Фозил Жабборов:“ЧИДАГИН, БОЛАМ-А, ЧИДАГИН!”

Болам! Туғилишинг ҳаётим(из)га чиндан қувонч олиб келди. Сенга ўзбекча, аниқроғи, соф туркийча исм қўйгим келди. Дадам, онам билан маслаҳатлашиб, сени Элгиз деб атадик. Дунё кезувчи, саёҳатчи, жаҳонгашта бўлсин деган ниятда. Очун кез, яхшилик йўлида жаҳонгашта бўлгин, болам! Ўзи ҳаммамиз бу дунёни кезиб юрган Худойимнинг савобу гуноҳ йиғиб юрган бандаларимиз-ку ахир!

Олдиндан айтиб қўяй, катта бўлганинг сари, оламда ҳар хил инсонларга дуч келасан: яхшиларга, ёмонларга, яхши-ёмонларга, ёмон-яхшиларга, инсофлиларга, инсофсизларга, ночорларга, кибрлиларга, вазият ва нафс қурбонларига… Қулоғингга қуйиб ол! Яхши бўл! Инсофли бўл! Ночор бўлсанг-да, нафс қурбони бўлма! Мактубимнинг асл моҳияти шул!

 

29 октябрнинг тунида онангни дард тутди. Тез ёрдам чақирдим. Келди. Тезёрдамчилар Сурхондарё дўхтирлари берган қўлимиздаги “обменная карта”га қараб, яқинимиздаги туғуруқхоналар қолиб, шаҳарнинг нариги чеккасидаги бошқа клиникага олиб кетишмоқчи бўлишди. Кўнмадим. “ТАПОиЧ болница”га, яъни ҳозирги Эргашев номидаги 4-сон шаҳар клиник шифохонасига олиб борасизлар, деб оёқ тираб олдим. Бордик. Дўхтирлар: “Обменная карта”ларингга бизнинг роддом ёзилмаган! Сизлар бизга тегишли эмассиз! Қабул қилсак ҳам 250 минг сўм пул тўлайсизлар!” деганнамо гап қилишди. “Пул муаммо эмас!” дедим ва эртаси куни онангнинг дўхтири ишлайдиган 27-поликлиникадан йўлланма олиб келаман деганимдан сўнг, бизни қабул қилишди.

 

Соат 4:00 га яқинлашяпти. Дорилар, керакли нарсаларни айтишди, 24 соат ишлайдиган дорихонадан олиб келдим.
Онангни дард тутяпти. Акушер хотин эса унга парво қилмай: “Нима қиламиз? Келишиб оламизми?” дейди. Индамайман. Мени фақат сенинг соғ-саломат дунёга келишинг қизиқтиради.

 

Худога шукр, 30 октябрь куни соат 4:55да соғ-омон туғилдинг! Дўхтирлар барака топишсин! Қўллари енгил экан! “Қўл ҳақи” дея кўнглимдан чиқариб, акушер хотинга 100 минг сўм бердим. “Бу кам-ку, биринчи фарзандингиз бўлса! Одатда биринчи болага 300 минг сўм оламиз, майли, сиз 250 минг бера қолинг!”, деди. Чўнтагимни кавладим, айтганига етмади. “Уйингизга борасиз-у, ўшанда 150 минг олиб келарсиз. Биз соат 8гача шу ердамиз”, деди. “Имкониятим камроғ-у, ҳаракат қиламан!” дедим. Уйга бордим. Онамга – момонгга айтсам: “Ўҳ-ҳу, нима бало, Шавкат Мирзиёев коррупцияни йўқотаман деб ётган бир маҳалда буларнинг қўрқишмаганини қара-я!” Онам яқинда туғилган бошқа неварасини эслаб, қўшимча қилди: “Фузайлнинг ўғлини туғдирганларга даданг 60 минг берган экан, мен яна билмасдан 30 минг берибман. Бошқа берма, етади”. Онамнинг гапини ерда қолдирмай: “Хўп”, дедим.

