Боғча эмас, мафия!

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги 197-боғчага Боғча вазирлигидан аудиторлар келибди. Боғча мудирасининг хонасига киришса, у ерда бир аёл ўтирган экан — у ўзини методист деб таништирибди. Кейин маълум бўлишича, у шу боғча мудирасининг онаси экан ва боғчада расман ишламас экан. Айтишларича, бу аёл аввалроқ шу боғчанинг мудираси бўлган — бироқ унга нисбатан тўртта модда бўйича жиноят иши қўзғатилгач, ишдан олинган (судланган, дейишяпти). Орадан маълум фурсат ўтгач, йўлини қилиб, қизини шу боғча бошлиғига айлантирган.

Боғча вазирлигининг текширувидан сўнг боғчанинг амалдаги мудири (яъни, судланган аёлнинг қизи) ишдан олинган. Аудиторлар томонидан тўпланган маълумотлар эса чора кўриш учун Шайхонтоҳур туман прокуратураси ва Бош прокуратурага тақдим этилган. Бироқ телефон орқали бўлаётган тинимсиз таҳдидлар сабаб бу ерга ишга келаётган одамлар кўп ҳам ушланиб қолаётгани йўқ. Боғча вазирлигидан маълум қилишларича, ҳозиргача боғча мудирлиги вазифасини вақтинча бажаришдан уч киши бош тортган (ташқаридан қарасанг, оддий бир боғча — лекин ичкариси худди мафияга ўхшайди-я!).

 

Бу — кўргиликнинг ярми. Бу боғчага 12 нафар бола йўлланмасиз қатнаётгани аниқланган (уларнинг ота-оналари болалари боғчада қолиши учун ҳар ой нақд пулда ҳақ тўлаган), бироқ аудиторлар келган вақтда боғча ходимлари рўйхатга киритилмаган болаларни эшиги ташқаридан қулфланадиган омборхонага яшириб қўйган. Текширув куни овқат учун омбордан 56,2 кило гўшт олинган, лекин у қозонларгача етиб бормаган — маълум бўлишича, ҳар куни гўштнинг ярмини боғча мудирининг муқаддам судланган ўзи учун онаси олиб қўяркан. Бундан ташқари, комиссиялар келганида кўрсатиладиган «навбатчи гўшт» ҳам бўлган (мафия-боғчага комиссия кўп келаверганидан шундай эҳтиёт чоралар кўриб қўйилган-да энди).

 

Пул масаласи ҳам бор. Амалдаги тарифлар бўйича боғча пули 155 минг сўм, лекин 197-боғчада ҳар бир боланинг ота-онасидан 180 минг сўмдан 220 минг сўмгача пул олинган. Бундан тақшари, қўшимча тушлик ва боғча фондига ҳар ой 25 минг сўмдан йиғиб олинган (лекин ўша тушликлар ростдан ҳам берилганми-йўқми, буниси номаълум) — ҳисобдан ташқари барча пул чўнтакка урилган. Яна, «тижорий гуруҳ»лар ҳам бўлган — бу гуруҳлардаги ҳар бир тарбияланувчи учун 125 минг сўмдан пул олинган. Бу «тижорий гуруҳ»лардан ҳар ой 10 миллион сўм атрофида пул чўнтакка тушган. Боғчада «ўлик жонлар» ҳам бўлган — аслида йўқ тарбиячиларга ҳам ҳар ой маош чиқарилиши оқибатида 2015—2018 йилларда 61 миллион сўмдан ортиқ давлат пули ўзлаштириб юборилган.

 

Болаларга қарайдиган битта боғчада шунча иш — катталар ишлайдиган катта жойларда нималар бўларкин-а?

Манба:Daryo — LIVE

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Президент томонидан тақдирланган ойбек холбоев фуқароларни пахта теримига мажбуран жалб этгани аниқланди

Хоразм вилоятининг Боғот тумани ҳокими Ойбек Холбоев фуқароларни пахта теримига мажбурий тарзда жалб этгани тўғрисида хабар тарқалди, деб ёзмоқда Меҳнат вазирлиги матбуот ...

Одамлар касал бўлишдан, касалхонага ётишдан нега қўрқади?

Агар соғлиқни сақлаш вазири бўганимда ҳар куни шифохонама-шифохона юрардим, айтмай бостириб борардим, ҳақиқий аҳволни кўрардим, муаммоларни ўрганардим, тиббиёт ходимлари ...

Тожикистон афғонистон билан чегарани ёпиб қўйиши ортида нима бор?

Охирги бир ҳафта – ўн кун давомида Тожикистон Ҳукумати Афғонистон билан ўтиш текширув нуқталарини ёпиб қўйди. Бундан асосий мақсад, хавфсизлик эканлиги таъкидланмоқда. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400