Ўзбекистонда Президент қарори бажарилмагани ҳақида ёзган фуқаро жиннига чиқарилди

Навоий вилояти Навбаҳор тумани Митан қишлоғида яшовчи фуқаро Фармон Қўчқоровнинг руҳий мувозанати бузилгани тўғрисида туман кўп тармоқли поликлиникаси психологи маълумотнома тайёрлаган. Фуқаро қишлоғидаги оғир шароитни яхшилаш талаби билан кўплаб ташкилотларга шикоят аризалари юборгани учун унга ана шундай ташхис қўйилгани айтилмоқда. Turon24 мухбири қишлоқ аҳолисининг мурожаати асосида мазкур ҳолатни ўрганди.

Фото:Turon24

“Жорий йилнинг 27 апрелида мен ҳақимда жинни деган хулосага келган шифокор Санобар Раҳимова 7 августда ўз сўзидан тониб, ҳеч кимга бундай маълумотнома бермагани тўғрисидаги бошқа маълумотномани қўлимга тутқазди, – деди Фармон Қўчқоров. – Маълумотномаларнинг иккаласи ҳам турибди. Қишлоғимдаги ҳолатлар улар айтганидек менинг “фантазияларим” эмас, айни ҳақиқат”.

Митан қишлоғи Навбаҳор туманидаги “Пахтакор” МФЙ таркибига киради. Туман марказидан 10 километр узоқликда жойлашган. Бу ерда 488 та хўжалик бор, фуқаролар қишлоқда ичимлик суви йўқлигидан шикоят қилмоқда. Ваҳоланки ҳудудга 2008 йилда ичимлик суви қувурлари ташланган.

“Йўлларимиз олдин асфалт қилинган эди. Сув қувурларини ётқизиш учун ҳамма жойни бузиб ташлашди, – деди пенсионер Раҳмат Файзиев. – Ёғингарчиликда кўчаларда юриб бўлмайди, айрим жойларда тўпиққача лойга ботиш мумкин. Агар сув келганида бу ҳолатдан ҳам шикоят қилмасдик. Аммо ичимлик сувидан ҳануз дарак йўқ”. Маҳаллий аҳолининг айтишича, фуқаролар ҳозир ичимлик сувини сотиб олмоқда.

“Қўшни қишлоқларда сув бор. Нега бизда йўқлигига сира жавоб тополмаймиз, – деди фуқаро Шокир Ҳамроев. – Бу ҳақда мурожаат қилмаган ташкилотимиз қолмади. Раҳбарлар аризаларимизга бир неча марта ёзма жавоб қайтаришган. Лекин ўзларини кўрмаганмиз. Эрта-индин сув келади деб мана 10 йилни ҳам ўтказиб юборишди. Уч-тўрт йилдан буён давлат дастурларига киритилганимиз ҳақида маълумот беришади. Аммо ҳаммаси қуруқ гап, қишлоқдошларимиз энди бу гапларга ишонмаяпти”.

Мазкур масалада Turon24 мухбири туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими ҳамда вилоят “Сувоқава” давлат унитар корхонаси туман филиалига мурожаат қилди. Аниқланишича, туманнинг “Янгиқўрғон” МФЙда жойлашган “Чорвоқгузар” сув йиғиш ва тарқатиш иншоотидан “Пахтакор” МФЙдаги Митан ва Этаксарой қишлоқларига 8 километр масофада сув қувури тортилиши режалаштирилган. Ўзбекистон президентининг 2007 йил 8 январдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокида Қашқадарё ва Навоий вилоятларида қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминоти ва санитарияси лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 555-қарори асосида мазкур тадбирлар амалга оширилиши белгиланган. Бироқ вазифани бажаришни ўз зиммасига олган пудратчи ташкилот “Улканқурилиш” МЧЖ ҳудудга ваъда қилинган 8 км ўрнига 3,6 км масофада сув қувурлари ётқизган.

“Қолаверса, қишлоқча баландликда жойлашган, шунинг учун унга сув чиқиши ҳам осон кечмайди – деди туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бош мутахассиси Фаррух Худойбердиев. – Ҳозир туманга Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидан сув келтирилаяпти. 2019-2020 йиллар оралиғида бу қишлоққа ҳам албатта сув келади”.

