ДАРМОНИ ЙЎҚ ДАРДЛАРИМ…

Тахқирланган аёлнинг эри ўлган!

Қашшоқ ва иккита етим боласи бор экан!

Тўғри у фаришта эмас, аввал 50 000 сўм ва калиш ўғирлаган-ку!

Яхшиям Вазирлар, прокурор, судья, ҳоким солиқчи, молиячи ва ҳоказолар каби миллионларни ўмармабди. Бўлмаса бу махлуқлар уни қип-яланғоч қилиб Ўзбекистонга сазойи қилишарди.

Яхшиям, катта-кичик амалдорларнинг эркатойлари, сон-саноқсиз қариндош-қадрдонларидек пихини ёрворган “мошенник” бўлмабди. Яланғоч баданига тавқи-лаънат тамғасини ҳам уришиб ўлгунча ер шарини айлантириб чиқишарди.

Агар Олий мажлис Қонунчилик палатасидаги халқ ноиблари, сенаторлар каби халқнинг умидларини ўғирлаганда-чи, ечинтириб, энг катта тўпнинг оғзига боғлаб бошқа сайёрага учириб юборишарди….

Ха, ҳамма бало оддий халқнинг бошига тушсин!

Эҳ …. дейман хўрсиниб. Катта каламушлар ташмалаётган, ютиб тўймас юхолар ютаётган тиллаларнинг мингдан бирига аёлнинг цирроз бўлган эрига яп-янги жигар қўйиб, бевақт ўлдирмаслик мумкин эди-ку..

Иймони йўқ ифлослар қўлида ўйинчоқ бўлиб, хўрланганлар камми? Тиқилиб ётибди. Қанча қиз-жувонлар номуснинг, ориятнинг зўридан миқ этмай юришибди. Агар Каттақўрғонлик маҳлуқнинг ўзи ҳолатни тасвирга туширмаганида кўзимиз мошдай очилмасди…

Лекин, минг афсуски хўрланган ўша муслимага бадтар қийин бўлади энди. Эртага бош кўтариб юриши, шу жирканч жамиятда ўқдек қадалган нигоҳлар остида яшаши бор. “Вақт ўтиб, унутилади” деманг, асло! Ўша махлуқ энг олий жазога маҳкум қилинганида ҳам аёлнинг шаъни аввалгидек бўлмайди. Мазлума бу ҳолатда танилганидан кўра, учига чиққан, қўлга тушмас ўғри, қароқчи бўлиб танилгани минг марта яхшироқ эди.

Хўрсиниб, чўнтак кавлайман. Агар яп-янги, гард тегмаган номус сотилганидами? Пулим етмаса ўғирлаб бўлса ҳам олиб берган бўлардим….

Кеча ўзим таниган ўта ночор оиланинг ўн ёшли касалманд қизчаси ўз дориси учун узун сочини кестириб, уни 80 000 сўмга сотиб келибди… Ёрдам бериб турардим. Ҳозир имконим етмагани учун роса йиғладим. Аслида ўша қизалоқнинг тоғдай ғурури бор. Қизимнинг кичкина бўлиб қолган курткаси билан қиш чиқариб, мактабдан берилганини эса олмаган ва устозига “Курткам бор. Буни мендан ҳам камбағалроқ болага беринг” деган эди. Ўша қизнинг уч ёшли укаси дардманд бўлиб, ночорлик туфайли ўлиб кетаверган. Қизча ҳам ўшандай ўлиб қолмаслик учун сочини кестириб дори олганидан “дод” дедим. Аслида у ётган Юқумли касалликлар шифохонасида “НЗ” яъни заҳирадаги дори-дармонлар ҳар доим бўлиши керак! Йўқми? Демак улар етмаяпти, ёки етиб келмаяпти. Демак ўтган йили “милионларни тежаб қолдик” деб хисобот берган Соғлиқни сақлаш тизимида сочини сотиб (яхшиям ўзини сотмабди!) даволанаётган етим-есирларни кўрмаётган кўрлар, тошбағирлар ишлаяпти. Нима, чала даволанган шу қизча яна касал бўли қолса энди буйрагини сотадими? Ахир унинг отаси йўқ. Онаси эса зўрға юрган дардманку! Уй-жойлари ҳам йўқ. Нима учун ҳокимиятлар шундай оилаларни махсус рўйхатга олиб, мунтазам ёрдам (фақат байрамлардагина эмас!) бериб туришмайди. Ўзига тўқ қўни- қўшнилар?! Жамиятчи?!

Бирор муаммо қачонки Президент тилга олса эътибор берилиб, хал қилинади. Бўлмаса йўқ! Бу қачонгача давом этади?

Яхшиям, ижтимоий тармоқлар бор.. Халқ дардига бефарқ бўлмаган ҳамюртларим томонидан юзлаб долзарб постлар қўйилади. Ўқиб, хулоса чиқарамиз. Ҳеч бўлмаса кўзимиз тушган яраларни тозалаб, йиринглатмасликка харакат қиламиз. Аммо, шу тармоқларда юзлаб амалдорларнинг, халқ тепасида турган, имконлари бизга нисбатан кўпроқ бўлган валломатларнинг саҳифалари ҳам бор. Кечирасизу, қўпол бўлса ҳам уларни туяқушларларга ўхшатаман. Чунки миллионларни юрагини ларзага солган маазулар кенг муҳокама этилаётганда яъни бўхрон пайтида бошларини қумга жим туришади. Агар улар халқ дарди билан яшашганида борми? Бетларини яшириб, кетларини кўрсатиб туришмасди. Агар улар озгина фидоий бўлганларида-ми, ” эй ақлли, нималарни ёздинг? Юр, ўша сени сайратган муаммони кўрсатчи!” деган бўлишарди. Шахсан менга ҳеч ким шундай демагани учун ҳам аламзадаман. “Фейсбук”ка аъзо бўлганимга салкам саккиз йил бўлиб, долзарб мавзуларда бир қатор мақолалар ёзган бўлсамда ёритилган сохаларга дахлдор бирорта амалдор қизиқиб хол сўрамаган.

