Бухорода ўқитувчилардан пахта теримида қатнашишга кафолат хати олиняпти

  • Садриддин Ашур/Озодлик

Бухоро вилояти мактаб ўқитувчилари бу йилги пахта теримида қатнашиш учун тилхат ёзиб беришга мажбурланяпти. Бу ҳақда Озодликка хабар берган ўқитувчиларнинг айтишларича, барча мактаблар ўқитувчилари “бу йилги пахта ҳосилини нест-нобуд қилмай” териб беришга кафолати ёзилган тилхатни терим учун ташкил қилинган отрядларнинг бошлиқларига беряпти. Расмийлар эса бу йил ўқитувчилар пахта теримига чиқарилмаслигини айтмоқда.

Бухоро туманининг 39 – умумтаълим мактабида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бири, ҳамкасбларидан бири ёзган кафолат хати нусхасини Озодликка юборди. Унда бундай ёзилган:

“Мен 2017 йил учун етиштирилган пахта ҳосилини нест-нобуд қилмай, сифатли ва ўз вақтида териб беришга кафолат бераман”.

Ўқитувчи ёзган кафолат хати нусхаси

Ўқитувчи ёзган кафолат хати нусхаси

Ўзбек тили адабиёти ўқитувчиси номидан ёзилиб, имзо қўйилган бу кафолат хати отряд бошлиғи Илҳом Неъматов номига битилган.

Озодлик бу хатни суриштириш давомида шу мактабнинг исми сир қолишини сўраган бошқа бир ўқитувчиси билан боғланди.

Ўқитувчи бундай кафолат хатларини барча ўқитувчилар ёзиб берганини тасдиқлар экан, муаллимларни пахта теримига тайёрлаш ҳақидаги буйруқ Бухоро тумани халқ таълими бўлими мудири Пўлот Холов томонидан берилганини айтди:

“Бу биргина бизнинг мактабда бўлаётган воқеа эмас, туманнинг барча ўқитувчиларидан шундай тилхат олиняпти. Ҳозир педсоветларда янги ўқув йилига тайёргарлик, янги таълим стандардларини қандай ўзлаштириш, қандай қилиб таълим сифатини ошириш ҳақида эмас, пахта теримига тайёргарлик кўриш, отрядлар тузиш, тилхатлар олиш ҳақида гап бўляпти. Биз, ўқитувчи эмас, қишлоқ хўжалиги ходими бўлиб қолдик”,дейди муаллим.

Ўқитувчининг айтишича, ҳар йили улар куз ойларини пахта даласида ўтказишади:

“Ўтган йили 15 кундан ётоққа бориб пахта тердик. Дарслар қолиб кетди. Баъзан мактабда 3-4тагина ўқитувчи қоларди. Физик адабиётдан дарс беради, меҳнат муаллими математикадан. Ахир бундай аҳволда, қанақа таълим стандарти ҳақида гап бўлиши мумкин. Ундан кўра, буни таълим ва дала ишлари стандарти деб аташса тўғри бўларди. Илгари мансабини суистеъмол қилгани учун судланиб чиққан халқ таълими бўлими мудири Пўлот Холов яна қайтиб мудирликка қўйилди. Энди у таълим сифатини яхшилаш билан эмас, аксинча ёмон кўрган ўқитувчи ва РайОНО ходимларини ишдан бўшатиш ва ҳокимиятга ёқиш учун унинг буйруқларини сўзсиз бажариш билан шуғулланмоқда. Ўқитувчи тақдири ва болалар саводхонлиги умуман эсдан чиқиб кетган”, дейди ўқитувчи.

Озодлик ўқитувчиларнинг бу иддаоларига муносабат олиш учун Бухоро тумани халқ таълими бўлими мудири Пўлот Холов билан боғланди.

Мудир ўқитувчиларнинг пахта теримига кафолат хати ёзиб беришга мажбурланаётганини эшитганидан сўнг, “бундан хабарим йўқ”, деди-да, алоқани узди. Мудир билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Амрулла Сафаров Озодлик билан суҳбатда бу йил ўқитувчиларнинг пахта теримига чиқармаслик ҳақида президентнинг топшириғи борлигини айтди:

– Бу гаплар нотўғри. Мана президентимиз ҳам охирги селекторда бирорта ҳам ўқитувчи пахта жалб қилинмайди, деб айтди. Ҳеч қандай кафолат хати бўлмаган, бу ёлғон гап, деди Амрулла Сафаров.

Ўзбекистон маҳаллий нашрлари ва телевидениеси ўқитувчиларни дала ишларига жалб қилинаётганини ҳар замон танқид қилиб турган бўлса ҳам, жойларда ўқитувчиларни теримга чиқиши ҳақида оғзаки кўрсатмалар бўлаётгани айтилади.

Жумладан, Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев 1 август куни кечаси соат 10 да вилоятдаги корхона, ташкилотлар, бюджет идоралари раҳбарларини чақириб, шошилинч йиғилиш ўтказган эди. Ушбу йиғилишда иштирок этган раҳбарлардан бирининг айтишича, ҳоким сентябрь ойида бошланадиган пахта терими кампанияси учун 50 кишилик отрядлар тузишни, барча ташкилотлар раҳбарларига теримга одам чиқаришни буюрган эди.

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Халқаро пресс-клубдаўқитувчи ва шифокорлар энди қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилмаслигини ваъда қилди.

Ҳоким ўқитувчиларнинг ободонлаштириш ишларига жалб этилаётгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан: “Бу бор ҳақиқат, буни яшириб бўлмайди. Уларни нафақат ободонлаштириш ишларида, ҳатто қишлоқ ҳўжалиги ишларида ҳам ишлатиб келдик. Ўқитувчининг ўзининг ишини қилдирмадик, фермерга боғладик. Врачларимизга ўз ишини қилдирмадик, ҚВПда ўз ишлари қолиб, қишлоқ хўжалиги ишлари билан банд бўлишди. Натижада нима бўлди, натижада бугун оналар ўлими ошди, гўдаклар ўлими ошди”, – деб таъкидлади.

Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларининг қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилиши йиллардан бери халқаро ташкилотлари тарафидан танқид этиб келинади.

Human Rights Watch ташкилоти ҳисоботида қайд қилинишича, ҳар йили бир миллиондан ортиқ ишчи Ўзбекистонда мажбуран пахта теримига жалб этилади.

Сизнинг фикрингиз

avatar

Барча шарҳлар (7)

  • Конун

    12,08,2017 15:55
    Демак теппадан эски тизим узгармаса хеч нарса узгармаслигига яна бир бор амин булдик
  • Корахоний

    12,08,2017 16:40
    Пахтани озайтирдик пахтага чикилмайди деб мактанишятувдию
  • Sarez

    12,08,2017 16:54
    Hamon esimda: ittifoq davrida biz o’quvchilar paxta yigim-terim kompaniyasiga chiqar edik, lekin o’qituvchilar paxta termas edi. Faqat o’quvchilarni nazorat qilish uchun 10-15 nafar asosan erkak o’qituvchi bu ishga jalb qilinar edi. Hozirgi kunda o’qituvchilarning o’z hohishi bilan paxtaga chiqishi kulgili holat. Google dan izlab kuringlarchi , qaysi bir davlatda shunday ahvol. Aynan o’qituvchilarini qaysi bir davlat majburiy qishloq-xo’jaligi ishlariga jalb qilar ekan? Menimcha, ish haqqini adolatli to’lasa (Qozog’istonga o’xshab) o’qituvchining yordamiga fermer aslo muhtoj bulmaydi. Axir, bozor iqtisodiyoti zamonida yashayapmizku. Yoki sotsialistik tuzum hamon hukm surmoqdami? Bunday ayanchli holat davlatimizning xalqaro obro’siga , mavqeiga soya solmaydimi? Biz o’zi qanday davlat quryapmiz?
  • Ирода

    12,08,2017 17:11
    Хар йили шу ахвол мажбурий пахтага хайдайди кеч коронгида обкелади дахшат эслагим хам келмайди фойдаси йук согликка хам зиен буляпти
  • Niso

    12,08,2017 17:41
    Qani kuramizda Namangan hokimi va’dasida turarmikin.
  • Ойгул

    12,08,2017 17:54
    Бухоро махалла кумитасини эшигида 1кг пахта 400 сум деб езиб куйган. 400 сум! 1 буханка нонни пули хам эмас! 1 кг гушт олиш учун 75 кг териш керак. Этак сотиб олиш керак, уст кийим, оек кийим харажатлари. Пўлот Холовни узи бориб терсин. Бели огрисин униям. Отаси ишга, онаси пахтага кетганида уйда елгиз, оч, каровсиз колишини билармикин бу одам?
  • Дангаса

    12,08,2017 18:45
    Бюджетдан ақча оладиганлардан бошқа ким бор,ким теради? Яқин 5-10 йилда вазият узгармайди!Фақат пахтани бозор нархида ақчасини берсалар,шунда фермер мардикорларни ёллаб териб оларди. Еки кичик фермер хужаликлари ташкил қилиш,2-3 гектардан ер б/н,нархи ким бозорники,мана шунда ур-қир керак булмасд…
    https://www.ozodlik.org/a/uzbek-uqituvchi-paxta-kafolat-xati/28672874.html

Аудиолар