Ука учун сиёсий фаол Ака айбдорми?

Рўзибой Азимий

 

Ўтган 27 йил давомида боёқуш ўзбек нималарни кўрмади, нималарни бошдан кечирмади? Ўша турғунлик йилларида Ўзбек ўз юртида бек эмас, хўжайинига сўзсиз итоат қилувчи, забонсиз манқурт сифатида яшашга маҳкум этилди.

Узоқ ўтган йилларда каҳатчилику, очарчиликларга, шўролар тазйиқига, шахс эркию ҳуқуқига қарши уюштирилган ҳар қандай зулму зўравонликларга қарамасдан ўзининг ўзбегининг елкасидан итариш у ёқда турсин, ҳатто елкасига туртмаган Ўзбек бугун ўзга элда эмас ўз элида ўзининг ўзбеги душманига айланди. Бу собиқ президент Ислом Каримовнинг “Ўзбекнинг душмани ўзбек бўлади” деган ёзилмаган нақлни чин маънода ҳаётийлаштирганидан далолат беради. Эътибор бериб қарасак, Каримов даврида ўзбек юзтубан бўлди, маънавиятдан узоқлашди, аниқроғи, ҳар икки гапнинг бирида “маънавият, маънавият” дея жар солинган юртда маънавиятга том маънода дарз кетди. Каримов Ўзбекистонида остона хатлаб кўчага чиқмаган қиз-жувонлар мардикор бозори “гули”га, дунё кезиб тансотарга айланди. Ўз юртида қадр топмаган, ҳар хил хору зорликларга мубтало бўлган Ўзбек бошини қуйи эгган кўйи дунёга тариқдай сочилди. Ислом Каримов ўзбекни ўзбекнинг душманига айлантирибгина қолмасдан уни том мардикорга айлантирди, Ўзбекдан террорчи ясади, “халқ душманлари”, “ватан хоинлари”ни яратди. Забонлиларни забонсизлантиришга интилди, бунга бўйсунмаганларни ҳар хил йўллар билан даф қилди, қамоқхоналарга маҳкум этди, юртдан ҳайдади, забонизларни эшак қилиб устига миниб олиб ҳузурланди.

Ўзбекнинг қашшоғига қайрилиб боқмади, ўзбегимни ўстираман, бой халққа айлантираман, ёруғ кунларда яйраб-яшнашига ҳисса қўшаман, деган ниятли миллатпарвар, ватанпарвар, ишбилармон, бизнесмен шахсларга шубҳаю гумон билан қаради. Ўзбекни канадай сўриб, уларнинг ризқ-рўзига тайёрга айёр шерик бўлаётган корчалонларни эса ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Шу тариқа шўринг қурғур ўзбек ўз элида шўрпешона миллатга айланди…

 

Юқоридаги тарифлар аслида замонавий сиёсатчилар томонидан мустақиллик йилларимиздаги “турғунлик йиллари” дея номланаётган йилларга берилган қисқача таъриф. Бугунчи, бугунги кунимиз, яъни мамлакатимизни янги раҳбар бошқараётган бугунги кунимизда аҳволимиз қандай? Ошиғимиз олчими? Елкамизга шабада тегиб, эмин-эркин нафас оляпмизми? Тилимиз бийронлашдими? Ноўрин итоатгўйлигимизга барҳам бердикми? Юқорида қайта-қайта тилга олганимиз Ўзбегимиз ўз элида эминлашдими? Ўзбек учун ўз элимизнинг эшиклари кенг очилдими? Сурхондарёлик Тошкентдан пропискасиз уй-жой сотиб олиш шарафига муяссар бўлдими? Ўзбекистон фуқароси бўлмиш наманганлик Ўзбекистон фуқароси бўлмиш Тошкентда яшовчи фарзанди ё қариндошининг уйида маълум муддат пропискасиз яшаш ҳуқуқини қўлга киритдими? Бухоролик оддий Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистон фуқароси паспорти билан Тошкентдаги ташкилотлардан бирига доимий ишга жойлашишга эришдими? Ўтган йиллар мабойнида фуқаролар ҳаракатини чеклаб келган чиқиш визаси тугатилдими? Ўзбекнинг қадди ростми бугун? Ҳукуматнинг элдаги, эл сиртидаги Ўзбекка муносабати ўзгардими? “Халқ душмани”, “ватан хоини”, “қора рўйхат”, энг ачинарлиси, ўзбек миллатига мансуб қора кўзларимиз исм-шарифларидан тузилган “Ўзбекистонга кириши таъқиқланган исм-шарифлар рўйхати” каби рўйхатлар асфаласолофинга улоқтирилдими?

