ТЎЙ УМРДА БИР БЎЛАЖАК СИЙРАК ТАНТАНА

         “Шарқ зиёси” газетасининг 12-сонида Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг 1979 йилда маҳаллий нашрлардан бирида чоп этилган “Бизнинг одатлар” мақоласи қайта эълон қилинди. Муаллиф ушбу мақоласида шу давр тўйларига, эскидан қолган одатларимиз ҳамон яшаб келаётганига, базму жамшидлардаги исрофгарчиликларга, тўйларни ихчамлаштиришнинг фойдали томонларига, тўй-тантаналаримизнинг шахс маънавий камолотидаги ўрнига алоҳида урғу беради. “Одатлар халқ табиатининг кўзгусидир, — дейди Э. Воҳидов. — Ҳеч бир халқнинг ҳеч бир одати айрим одамларнинг истак-хоҳиши билан, шунчаки бир ўткинчи ҳаваси билан дунёга келган эмас. Одатлар аслида эзгу ниятларнинг ифодаси сифатида, инсонларнинг бир-бирига меҳр-оқибати намойиши сифатида туғилади, улар аслида халқ донишмандлигининг бир кўринишидир. Шунинг учун ҳам одатлар узоқ яшайдилар. Ҳатто замон-замонлар ўтиб, одатлар янги замон қоидаларига мос келмай қолганда ҳам бир неча ўн йиллар давомида яшаб келаверади”, дея таъкидлайди. Муаллиф, шунингдек, ўз мақоласида бизнинг баъзи эскича одатларимиз эскириб қолганини, лекин шундай бўлса-да қиз шаъни, йигит обрўси, ота-она орзуси сифатида ҳанузгача давом эттирилаётганини мисоллар ёрдамида тавсифлайди. Ҳисоблаб кўрсак, “Бизнинг одатлар” мақоласининг ёруғликка чиққанига 36 йил бўлибди. Аммо орада шунча йил ўтган бўлса-да, “бизнинг одатлар”имиз ҳукм сурмоқда, 36 йил олдин муҳокама қилинган муаммо бугунги кунга келиб ҳам ўз ечимини тўла-тўкис топганича йўқ, аксинча янги-янги “одатлар” вужудга келди ва янада оммавийлашмоқда.

“Бор борича, йўқ ҳолича” нақли эскирди(ми)?

     Бугун биз қилаётган тўйлар ҳар қачонгидан кўра ўзгача. Эски одатларимиз янгича сайқал топган. Янгича сайқаллашган тўйларимиз эса ҳаммани бирдек ўз домига тортиш исканжасида. Бой ҳам, бадавлат ҳам, ўртаҳол ҳам, ночор ҳам “бизнинг одатлар”ни кўз-кўз қилиш, оғизга тушадиган тўй эгаси бўлиш иштиёқида. Ҳеч ким ҳеч кимдан орқада қолиб кетмаслиги керак, деган қоғозга ёзилмаган тўхтам авж паллада. Унга риоя қилиш устувор кучга эга. Айнан ана шу тўхтамга кўра “шоҳона” тўй қилишимиз шарт ва зарур. “Ўртамиёна” тўй бизга ҳам, замонга ҳам мос келмайди. Тўйни ихчам тарзда ўтказиш гўёки қолоқлик. Қолоқликни енгиб чиқиш эса жасорат. Жасорат қозониш учун қулоғимизгача қарзга ботсак ҳам майли. Эл-юрт олдида ўзимизнинг кимлигимизни намойиш қилишимиз, обрўйимиз учун қозон-қозон гуруч дамлашимиз шарт. Бир хил рангли ва русумдаги энг қиммат автомашиналардан карвон тузиб, кўчалар бўйлаб турнақатор юришини таъминлашимиз лозим. Тўй-базмимизни энг қиммат ресторанлардан бирида уюштиришимиз, бугина эмас, тўйга асосий хонандадан ташқари, “сипойироқ” икки-уч нафар артист, ҳеч бўлмаса бир нафар энг олди санъаткор — “юлдузлар”дан бирини чақиришимиз керак… Гапнинг қисқаси, бугун бизни ана шундай тўй олди “керак”лар кўпроқ андармон қилиб қўймоқда. Бунинг натижасида тўйдан олдин ёшларнинг бахт-саодати, келажаги ҳақида бафуржа ўйлашга вақт тополмаяпмиз. Тўй ўтгач эса иқтисодий муаммолар ботқоғига ботиб қолаётганимиз ҳам сир эмас. Иқтисодий муаммолар ботқоғига ботишимизга эса “бор борича, йўқ ҳолича” деган жайдари нақлни унутиб қўяётганимиз, кўрпамизга қараб оёқ узатишни хушламаётганимиз сабаб бўлмоқда.

Тўй устига тўйчиқ не ҳожат?