“Қишлоғимиздаги муаммо фақат сув билан боғлиқ эмас, – деди маҳалла фуқароси Файзулла Имомов. – Бизда мактабгача таълим муассасаси ҳам йўқ. Қишлоғимизда 500 га яқин боғча ёшидаги бола бор. Уларнинг ҳаммаси уйда ўтирибди. Набирам бошқалардан ортда қолиб кетмаслиги учун шеърни ҳам, қўшиқни ҳам ўзим ўргатаяпман”.

Маълумотларга қараганда, қишлоқда 1990-йилларда мактабгача таълим муассасаси бўлган. Унинг нима сабабдан бузиб ташланганига эса мутасаддилар жавоб беришолмади. Қишлоқдаги 23-мактаб директори Гулмира Элованинг айтишича, мактабда мактаб ёшига етган болалар учун “Ширинтой” гуруҳлари ташкил этилган. Болалар мактабга чиқишдан олдин шу гуруҳларда дастлабки сабоқни олишади. Таълим даргоҳи ҳам айни пайтда таъмирталаб бўлиб қолган.

“Мактабимизнинг қурилиши билан боғлиқ муаммолар ҳал бўлаяпти, – деди мактаб директори. – Аммо иккинчи сменада ўқийдиган ўқувчиларимизнинг дарслардан кейин уйларига етиб боришларида ноқулайликлар бор. Чунки айрим болалар икки-уч км масофадан пиёда келишади. Транспорт қатнови йўқлиги учун уйига етиб олгунча кечга қолиш эҳтимоли катта”.

Кузатувлар жараёнида маҳаллада бирорта ҳам маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Фуқароларнинг сўзига кўра, маҳалла гузари ҳам бошқа мақсадларда сотиб юборилган.

Қишлоқда врачлик пункти учун мўлжалланган бинонинг қурилиши 12 йилдан буён якунланмаган. Маҳаллий аҳоли мазкур иморат “Навбаҳорпахтатозалаш” МЧЖ балансида эканини айтди.

“Тумандаги Янгийўл қишлоғи Митан қишлоғига яқин жойлашган. Янгийўл қишлоқ врачлик пунктидан тез ёрдам чақирилса, 5-10 дақиқада Митанга етиб келиши мумкин, – деди Навбаҳор тумани уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бош мутахассиси Фаррух Худойбердиев. – Шунингдек, қишлоққа яқин жойда йўл устида “Охунбобоев” қишлоқ врачлик пункти ҳам бор. Фуқаролар тиббий хизматдан фойдаланишда у қадар катта муаммоларга дуч келишмайди”.

Қишлоқда ичимлик сувидан ташқари ечимини кутаётган бу каби муаммоларга ҳеч қандай изоҳ берилмади.

Мутасаддилар қишлоқдаги шароит босқисма-босқич яхшиланиб бориши ҳақида маълумот беришди, холос. Бу босқичлар қачон охирига етади, номаълум. Қишлоқ фуқаролари бундай ваъдалар 10 йилдан буён берилаётгани, ҳолат эса мутлақо ўзгармаганини таъкидлашмоқда.

Манба: Turon24

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Оҳангарон ва паркент туманида чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқарилади

 “Тошкент вилоятининг “Оҳангарон” ва “Майдонтол” маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш” ...

Ўзбекистонда пиллачилик билан шуғулланувчи хонадонларга бепул 50 бош парранда берилади

Ўзбекистон вилоятларида пиллачилик билан шуғулланувчи хонадонларга 50 бошдан 90 кунлик парранда ва тут кўчатларини шартнома асосида бепул етказиб берилади. Бу ҳақда ...

Қашқадарёда асаб-руҳий касалликлар шифохонаси сирини фош қилишга уринган журналистга куч ишлатилгани айтилмоқда. шифохона қандай сирни яширмоқда?

Қашқадарёда асаб-руҳий касалликлар шифохонаси сирини фош қилишга уринган журналистга куч ишлатилгани айтилмоқда. Шифохона қандай сирни яширмоқда? Дилшод Набиев. Фото: «Дарё» ...