Қозоғистон ЕвразЭСда ягона валюта эҳтимолини истисно қилади

nan-vvp-aalҚозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида ягона валюта жорий этилиши имкониятини истисно қилади. Бу ҳақда Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Тимур Жаксиликов маълум қилди. Бу ҳақда Newskaz.ru хабар беради.

«Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида ягона ва давлатусти валюта жорий қилиниши имкониятини истисно қилиш бўйича аниқ ва изчил позицияга эга. Биз бу масалаларни муҳокама қилмаймиз, бу кун тартибидаги масала эмас», – деди Жаксиликов.

Унинг қайд этишича, Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида валюта иттифоқини шакллантириш ва ягона давлатусти валюта жорий этиш ҳақидаги низом кўзда тутилмаган.

«Бу борада иш олиб борилмайди. Айни вақтда, Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида 2025 йилга қадар молия бозорларини тартибга солиш соҳасидаги қонунчиликни мутаносиблаштиришни мақсад қилганмиз», – деди вазир ўринбосари.

«Бу ерда қандайдир монетар ёки валюта иттифоқи ва унинг истиқболи ҳақида сўз бораётгани йўқ», – дея қўшимча қилди Жаксиликов.

Россия, Беларусь ва Қозоғистон 2014 йилнинг 29 май куни Остонада Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги битимни имзолашган эди, битим 2015 йил 1 январдан кучга кирди. 2 январь куни иттифоққа Арманистон қўшилди, май ойида эса Қирғизистоннинг қўшилиши кутилмоқда.

Бўлишинг: