Юлдузли тунлар-26

2

Аммо бу маъсуд дамлардан кейин келган кунлар, ойлар, ҳатто йиллар ломаконлик ва саргардонликда ўта бошлади. Соҳибқирон бобокалонидан сабоқ олиб яшашга аҳд қилган Бобур бунинг қанчалик қийин бўлишини ўз бошига оғир кунлар тушганда билди. У онаси инъом қилган сандиқдаги хотиротларни такрор-такрор ўқиб, Соҳибқирон бобосини йигитлик пайтидаги исми билан хаёлида Темурбек деб аташга ўрганди. Темурбек йигирма беш ёшида Самарқанд ва Шаҳрисабздаги хонумонидан жудо бўлгани ва ота юртининг тўрт томонига бош уриб нажот излагани Бобурнинг ҳозирги аҳволини эслатарди.


Тўғри, Темурбекка тажовуз қилган Илёсхўжа ва Амир Бекчиклар Аҳмад Танбалдан юз чандон қудратлироқ ва хатарлироқ эди. Улар Темурбекни тутиб олиб ўлдириш учун минглаб одамларни сафарбар этадилар. Ўлим хавфи йиллар давомида Темурбек билан изма-из юради.
Қорақум саҳросидан нарида Хива бўсағасида Темурбек олтмиш йигити билан минг кишилик ёв қуршовини қўлда қилич билан ёриб чиқиб, қутулиб кетади.
Eнди ўн етти ёшга кираётган Бобур ҳали бундай даҳшатли хатарларга дуч келган эмас. Фақат ота юртидан айрилиб, ломакон бўлиб юргани ва Аҳмад Танбалга бас кела оладиган кучли қўшин йиғиш ниҳоятда мушкул бўлаётгани уни қийнайди. Бобурнинг ишонган одамлари яшириқча Андижону Ахсига, Марғилон ва Ўшга бориб келмоқда. Хайрихоҳлар кўп, аммо юрак ютиб майдонга чиқадиганлар кам. Бобурнинг ўзи ҳам бу ёғи Исфара ва Конибодомга, у ёғи Зомин ва Жиззахгача, жанубда Ўратепа, шимолда Тошкентгача ҳамма жойга бир неча марта бориб келди. Бир ярим йилдан бери қишни қиш, ёзни ёз демай йўл босди. Сирдарёдан қайта-қайта сузиб ўтди. Қишда музни тешиб чўмилган пайтлари бўлди. Унинг ўзига ўхшаб чиниққан йигитлари Темурбекнинг Хисор тоғларида, афсонавий ғорларда яшаб тобланган йигитларини эслатади.
Бироқ навкару сардорлари билан бир жойда узоқ вақт меҳмон бўлиб туришга юзи чидамайди.
Чунки ҳафталар, ойлар давомида юзлаб одамларга овқат, отларга емиш топиб бериш мезбонларга жуда оғир тушишини сезади. Шунинг учун онаси ва эгачисини Хўжанддан Ўратепага, холаси Хуб Нигор хонимнинг уйларига келтириб қўйди. Ўзи уч юзга яқин беку навкарлари билан жанубдаги тоғларга чиқиб кетди. Овчи деб аталадиган бир қишлоқ яқинига чодир ва ўтовлар тикишиб, анча вақт ов ўлжалари билан рўзғор тебратишди.
Овчи қишлоғига тор бир дарадан ўтиб борилади. Даранинг тубидан одамни оқизадиган катта сув ҳайқириб оқади. Сув бўйида беш қаватлик уйдай бир баҳайбат қоятош осмонга бўй чўзиб туради.
Бобур шу қоятошнинг устини текислатиб, чодир ўрнаттирган. Овдан бўшаган пайтлари-да чодирда ўлтириб китоб ўқийди, хотира дафтарига кўрган-кечирганларини ёзади, шеър машқ қилади.
Бир кун шу чодирда Бобур Мирзо Улуғбекнинг «Тарихи арбаа улус»* китобини ўқиб ўтирганда, даранинг нариги четидан бир отлиқ одам жадаллаб келаётганига кўзи тушди.
Оти терга ботган бу отлиқ Марғилондан келган чопар йигит эди. У Бобур қаршисида тиз чўкиб арзини айтди:
