Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида 5 йилдан ортиқ ёпиқ бўлган ўтказиш пункти очилди

Ўзбекистон ва Қирғизистон 25 декабрь куни «Оқ-Тош (Қирғизистон) — «Бирлашган» (Ўзбекистон) ўтказиш пункти ишини қайта тиклади. Бу ҳақда «Podrobno.uz»га таяниб «Дарё.uz» хабар берди.

Фото:Радио Азаттык

Пункт Қирғизистоннинг Барак эксклави аҳолисини мамлакатнинг асосий ҳудудига тўсиқсиз ўтишига хизмат қилади.

Бу ҳақдаги келишувга 18 декабрда Қирғизистон бош вазири Маҳаммадкалий Абилгазиев ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ўртасидаги музокаралар чоғида эришилган. Музокаралар икки мамлакат чегарадош вилоятлари раҳбарлари Кенгашининг иккинчи йиғилишида бўлиб ўтган.

«Оқ-Тош» ўтказиш пункти давлат чегарасининг Қирғизистон—Ўзбекистон қисмида жойлашган ва Барак эксклавини Ўш вилоятининг Қора-Сув тумани билан боғлаб туради. Мазкур пункт Барак қишлоғи аҳолисини ўтказишни 2013 йилнинг баҳорида вақтинча тўхтатган эди.

Қирғизистон давлат чегара хизмати Ўзбекистон томони билан келишув асосида 2013—2015 йилларда қишлоққа озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари, ёқилғи-мойлаш материаллари, уруғ, ўғит ва бошқа маҳсулотларни ташишни давом эттирган.

Аввал Барак эксклави аҳолиси Қирғизистоннинг асосий ҳудудига ўтиш учун 150 километр масофани босиб ўтиб, «Қизил-Қия автойўл» назорат-ўтказиш пунктига бориши керак бўлган. Ўш шаҳрига етиб бориш учун эса 300 километр масофани босиб ўтиш талаб қилинган. Энди эса «Оқ-Тош» пункти орқали мамлакатнинг асосий ҳудудига ўтиш учун бир километрдан сал кўпроқ масофани босиб ўтиш керак бўлади.

Ўтказиш пунктлари ҳар куни соат 09:00 дан 19:00 гача ишлайди. Фавқулодда вазиятларда аҳолини ўтказиш сутка давомида узлуксиз амалга оширилади.

 

Бўлишинг: