МEҲРОБДАН ЧАЁН-ЧИН ЎРТОҚ

Анвар ёшлиғида бўшангғина бир бола эди. Ўз тенгги болалар билан оз алоқа қилар, уларга кам аралашар ва ортиқча ўйнаб-кулмас, ҳамиша унинг кўзида бир мунг ётар эди. Бу ҳолат балки оила бахтсизлигидан, ота-она бағрида яйрамағанлиқдан туғилғандир, десак, унинг икки оғаси мундай эмас эдилар. Бир онадан неча хил бола туғиладир, деганларидек, Анварнинг яратилиши оғалариға нусбатан бошқача эди. Махдумнинг уйида тура бошлағач, Анварда бир оз ўзгариш кўрилди.  Шунда  ҳам  болалар  билан  алоқасини  эскича  юрутиб,  фақат  Раъно  ёнидағина  ўйин-кулки  боласиға  алишинар,  Раънони  етаклаб  боқчаға,  кўчадаги  катта  сув  бўйлариға  чиқиб ҳамроҳини  боқчадағи  гулларнинг  исми,  учин  юрған  қушларнинг  навъи,  катта  оқар  сувлар  ва айниқса  Раъно  каби  ёш  қизчалар  учун  бу  сувларга  йиқилиш  хавфи  ва  шунингдек,  бошқа масалалар билан уни танишдирар,  кўчада ўлик кўтарганларни кўрса,  бирарта боланинг отаси ёки  онаси  ўлганлигини  сўзлаб,  бунинг  орқасидан: “Меним  ҳам  онам  ўлганда  ўшандоқ  қилиб кўтарган эдилар… Мен ҳам шу боладек мозорға йиғлаб борған эдим”, деб қўяр эди. Раъно ҳам Анварнинг  сўзига  диққат  билан  қулоқ  солар  ва  кўпинча  ҳисобсиз  саволлар  ила  уни  кўмиб ташлар,  лекин  Анвар  зерикмас,  ҳар  бир  сўроққа  жавоб  бериб,  Раънони  қаноатландиришға тиришар эди. 

Анвар ёш бўлса ҳам жиддий ва кичкина мияси муҳокамага қобил, бошқа кишилар устига тушкан бахтсизликдан ҳам мутаассур бўлғучи эди.

Бола чоғиданоқ энг яхши кўрган нарсаси гулзор ва ундаги гуллар эди. Махдумнинг оиласига келиб  тура  бошлағандан  сўнг  боқчанинг  гулзор  қисмини  ўз  идораси  остиға  олди.  Гулларни суғориш, ўтларни  юлиб,  тозалаш  вазифаларини  ўзи  бажарди.  Гуллардан  ҳеч  кимга уздирмас, бир боланинг узиб олғанини кўрса ўз хафа бўлғанидек, болани ҳам хафа қилар эди. Болаларнинг дараги  билан  ҳар  кимнинг  уйида  бўлған  янги  гуллардан  кўчат  ва  уруғ  олиб,  йилдан-йилга гулзорни бойитди. Ёз кунлари келса, болаларни капалак ва олтин қўнғуз тутиб келишка буюрар; қийнамай,  озор  бермай  заҳасиз  капалак  тутиб  келганларга  сабоғини  ўқутиб  қўйиш  билан мукофот  берар,  капалак  ва  олтин  қўнғузларни  гулзорга  учуриб  юборар,  агар  улар  гулларга қўниб қолсалар, ўзида йўқ сўюнар эди. Шунинг учун аксар ёз кунлари махдумнинг боқчаси оқ, нимранг, олан, зангор, малла, ложувард ва бошқа тус капалакларнинг ялт-юлт учишлари билан алоҳида  бир  кўринишка  кирар,  Анварнинг  ўқушдан  бўшаған  кезлари  гуллар  ичида  ва  шу капалаклар орасида кечар эди.

Анвар ҳар ким учун ҳам сўйимлик ва хушмуомаласи барчага баробар эди. Аммо, айниқса хуш кўрган кишиларидан биринчиси Раъно ва иккинчиси мактабдаги шогирдлардан сабоқдош шериги  Насим  исмлик  бола  эди.  Насим  билан  Анвар  жуда  яқин  дўст,  бир-бирини  онглағучи сирдош ўртоқ эдилар. Гарчи Насимнинг отаси Қўқоннингғина эмас, бутун хонлиқнинг танилған кишиларидан ва бу икки боланинг синфий айирмалиқлари ер билан кўкча, лекин ёш дўстлар бунинг фарқиға етмаслар, Насим “хоннинг мирзабошисининг ўғлиман”, деб ҳаволанмағанидек, Анвар ҳам “Салим бўёқчининг ятими, Солиҳ махдумнинг асрандисиман” деб андиша қилмас эди.  Бу  икки  бола  бир  жойда  суҳбатка  киришсалар,  четдаги  бир  киши  Анварни  йиртиқ  бўз кийимлар  ичида  ва  Насимни  шоҳи-адраслар  билан  ғарқ  ҳолда  кўриб,  албатта “бу  гадойбачча билан  бекбаччанинг  ўзаро  нима  муносабатлари  бор?”  деб  таажжубланар,  лекин  дўстлар  ҳали бунинг айирмасини идрок қилмаслар эди.

