Юлдузли тунлар-25

ХЎЖАНД, МАРҒИЛОН, АНДИЖОН АМИР ТEМУР САБОҚЛАРИ

1

Бобур минган ёлдор саман от эгасининг изтиробларини сезгандай юган сувлиғини асабий чайнайди, жиловни тортиб, олдинга учмоқчи бўлади. Қосимбекнинг тўриқ қашқаси саман билан ёнма-ён йўрғалаб боради. Йўл Сирдарёнинг баланд қирғоғидан кунчиқиш томонга қараб кетади. Бобур тезроқ Андижонга бориб, ота юртини Аҳмад Танбал истилосидан халос қилишга ошиқади. Қосимбек уни Хўжандда тўхтаб, куч йиғишга, вазият етилишини кутишга ундайди.
— Амирзодам, Самарқанддан бемаврид йўлга чиққан эканмиз. Андижон чопарини кутсак бўларкан. Энди шошилмайлик!
— Устозим Хўжа Абдуллани осиб ўлдирган Танбал онам билан эгачимни соғ қўйгайми? Уларни ким қутқаргай?
— Парвардигор ўзи қутқарибдир. Ҳазрат онангиз билан эгачингиз Андижондан Қўқонга келибдирлар.
— Ким айтди?
— Тоҳир уларни Қўқондан берида йўлда кўрибдир. Бир кеча Конибодомда тунаб, кейин
Хўжандга борурмиз дейишибдир.

— Қўқон ҳали бизга тобеъми?
— Ҳа, шукур. Хўжанд ҳам сизга хайрихоҳ!
Бу хабарлар Бобурга хиёл таскин бергандай бўлди. Қосимбек сўзида давом этди:
— Онайизор сизни беҳад соғингандирлар. Мулозимлар билан пешвоз чиқиб кутиб олсангиз қанчалик шод бўлғайлар. Унгача мен Хўжанд доруғаси билан сўзлашиб, сизларга жой ҳозирлагаймен.
Бобурнинг ўзи ҳам ўн ойдан бери кўришмаган онаси ва эгачисининг илиқ меҳрларига жуда ташна эди. Қосимбекнинг сўнгги таклифи маъқул тушиб, мулозимлари ва икки юзтача қўриқчи навкарлари билан Хўжанддан Конибодом йўлига чиқди.
Қайроққумдан берида туя ва хачирларга кўч ортган карвон кўринди. Карвон ортида сандиқлар юкланган катта ғилдираклик қўқон аравалар ҳам келмоқда. Уларнинг ҳаммасини тўрт-беш юз кишилик отлиқ навкарлар уч томондан қўриқлаб йўл юрмоқда. Хон қизи бўлган Қутлуғ Нигор хонимнинг беш юздан ортиқ хос навкари борлиги Бобурнинг ёдига тушди.
Олдинги қатордаги қўриқчилар орасида бўз от миниб келаётган Қутлуғ Нигор хоним Бобурни салласига қадалган тождорлик белгисидан таниб отини ўғли томон елдирди.
Она-бола ва эгачи-ини отларидан тушиб, қучоқлашиб кўришар эканлар, гоҳ хонумондан айрилиш аламларини, гоҳ дийдор кўришиш қувончларини ичларига сиғдиролмай, кўзларига дам-бадам ёш олишар эди.
Яна отланиб Хўжандга етгунларича кўрган-кечирганларини бир-бирларига сўзлаб беришди.
— Танбал асоратидан қандай қутулдиларингиз? — сўради Бобур онасидан.
— Мана шу қўриқчи навкарларим Танбални биз турган жойга яқин келтирмади. «Мен Юнусхоннинг қизимен, иним Маҳмудхон Тошкент тождоридир, агар Аҳмадбек бизга зиён еткизса, хонлар олдида жавоб берур!» деб, орада турган одамларига айтдим. Ҳар қалай, гапим таъсир қилибди, бешикаст чиқиб келдик.
— Афсус, мен бундан бехабар қолдим! Чопар кечикди!
— Биз ҳам шунисига куйинурмиз, Бобуржон! Сиз бизни деб Самарқандни жангсиз топширибсиз!
Шу тарзда дардлашиб, Хўжандга етиб келдилар. Шаҳар доруғаси нуфузли аъёнлари билан қўрғон дарвозасидан чиқиб, Бобур ва унинг онасини эҳтиром билан кутиб олдилар. Бу қадимий шаҳар халқи Чингизхон билан мардона олишган Темур Малик давридан бери мўнғул босқинчиларидан кўп жабр кўрган. Ҳозир ҳам Тошкентда ҳукмрон бўлиб олган чингизийлар Хўжандга хавф солиб турарди. Бунинг устига Андижон ҳам Аҳмад Танбалдай золимларнинг қўлига ўтган пайтда хўжандликлар Бобур каби темурий шаҳзодалар ҳимоясига эҳтиёж сезарди.
Шунинг учун шаҳар доруғаси Бобурни олий даражада эъзозлаб, Сирдарё соҳилидаги улкан боғини икки ошиёнлик қасри билан унинг ихтиёрига берди.
Қосимбек Бобурга, унинг онаси ва эгачисига иккинчи ошиёндаги энг яхши хоналарни тайёрлатиб қўйди. Ўзи беку мулозимлар ва қўриқчи йигитлар билан биринчи қаватни эгаллади.
Ҳаммалари нарсаларини жойлаштириб тинчиганларидан сўнг, иккинчи ошиёндаги катта танобий уйда Бобур онаси ва эгачиси билан яккама-якка қолиб, бошқалар олдида айтилмайдиган дарду аламларини тўкиб солдилар.
— Толеъ биздан юз ўгирди! — деди Бобур «уҳ» тортиб, — Танбалнинг ўн минг қўшини бор эмиш, ростми?
— Рост! Нобакорлар сизни «Самарқандда вафот этди», деб овоза тарқатдилар, — деди Қутлуғ Нигор хоним. — Беҳуш ётганингизни кўриб келган чопарни гувоҳ қилиб кўрсатиб, кўп одамни бунга ишонтирдилар. Шундан сўнг тарафдорларингиз маъюс бўлиб, Танбал билан Жаҳонгирга бўйин эгдилар.