— Амирзодам, мени Марғилон доруғаси Али Дўстбек тоғойингиз юбордилар.
— Бизга хиёнат қилиб, Андижонни Танбалга яшириқча топширган тоғойимизми?
— Ҳа, тоғойингиз бу қилган ишларидан ҳозир минг пушаймонлар. Аҳмад Танбал унинг уйларига бостириб келиб, яхши кўрган қизларини зўравонлик билан ҳарамига олиб кетибдир. Мол-мулкини талатибдир!
— Қасос қайтар экан-да! — деди Қосимбек. — Дўстбекнинг ўзи Андижонда бизнинг мол-мулкимизни талатган эди.
— Жаноб амирал умаро, Танбалнинг амалдору солиқчилари ҳам жабр-зулмни ҳаддидан ошириб юборди. Эл-юрт уларга қарши исён кўтарадиган бўлиб турибдир. Айниқса, марғилонликлар ҳозир жўшу хурушга келган. «Бобур мирзо келсалар қўрғон дарвозаларини очиб бергаймиз!» деб, тоғойингиз мени ҳузурингизга юбордилар.
— Тоғойимиз Танбал билан тил бириктириб, бизни унга тутиб берсалар-чи?!
— Тепамизда худо турибдир, амирзодам! — деб чопар қасам ичди. — Ҳазрат момонгиз Эсон Давлат бегим Али Дўстбекка яқин қариндош эканлар. Момонгиз яқинда Марғилонга борибдилар.
— Сиз момомни ўша ерда кўрдингизми?
— Ҳа, маслаҳатларини ҳам олдим. «Али Дўстбек билан Танбалнинг ёвлашгани рост!» дедилар.
Момонгиз сизга салом айтдилар, «Тезроқ етиб келсинлар!» деб тайинладилар.
Бобур энди ҳаяжон билан ўрнидан кўтарилди:
— Жаноб Қосимбек, таваккал қилайлик! Одамларга буюринг. Дарҳол кўч йиғиштирсинлар!
Ўша куни қоронғи тушгунча барча ўтовлар қатори Бобурнинг қоятош* устидаги чодири ҳам йиғиштириб олинди. Туни билан йўл юриб, саҳар палла Хўжанддан берида бир-икки соат дам олдилар-да, яна йўлга тушдилар. Тўрт кунлик йўлни бир ярим кунда шитоб билан босиб ўтдилар. Марғилондан берида Исфайрамсой шовуллаб оқмоқда. Саҳар палла эди. Сой бўйида бирпас тўхтадилар. Бобур сой сувидан таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиди. Жойнамоз устида ўлтириб, Соҳибқирон бобокалонига бағишлаб тиловат қилди, улуғ аждодлар руҳидан мадад сўраб, юзига фотиҳа тортди. Сўнг тонг қоронғусида Марғилон қўрғонининг ёпиқ дарвозаси олдига келдилар.
Али Дўстбек дарвоза қоровулхонасида уларни кутиб ўлтирган экан. Дарвозани тўрт энлик очиб, қўрқа-писа Бобурга мурожаат қилди:
— Амирзодам, Андижонда қилган гуноҳларим учун афв сўраймен! Танбал ҳаммамизни алдаган экан!
— Минбаъд садоқат сақлай олурмисиз?! — шиддат билан сўради Бобур.
— Қуръони карим олдида сўз берурмен, умрбод содиқ қулингиз бўлурмен, амирзодам! Фақат мени иноятларингиздан маҳрум қилмасангиз, бас!
— Иноятлар истаганингиздан ҳам зиёда бўлғусидир. Очинг, дарвозани!
Бу буйруқни Али Дўстбек дарҳол адо этди. Бобур фонус ёруғи тушиб турган дарвозахонага кирганда Али Дўстбек ўзини унинг оёғи тагига ташлаб юкунди. Бобур уни қўлтиғидан олиб турғизди:
— Маъзурсиз! Танбалнинг содиқ одамлари бўлса, ҳозир уйқуда тутдирмоқ керак!
— Унинг талончилари ухлаб ётган жойларини билурмен!
— Жаноб Қосимбек, бизнинг навкарларимизга сиз бош бўлинг!

