Ўзбекистон ҳукумати «Ўзбеккўмир»ни бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолаган («Ўзбекистон темир йўллари» компанияси томонидан ҳужжат аввалроқ «Президент қарори лойиҳаси» сифатида муҳокама порталида эълон қилинган эди).
Адлия вазирлигининг Телеграмдаги канали тарқатган ахборотга кўра, ҳукумат қарори билан Россиянинг «ПрогрессГорТех» компанияси «Ўзбеккўмир»нинг 45 фоиз миқдоридаги акциялари туркуми ишончли бошқарувчисига айланган. Бунинг учун Россия компанияси Ўзбекистонда шўъба корхонаси ташкил этади. Ишончли бошқарув даврида «Ўзбеккўмир»нинг акциядорлик жамияти сифатидаги ташкилий-ҳуқуқий шакли сақлаб қолинади.
2018 йилнинг 15 октябрь куни ташкил этилган «ПрогрессГорТех» ҳақида кўп эмас, аммо конкрет ёзилган. Россия нашрларининг қайд этишича, бу компанияга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловнинг ҳам алоқаси бор. Умуман, «Ўзбеккўмир»нинг (ва бошқа йирик ўзбек ширкатларининг) яп-янги ва ҳеч ким танимайдиган компанияларга ишончли бошқарувга берилиши ҳақидаги янгиликлар, масалан, реализацияси ярим йўлда тўхтаб қолган Жиззахдаги автозавод ҳақидаги хабарлар фонида айниқса жозибали кўринади.
Манба:Daryo — LIVE