“Бирдамлик” барчангизни янги йил билан қутлайди!

Азиз ва қадрли ватандошлар, муҳтарам юртдошлар! Ер куррасига, жонажон ўлкамизга янги — 2018 йил кириб келмоқда. 

2017 йил жаҳонда оламшумул аҳамиятга эга бўлган қизиқарли ва ҳайратли янгиликлар билан бирга дунё аҳлини хавотирга туширадиган, ларзага соладиган кўнгилсиз воқеа-ҳодисалар ҳам рўй бергани билан алоҳида эсда қоладиган йил бўлди.

Ўтаётган йилда дунё халқи юртдошларимиз амалга оширган қатор эзгу ишларнинг, шу билан бирга, бир неча хунрезликларнинг гувоҳи бўлди.

Биз юртимиз довруғини оламга таратган хайрли ва эзгу ишларни ёдга олиб фахрланганимиз каби ёмон ва салбий ишларни, гарчи эслаш оғир бўлса-да, бундан тегишли сабоқ чиқариш учун эслашга мажбурмиз.

2017 йил, шунингдек, мамлакатимизда келажакка умид туғдирган йил бўлгани билан ҳам алоҳида эсда қолади. Бу умид шабадалари, гарчанд ҳозирги кунгача унумдор натижаларни вужудга келтирмаётган бўлса-да, мухолифатчиларни ҳам четлаб ўтмади.

Мамлакат ичидаги ҳамда хориждаги мухолифат вакиллари ва фаоллари орасида сиёсий фаолликни янада кучайтирди.

Поёнига етаётган йил “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати учун баракали йил бўлди.

Биз орқада қолаётган йилда ўлкамиздаги 25 йиллик турғунлик йилларидан кейинги янги режаларни белгилаш, олдинга томон одимлаш учун дадил саъй-ҳаракатлар қилиш имконига эга бўлдик.

Бу йилда “Бирдамлик” ХДҲнинг нуфузи, обрў-эътибори дунёга кенг тарқалди. Фаоллар сони янада ошди. Birdamlik, Mulkdor.com сайтлари олдингидан кўра янада жонланди. Ўқувчиларимиз сони ўсди.

Келаётган 2018 йилда биз шу кунгача қўлга киритган ютуқлар билан чекланиб қолмасдан бу борадаги дастурий вазифаларни амалга ошириш, Қурултойимизни ўтказиш, сиёсий майдонга янада чуқурроқ кириб бориш йўлида астойдил изланамиз ва бундай меҳнатларимиз, саъй-ҳаракатларимиз ижобий якун топишига сидқидилдан ишонамиз.

Азиз дўстлар, ватандошлар!

Муҳтарам отахон ва онахонлар, ардоқли ака-укалар, меҳрибон опа-сингиллар, келажагимиз вориси бўлмиш навқирон ёшлар!

Сизларнинг барчангизни Янги 2018 йил билан самимий табриклайман. Барчангизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, қувонч ва шодлик тилайман.

Янги йилда элимизда мулкдорлар, тадбиркорлар, ишбилармонлар сони кўпайиб, юртимизда ўсиш, тараққиёт бўй чўзсин.

Янги йил ҳар бир оилага, ҳар бир хонадонга фаровонлик, қут-барака олиб келсин!

Янги йил муборак бўлсин!

Баҳодир Хон Туркистон,

“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракатининг етакчиси

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон “бирдамлик” халқ демократик партиясининг дастури

Лойиҳа ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИ, ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЗАМИНИДАГИ, ОЗОД ВА ФАРОВОН ЎЗБЕКИСТОН УЧУН! ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ ДАСТУРИ МУҚАДДИМА Биз, жонажон ...

Синовларда тобланаётган қаҳрамон

Бугун "Бирдамлик" Халқ демократик партиясининг Ўзбекистондаги раҳбари, таниқли сиёсатчи Қаҳрамон Маҳмуднинг таваллуд айёми! Қаҳрамон Маҳмудни ушбу қутлуғ сана билан ...

Өтініш

2018-жыл, 6-желтоқсан Біз Өзбекстан билігіне оппазицияда болған Өзбекстан «Бірдамлік» Халық Демократиялық партиясы (2018 жылдың 15-қарашасіна дейін «Бірдамлік» Халық ...