* * *

Тонг ёришганда Марғилон кўчаларида отлиқ жарчилар Бобур мирзонинг қайтиб келганини эълон қилдилар. Танбалнинг кўпчилик одамлари қуролсизлантирилгани ҳам шаҳарликларга маълум бўлди. Бутун Марғилон аҳли оёққа қалқди. Шаҳар аъёнлари Бобур келиб тушган кўшкка бориб, уни ғалаба билан қутладилар. Бозорларда Танбал солиқчилари учраб қолса, одамлар уларни таёқ билан уриб, шаҳардан қувдилар. Маҳаллаларда нақоралар, карнай-сурнайлар янгради.

Қосимбек Бобур мирзо номидан дошқозонларда палов дамлатиб, минглаб одамларга ош улашди.
Кечагина Танбал зулмидан мотамсаро аҳволга тушган Марғилон бугун Бобур мирзо қайтгани туфайли байрам тусини олди. Бу ҳодиса кўп ўтмай Андижон, Ахси ва Ўшларга ҳам маълум бўлди. Бобур мирзонинг пинжига кириб олган Али Дўстбек Қосимбекнинг ўрнига соҳиб ихтиёр эшик оға бўлиш ниятида эди. У Бобурни холи топиб, гапнинг учини чиқарди:
— Амирзодам, кутганимдан ҳам ортиқ иноятлар қилмоқчи эдингиз…
— Марғилон доруғалиғи сизга етарлик эмасми?
— Доруғаликни менга Танбал берган эди. Энди бундан каттароқ иноятни сиздан кутмоқдамен.
— Қани, Андижону Ўшлар ҳам бизга қайта насиб қилса. Кейин ўйлаб кўрурмиз.
— Иттифоқо, Ўшдан Қамбарбек келди. Ўшликлар ҳам сизга мунтазир эмишлар.
— Аммо ҳозир Андижондан ёмон хабар олдик. Аҳмад Танбал катта қўшин тўплаб Марғилон томонга бостириб келмоқда.
— Ундай бўлса, Ўшга Қосимбек сиздан вакил бўлиб борсин. Ўзганга ҳам ўтиб, тарафдорларингизни ишга солсин!
Айёр Али Дўстбек шундай нозик пайтда Қосимбекни Бобурдан узоқлаштириб, соҳиб ихтиёр эшик оға вазифасини ўзи бошқармоқчи эди. Лекин Бобур барча машаққатларни бирга бошдан кечирган қадрдони Қосимбекдан ажрашгиси келмади.
— Жаноб Дўстбек, Танбалдай ёғий бостириб келаётган пайтда кўпни кўрган Қосимбек ёнимизда бўлмоғи керак. Ўшга бошқа беку навкарларни юборгаймиз.
Сўзи ерда қолган Али Дўстбек қовоғини солиб, тўмтайиб қолди.