Момонг онангга атала пиширди. Соат сакиздан ўтиб, туғуруқхонага отландик. Нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди ва телефондан аёл киши: “Жабборов, сизмисиз? Келмадингиз-у, биз кетяпмиз!” “Опа, имкониятим етгани шу экан!” дедим. “Ўзимга 100 опқолиб, дояги 50, болалар дўхтирига 50, санитаркаларга 25 мингдан бермоқчи эдим-да, ҳеч бўлмаса, яна 50 минг сўм қўшинг! Дояни рози қилай!” деб мен билан савдолашди. Сен туғилгач, доя аёл телевидениеда ишлашимни билиб, телефонимни олганди. У билан телефон алмашганимизни эслаб: “Доя аёлни ўзим рози қиламан!” дедим. Доя хотинга қўнғироқ қилдим. Ишдан кетганини айтди. Бориб қарасам, кетмаган экан. Эшикдан чиқаётиб, пул узатаман дегандим, олмади, қочиб кетди. Сен туғилишингдан аввал қизи журналистикада ўқишини, ишга жойлашишида ёрдам беришимни сўраганди мендан. Қочишининг сабабини шунда кўрдим.

 

Туғилганингнинг 2-куни. Онанг қўнғироқ қилиб, қон топширишим кераклигини айтди. Негалигини билиш учун доя хотинга алоқага чиқдим. Сени туғуруқхонадан олиб чиқиб кетишим учун кўнгилли сифатида қон топширишим ёки 40 минг сўм пулини беришим керак экан. Қизиғ-а, кўнгилли эмиш-у, топширмасанг, яна қирқ минг сўм олармиш. Кўнгилли бўлиб, “Қон препаратлари” деган жойга бориб, 450 грамм қон топширдим. Кимгадир ёрдамим тегсин, деб! Қонимдан плазмаларни олиб қолиб, эритроцитларимни ўзимга қайтариб қуйишди. Қўлимга қон топширганим тўғрисида қоғоз беришди. Уни сен онанг билан ётган клиникага обордим. Қоғозни дўхтир менга ўша ерда туғилганинг ҳақида маълумотномага алмаштириб берди. Уни олиб, туғилганинг ҳақида гувоҳнома олиш учун Яшнобод туман ФҲДЁ бўлимига бордим. Навбатга турдим. “Гувоҳномага қанча тўладингиз?” сўрадим мендан аввалгилардан. “36 ярим минг сўм”, деди улардан бири.

 

Ишга шошаётганим учун навбатдан олдин ичкарига бош суқиб: “Кассага тўлаб турсам бўладими?” дедим. Қизлардан бири қаерданлигим, Тошкент шаҳрида припискам бор-йўқлиги билан қизиқди. Доимий прапискам Сурхондарёда эканини айтганимдан сўнг у: “Унда бошқача нарх бўлади? Кутиб туринг!” деди. Кутдим. Навбатим келди. “Илтимос, тезлаштирайлик, бугунги “Ахборот”га материалим бор!” дедим. Телевидениеда ишлашимни сезган қиз: “Кассир гувоҳномага тўланадиган пулни олиб қолсин!” деди. “36 минг 500 сўм” деди кассир қиз. Тўладим. Чек сўрадим. “Ўзим обориб бераман!” деди у. “Йўқ, бераверинг!” деб қайсарлик қилдим. Кассир иложсиз 30 409 сўму 50 тийин ёзилган чек чиқариб берди. Унга қараб: “Нега мендан кўпроқ пул олдингиз?” дедим. У эса кўзимга лўқ қилиб: “Бу ерда 36 минг 500 сўм ёзилган! Бу нол эмас, олти!” деди. Нол рақамининг олтилигига мени ишонтирмоқчи бўлган кассирдан ҳам жаҳлим чиқди, ҳам нафратландим. Лекин ортиқча тортишмадим.

 

Ичкарига кирдим. Сенга гувоҳнома ёзишга кўмаклашаётган қизга қўлимдаги чекда ёзилган пулни ўқитдим. “30 409 сўм” эканини тасдиқлади. “Унда нега кассир қизларинг мендан 6 минг ортиқча пул олди?” дедим. Бошлиқ Зулайхо Адиловна Камолходжаева: “Сизга лоторея бермадими?” деди. Хонада ўтирган бошқа аёллар қўшилди: “Бериш эсидан чиқибди-да! Лотореясини қўшиб бериш керак эди”. Бу найранг мен каби “тирриқ”лар учун олдиндан ўйланган сценарий эканини фаҳмладим. Бошқа майдалашмадим.

 

Нафасим қайтди. Уларга бошқа гапиргим келмади. Пул ҳақида ҳам, лоторея ҳақида ҳам индамадим. Улар ҳам индашмади. Ҳаромтомоқ, ёлғончилар орасидан тезроқ чиқиб кетгим келди. Кетдим.

