Қалампирнинг «аччиғи» Самарқандга ҳам етиб келди(ми?)

Шу йилнинг 14 сентябрь куни Kun.uz сайтида “Аччиқ қалампир экканларни пиёз экканлар қисмати кутмоқдами?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унинг якунида аччиқ қалампир етиштириш кампанияси натижасига умид қилиб, ушбу сабзавот турини етиштирган фермерлар қандай муаммоларга дуч келаётгани хусусида навбатдаги лавҳаларда маълум қилишимиз айтилганди. Шу муносабат билан таҳририятнинг Самарқанд вилоятидаги мухбири мазкур масалада олиб борган ўрганишларини тақдим этди.

Фото:Kun.uz

Бугунги кунда аччиқ қалампир эккан фермерларни маҳсулотга харидор топиш масаласи қийнамоқда. Бу муаммо Самарқанд вилоятида ҳам кузатилаётганига вилоятдаги айрим туманларда олиб борган ўрганишларимиз давомида гувоҳ бўлдик. Маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги 62-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятида ҳам катта ер майдонларида фермерлар томонидан аччиқ қалампир экилган.

Фото:Kun.uz

Булунғур тумани

Туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи маълумотига кўра, Булунғур тумани ҳокимининг 2018 йил 1 мартдаги 462-Қ-сонли қарорига асосан фермер хўжаликлари ер майдонларининг 117 гектарига аччиқ қалампир экиш бўйича «Чилуз» масъулияти чекланган жамияти билан кўчат тайёрлаб етказиб бериш режалаштирилган.  АТБ «Агробанк» Булунғур филиали томонидан 241 та фермер хўжаликларига 1 миллирад 349 миллион сўм кредит маблағлари расмийлаштирилган. Экиндан ўртача 93 центнердан жами 1089 тонна ҳосил олиниши кутилмоқда. Бугунгача етиштирилаётган ҳосилни харид қилиш бўйича фермер хўжаликлари ва бирорта ташкилот ўртасида шартнома тузилмаган ва бўнак пуллари ажратилмаган.

Фото:Kun.uz

 

АТБ «Агробанк» Булунғур филиали бошқарувчиси ўринбосари Исомиддин Абдукаримовнинг айтишича, аччиқ қалампир етиштириш учун туман фермер хўжаликларига 1,5 миллиард сўм кредит маблағлари берилган.

Туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси Мирзабек Шерманов билан аччиқ қалампир экилган ер майдонларини кўздан кечирдик ва айрим фермер хўжаликлари раислари билан суҳбатлашдик.

Фермерларнинг таъкидлашича, кўчат етказиб бериш бўйича Тошкент шаҳридаги «General Machinery Group» масъулияти чекланган жамияти билан контракция шартномаси тузишган.

Фото:Kun.uz
Фото:Kun.uz

Маҳсулотни сотиб олиш бўйича оғзаки ваъдалар берилган, аммо бу шартномада кўрсатилмаган. Маҳсулот етказиб бериш ва сотиб олиш юзасидан ҳам шартнома имзоланмаган.

– Экспорт қилиш мақсадида 4 гектар ерга аччиқ қалампирнинг хорижий навини экдик, – дейди «Саболоқ юксалиш боғи» фермер хўжалиги раҳбари Абдулла Раҳмонов. – АТБ «Агробанк» Булунғур филиалидан катта миқдорда кредит олдик. Аммо маҳсулот тайёр бўлгандан кейин харидор йўқ. Шунча ҳосилни қаерга сотишни билмаймиз. Маҳсулотни сотмасак, банкдан олган кредитни қандай тўлаймиз? Ахир, ўз ҳисобимиздан ҳам анча маблағ сарфладик. Бошимиз жуда қотган. Катта зарар кўрадиганга ўхшаймиз.

Фото:Kun.uz
Фото:Kun.uz

– Мен 1 гектар ерга аччиқ қалампирнинг хорижий навини экканман, – дейди «Абу Бакр даласи» фермер хўжалиги раҳбари Жаҳонгир Маҳмудов биз билан суҳбатда. – Анча меҳнат, вақт, маблағ сафрладик. Аммо маҳсулотга харидор йўқ.

Тумандаги «Ипак йўли» агрофирмаси ҳудудидаги аччиқ қалампир экилган ер майдонларини ҳам кўздан кечирдик. Ҳосил мўл.

Фото:Kun.uz

– Агрофирмамизга бириктирилган фермер хўжаликларининг 15 таси ер майдонларида 6 гектар аччиқ қалампир экилган, – дейди агрофирма раҳбари Қаҳрамон Аҳроров. – Ҳосил яхши бўлди, аммо сотиб оладиган харидор бўлмагандан кейин бундан нима наф? Фермерлар зарар кўраяпти, барчасини шу масала қийнаяпти. Бу муаммо ечим топишидан умидвормиз.

Жомбой тумани

Маълумотларга кўра, вилоятда энг кўп шу туманда, яъни 830 гектар ер майдонига аччиқ қалампир экилган.

Туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси айтишича, 400 гектар ерга хорижий, 430 гектар ерга аччиқ қалампирнинг маҳаллий нави экилган. 10 минг тоннадан зиёд ҳосил етиштирилиши режалаштирилган.

АТБ «Агробанк» Жомбой филиали бошқарувчиси Озод Ўсаровнинг маълумотига кўра, аччиқ қалампир етиштириш учун тумандаги фермер хўжаликларига 8 миллиард 720 миллион сўм кредит маблағи берилган. Шундан 5 миллирад 600 миллион сўм кўчат, қолгани бошқа харажатлар учун ажратилган.

Ушбу туманда ҳам фермерларни харидор топиш муаммоси қийнамоқда.

