Кино кўзгусига эҳтиёжимиз бор (ёки бугунги кино асарлари ҳақида икки оғиз сўз)

Кино бугунги кунда бутун дунёни қамраб олган санъат турига айланиб улгурган. Яъни унинг оммавий тус олганига анча бўлган. Демак, кино ҳақида гапирганда шу доминант жиҳатни эътибордан қочирмаслик керак, деб ўйлайман.

Албатта, кинонинг хили кўп. Мавзу ва услубга кўра уни истаганча узоқ таснифлаш мумкин. Шунда хослар учун мўлжалланган кинолар ҳам талай эканига гувоҳ бўламиз. Лекин бирданига катта аудиторияга хитоб қилиш нуқтаи назаридан кино, барибир, оммавий санъат тури ҳисобланади. Бас, шундай экан, кинога фақат кўнгилочар санъат тури деб қараш миллат, умуман, башар келажаги томирига болта уриш билан баробар.

Кино, айни дамда, тарбия воситаси ҳамдир. Оммага мўлжалланган ҳар қандай санъат турида шу жиҳатларни ёдда маҳкам тутмоқ керак.

Куни кеча Бобур ҳазратларининг туғилган куни мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланди. Телевидение ва матбуот бу миллий байрамга яхшигина эътибор қаратди. Бундай даражадаги эътибордан шахсан менинг кўнглим тўлди. Лекин эътиборнинг савияси ҳар доим ҳам ўзини оқладими?

Телевидениенинг “Милий” каналида таниқли, ёши 35 лардаги бир актёрга (исмини айтмайман. Чунки бу ҳол оммавий тус ола бошлаганига анча бўлган) Бобур ҳақида саволлар берилди. Суҳбат сўзма-сўз ёдимда қолмади, лекин актёр жавобларининг маъноси тахминан қуйидагича эди: “Бобур сал шоиртабиатроқ одам бўлган-да, ўшанчун мамлакатни ташлаб кетворган”. Журналист ҳам савия бобида актёрнинг панжасига панжа ургичлардан экан, ундан сира қолишмаган тарзда яна савол ташлади: “Демак, сиёсатчи, шоҳ дегани са-а-ал қаттиққўл бўлиши керак экан-да?” Актёр билағонлик билан жавоб берди: “Албатта, қаттиққўл бўлмаса, юртни бошқариб бўладими?” Биласизми, акёр ҳам, журналист ҳам бундай “баланд даражадаги” савол-жавобдан нақ еттинчи осмонда учаётгандек мамнун эдилар.

Менинг хаёлимдан эса шундай ўйлар кечди: Бобур Мирзо тахтга ўтириб, юрт тақдири билан боғлиқ ўта жидий қарорлар олишга мажбур бўлган 12 ёшда бу актёр шалвари тушиб, сақич чайнаб юрган бўлса, эҳтимол.

Бобур шоиртабиат бўлмаган, шоир бўлган. Шундай шоир бўлганки, ҳалигача устози, ғазал мулкининг султони ҳазрат Навоий билан бир қаторда саналади. У мана шу даражадаги шоир, ижодкор бўлмаганда ҳозир сенга журналист қиз мана бундай саволларни бериб ўтирмаган бўларди.

Унинг сиёсатчи ва шоҳлигига келсак, Бобур нафақат шоҳ бўлган, балки бобоси Амир Темур орзу қилган ва қурган империяни қайтадан бунёд этган буюк император бўлган.

Тақдир тақозоси билан Улуғ Темур ипмериясига насиб бўлмаган умрзоқлик Бобур қурган империяга насиб бўлган, у 332 йил тарих саҳнасида тура олди. Бу борада Бобур империяси дунёда бармоқ билан саналадиган империялар қаторида туради. Энди менга айтингчи, жаноб актёр, сиз нималар деяпсиз? Оғзингиздан чиққан гапни қулоғингиз эшитяптими? Миянгиз-чи, улар мағзини чақяптими?

Бугунги ўзбек киносининг умумий даражасини мана шу актёрнинг савиясидан ҳам билиб олса бўлади, дейиш мумкин. Албатта, хусусий ҳоллар бор. Шунга қарамай, яхши ижод қилаётган режиссёрлар, актёрларимизни сира камситмаган ҳолда айтишим керакки, Истиқлол даври киноси ҳали кутилган натижани бергани йўқ. Хўш, натижа деганимиз қандай бўлади? Менинг назаримда, бундай натижа кейинги қарийб 30 йил мобайнида халқимиз бошидан ўтказган воқеа-ҳодисаларнинг кино талқини билан белгиланади. Ҳали бундай талқин кинода яратилмади. Фрагментар тарздаги талқинлар бор. Лекин монографик пландагиси йўқ. Тарихмиз-чи? У шундоқ ётибди – адабиётчилару киночиларини кутиб. Демак, Истиқлол даври кино санъати халқимиз юзига ҳали кўзгу тута олмади! Ваҳоланки, ҳақиқий тамошабиннинг, халқимизнинг бундай кўзгуга жудаям катта эҳтиёжи бор. Демак, ҳақиқий кино ўзликни таниш восита ҳамдир.

