Ўзбекистонда қонунлар ишламаслиги расман тан олинди

Ўзбекистонда қонунлар ишламаслиги расман тан олинди

23 январь куни куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида маъруза қилган президент Ислом Каримов парламент фаолиятини танқид қилди.  Унинг фикрича, Олий Мажлис қонунни, ҳуқуқни қўллаш амалиётига етарлича эътибор бермаяпти.

“Қонунлар қабул қилиниши билан ҳаётимизда нима ўзгарди, улар тараққиётга, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг боришига қандай таъсир кўрсатди? деган саволларга камдан-кам эътибор берамиз, – деди Каримов. – Масалан, биз қонунчиликни эркинлаштириш ҳақида кўп гапирамиз. Шу билан бирга, одамлар ўз ҳаётида бундай эркинлаштириш жараёнини қандай ҳис этаётганига, бу ҳақда журналистлар, шарҳловчилар нималарни гапираётганига қараб, бу ишларнинг натижасига энг аниқ баҳо бериш мумкин”.

Бундан ташқари, “қабул қилинаётган қонунлар одамлар ҳаётига, сиёсий, иқтисодий тараққиётга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида жойлардан келиб турадиган, парламентга ўз фаолиятини янада такомиллаштириш имконини берадиган ахборот алмашиш механизми деярли ишламаяпти”.

Ислом Каримовнинг таъкидлашича, “кўпинча қабул қилинаётган қонунлар, уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ишламаяпти. Бунинг сабаби, биринчидан, ушбу қонунларда улардаги нормаларни амалга ошириш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилмагани билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, мазкур қонунларнинг самарали ишлашига ёрдам берадиган тегишли қонуности ҳужжатлари чиқарилмаётганида бўлиб, уларсиз эса бу қонунларда белгиланган қоидалар умуман ишламаётганини англаб олиш даркор”.

“Энди ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: парламентимиз қабул қилишни “яхши кўрадиган”, ижро механизмларига эга бўлмаган қонунлар нима учун “ҳавода осилиб, муаллақ бўлиб” қолмоқда? Нима учун улар мантиқий якунига етказилмаяпти, ҳуқуқни қўллаш босқичигача олиб борилмаяпти? – деди Ўзбекистон раҳбари. – Ўйлайманки, бу борадаги асосий сабаблардан бири шуки, биз қонунларни қабул қилар эканмиз, уларни ишлаб чиқиш жараёнидаёқ қўйишимиз керак бўлган саволни, яъни бу қонунга реал ҳаётда қай даражада эҳтиёж бор ва у қанчалик самарали ишлайди, деган саволни ўз олдимизга қўймаймиз. Бу эса қонунчилигимизда такрорлар ва зиддиятли ҳолатларнинг учраб туришига, унинг самарадорлиги пасайишига сабаб бўлмоқда”.

Шунингдек, Ислом Каримов сиёсий фракциялар ҳамда депутатларнинг фаоллиги, ташаббускорлигини ҳам танқид остига олди.

Унинг айтишича, “ўтган беш йил мобайнида парламент томонидан қабул қилинган 140 дан зиёд қонуннинг атиги 19 таси Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан қабул қилинганини қониқарли, деб бўлмайди. Қолаверса, ана шу қонунларнинг бор-йўғи 3 таси янги қонунчилик ҳужжатлари бўлиб, 16 таси амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ, асосан юридик-техник хусусиятга эга бўлган қонун ҳужжатларидир”.

“Бугунги шароитда фракциялар ва депутатларнинг мамлакатимиз учун зарур бўлган қонунларни ишлаб чиқишда ташаббус кўрсатиш ва уларни қабул қилиш бўйича фаолиятини принципиал жиҳатдан қайта кўриб чиқиш керак, десам, ўйлайманки, бу фикрга сизлар ҳам қўшиласиз. Фракциялар ва депутатлар фаолияти янада фаол ва мазмунли бўлиши, ўз сиёсий партиялари ва уларнинг электорати манфаатлари ҳамда кўрсатмаларини ҳисобга олган ҳолда йўлга қўйилиши лозим”, – деди Каримов.

Бўлишинг:

Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400