— Қосимбек ҳам хато қилганки, мени беҳуш аҳволда кўрган навкарни Самарқандда тўхтатиб турмаган. Буни сир тутмоқ керак эди! Ҳозир бизнинг бир ярим мингга етар-етмас навкаримиз қолди. Уларнинг ҳам кўпи водийдаги уйларига, аҳли оиласига талпинур, Хўжандда кўп туролмай тарқаб кетгай. Мен энди қайси куч билан Танбалга қарши борай? Бу не кўргуликки, бирваракай ҳам Самарқанддан, ҳам Андижондан маҳрум бўлдик! Икки мулк орасида муаллақ қолдик! Нажот йўқ! Атрофимиз зимзиё қоронғилик! Боши берк кўча!!
Бобур жигарбандларига дил ёриб сўзлар экан, иложсизликдан кўнгли эзилиб, руҳи қийналар, кўзларига ёш қуюлиб келарди.
Яқиндагина оғир хасталикдан турган ўн олти ёшлик ўғлининг бунчалик эзилиб қийналишлари Қутлуғ Нигор хонимни изтиробга солди.
— Бобуржон, болам, шукурки, соғ-саломат кўришдик! Хайрият, тузалиб кетибсиз.
— Баракс, тузалмай турганим маъқул эди! Самарқандни ташлаб чиқмас эдик!
Бундай оғир кайфият билан ёлғиз ўғли яна узликиб ётиб қолиши мумкин. Хавотирланган она Бобурга таскин берадиган, унинг кўнглини кўтарадиган чора излай бошлади.
Шунда қизи Хонзода бегим ёрдамга келди:
— Онажон, амирзодамни мамнун қиладиган ноёб бир совғамиз бор эди-ку!
— Қайси совға?
— Шахнишиннинг орқасидан топилган махфий сандиқ-чи?
— Ҳа, айтмоқчи! — Қутлуғ Нигор хоним ўғлига юзланиб, овозини сирли тарзда пасайтирди: — Бобуржон, сизга аталган буюк бир мерос топилди. Юринг, кўрсатай!
Қутлуғ Нигор хоним Бобурни ва қизини ўзи жойлашган нариги томондаги хонага бошлади.
Бобур онаси билан ёнма-ён борар экан, унинг бўйи шу ўн ой ичида хийла ўсганини, Бобур тез улғайиб ўн олти ёшида девқомат, паҳлавон йигит бўлаётганини сезган Қутлуғ Нигор хоним ичида яратганга яна бир шукрона айтиб қўйди. Айвони Сирдарёга қараган баҳаво, кенг хонага кирдилар. Гиламлар, беқасам кўрпачалар тўшалган хонанинг тўрида силлиқ чарм қопланган сандиқ кўринди. Учовлари шу сандиққа яқинлашганларида Қутлуғ Нигор хоним Бобурга қараб деди:
— Эсингиздами, отангиз сизга «Бобакалонимиз Амир Темурдан қолган ноёб мерос бор, асраб-авайлаб юрибмен, катта бўлганингизда берурмен» дер эдилар?
— Ҳа, отам бизга соҳибқирон бобомиз ҳақида кўп ғаройиб ҳикоялар ҳам айтиб берганлар.
— Бобокалонларига ихлослари зўр эди-да. Вафотларидан кейин ўшал меросни Ахсидан изладим, тополмадим. Ўтган ҳафта Андижонда кўч йиғиштирган пайтимизда хонайи хоснинг деворига осилган туркман гиламини олсак, усти шувалган туйнукнинг изи кўринди… Туйнук орқасидаги махфий жойга мана шу сандиқ беркитилган экан!..
Қутлуғ Нигор хоним намоз ўқиган пайтидаги каби эзгу бир товуш билан секин:
— Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм! — деди-да сандиқни очди. Ундан нафис ипак матога ўралган олтин сопли қилични икки қўллаб олиб, ўғлига кўрсатди:
— Соҳибқирон Амир Темурнинг қиличлари!
Бобур қулоқларига ишонмай, кўзларини катта-катта очиб қиличга тикилди:
— Ростданми, а?
— Ёзувлари бор! Олинг, болам, ўқиб кўринг!
Қиличнинг қини енгил бир маъдан қотишмасидан қуйма қилиб ясалган, устидан олтин суви югуртирилган эди. Қиннинг юз томонига иккита йирик яшил зумрад тоши қадалган, уларнинг оралиғида чиройли хаттотлик ҳарфлари билан битилган арабча ёзув бор эди.
Бобур қилични онасининг қўлидан икки қўллаб олдида, ёзувини кўзларига яқин келтириб ўқиди:
«Бизким, малики Турон, подшоҳи Туркистон Амир Темур Кўрагон фарзандимиз Мироншоҳ Мирзога Тўхтамиш билан муҳорибада кўрсатган жасорати учун ўз қиличларимиздан бирини инъом этдик».
Бобур бу қилич дастасига Амир Темурнинг қўли текканини, балки Соҳибқирон уни жангларда ишга солганини кўз олдига келтириб ҳаяжонланиб кетди. Тўхтамишхон ва бошқа чингизийлар билан қилинган даҳшатли жанглар хаёлида гавдаланди.
— Қиличнинг ўзида ҳам битик бор, — деди паст товуш билан Хонзода бегим.