        Бугун дунёнинг ҳеч қайси бурчагида йиллар давомида пешона тери билан топган бойлигини худди биз каби бир кунда, бир тўй ўтказиш орқали ҳавога совурадиган, ном чиқариш мақсадида даста-даста пулини ерга сочадиган халқ кам бўлса керак. Тўғри, Ғафур Ғулом айтганидек, “Тўй умрда бир бўлажак сийрак тантана”. Аммо, уни “сийрак тантана” экан деб кимўзарликни, исрофгарчиликни авжига чиқариш яхши бўлмаса керак. Афсуски, бугунги тўйларимизда ҳаммасидан бор. Кимўзарлик, дабдабабозлик, исрофгарчилик, манманлик, бойлик намойиши-ю кўз-кўз оройиши. Тўй баҳона ичкиликбозликлару беқиёс ошхўрликлар… Никоҳ тўйи маросимига оид биргина тўйнинг сон-саноқсиз тўйчиққа айланаётганига нима дейсиз? “Нон синдириш”, “маслаҳат оши”, “қуда чақириқ”, “қиз базми”, “юз очди”, “келин кўрди”, “келин чорлар”, “куёв чақириқ” каби одатлар алоҳида-алоҳида тадбирга айланиб кетмаяптими?! Бу каби тадбирлар — “қудаларнинг бир-бирига кўрсатаётган иззат-икроми, икки оиланинг яқинлашуви учун қилинаётган тадбирлар” наҳотки шу қадар зарур? Борди-ю бундай одатлар янги қурилган оиланинг мустаҳкам бўлишини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган бўлса, у ҳолда ярим тунгача шоҳона ресторанларда, вадаванг мусиқа остида никоҳ тўйини ўтказишдан не наф? Ахир никоҳ тўйи ҳам фақат янги келин-куёвни эмас, балки барча қуда-андаларни бир-бири билан яқинлаштиришга қаратилмаганми? Қолаверса, бу каби тадбирларнинг ҳаммаси ортиқча чиқимни тақозо қилмайдими? Эҳтимол давлатмандларга бундай тадбирларни ўтказиш оғирлик қилмас, аммо беш қўл баравар бўлмаганидек, ҳамма ҳам бадавлат эмаску. Демак, ҳамма бир-бирини ҳурмат қилиши лозим. Кимлардир ўзларини кўз-кўз қилиш эвазига ўзгаларнинг кўнглини хижил, юрагини зада қилиб қўймаслиги лозим.

Ким олади-ё шугинани-я?

         Яқинда бир тўйда бўлдим. Тўймисан-тўй. Энг зўр ресторан. Тўйхонанинг безатилишига гап йўқ. Келин-куёв учун мўлжалланган “саҳна декорацияси” шоҳона. Ҳаммаси о`кей! Эл назарига тушган санъаткорлар хизматда. Ўйин-кулгу авжида. Қистир-қистир ҳам ўзига яраша. Ўртакаш ҳам “замонавий” тўйларни бошқаравериб пишиб кетганлардан. Қайнотани келин, қайнонани куёв билан қучоқлашиб танцага тушира олдира оладиганлардан. Бундан ташқари ўртакашнинг меҳмонларни ўз йўриғида тутиш, ҳам хушнуд қила олиш (ҳар хил ҳангомалари билан), ҳам хижолат қилдира олиш (қайнотанинг ўз келини белидан ушлаб рақсга туширтиришга эришиши) қобилиятига эгалигини алоҳида алқасак арзийди. Айниқса, унинг келин-куёвдан қайси бирининг қариндоши (тарафкаши) кўплигини аниқлаш тадбири ҳаммасидан ошиб тушди. Даврага яна келин-куёв таклиф қилинди. Тадбир шарти шуки, ташриф буюрган меҳмонлар кимга қариндош эканини билдириши керак. Бунинг учун келиннинг қариндошлари ҳам, куёвнинг қариндошлари ҳам бир-бирининг белидан ушлаб занжир ҳосил қилган ҳолда давра бўйлаб айланиши лозим. Энг олдинда келин-куёв. Тадбирда ҳосил қилган занжири узун бўлган томон серқариндош деб топилди ва бир-бирининг белидан қучоқлаб беш-олти марта давра айланиб ҳолдан тойган “ғолиблар” ўлганнинг устига тепки деб чиройли бир жуфт қўшиққа ўйнаб беришди. Энг қизиғи шу бўлдики, бу тадбирда ҳеч ким томошабин бўлиб қолмади. Катта-ю кичик бирваракайига белга ёпишишди. Шу тариқа эркак нотаниш аёлнинг, аёл эса бегона эркакнинг белидан ушлаб роса айланишди. Болалигимизда ўйнаган “поезд-поезд”, бир-биримизнинг белимизга ёпишиб “арқон тортиш” ўйинларимиз эсимга тушиб ўзимча хурсанд ҳам бўволдим.

        Тўй ичидаги яна бир тўйчиқ бунисидан ҳам ошиб тушди. Аммо бу тадбир ўртакашнинг иштирокисиз куёвжўралар томонидан амалга оширилди. “Ким олади-ё шугинани-я?” Куёвжўралар ўзларича алоҳида давра тузиб олди. Ўртага 100 граммлик стакан қўйилди. Ичига ҳалиги қурғур шайтоннинг сувидан қуйилди. Шарти: “шугина”ни қўлни ерга қўймаган ҳолда, ҳеч кимнинг ёрдамисиз оғиз билан олиш керак. 23-24 ёшли йигитлар бирин-кетин ўзларини кўрсата бошлашди. Уларнинг бақир-қичқирлари туфайли томошабинлар ҳам кўпайди. Ён даврада ўйнаётганлар ҳам томошадан қуруқ қолмаслик учун куёвжўралар даврасини забт этди. Текинга келган “шугина”ни олувчилар ҳам кўпайгандан кўпайди. Ҳамма хурсанд, шод хуррам. Бу тадбирга на каттанинг, на кичикнинг лом-мим демагани эса шахсан менга оғир ботди. Тўғриси, тўйнинг ўйин-кулгу билан ўтиши тарафдориман. Тўйга келгандан кейин ўйнаш, яйраб-яшнаш кераклигини ҳам инкор эта олмайман. Аммо тўй тарбия кўзгуси эканини унутмаслигимиз керакмикан?

Эркин акага мактуб

         Эркин ака, адабиётимиз саҳифаларини варақлаш чоғида шу нарсага амин бўлдикки, миллий тўйларимиз ҳақида Сиздан олдин ҳам бир неча алломаларимиз куйиб-пишиб ёзган экан. Маҳмудхўжа Беҳбудий 1913 йилиёқ халқни тўйларни камтарона ўтказишга, пулни эса болаларни яхши ўқитишга, жумладан, хорижга юборишга чақирган экан. “Ана энди биз учун тўй ва маърака ва кўпкари ўрнида шул юқоридаги айтулғон ишлар аъмол–идеал–мурод–тилак–муддао бўлсун. Вало, мунисиз биз кундин кун йўқ ва забун бўлурмиз”, деган экан. Абдулла Қодирий ҳам миллатимиз турмушига, руҳиятига, имон-эътиқодига салбий таъсир кўрсатадиган тўйлардан оғриниб, куюнган экан. Бунга унинг 1915 йилда ёзган шеъри яққол мисол бўла олади: Қилди бу вақт бизда жавлон тўй, Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй. Бир-биридин ошурдилар тўйни, Топди равнақ, ғайратила баён тўй. Беш кун ўтмай тўйни сўнггидан, Кетибон мулклар боис фиғон тўй…

         Эркин ака, қаранг, бобокалонларимиз ҳам бундан 100 йил олдин тўйга оид муаммоларни тилга олган экан. Сиз куйиниб ёзган “Бизнинг одатлар” мақоласининг ёзилганига ҳам 36 йил бўлибди. Лекин орада шунча вақт ўтса-да, бу муаммо тўла-тўкис ўз ечимини топган, деб айта олмаймиз. Аксинча, баъзи тўй-хашамлар миллий қадриятларимиз ва муқаддас динимизга ёт бошқа урф-одатлар билан кун сайин “бойиб” бораётгани кузатилмоқда. Кимўзарга қилинадиган тўйлар пойгаси ҳам ҳамон учраб турибди. Одамларнинг бир-биридан ошириб тўй қилишига уриниши турмуш тарзимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди, десак муболаға бўлмас. Тўй-ҳашам, маърака-маросимлар билан боғлиқ сохта хўжакўрсинлик одатлари ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани, кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат.

         Эркин ака, Сиз ўша мақолангизни “Ният қиламизки, у пайтгача тўй қоидаларимиз ўзи тартибга тушиб қолар, баъзи ортиқчаликларни инкор қилиш, бизларга ёки келажак авлодларга қолмас. Бунинг учун халқимизда кўпни кўрган зукко одамлар бор. Бунинг учун доно, фаросатли, ҳар томонни ҳисоб-китоб қиладиган, эркакларни йўлга соладиган аёлларимиз бор. Вақт келарки, тўйларимиз ортиқча борди-келдисиз, фақат шодлик ва бахт тантанаси бўлиб қолар. Шунда бугунги қилаётган сарфу харажатларимиз, ноўрин одатларимизни кулиб-кулиб эслармиз” деган жумлалар билан тугатгансиз. Аммо ноўрин одатларимизни кулиб-кулиб эслашнинг фурсати келмаётганига нима дейсиз? Биз Беҳбудий, Қодирий ва Сиз каби буюк инсонлар орзу қилган тўйларга қачон гувоҳ бўламиз? Ёки бу уринишларимиз одамларга кулгили, бесамар туюлганича қолаверадими? Бизнинг эски одатларимиз янада янгиланаверадими?

Рўзибой АЗИМИЙ  

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ғузор туманида гўдак 4 млн сўмга баҳоланди

2019 йил 22 апрель куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида ички ишлар органлари ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати. ...

«халқ банки» бошқарувчиси пора билан ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бўз туман бўлими бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ...

Журналист бобомурод абдуллаев андрей сахаров номидаги “жасорати учун” нишони билан тақдирланди

26 март 2018 йил соат 15-00 да Жиноий ишлар бӯйича Тошкент шаҳар судида судья Зафар Нурматов раҳбарлигида Ӯзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси 4-банди билан ...