Йўқ, адашдим. Бир неча марта погонлилар, икки марта ҳокимият безовта қилиб укамнинг машинасига наркотик ташлаб, сингилларимни ишдан хайдаб қўрқитишди.

Ха айтганча бир марта Ёшлар иттифоқидан ҳам қўнғироқ қилишган… “Гап эгасини топсин” деган мақоламдан сўнг Марказий кенгашда ишловчи чиройли укам (уни танийман) важоҳат билан ” Сиз “Кун.уз”да ишламайсизми, мабодо?” дегач, жавобимни ҳам эшитмай раҳбарини роса мақтаб, гўшакни қўйди.

Аввал қаттиқ хурмат қилган, таниш сенатор ҳам иш жойимни суриштириш билан чегараланди холос.

Қариялар уйидан тайёрлаган туркум мақолалар туфайли эса ўша даргохга киргизмайдиган қилиб қўйишди холос. Чунки ўша масканнинг рахбари ҳам тармоқ аъзоси, қолаверса қулоқлари ҳам зўр ишлар экан.

Агар Президентнинг талаби билан саҳифа очган мансабдорлар шундай қилишса, “дунёбехабарлар” нима қилишсин! Ахир шундай бефарқлик туфайли хозирги холатимизга тушиб қолмадикми?

Шунинг учун бемалол тахқирлаб, иштонимизгача ечишмаяптими? Номусимизни топтаб, ҳамиятимизга тегишмаяптими? Шу кетишда ёзиб- ёзиб чарчаган фидоий блогерлар, хақиқий журналистлар ҳам бир куни тармоқлардаги туяқушлар каби бошини қумга тиқиб, виждон-у, иймонидан осонгина қутулиб, адолат ва хақиқатга кетини кўрсатиб қўйишмайдими?

Халқ қалбидаги дардлар эса посод бойлаб, кучайиб бораверади. Мана-ман деган мардлар ҳам манқуртлашиб, маддохлашиб ёки майдалашиб бораверади. Бундан эса яна ўша туяқуш амалдорлар манфатдор бўлишади.. Бу жараён аллақачон бошланган. Шундай бўлмаса бир сиқим ақллилар таклиф қилаётган телба-тескари, халқ хохишига қарши , унинг манфаатларига соладиган қарорлар чиқмасди. Сенатнинг тўйлар хақидаги қорори билан танишган Ватандошларим халқ ва амалдорларнинг иккита кемадалигига яна бир карра амин бўлишди.

Куни-кеча эса бир экспертнинг хулосасини ўқиб бошимни чангалладим. Деҳқонча тушунтирсам: “Келаси йил январдан солиқлар рекорд даражада ошармиш. Хуллас энг ози 2021- йилгача кичик ва ўрта бизнес учун оғир бўлади. Ўзи шусиз ҳам осон бўлмаётган энг меҳнаткаш, энг жафокаш қатламга янаям оғирроқ бўлади.

Бундан хулоса шуки, тиришиб-тирмашиб тирикчилик қилаётган минглаб ҳамюртларим янаям кучлироқ, иродалироқ бўлинг! Жуда катта юк яна ўзимизнинг зиммамизга тушяпти.

Тирик қолишга, тик қолишга жон-жахдимииз билан харакат қилайлик!

Лекин ҳеч қачон орсиз, номуссиз қолмайлик ва ожизларни тахқирлатиб қўймайлик!

Энг муҳими- хаққимизни талаб қилишни ўрганайлик, токи эшакдек меҳнат қилиб тўлаётган солиқларимиз хисобига маош олаётганлар халқпарвар, халол, мард, адолатли бўлишсин!

Огзимизни тўлдириб “жаннатмакон” деб мақтаётган юртимизда кимнингдир эри, кимнингдир отаси, кимнинг онаси, боласи қашоқликда, ночорликда бевақт нобуд бўлишмасин!

Энг асосийси, мухтожларга аталган дорилар текин бўлсин! Бир хонадоннинг маликаси бўлажак қизалоқларимиз сочини кесиб даволанишга мажбур бўлмасин!

Муаззам Иброҳимова

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Муносабат билдиринг!

Муносабат билдиринг, токи адолат қарор топсин! Сизу бизнинг муносабатимиз нафақат заминий, айни дамда илоҳий адолатнинг қарор топишига ҳам хизмат қилади. Кейинги пайтларда ...

“ташаббус”чилар йиғинида

“Адолатни қарор топтириш ташаббус гуруҳи”нинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Гуруҳ” фаолияти билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди. (more…)

“zo’r tv”ни судга беришмоқчи

Қорақалпоғистонлик журналист Даўлетмурат Тажимуратов “Zo’rTV” канали бўйича Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ариза билан мурожаат этди. Бу ҳақда “EVERYDAY.UZ” сайти ...