Бобур қиличнинг олтин сопидан секин тортиб, уни бир қаричча қинидан чиқарди. Шун-да олмосдай ялтираган қисқа бир ёзув кўзига жилваланиб кўринди. Амир Темурнинг муҳридаги «Рости-расти», яъни «Куч — адолатдадир» деган сўзлар қиличнинг пўлатига қадама тарзида мустаҳкам қилиб битилган эди.
Бу қисқа сўзларни ўқиганда негадир Бобурнинг эти жимирлаб кетди, дилида қўзғалган кучли бир туғёндан энтикди, олмос ёзувни кўзларига суриб, ўпди.
Қилич унча оғир эмас эди. Бобур уни белига таққанда атрофидаги ҳамма нарса кўзига боягидан бошқача — алланечук сокин ва салобатли кўринди.
— Онажон, сиз менга янги бир руҳ ато қилдингиз!
— Бобокалонингизнинг руҳи сизга мададкор бўлсин, ўғлим! Бу қилични Мироншоҳ баҳодирдан сўнг отангизнинг оталари Султон Абусаъйид баҳодир таққан эканлар. Иншооллоҳ, сиз ҳам боболарингиздек баҳодир бўлғайсиз!
— Айтганингиз келсин!
— Худо раҳмати Абусаъйид бобонгиз вафот этганларидан сўнг қолган мерослари ўғиллари орасида тақсим этилур. Катта ўғиллар олтину жавоҳир тўла сандиқларни тала-шиб олурлар.
Аммо сизнинг жаннатмакон отангиз мана шу сандиқдаги қилич билан хотиротлар битилган дафтарларни афзал кўрурлар. Чунки бу хотиротларда Амир Темур ҳазратларининг кўрган-кечирганлари битилмишдир. Хонзода, қизим, сиз ўқиб кўрдингиз, шекилли?
— Ҳа, Соҳибқирон бобомиз йигитлик пайтларида чингизийлар ҳукмронлигига қарши чиққан эканлар. Эл-юрт Самарқандда Темурбекни ўз ҳукмдорлари, деб эълон қилган экан.
Чингизийларни юртимиздан қувмоқчи бўлганлар кўп экан. Бундан ғазабланган Туғлуқ Темурхон билан унинг ўғли Илёсхўжа Мўғулистондан эллик минг қўшин билан келиб, Темурбек тарафдорларини қирғин қилурлар. Темурбекнинг ўзи Қорақум, Қизилқум саҳроларида, Хисору Бадахшон тоғларида олти йил қувғинда юриб, куч тўплайдирлар.
Бобур бу ҳодисалар ҳақида отасидан ҳам кўп мароқли ҳикоялар эшитганини эслади. Айниқса Темурбекнинг суюкли ёш хотини Ўлжой Туркон оға билан энг оғир дамларда бирга бўлгани, гоҳо хотинини отига миндириб, ўзи қум саҳросида пиёда юрганлари ёш Бобурга кучли таъсир қилган эди.
Шуни биладиган Хонзода бегим инисига меҳри тобланиб тикилди:
— Сизда ҳам Соҳибқирон бобокалонингиздаги жўмардликдан бор, амирзодам! — деди. — Ўшдаги тажовуздан мени қутқарганингизни умрбод унутмагаймен! Бўлажак келинимиз Ойиша бегимни сиз Самар-қанддан ёғий асоратидан халос қилиб, бизга хайрихоҳ Тошкентга кузатиб қўйибсиз. Бу ҳам бир жўмардлик эмасми? Етти ой қамал азобини тортган самарқандликларга ошлик тарқатибсиз, уруғлиги қолмаган деҳқонларга баҳорда уруғлик келтириб берибсиз. Бу ҳаммаси— дилингизда адолат туйғуси кучли эканидан далолатдир. Белингиздаги қиличга Соҳибқирон бобокалонингизнинг «Куч — адолатдадир» деган ҳикматлари бежиз битилмаган.
Аҳмад Танбалнинг ўн минг аскари бўлгани учун у ҳозир «Мен кучлимен!» деб юрибдир. Аммо ёлғоннинг умри қисқа! Аҳмад Танбал Андижонни алдамчилик билан эгаллади, сизни «ўлди» деб овоза тарқатди. Сиз соғ-саломат қайтганингизни одамлар ҳадемай билурлар, Танбалнинг ёлғони фош бўлур. Унинг золимлигидан ҳамма безор бўладиган кунлар келур.
— Ана ўшал кунлар келгунча сабр-бардошли бўлинг, Бобуржон, — деди онаси. — Соҳибқирон бобонгиз мана шу Хўжандга ҳам неча бор келганлар. Сирдарёдан неча марта ўтганлар, вазият етилишини йиллар давомида кутганлар, ахийри адолат ғолиб чиққан кунларга етганлар. Сиз ҳам етурсиз, ишонинг!
— Ишондим, онажон! Сиз билан эгачим менинг дилимда ўчиб қолган умид чироқларини қайта ёндиргандай бўлдиларингиз. Минбаъд мен доим Соҳибқирон бобокалонимиздан сабоқ олиб иш тутгаймен!
Онаси инъом қилган буюк мерос чиндан ҳам Бобурнинг дилини равшан қилиб юборган эди.
Улар келиб тушган боғда ўриклар оппоқ бўлиб гуллагани энди унинг кўзига ташланди. Дарё бўйидаги қалин чакалакзорда булбуллар басма-бас сайраётгани қулоғига чалинди. Айвонга чиққанда кечки шабада юзига ипакдай майин салқинлик берди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Рауф парфи ўзтурк ҳаёти ва ижодининг  тадрижий саналари

1943 йил 27 сентябрда Тошкент вилояти, Янгийўл туманидаги Шўралисой қишлоғида туғилди. 1950-57-йиллар Каганович номли тўлиқсиз ўрта мактабда ўқиди. 1955 йил отаси Парпи ...

От кишнаган оқшом (қисса) 46-қисм

46 Қарлуқда тўй бўлди. Шу тўйга йўл олдим. Йўлда Тарлон тезак ташлаб-ташлаб борди. Ажабо, бундайчикин қилиғи йўқ эди... Бир муаллимникига тушдим. Қозиқни молхона ёнига ...

Бўтакўз (тўртинчи боб)

Ҳаётимизда баъзи ўзгаришлар бўлиб ўтди. Уруғлик ташиш учун бизга қўш оти билан арава беришди. Яна бир киши ҳам келди. Энди сув ташувчи учун ҳам анча енгиллик туғилган эди. ...