Қосимбекнинг ўз одамлари билан Марғилонда қолгани яхши бўлган экан. Танбал Андижондан катта қўшин билан Марғилонга ҳужум қилиб келганда, барча кучлар бирлашиб ҳимояга чиқдилар. Марғилондаги беку навкарлар қўрғондан ташқаридаги маҳаллалар ва қишлоқлардан йиғилган минглаб ботир йигитлар ёрдамида Танбал қўшинини улоқтириб ташладилар. Бу орада қуваликлар Танбалга орқадан зарба бердилар.
Ўш ва Ўзган халқи ҳам Танбалга қарши исён кўтариб, Бобурга кўмак юборди.
Тўрт томонидан ўт кетган Танбал тезроқ Андижон қўрғонига қайтиб бориб жон сақламоқчи бўлди.
У Андижонга Носирбек деган кишини доруға тайинлаб келган эди. Аҳмад Танбал Марғилонда Бобурдан енгилиб, талвасага тушиб келаётганини эшитган андижонликлар Носирбекнинг қароргоҳини ўраб олдилар. Тўрт тарафдан ҳайқириқ ва хитоблар эшитила бошлади:
— Аҳмад Танбал даф бўлсин!
— Дарвозадан киритилмасин бу золим!
— Бобур мирзога одам юборинг, туғилган юртиға тезроқ қайтсин!
— Тўйдик чингизийлардан! Бобур келсин!
— Агар доруға яна Танбалга ён босса, қўрғон дарвозаларини биз ўзимиз Бобур мирзога очиб бергаймиз!
Тошган дарёдай тўлқинланаётган бир неча минг кишилик издиҳом Носирбекни қўрқитиб юборди:
— Халойиқ! Тинчланинг! Менга қулоқ солинг! Ораларингизда мўйсафидлар бор! Мана, менинг ёнимда Шайхулислом жаноблари турибдилар. Мўйсафидлар жомеъ масжидига борсинлар! Қуролланган йигитлар бизга ёрдамга келсинлар. Дарвозаларни дарҳол бекитгаймиз. Танбални Андижонга киритмагаймиз. Жума намозида Бобур мирзонинг номини хутбага қўшиб ўқигаймиз! Кейин бунинг хабарини мўътабар одамлар орқали Бобур мирзога етказгаймиз. Токи ул зоти олий Андижонга иззат-икром билан қайтиб келсинлар. Шунга розимисизлар? Бу режа амалга ошди-ю, эртаси куни андижонликлар Бобур мирзони қўрғон дарвозаси олдида карнай ва нақоралар чалиб кутиб олдилар. У миниб келаётган гулибодом отнинг оёғи тагига гилам поёндозлар тўшадилар. Бобур шодликдан кўзлари ёшланиб, ёнида келаётган Қосимбекка сўз қотди:
— Эл-юртда адолат бор экан-а!
— Ҳа, меҳру оқибат ҳам кучли экан. Фақат юзага чиқиши осон бўлмас экан!
— Шукр, масъуд кунларга етишдик!

