Эврил Туроннинг Ўзбекистонга қайтиши            

Ўзбекистон  ҳеч биримизга сир эмаски, моддий ресурсларга ниҳоятда бой мамлакат. Шунинг баробарида дунёни лол қолдирувчи буюк тарихига, маданий, маърифий, маънавий ўзлигига оид бой меросига ҳам эга бетакрор макон. Техника тараққиётига юз тутган, бироқ борган сари ривожланиб бориш босқичларида бир мунча зиддиятли ва таҳликали аҳволга ҳам тушиб қолган очунда  нафақат ўзини ва ҳатто дунёни ҳам ўзгартириб юбора олувчи имкониятларга, мақсад ва интилишларга, эзгу ғояларга  қурби етадиган беқиёс маскан.

Аммо буларнинг барини ҳаракатга келтирадиган, ўзимизда мавжуд қудрат ва хазинани ишга тушириб юборадиган муҳим бир жараён борки, у ҳам бўлса,  МИЛЛИЙ ВА МАЪНАВИЙ  ЎЗЛИГИМИЗНИ АНГЛАШДИР!

Миллионларнинг асрий орзуси ушалиб,  Ўзбекистон мустақилликка эришгач, миллий ўзлигимиздан хабардор ва баҳраманд бўла бошладик.  Тарихий ҳақиқатлар, қадриятларимиз,  қанчадан – қанча инкор этилган ва топталган азиз авлиёларнинг қабрлари  тикланиб, ҳурмат бажо келтирилиб, обод ва муқаддас масканларга айлантирилди. Мақбаралар бунёд этилди. Пойтахтимизнинг марказий сайлгоҳ кўчасида дунё тан олган буюк бобомиз соҳибқирон Амир Темурнинг пурвиқор ҳайкали қад ростлади.  Юнусобод мавзесида яна бир эзгу амал амалга оширилди. Қатағон қурбонларининг руҳи покларига бағишлаб, Шаҳидлар Хотира Майдони барпо этилди.

Ҳар сафар ушбу  муқаддас маскан ёнидан ўтаётганимда, ёки шаҳид боболаримиз руҳини зиёрат этиб, музей экспонатлари билан танишаётганимда бугунги дориломон кунларда улар ҳам ёнимизда бўлишганларида мамлакатимиз яна нималарга эришган бўлар эди, дея ўйланиб қоламан.

“Ҳам Шарқ, ҳам Ғарб бўлиб ривожланайлик”,  дея  Миллат ва Ватан равнақини асл мақсадларига айлантиришган фидойи ота – боболаримизнинг ёниб турган орзу иштиёқлари, интилиш ва курашлари  беиз ва бесамар кетмаслиги керак деган, истак ва фикр мени чулғаб олади. Яна бир нарса, яна бир ўй ва қизиқиш: Ўзбек бадиий адабиётимиз-чи, қандай ютуқларга эришган бўлар эди, деб ҳам хаёл ва тасаввурларга толаман. Уларнинг баҳоси йўқ, бетакрор гўзал сатрлари қалбимда жонланар экан, адабиёт деган буюк саждагоҳнинг равнақи ҳақида ҳам ўйлаб кетаман.

Социалистик реализм методи асос қилиб олинган совет адабиёти давридаям  дунё адабиёти билан бўйлаша оладиган поэзия ва проза жанрида эришган беқиёс ютуқларимизга қарамасдан, мустақиллик йилларининг ўтиш даври қийинчиликларида  жуда кўп ижодкорлар адабиёт майдонини ташлаб кетишди. Қанчадан-қанча умидли  ижодкорлар ижоддан воз кечиб, ўзларини бизнесга уриб кетишди ёки мансабга интилишди. Айримлари адабиёт ва ижод  соғинчи билан яшашсада, моддий қийинчиликлар, турмуш ташвишлари билан овора бўлиб қолишди. Аммо  ҳар қандай қийинчиликлардаям  Сўзга, Қаламига содиқ ижодкорлар  барибир ижод қилаверишди, ўз ижодий эътиқодларида собит қолишди. Ана шундай ижодкорлардан бири йигирманчи асрнинг саксонинчи йиларидаёқ асарлари эл орасида жуда ўқишли ва машҳур бўлиб кетган адиб Мамадали Маҳмудов эди.

Бугунги ва ҳатто кечаги ўзбек адиблари  орасида миллий ўзлигимиз, миллий озодлигимизни  ижодининг энг асосий мақсади ва мезони қилиб олган ёзувчи сифатида Мамадали Маҳмудовга, ижодий тахаллуси билан атайдиган бўлсак, Эврил Туронга тенг келадиган ёзувчи йўқ, десам муболаға бўлмайди.

