ҳурматли ҳамкасблар, қадрли ФБдош дўстлар! Бировнинг руҳиятини чўктиришдан олдин етти ўйлаб бир кессак яхши бўларди. Бир ҳафта давомида силламни қуритган жавобларингизга тушкун кайфиятда ёзган саволларимни таниқли журналист, истеъдодли ижодкор, ўткир қалам соҳибаси Дилфуза Арзиқулованинг хулосалари билан якунлагим келди. “Шарқ журналистикаси асосан шов-шувга таянадиган Ғарб журналистикасидан шуниси билан фарқ қиладики, У Ҳақ Сўзнинг Кучига нисбатан масъулиятга кўпроқ таянади. Шундай экан, азиз ҳамкасблар! Ўта масъулиятли ва шарафли бўлган соҳамиз журналистикани бозор майдонига айлантирмайлик. Шарқона маънавиятимизни йўқотмайлик. Журналистика халқимиз наздида узоқ йиллар маърифат майдони бўлиб келган. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолсин. Бизнинг бошқа касб эгаларидан фарқимиз бир оз шундаки, биз, яъни, ёзаётганларимиз билан халқнинг кўз ўнгидамиз. Шундай экан, ёзишмаларимизда ҳам бир-биримизга нисбатан ҳурмат ва одоб сақлашимиз шарт. Акс ҳолда халқнинг журналистларга нисбатан ҳурматини йўқотиб қўйишимиз мумкин.

Мана шундай ҳурматдан айро қолишдан Яратган Эгам сақласин!

Муаллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Баҳодир чориев – намоз нормўмин дебати

Мухолифатчиларга муносабат нега ўзгармаяпди?

Ҳукуматимиз оилаларнинг бир-бири билан ажрашиб кетишини шунчаки оддий ҳолат сифатида қабул қилишни одат тусига айлантирган. Баъзан бу муаммога эътибор қаратади, баъзан эса ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400