* * *

Шу тарзда Андижондан қувилган Аҳмад Танбал қолган-қутган одамлари ва кўч-кўрони билан Ахсига йўл олди. Бироқ Ахсида ҳам Танбалга қарши исён кўтарилган, Бобур тарафдорлари қўрғон дарвозаларини эгаллашган. Танбалга садоқат сақлаб турган Ахси доруғаси Узун Ҳасан аркка кириб бекинган эди.
Бобур ва Қосимбекнинг қўшини сўнгги вақтларда беш мингдан ҳам ошиб кетди. Улар Андижонда кўп тўхтамай, Банди Солор йўли билан Ахсига етиб бордилар ва аркдаги Узун Ҳасанни асир олдилар.
Бу хабарни эшитган Аҳмад Танбал мустаҳкам қўрғонлардан бири бўлган Попга қараб чекинди.
Аммо у етиб боргунича Бобур тарафдорлари Поп қўрғонини ҳам беркитиб, Аҳмад Танбални дарвозадан киргизмай қувдилар.
Аҳмад Танбал Ғова орқали Чотқол тоғларига қараб чекинди. Унинг сўнгги умиди — катта акаси Тилба Султондан ва Тошкент хони Маҳмудхондан эди. Тилба Султон хон саройида сўзи ўтадиган эшик оға эканини Бобур биларди. Аҳмад Танбал Фарғона водийсини талон-тарож қилиб орттирган бойликларидан катта бир қисмини Оҳангарон орқали Тошкентга, Маҳмудхонга совға қилиб юборгани ҳам хуфиялар маълумотидан маълум эди. Лекин Маҳмудхон — Қутлуғ Нигор хонимнинг акаси бўлатуриб, жияни Бобурнинг ашаддий душмани Аҳмад Танбалга ён босиши мумкин эмасдай туюларди.
Шунинг учун Бобур қўшини Аҳмад Танбални Чотқол тоғи этагигача таъқиб этиб борди. Кун совуқ, йўллар тойғоқ. Кечки пайт Танбал беш юзтача аскари билан Архиён деган жойдаги қўрғонга кириб бекинди. Бу қўрғон деворларига шоти қўйиб ошиб ўтиш мумкин эди.
— Кеч киряпти, қоронғи тушмасдан тезроқ ҳаракат қилайлик! — деди Бобур. Аммо шотиларни ўн чақиримча беридаги Ғазнайи Намангандан келтиргунларича ғира-шира қоронғи тушди. Кечки изғиринда оғиздан чиққан ҳовур узоқдан кўзга ташланади, навкарларнинг қўли қовушга келмайди, гапирганда лаблари ҳам қийинлик билан ҳаракатланади.
— Амирзодам, — деб Али Дўстбек Бобурга арз қилди: — Қоронғи тушиб қолди, ёвни ўзимизникилардан ажратиш қийин бўлғай. Қамални эрталабдан бошлайлик.
— Унгача Танбал қочиб кетса-чи? — сўради Бобур.
— Қочиб қаёққа боргай? Нарёғи тоғ, довон бекилган!
— Танбалнинг акаси Тилба Султон Арчакент довони орқали инисининг олдига келиб кетибди-ку! — деди Қосимбек.
— Не бўлганда ҳам, энди Танбал иликка тушмоғи керак! — деди Бобур. — Архиён қўрғони атрофига чодирлар тикдиринг! Минг киши туни билан қоровуллик қилсин! Эртадан беш минг киши билан деворга шотиларни қўйиб ҳамла қилурмиз!
— Бош устига! — деб Али Дўстбек бу фармонни бажаришга киришди.
Қосимбек Бобур учун шу атрофнинг энг обод ва кўркам жойи бўлган Ғазнайи Наманганда қароргоҳ тайёрлата бошлади.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

________________
* Тарихи арбаа улус тўрт улус тарихи демакдир.
* Овчи қишлоғи ва ундан пастроқдаги қоятош ҳозир ҳам бор. Ўша жойнинг туркийзабон аҳолиси бу қоятошни «Бобуртош» дейди, тожикзабон аҳолиси
эса уни «Санги Бобурхон» деб атайди.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-бир ўрдалиқ

Махдумнинг  ҳавлиси  уч  қабат  эди.  Кўчадан  биринчи  қабатда  меҳмонхона,  мактабхона  ва машқхона  эди.  Иккинчи  қабатда  мураббаъ,  ярим  таноб  чамаси  боқча,  бунда  ...

От кишнаган оқшом (қисса) 78-қисм

78 Узанги йўлдошларим уй-уйига кетди. Аёлимиз дастурхон йиғиштирди. Кенжамизни қўлимга берди. — Манавини пича ушлаб турсин, қозон-тобоғимни ювиб олайин, — деди. Кенжамизни ...

Юлдузли тунлар-63

КОБУЛ ТОШГАН ДАРЁ ЎЗАН ИЗЛАЙДИ 1 Кечки пайт Кобул қалъасининг жанубидаги кўлдан бир тўп ўрдак учди. Кўл бўйидаги бўлиқ ўт-ўланлар орасида писиб ўтирган мирзо Ҳумоюн камондан ...