Адибнинг миллий озодлигимиз, қадим ва буюк турки халқлар тарихи, озодлиги  ва бирлиги йўлидаги ғоялари ҳаёти ва ижодининг мазмун ва моҳиятига айланиб кетган. Эврил Турон ижодининг ўзига хослиги ҳам ана шунда.  Аммо асарлари  ёзувчини жуда кўп кўргуликларга дучор этганини бугун ҳаммамиз яхши биламиз. Энг афсусланарлиси, мустақилликка эришганимиздан сўнг ҳам мукофотланишларга муносиб адиб аксинча, умрининг кўпгина йилларини қийноқларга тўла қамоқхоналарда ўтказди. Асарлари ва номи ўзбек адабиёти ва матбуоти нашрларида  таъқиқланди.   Аммо куни кеча жуда узоқ йиллик узилишлардан сўнг Ўзбекистон матбуотида, марказий матбуотлардан ҳисобланмиш ЎзАда  Эврил Турон, яъни, Мамадали Маҳмудовнинг номи ва сўзлари қайта жонланди.

 “Янги давр эшик очяпти” сарлавҳаси остидаги  ёзувчи қаламига оид мақола Президент Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга Мурожаатномасига муносабат тарзида ёзилган бўлиб, унда Мирзиёев сиёсати жуда умидли, ишончли ва асосли фикр ва мулоҳазалар  билан қўллаб-қувватланган ва мустаҳкамланган.

Узоқ йиллик таъқиб, таҳдид ва таъқиқлардан сўнг Эврил Турон номи ва сўзларининг ниҳоят ўзбек матбуотида  қайта тикланиши, қайта пайдо бўлиши  Ўзбекистонимизда ҳақиқатан ҳам Янги давр бошланаётганинг ёрқин исботи сифатидаги  муҳим воқеа бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Президентимиз сиёсатининг амалдаги натижаси саналадиган ушбу кутилмаган  янгиликка кўпчилик чет эл матбуоти органлари, журналистлар  ҳам қизғин муносабат билдиришмоқда.  Турли таъқиқларга учраб, муҳожирликда юрган  аммо  ватан ва юрт равнақи йўлидаги  мақсад ва маслаклари  ҳамоҳанг бўлган  юртдошларимиз кўнглида ҳам умидлар уйғонди.

Куни кеча Эврил Турон таваллуд айёмини адиб билан биргаликда нишонлаган, у ҳақда  “Мулкдор” саҳифаларида мунтазам мақолалар берган ва ёзувчи асарларини ҳам эълон қилиб келаётган “Бирдамлик” ҲДҲ Етакчиси  Баҳодир Хон Туркистонга  ҳам ўзининг илғор ғоялари ва кенг имкониятлари билан Ўзбекистонга қайтишига рухсат берилса, мамлакатимиз тараққиёти учун айни муҳим бўлган яна бир янгилик бўлган бўлар эди.

Чунки, Ўзбекистон  Раҳбарининг Президентликка сайланган дастлабки кунлариданоқ кўп бора таъкидлаган, мамлакат тараққиёти учун чет элдан инвестиция жалб этиш ҳақидаги ва Парламентга Мурожаатномасида ушбу сиёсатига алоҳида таклиф ва талаблар юклагани  бу борада кенг билим ва имкониятларга эга Баҳодир Хон Туркистоннинг Ўзбекистонга қайтишига рухсат этилишининг нақадар ижобийлигига асос бўла олади, деб умид қиламиз.

Мақсади, асосан, жонажон  Ўзбекистонимизнинг ҳар томонлама юксалиши, равнақи ва тараққиёти бўлган ҳар қандай виждонли, мард ва олийжаноб  Ўзбекистонликларнинг  мамлакатда бошланган муҳим сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларда фаол қатнашишларига бурчлидирлар, аслида. Бунга Хитой, Корея, Япония тажрибалари ҳам мисол бўла олади.

Ёзувчи Эврил Турон асарларида ва сўзларида доим таъкидлаганларидек, туркилар бирлиги, ўзаро аҳиллиги ва мисли кўрилмаган даражадаги  тараққиётларга эришишимиз учун ҳам ҳаммамиз ва ҳар биримиз  буюк ва улуғ мақсад йўлида бир ёқадан бош чиқариб ишлашимиз керак.

Зеро, “Янги давр эшик очяпти”. Орзулар ушаладиган давр бошланган!..

 Муаллиф: Дилфуза Лангар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

“ислоҳотларнинг реал механизми бизда бор” (баҳодир чориев билан биринчи суҳбат)

Ўзбекистонда Президентлик сайловлари бошланаркан, бир қатор мухолифат вакиллари ҳамда демократик фаоллар бу сайловларга альтернатив тарзда, виртуал сайлов ўтказиш ташаббуси ...

Сиёсий муҳожир баҳодир чориев ўзбекистонда коррупцияга қарши кўраш,иқтисодни ривожлантириш ва оролни тиклаш ҳақида

Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг очиқ  сиёсий йўналишига,ҳаракат дастурига эга  эмас.  Ҳамма нарса Ислом Каримовнинг шахсий  кайфиятига қараб,у ёки бу тарафга оғиши мумкин. ...

Солиқлар йўқсиллардан эмас, тўқлардан ундирилиши керак

Ўзбекистондаги мавжуд солиқ тизими йўқсиллардан ундирилишга қаратилган. 1999 йилнинг ноябрь ойида Тошкент фонд биржасидан Шаҳрисабз туманидаги чорвачиликка ихтисослашган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400