– Ҳудудимизда 70 та фермер хўжалиги 250 гектар ер майдонига аччиқ қалампирнинг маҳаллий навини эккан, – дейди «Зарафшон» ММТП раҳбари Сирож Ҳасанов. – Аммо шартнома аччиқ қалампирнинг хорижий навига тузилган эди. Ҳосил тайёр, аммо уни сотиш бўйича бирорта шартнома қилинмаган. Сотиб оладиган харидор йўқ.

Фото:Kun.uz

Шу ўринда жорий йилнинг июль ойида туман ҳокимлиги нашри бўлган «Жомбой тонги» газетасида чоп этилган, ушбу мавзу юзасидан тайёрланган мақолада келтирилган айрим маълумотларга эътибор қаратсак.

«Вилоят бўйича 1500 гектар сувли майдонда аччиқ қалампир етиштирилмоқда. Шундан 830 гектари туманимиз ҳиссасига тўғри келади. Ҳадемай, дастлабки ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари бошланар экан.

– Биринчи ҳосилни қуритмасдан экспорт қиламиз, – дейди “Самарқанд чили” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мақсуд Қорабоев. – Қозоғистон, Хитой, Россия, Туркия ва Бангладеш давлатлари маҳсулотни барра ҳолида сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган.

Аччиқ қалампир кўпгина давлатларда севиб истеъмол қилинади. Аммо уни исталган ҳудудда етиштириб бўлмайди. Талаб юқори бўлгани учун бир тоннасининг нархи 8000 доллар атрофида баҳоланар экан. Мутахассисларнинг фикрича, Марказий Осиё бўйича фақат юртимизнинг тўққизта вилоятида бунга шароит бор.

– Жорий йилда 18 минг тонна аччиқ қалампир етиштиришни режалаштирганмиз, – дейди жамият иш бошқарувчиси Адҳам Наврўзов. – Шундан 10 минг тоннаси Жомбой тумани ҳиссасига тўғри келади. Маҳсулотнинг асосий қисми Қозоғистон республикасига экспорт қилинади».

Афсуски, ўрганишимиз давомида фермерлар томонидан тилга олинган ва мақолада номлари келтирилган мутасаддиларнинг топиш имконияти бўлмади.

Тойлоқ тумани

Ушбу туман ҳам аччиқ қалампир муаммосидан ҳоли эмас. Бу ерда ҳам фермерлар ва мутасаддилар ечим изламоқда.

Туман қишлоқ хўжалиги бош мутахассиси Шерзод Ҳайдаровнинг маълумот беришича, фермер хўжаликларининг 200 гектар ер майдонига аччиқ қалампирнинг хорижий ва маҳаллий навлари экилган. 2 минг 400 тонна ҳосил етиштирилиш кўзда тутилган. Фермерлар кўчат етказиб бериш бўйича Тошкент шаҳридаги «General Machinery Group» масъулияти чекланган жамияти билан шартнома тузган.

АТБ «Агробанк» Тойлоқ филиали маълумотига кўра, аччиқ қалампир етиштириш учун тумандаги фермер хўжаликларига 1 миллиард 300 минг сўм кредит маблағи берилган.

Фото:Kun.uz
Фото:Kun.uz

– Банкдан кредит олиб, ярим гектарга 40 мингта аччиқ қалампир кўчати экдик, – дейди «Замини Парда Феруза» фермер хўжалиги раҳбари Парда Остонов.  – Ҳосил тайёр бўлди, териб, ёйдик. Аммо харидор йўқ.

– Ҳудудимизда 22 гектарга аччиқ қалампир экилган, – дейди «Бахшитепа» агрофирмаси агрономи Фахриддин Раҳимов. – Ҳосилни кўриб турибсиз, аммо харидор йўқ. Айрим фермерлар йиғиштириб ташлашди. Миллионлаб харажат қилинди.

– Ушбу масалани ҳал этиш учун барча чора-тадбирларни амалга оширмоқдамиз, – дейди Тойлоқ тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалигига масъул бўлган ўринбосари Ҳусан Нарзиқулов.  – Қалампирни қуритиб, майдалаб сотиш учун харидорлар излаяпмиз. Тез кунларда ҳал бўлади.

Кўриб турганингиздек, аччиқ қалампир эккан вилоят фермерларининг маҳсулотни қаерга сотиш борасида боши қотган. Масалага тезда ечим топилмаса, фермерларга катта миқдорда кредит берган Агробанк ва фермерлар ўртасидаа жиддий тортишувлар вужудга келиши эҳтимоли йўқ эмас. Балки, “ўзбек” қалампири экспорти билан тақиқларни тўлиқ ўрганилмагани алоҳида ўрганиш мавзусидир.

Биз жараённи кузатишда давом этамиз ва мавзуга яна қайтамиз.

Бардошбек САМАД ўғли,
Манба:Kun.uz

 

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ислам каримов қўнғирот тумани прокурори лавозимига тайинланди

Қўнғирот тумани прокурори лавозимига Каримов Ислам Давлетбаевич тайинланган. Бу ҳақда "EVERYDAY.UZ" сайти маълум қилди. У бундан олдин Қоракалпоғистон Республикаси ...

Тожикистон: баъзи машиналарнинг ўлкага кириши нега тақиқланди?

Тожикистон ҳудудига баъзи машиналарни киритиш тақиқланди. Аниқроғи, 2005 йилгача ишлаб чиқарилган хорижий автомашиналарнинг Тожикистонга олиб киришни таъқиқлайдиган  қарор ...

Сўз эркинлигида ливанчалик эмасмизми?

Ливанда суратга олинган "Капернаум" фильмини кўпчилик кўрган бўлиши керак. Яхши ишланган, урушнинг аянчли оқибатлари ҳақида реал кино. Биз фильм ҳақида ёзмаймиз. Ундаги бир ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400