Шу йили 15 октябрь куни Андижон вилоятининг Избоскан туманида Наманган вилояти Норин туманида яшаган Х.М. орқа курак қисмига жароҳат етказилган ҳолда Избоскан тумани касалхонасига ётқизилиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай шу ерда вафот этган эди.
Олиб борилган тергов жараёнида Х.М. шу йил 30 сентябрь куни Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти Қорасув тумани Ўттиз адир қишлоғига ишлаш мақсадида борганлиги, 14 октябрь куни тунда 2 номаълум шахс Ўттиз адир қишлоғи ҳудудида Х.М.нинг орқа курак қисмига ўткир тиғли жисм билан уриб жароҳат етказганликлари, Х.М. жароҳат олиб, Андижон вилояти Хўжабод туманида жойлашган “Дўстлик”чегара маскани орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўтиб, ўзини ёмон ҳис қилганлиги сабабли юқоридаги касалхонага олиб келинганида вафот этганлиги маълум бўлган.
Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Наманган вилояти Норин туманида яшовчи Р.И. содир этганлиги аниқланиб, ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.