Кетаяпман-у, ўйларимнинг тизгини йўқ. Президент бобонг кўп чиқишларида порахўрликни йўқотиш кераклиги тўғрисида такрор-такрор гапиряпти. 2017 йилнинг 3 январь куни “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунни ҳам имзолади. У ўтган йилнинг 4 январидан бошлаб кучга кирди. Лекин бу ҳаромтомоқлар Худодан ҳам, қонундан ҳам умуман қўрқишгани йўқ! Халқдан қонундан ташқари пул ундириш билан банд! Бу-ку, сенинг туғилишинг муносабати билан кўрганларим, энди кўрмаганларим тўғрисида қандай гапирай?!

 

Нега энди қоғозда 30 409 сўму 50 тийин ёзилган? Ҳисоблаб билдим: 202 730 сўм бўлган энг кам иш ҳақининг 15 фоизи шунча бўларкан! Лекин ФҲДЁдагилар мендан 6090, 50 тийин ортиқча пулни найранг йўли билан олиб қолди. Ўша пулга оиламиз учун 4 та нон олишим ёки шаҳар транспорти 5 марта узоғимни яқин қилиши мумкин эди.

Ўғлим! ҳозир ушбуларни ёзаяпман-у, ўша кассир қизга, умуман ФҲДЁ ишлайдиган ўша ўтирикчиларга ичимда айтаяпман: “Худо олсин давлатнинг масъулиятли лавозимида ишлаётган сиздай ноинсоф ёлғончиларни! Чой-чақа сўранг, ташлаб кетай, аммо нега алдайсиз одам(лар)ни? Мен-ку, журналистман, сал-пал қонунни, ўз ҳақ-қуқуқимни биларман, аммо бошқа соҳа эгалари нима қилсин? Сизларга қачонгача ортиқча пул тўлаб юрсин? Сизлар тўқиётган ёлғонларингга қачонгача ишонишсин?! Суф-эй сизларга!”

 

Ўғлим, энди қара, бир йилда Ўзбекистонда қанча чақалоқ туғилади? Интернетдан қарайман: аниқ ҳисобларга кўра, 2017 йилда 722 094 та туғилиш қайд этилган экан. Агар ўша йили туғилган чақалоқларнинг ота-онасидан ортиқча 6090,50 сўмдан пул олишган бўлса, қандай рақамлар келиб чиқади? Калькуляторда ҳисоблайман: 6090,50 * 722094 = 4 397 913 507 сўм бўларкан. Деярли 4,5 миллиард сўм-а! Тома-тома кўл бўлар деб шуни айтишса керак-да! Шайтонга ҳай бераман: ҳамма ФҲДЁчилар ҳам инсофини емагандир!

 

Дадамдан у неварасига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиш учун неча пул тўлаганини сўрайман. Бобонг: “27 минг 500 сўм…” дейди бошланишига. Сўнг хомчўт қилиб, октябрда энг кам иш ҳақи 184 300 сўм экани, унинг 15 фоизи 27 645 сўмлигини айтсам, бобонг янада аниқ эслади: “28 минг сўм бергандим, 300 сўм қайтим беришлари керак эди, кутдим-кутдим, қайтими йўқ эканми, кейин кетдим!” деди. Балки чиндан қайтим бўлмагандир, бу вазиятни-ку, тушунса бўлади, ҳарқалай, “нол”ни “олти”га ишонтирирмоқчи бўлишмапти-ку! ЗАГСдаги ҳамма ҳам инсофини емаган экан! Худога шукр!

Дарвоқе, ўғлим! Сени туғуруқхонадан олиб чиқаётган кунимиз бир ҳамшира изимиздан келди онангга нималардир деди. Онанг уни менга рўпара қилди. Ҳамшира: “Сизларнинг манзилингиз бизнинг клиникага қарамас экан, шу учун, ҳеч бўлмаса, 100 минг сўм ташлаб кетинг!” деди. “Нега қарамас экан? Мана, 27-поликлиникадан йўлланма олиб келганман-ку!” дедим ва қўлидаги қозоғлар ичидаги йўлланмани топиб кўрсатдим. У хижолат бўлиб, узр сўради ва кетди. Жамшид бобонгнинг мошинасида сени дабдабаларсиз уйга олиб келдик.

 

Туриб-туриб ўйлайман: “Тўғри! Дўхтирларнинг, ҳамшираларнинг ойлиги кам бўлгани учун улар беморларнинг қўлига қарайдиган бўлиб қолишган!” Президент бобонг келаси йилдан бошлаб уларнинг ойлигини кўпайтираркан. Шундай қилсин! Токи қўли енгил оқ ҳалатлилар беморларнинг қўлига қарамасин!

