Фаровонлик, мулкдорлик ҳақиқий мустақиллик тимсоли

 Ҳурматли юртдошлар, қадрли ватандошлар! Ҳар бир давлат солномасида ана шу давлатнинг янги тарихига замин яратгувчи, элу юрт, халқ тақдирини ҳал қилувчи кунлар, тонглар бўлади. Биз учун янги даврнинг беғубор тонги 1991 йил 1 сентябрда отди. Худди шу куни дунё осмонида «Ўзбекистон Республикаси» деб номланган янги юлдуз чарақлаб порлади. Яратган Эгамнинг инояти билан ўзбек халқи аждодлари, ота-боболарининг азалий орзуси Мустақиллик кунига етишишга мушарраф бўлди. Тақдир шарофати билан биз ушбу қутлуғ кунга ҳеч қандай қон тўкишларсиз, урушсиз, тинч-осуда йўл билан эришдик.

Бироқ, аччиқ бўлса ҳам очиқ ҳақиқат шуки, халқимиз мустақиллик йилларида қатор синовларга, ақл бовар қилмайдиган воқеа-ҳодисаларга, қийинчиликларга дуч келди. Ҳукуматни, бошқарувни тамомила қўлга киритган давлат раҳбари Ислом Каримов аста-секин миллат ойдинларини, оддий халқимизни, юрт тақдирига қайғурувчи, эркин фикрли, теран ўйли кишиларимизни тақиб остига ола бошлади, халқ ҳар хил босимларга рўбаро келди. Натижада мамлакат аҳли қўрқув исканжасида яшашга маҳкум бўлди. Мамлакатда яккаҳокимлик устувор кучга айланди.

Заҳматкаш ва меҳнаткаш, содда ва сахий халқимиз диктатор Ислом Каримов вафотидан кейин давлатимиз тепасига келган янги раҳбардан янги ислоҳотлар кутди. Бироқ афсуски, халқ ўзи орзиқиб кутган туб ислоҳотларни шу кунга қадар тўла-тўкис кўра олмаётир. Аксинча, эскича тоталитар тизим қайта жонланаётир. Бунинг натижасида шу юрт, шу замин, шу ватаннинг туб халқи ўз юрти, ўз ватанида озод, ҳур, эркин ва мустақил шахсга айлана олмаётир. Мамлакатимиз ҳуқуқий демократик давлатлар қаторидан жой ололмаётир. Бу ҳаммамиз кўриб ва билиб турган асл ҳақиқат. Қадрли юртдошлар!

Бу йил биз мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрамини нишонламоқдамиз. Тарихан олиб қараганда, бу давр у қадар катта давр бўлмаса ҳам, давлатчиликни равнақ топтириш, мустақил давлат сифатида шаклланиш учун етарли давр саналади. Бироқ афсуски, биз ўтган 27 йилимизни ҳавога совурдик, зое кетказдик. Барча соҳаларда инқирозга юз тутдик. Буни дунё аҳли билан бирга алал-оқибат амалдаги ҳукумат ҳам тан олаётир.

Ҳа, бугун мустақиллигимизнинг 27 йиллиги. 27 ёш бу оддий сўз билан айтганда, куч-қувватга тўла йигит ёши. Бундай куч-қувватни қўлдан бой бермаслик учун биз буюк мақсадлар йўлида бирлашишимиз ва бирдамликда ҳаракат қилишимиз шарт ва зарур. Ҳақиқий мустақиллик, озодлик, эркинлик тарафдори бўлган халқимизнинг хоҳиш-истагини рўёга чиқариш эса, шубҳасиз, бугунги ёш авлод зиммасидадир. Саломатлик – инсоннинг ҳақиқий бахти бўлса, мустақиллик – халқнинг ягона бахти. Бу – она юртига мустақиллик ва эркинликни қуролли кучлар ёрдамида эмас, тинч йўллар орқали олиб берган таниқли Махатма Гандидан қолган сўз. Дарҳақиқат, мустақиллик ва тенглик, озодлик, эркинлик ҳар бир халқ учун маза-матраси асал каби, мавқеи тоғдай соф тушунчалар саналади. Демак, ҳақиқий Мустақиллик кунига етишишимиз, бундай кунни кўтаринки кайфиятда нишонлаш учун биз дадиллашишимиз, фақат олдинга интилишимиз, ғояларимизга содиқ қолишимиз, халқ билан ҳамнафас бўлишимиз керак. “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг асл мақсади халқни том маънода мустақил давлатга айлантиришдан, уларнинг турмуш тарзини фаровонлаштиришдан, ҳар бир фуқарони мулкдорга айлантиришдан иборат. Зеро, фаровонлик, мулкдорлик ҳақиқий мустақиллик тимсоли. Мустақиллик куни муборак бўлсин азизлар!

Баҳодир Хон Туркистон,

“Бирдамлик” Халқ Демократик

ҳаракати етакчиси

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ехҳт)

Жорий йилнинг 16 сентябридан буён давом этаётган Варшавадаги ЕХҲТнинг навбатдаги йиллик анжуманида иштирок этиш учун Ўзбекистонлик бир гуруҳ фуқаролик жамияти вакиллари билан ...

Юрт ўғлонига хайрихоҳлик кўрсатилиши керак!

Таниқли мухолифат вакили, "Бирдамлик" Халқ Демократик ҳаракатининг етакчиси Баҳодир Хон Туркистоннинг "Ислоҳотларимизнинг ўзбек халқи учун кераклигини Ўзбекистондаги бир ...

Сиёсий муҳожир баҳодир чориев ўзбекистонда коррупцияга қарши кўраш,иқтисодни ривожлантириш ва оролни тиклаш ҳақида

Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг очиқ  сиёсий йўналишига,ҳаракат дастурига эга  эмас.  Ҳамма нарса Ислом Каримовнинг шахсий  кайфиятига қараб,у ёки бу тарафга оғиши мумкин. ...