 

Йўқ, Мирзиёев даврида юқорида санаб ўтганларимиздан биронтаси узил-кесил бартараф этилмади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳали-ҳалигача бир ҳовуч ҳукмрон доира вакиллари қош-қовоғига қарши чиқиб, дадиллашолмаяпти, оддий халққа ён босолмаяпти. Шу тариқа, андижонлик Тошкентга сиғмаяпти, тошкентлик Фарғонада ўзини бегона ҳис қиляпти. Мирзиёев даврида миршабларимиз аёлларимизни зўравонларча тир яланғоч ечинтиряпти, прокурорларимиз бизнесменларни шипшийдам қиляпди, “ишлайман, элни кўкартираман”, деб кредит сўраб борган юртдошларимизга банкирларимиз қатор сарсону саргардонликлардан кейин ноиложликда қўл учида кўмак кўрсатиб, мушти билан бор-бодини шилиб оляпти. Чет элдаги ўзбекистонликлар Каримов даврида элга киролмасдан қанчалик азоб чеккан бўлса, Мирзиёев бошқаруви даврида ҳам чет эллик ўзбекларимизнинг елкалрига қуёш текканича йўқ. Гарчи Мирзиёев катта минбарда туриб, “Қамалган ота ёки қариндош учун ўғил жавогар эмас”, деган фикрини баралла билдираётган бўлса-да реал ҳаётда ҳаммаси тескари. Чет эллардан юртимизга қадам ранжида қилган юртдошларимиз ё чегарадан орқага кетяпти, чегарадан ўтганларнинг бошига эса ҳар хил савдолар тушяпти. Каримов даврида мамлакатга сармоя киритганлар, киритиш истагида бўлганлар қандай ғовғоларга дуч келган бўлса ҳозир ҳам бундай ғавғолар барҳам топганича йўқ. Бунга август ойининг 3-санасида АҚШдан Ўзбекистонга – она юртига, бир олам яхши ниятлар билан келган, шу юртга бегона бўлмаган, асли ўзбекистонлик, Ўзбек заминида туғилиб вояга етган, ҳозирда АҚШ фуқароси бўлган, ўзбек миллатига мансуб миллатдошимиз, юртдошимиз бўлмиш, Ўзбекистонга 50 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш истагида қадам ранжида қилган  ёш тадбиркор Бобур Ҳасаннинг бошига тушган кўргуликлари, яъни унинг Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан Ўзбекитонга киритилмасдан орқага қатарилгани яққол мисол бўла олади.

 

Бизнингча, ўзбек ҳукуматининг Бобур Ҳасанни Ўзбекистонга киритмаслиги замирида сиёсий масалалар мужассам топган. Аниқроғи, Мирзиёевнинг “Қамалган ота ёки қариндош учун ўғил жавобгар эмас” деган сўзи ҳаётда ўз исботини топмаганидан далолат беради. Гапнинг пўсткалласини айтганда, Бобур Ҳасан учун Ўзбекистон эшикларининг ёпиқлиги айнан Бобурга, яъни сиёсатдан ҳоли, оддий тадбиркорга қаратилган “жазо” чораси эмас, балки Бобур Ҳасанни мудҳуш сиёсий сабабларга кўра Ўзбекистондан АҚШга кўчириб олиб борган унинг акаси Баҳодир Хон Туркистонга, “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати етакчиси, таниқли сиёсатчи ва мухолифатчининг Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистонга қайтишга доир, Ўзбекистон фуқаролигини қайта тиклашга оид йўллаган расмий хатига норасмий жавоб деб тушуниш ҳам мумкин. Аниқроғи, ўзбек ҳукумати бу ерда ука учун аканинг сиёсий фаолияти ва фаоллигини рўкач қилмоқда. Шу сабабли, сармоядорларга ниҳоятда эҳтиёжманд бўлган, ҳатто, ҳокимларига давлатга сармоя киритиш вазифалари юклатилган демократик Ўзбекистонда Ўзбекистон ҳукумати 50 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш истагида бўлган тадбиркорни ўз она юртига киритмади.

 

Демак, айни чоғдаги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни оғиз кўпиртириб мақташ учун ҳали бир неча қовун пишиғи бор кўринади.

 

Муаллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Сирдарёлик ўлган йигитни милиция ходимлари калтаклаганини яқинлари иддао қилмоқда

Сирдарё вилоят, Боёвут туманининг “Бунёдкор” ҚФЙда яшаган 33 яшар Элмурод Мустафоевнинг яқинлари у милиция ходимлари томонидан аёвсиз калтакланганидан сўнг вафот этганини ...

Муҳим жабҳанинг ойдинлашуви

Шу кунда Самарқандда ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми Ўзбекистон тарихида, шак-шубҳасиз, жуда ката воқеа сифатида ёзилиб қолади. Бунда асосий жиҳат—Ўзбекистон ...