ЕХҲТ нинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезирнинг Ўзбекистонда айрим хорижий ахборот веб-ресурсларига кириш имконияти чекланганлиги ҳақидаги расмий мурожаати Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижасида кўрсатилган веб-ресурсларнинг Ўзбекистонда тўлақонли ишлашларига тўсиқ бўлган техник камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилди.
Бугундан эътиборан «Voice of America», «Amerika ovozi», «BBC Uzbek», «Deutsche Welle», «Amnesty International», «Human Rights Watch», «Reporters sans frontieres», «Eurasianet», «AsiaTerra», «Fergana Agency», «Centre1», «Uzmetronom» каби веб-ресурслар ва бошқа хорижий веб-сайтлардан тўлиқ фойдаланиш имкони мавжуд бўлади.
Давлатимиз раҳбари доимо Ўзбекистонда сўз ва ахборот эркинлиги зарурлигини таъкидлайди. Шунга кўра, Агентлик журналистлар мавқеини мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик журналистикасини ривожлантириш, давлат органлари шаффофлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида фаолиятини давом эттиради.
Агентлик хориж оммавий ахборот воситалари, умуман, журналистларни касб этикаси тамойилларига риоя этишлари, тасдиқланмаган ва ёлғон маълумотлардан фойдаланмасликни, шунингдек, асосланмаган, миш-миш ва гумонларни тарқатмасликларини сўрайди.