 

Бўлган воқеаларни бир касбдошим – Отабек бобонгга айтиб бердим. “Эй, булар ҳали-бери одам бўлмайди!” дейди ҳафсаласизгина! “Дўхтирларнинг ойлиги камлиги учун шундай қилишади. Балки ЗАГСда ишлайдиганларнинг ҳам ойлиги камдир?” деб савол бераман унга. “Бизники-чи?” дейди саволимга савол билан жавоб қайтариб дўстим! Индамайман! Индаёлмайман!

Ўғлим! Бу биргина сен туғилган вақтдаги 3-4 кунги воқеалар, холос. Қолганлари ҳақида сенга ҳозирча индамайман! Лекин қўлимдан келгунча, сени бундай қинғир ҳаётдан ҳимоя қиламан! Иншааллоҳ, ҳалол едираман, ҳалол ичираман!

 

Болам! Туркий халқларнинг бир бўлаги бўлган жаннатга қиёсланувчи, мана шундай порахўрлари, ёлғончилари ҳам бор Ўзбекистонга хуш келибсан! Чидайсан энди. Айни дамларда шоир Усмон Азимнинг мисралари тилимда айланаяпти:

“Чидагин, болам-а, чидагин,
Дардларинг танингга жойлансин.
Чидагин, болам-ей, чидагин,
Оҳларинг қўшиққа айлансин!..

…Сен чида, болам-ей, сен чида.
Куйлагин – тўхтама бир нафас!
Сен куйла қиличнинг тиғида –
Ўшанда эл-юртинг чидамас!”

 

Катта бўлсанг, Ватанинг гуллаб-яшнатгин! Элингга эш бўлгин! Порахўрларига қарши кўрашгин!

Ўғлим, буларни нега ёзаяпман, биласанми?

Қонунга амал қилганим учун!

 

Сен ҳам қонунни ҳурмат қилишингни истаганим учун!

Мен билан содир бўлган ҳолат юзасидан тегишли ташкилотларни, жумладан, пойтахтдаги ФҲДЁ органларини назорат қилувчи Тошкент шаҳар ҳокимлигини бу ҳақда хабардор қилиш учун!

Эргашев номидаги 4-сон шаҳар клиник шифохонаси туғуруқхонасида юз берган ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигини огоҳлантириш учун!

Фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олаётган оталар энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдоридан ортиқ пул тўламаслиги учун!

Бошқа сафар момонг: “Шавкат Мирзиёев коррупцияни Сурхондарё ё бошқа жойдан изламасин! У пойтахтда – гарданининг тагидан турибди экан!” деб кулиб сўзламаслиги учун!

 

Қабул қилинган қонунда: “аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан тоқатсизликни шакллантириш” деган жумла бор. Сенга ёзганларимни одамлар ўқиб, ҳалол меҳнати эвазига бели оғриб топаётган пулни қонундан ташқари олувчиларга сўрамасдан-нетмасдан санаб беравермасдан, норозилигини билдириши учун!

Президент имзолаган ўша ҳужжатда шундай сўзлар ҳам бор: “Коррупцион жиноят тўғрисида ошкор қилган шахс давлат ҳимояси остига олинади”. Демак, мен давлат ҳимоясидаман, ўғлим! Сен ҳам!

Элгизим! Кун келиб, Президент бобонг орзу қилган порасиз, адолатли мамлакатнинг онгли аъзоси бўласан! Шундай бўлишига ич-ичимдан ишонгим келади! Ишонаман ҳам!

Самимият билан отанг Фозил Жабборов!
2018 йилнинг 7 ноябрь санаси, соат 23:42да битдим.

Манба:facebook.com

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Яна бир миб ходими калтакланди

Риштон туманида Мажбурий ижро бюросининг яна бир ходими калтакланди. Бу ҳолат биринчиси эмас. 30 август куни МИБнинг Риштон туман бўлими давлат ижрочиси ўз хизмат вазифасини ...

Бизга “мангу полк” ва “георгий лента”си ярашоврадию жадидларни хотирлаш шолпиллаб қоладими?

Шу йилнинг 31 август куни кўпчилик ёшларимиз томонидан Шахидлар хиёбони зиёрат қилинганидан сўнг, Шайҳонтоҳур тумани Ички Ишлар бўлими ва Бўстонлиқ тумани Ички Ишлар Бўлимига ...

Анвар қори турсунов вафот этди

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов 13 июнь куни эрталаб вафот этди. Бу маълумот Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати томонидан тасдиқланди. Маълум ...