Сўнгги вақтларда, айниқса, 90-йиллардан кейин киносериаллар дунё бўйлаб урф бўла бошлади. Эслайман, менинг ўзим ҳам бир неча Мексика сериалларини кетини узмай кўргандим. Лекин улғая бориб, бундай сериалларнинг шахсан каминага фойдасидан кўра кўпроқ зарари борлигини фаҳмлай бошладим. Бу нарса нималарда кўринди? Назаримда, аввало, сериаллардаги воқеаларнинг чучмаллиги ва ҳаддан ташқари чўзилиб кетганлиги оқибатида улардан олинадиган бадиий-эстетик завққа путур етганлигида. Кейинроқ сериаллар ҳақида бир қанча жаҳон режиссёрларининг фикрларини ўқиб қолдим: уларнинг эътироф этишича, сериаллар телетамошабинни банд қилиш учун ишлаб чиқилар экан. Товар сифатида. Тўғри-да, жаҳон миқёсида олганда ҳам яшаш шароити тобора яхшиланиб, одам дегани кўпайиб боряпти. Аслида, яшаш шароитининг яхшиланиши, медицина хизматининг йўлга қўйилиши натижасида ўртача умр кўриш даражаси ўсди, ўлим камайди, туғилиш эса ортди. Ҳозирда ер шарида қарийб 7.5 миллиард аҳоли истиқомат қилмоқда. Бошқа томондан урбанизация (шаҳарлашув ) даражаси кўтарилиб боряпти.

Аҳолининг катта бир қисми эса нафақада – уйда, яна бир қисми ишсиз – уйда, яна бир қисми сменадан келган – уйда, яна бир қисми касал – уйда, яна бир қисми эса болалар – уйда… Тап-тайёр аудитория дегани бу! Демак, уйдаги одамларнинг бўш вақтлари бор, уларни нима биландир банд қилиш керак. Натижада кимларнингдир ғоялари билан сценаристу режиссёрлар енг шимариб ишга киришиб кетади: миллион-милион км.лик сериаллар, 100, 200, 300, 400 ва ҳатто 500, 1000 сериалли кинолар ишлаб чиқарилиб, истеъмолга тақдим қилинади. Бу ёқда оч тамошабинлар армияси ҳам уларни ямламай ютади. Ютмаса бўлмайдими? Йўқ! Сабаби – тамошабинларнинг замонавий ҳаёт тарзи, уларнинг умумий даражаси шу сериалларни қабул қиладиган савиядадир. Бу ҳақда ҳам пухта ўйланган.

Мана шу каби сабабларга кўра ҳозирги вақтда мен деярли сериал кўрмайман. Аммо уйда болаларим кўриб туришади. Яқинда бир ҳинд сериалини жуда иштиёқ билан тамоша қилишаётганига такрор-такрор гувоҳ бўлгач, ўзим ҳам ёнларига ўтириб тамоша қилдим. Кейин яна бир-икки эътибор қаратдим ва ўқишга кириш учун тайёргарлик кўраётган қизимни ёнимга чақириб, жиддий суҳбатлашиб олдим. Бундай сериаллар кимларга мўлжаллангани, қизимнинг танлаган йўлидан вақти ва хаёлини олиб чалғитиши мумкинлиги, сериалнинг мазмуни жудаям саёз ва бачкана эканлиги тўғрисида ўз қарашларимни куйиниб баён этдим. Қизим мени тушунди, деб ўйлайман, чунки ўша сериални кўрмаётганини ҳар кун гувоҳман. Яна бир гап: агар, ўша ҳинд киносининг даражаси баланд бўлганда эди, мен зинҳор бундай йўл тутмаган бўлардим.

Бу билан мен ҳамма сериаллар бирдек сифатсиз демоқчи эмасман. Уларни тақиқлаш йўлидан ҳам бормаслик керак. Асло! Яхши кинолар, сериаллар бор. Энг муҳими, яхшиларини ишлаш ва тарғиб қилиш йўлидан бориш керак. Менинг кино ҳақидаги баҳслардаги позициям шу! Фақат бунинг учун шу ишга бош-қош бўлаётганларнинг профессионаллик савияларидан ташқари, одамлар ҳаётини яхши билиши, катта билимга эга бўлиши ва албатта, у эзгу ниятли бўлиши керак.

Бундай сериаллар тамошабинни аввалги ҳолидан озгина бўлсин яхшироқ бўлишга ундаши, ёшларни эса чинакам инсон ўлароқ шаклланишида кўмаклашиши лозим. Айниқса, юртимизга хориждан келтирилиб қўйилаётган ҳамда ўзимизнинг киночилар ишлаётган сериаллар савияси жуда баланд бўлиши шарт, деб ҳисоблайман. Чунки юртимизнинг мустақил бўлганига бор-йўғи 27 йил бўлди.

Биз улкан манзиллар томон бораётган, қаддини 130 йиллик асолатдан сўнг энди тиклаётган миллатмиз. Бундай даврда ватандошларимизни руҳий-маънавий жиҳатдан жипслаштирадиган, уларнинг кўнглини кўтариб, бунёдкорликка ундайдиган кино асарларини кўпроқ ва хўпроқ ишлаш мақсадга мувофиқдир.

Муаллиф: Улуғбек ҲАМДАМ,
Мақола муаллифнинг “Фейсбук” саҳифасидан олинди

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда қурбон ҳайити санаси маълум бўлди

Фото: © Sputnik / Илья Питалев Муфтий Усмонхон Алимов Макка шаҳрида зиёратчилар билан учрашув пайтида Қурбон ҳайити санасини маълум қилган Ўзбекистонда жорий йилда "Қурбон ...

Тошкент-чимкент автобуси йӯлга қӯйилажак

Тошкент Чимкент шаҳарлари ӯртасида автобус қатнови йўлга қўйилади, дея хабар бермоқда Озодлик радиоси. (more…)

Термиз касалхонасида аëлнинг интим аъзосида ўтказилган операция видеога олинди ва интернетда тарқатилди

Сурхондарë вилояти маркази Термиз шаҳри марказий касалхонасида фавқулодда тиббий ëрдамга муҳтож бўлиб келган аëл жинсий аъзосида ўтказилган амалиëт бемор рухсатисиз операция ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400