Эркинлик” ва “озодлик” ўртасидаги фарқ

Камолиддин РАББИМОВ, сиёсатшунос, Париж, Франция.

Эркинлик масаласи сиёсат фалсафасида алоҳида ўрин тутади. Эркинликни ифодалаш учун рус тилида “Свобода”, француз тилида “Liberté”, араб тилида “hurriya” сўзлари ишлатилади. Дунёни кўплаб тилларида эркинликни ифодалаш учун асосан битта сўз ишлатилади. Лекин инглиз тили бундан мустасно. Инглиз тилида икки сўз мавжуд: “freedom” ва “liberty”. Ўзбек тилида ҳам икки сўз мавжуд: “эркинлик” ва “озодлик”. Лекин Ўзбекистон сиёсий тафаккури, сиёсатшунослик ва сиёсий тилшунослик унчалик ривожланмагани учун, бу икки сўз ўртасидаги концептуал фарқ ҳалигача аниқланмаган.

Юқорида келтирилган инглиз тилидаги сўзлар орасида концептуал фарқ бор, ва бу фарқ инглиз тилли давлатларда яхшигина англанади. Liberty – бу ташқи назорат томонидан одамга тақдим қилинган озодлик. Яъни, сиз назорат остида эдингиз, ва сизни назорат қилиб турган субъект сизни устингиздаги назоратни бекор қилди, ва энди сиз тўлалигича эркинсиз. Freedom – бу одамни ўзи ташқи назоратни енгиши, ва натижада ўзини эркига тўлалигича эришишидир. Яъни, сизни назорат қилиб турган томон сизга эркинлик бермайди, лекин ўз ҳаракатларингиз натижасида, сиз ўзингиз ўша назоратни енгасиз, қутиласиз ва эркинликка эришасиз.

Энди, ўзбек тилидаги “эркинлик” ва “озодлик” сўзларига юкланган маъноларда ва жамият истимолида кузатилган фарқларни кўриш мумкин. Қамоқдан чиқарилаётган одамга нисбатан “озод қилинсин” дейилади, “эрки берилсин” дейилмайди. Ёки, одамлар “эрким ўзимни қўлимда, билганимни қиламан” дейди. “Мен озодман” деганида, янги вазият назарда тутилади, ва у эндигина кимдандир/нимадандир озод бўлганлиги англанади.

Демак, ташқи назорат томонидан берилган хурриятга “озодлик” дейиш мумкин. Инсон ўз интилишлари натижасида, ташқи назоратни енгиб, қўлга киритилган ёки ташқи назоратдан доим ҳоли бўлган ҳолатга нисбатан “эркинлик” сўзи мос келади.

Бўлишинг: