Дунё ОАВларидан: Трамп учун қўшиқлар, Арабистоннинг Путини ва ҳижобдаги Барби (аудио)

Newsweek Эрондаги 350 киши ҳалок бўлган ва етти мингдан ортиқ одам жабрланган зилзилани “2017 йилда энг кўп қурбон келтирган зилзила” деб номлади. Кирмоншоҳ музофоти парламенти депутати, 15 нафар оила аъзоси ҳалок бўлган Фарад Тажарийнинг сўзларига қараганда, Сарпола Заҳаб шаҳридаги ягона касалхона бутунлай вайрон бўлган. Тиббий ходимлар ва ҳамма мижозлар (улар 236 киши эди) вайроналар тагида қолиб кетган. “Озиқ-овқат етарли эмас, ёнилғи йўқ ва одамлар кучли совуқ натижасида ҳалок бўлиши мумкин”. “Эрон ва Ироқда 150 миллиондан ортиқ одам ер силикнишларини сезди”. Сейсмологларнинг маълумотларига кўра, магнитуда эпицентрда 7,2 баллни ташкил қилган.

“Эҳтимол, Филипинн раҳбари АСЕАНнинг Маниладаги 31-саммитидаги махсус уюштирилган кечки овқат пайтида куйлаган қўшиқ Родриго Дутерте ва АҚШ президенти Дональд Трамп дўстлигининг бошланишига айланар”, деб ёзади Frankfurter Allgemeine Zeitung. “Мен Қўшма Штатларнинг олий бош қўмондони талабига кўра қўшиқ айтдим”, деб ҳазиллашди Дутерте, ўз чиқишининг якунида. Нашр Трамп Осиёга қилган сафарининг охирги нуқтаси бўлган Филиппин пойтахтига борганида, хушмуомала бўлгани ва Дутертени АСЕАНга раислик қилгани вақтидаги иши учун мақтаганини таъкидлаяпти. „Родриго, сен ақл бовар қилмас эдинг“, деб хитоб қилди Трамп. «Дутерте ўтган йил июлида лавозимга киришганидан сўнг, Филиппинда мингдан ортиқ гиёҳвандлиги ва наркотик сотувчилиги тахмин қилинаётган кишилар ўлдириб юборилгани ҳам сафарга соя сололмади», деб ёзади газета. АҚШнинг олдинги ҳукумати бу сиёсатни кескин танқид қилган эди.

«Муҳаммад бен Салман Саудия Арабистоннинг Владимир Путини бўла оладими?», дея саволни ўртага ташлайди Al Jazeera телеканали. Айрим таҳлилчилар меросхўр шаҳзодани Подшоҳликдаги ислоҳотлар ташлаган дадил қадами ва “олигархлар”га қарши тура олгани боис “Яқин Шарқ Путини” сифатида таърифлашмоқда. Al Jazeeraнинг ёзишича, ҳам Путин, ҳамбен Салман ташқи ва ички сиёсатда қаттиққўлликни афзал кўришади ва “ҳар иккиси дунёни оқ ва қора рангда кўришади”. Меросхўр шаҳзода 2015 йилда отаси подшоҳ Салмондан фотиҳа олганидан сўнг Ар-Риёднинг ташқи сиёсати ҳужумкор бўла бошлади “Ямандаги уруш, Қатар қамали ва ниҳоят Саудия Арабистоннинг Ливандаги сўнгги ҳодисалардаги эҳтимолий роли бир сўз билан айтганда Путин пьесаларидан тўлалигича кўчириб олинган”, дея таъкидлайди телеканал.

Аун Сан Су Чжи ёрдамчилари ғарб давлатлари элчиларини “роҳинжа мусулмон озчилигини қўллаб-қувватлаш мақсадида Мьянмага босиб ўтказилиши мамлакатнинг Хитой билан яқинлашишига олиб келишидан” огоҳлантиришди, дея ёзади The Wall Street Journal. Бу баёнот мамлакатга АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсоннинг келиши арафасида янгради. Нашрнинг ёзишича, Тиллерсон Мьянмада роҳинжа мусулмонлари кўпчиликни ташкил қиладиган Ракхайн штатида юзага келган гуманитар инқирозни барқарорлаштириш масаласида маслаҳатлашувлар олиб боради. Малайзия бош вазири Нажиб Раззоққа таянган ҳолда The Star газетаси Мьянма сиёсий раҳбари Аун Сан Су Чжи Манилада бўлиб ўтган АСЕАН саммитида Ракхайн штатидаги роҳинжалар учун халқаро инсонпарварлик ёрдамларига рухсат берилиши хақида айтганини маълум қилди. БМТ маълумотларига кўра, роҳинжалар бугунги кунда дунёдаги энг кўп таъқиб қилинаётган миллий камчиликлардан бири ҳисобланади, дея эслатади газета.

Барби ишлаб чиқарувчилари янги қўғирчоқни намойиш қилишди. Бу қўғирчоқнинг яратилишига ўтган йилда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида ҳижобда мусобақаларда иштирок этган америкалик қиличбоз Ибтиҳаж Муҳаммад илхомлантиргани айтилмоқда, дея хабар беради Independent. Ўйинчоқлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Америкадаги йирик Mattel Inc. Корпорацияси баёнот бериб, қўғирчоқ келаси йилнинг куз ойларида онлайн сотувига қўйилишини маълум қилди. «Ҳижобдаги Барби» – стереотипларни бузган аёлларга бағишланган коллекцияга киритилади”, дея баёнот берди компания. «Мен қизчалар эндиликда ҳижоб кийган Барбини ўйнашидан фахрланаман», дея ёзди Ибтиҳаж Муҳаммад ўзининг Твиттерида. Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган олимпиада ўйинларида Ибтиҳаж Муҳаммад қиличбозлик мусобақаларида бронза медалини қўлга киритди

Аудиолар