Аксар  жумъа  кунлари  махдумдан  изн  олиб,  Анвар  шу  ўртоғининг  уйига  борар,  кечкача Насим  билан “суҳбатлашиб”  қайтиб  келар  эди.  Анвар  шу  муносабат  билан  Насимнинг  отаси Муҳаммад  Ражаб  пойгачининг  илтифотига  ноил  ҳам  бўлди.  Насим  ўртоғи  Анварнинг ятимлиғини  отасиға  билдириб,  мажбур  қилған  бўлса  керак,  бир  неча  ҳайит  мавсумларида Муҳаммад Ражаббек Анварга кийимлар ҳам берди. Бу илтифот икки дўстнинг алоқаларини бир-бирларига яна қаттиғроқ боғлади, айниқса, махдумнинг димоғини чоғ қилди. Зеро, Анварнинг Муҳаммад  Ражаб  каби  бир  кишининг  ўғли  билан  дўстлашиши  бир  камолат  бўлғанидек, дўстлиқнинг ҳатто сарполар кийишкача бориб етиши махдумнинг назарида яна айни фазилат эди… Шу сарпо кийиш воқиъасидан сўнг махдум Анварга бошқача қараб қолди ва ичидан “сен одам бўладирған кўринасан”, деб қўйди.

Бахтка қарши, бу дўстлиқ алоқаси узоқ давом эталмади. Бир кун орадағи дўстлиқ риштасини ўлим яғмогари келиб узди. Насим ўн беш ёшлар чамасида чечак касали билан оғриди ва ўша кезларда  давосиз  ҳисобланған  бу  касалдан  ўнглалмай  вафот  қилди.  Муҳаммад  Ражаббек  ва оиласи  учун  бу  мусибат,  албатта,  оғир  эди.  Бироқ,  улардан  ҳам  Анвар  учун  оғир  бир  ҳасрат бўлди.  Ҳатто,  кўз  ёшини  марҳумнинг  ота-онасидан  ҳам  кўброқ  Анвар  тўкди  десак,  муболаға қилмаған бўлурмиз. Уч кун мактаб ва махдумни унутиб, Муҳаммад Ражаббек ҳавлисида туриб қолди. Ҳар оқшом Насимнинг қабри устида бир соатлаб йиғлаб ўлтурди. Бу ёшнинг самимий чин дўстлиғи ва ўртоғиға садоқати ҳар кимни таажжубка қўйди.

Анварнинг биринчи мартаба марҳум дўстига атаб ёзған марсияси мотамлик ота-онани яна бўзлатқан эдиким, биз марсиядан бир неча мисраъини қуйида кўрсатамиз:

 

Очилмай сўлса ҳар гул ғунчаси пиру жувон йиғлар, 

Eмас пиру жувон, балки ҳамма аҳли жаҳон йиғлар. 

 

Ажал яғмогари боғи зако ичра узиб занжир, 

Раҳмсиз эзса маъсум лолаларни, чун хазон йиғлар. 

 

Насимим кетди оламдин мени қайғу аро ташлаб, 

Кўзимдин оқса хун ҳеч бир ажаб йўқ, чунки қон йиғлар. 

 

Жаҳонда эрди танҳо мен ятимга ҳамнишин, дилдор, 

Ғарибликнинг диёрида адашкан нотавон йиғлар…

 

Мулла Муҳаммад Ражаббек пойгачи ўғлининг содиқ дўстига шу кундан эътиборан бошқача қараб  қолди.  Бир  жиҳатдан  маъсумият,  иккинчидан  кўриниб  турған  истеъдод  Муҳаммад

Ражаббекни  Анварга  илтифот  этишка  мажбур  қилди.  Гарчи  Анварнинг  юқоридағи  марсияси болалиқ  хархашасидан  иборат  эди  эрсада,  яна  унинг  истиқболидан  хабар  олиш  учун  яхши

мезонлиқ вазифасини ҳам ўтар эди.

Мулла  Муҳаммад  Ражаббек  аввало  ўз  илтифотини  Анварнинг  марсиясидан  бир  байтини Насимнинг қабр тошиға олиш билан бошлади. Сўнгра Анварнинг “дунёда ман ятим ўртоғингға

танҳо  сирдон  ва  дилдор (кўнгил  кўтаргучи)  эдинг.  Бу  кун  мен  сендек  дўстдан  айрилиб,  яна ғурбат диёрида нотавон йиғлайман!” деб афсус ва надомат қилишиға қарши, яъни Анварнинг ятимлик  ва  ғариблигига  йўл  қолдирмаслиқ  учун  мулла  Муҳаммад  Ражаббек  ўғлининг  содиқ дўстига ўз оталиғини кўрсатмакчи бўлди.

Анвар  уч  ҳафтагача  хатми  қуръон  кечлари  Муҳаммад  Ражаббек  уйига  келиб  турар  эди.

Охирғи хатми қуръон кечи Муҳаммад Ражаббек Анвардан аҳвол сўради:

— Домлангиз саломатми?

— Шукур.

— Ўқушингиз яхшими?

— Бирмунча.

— Домланинг уйида турасизми?

— Тақсир.

— Сиқилмайсизми?

— Йўқ.

— Илми ҳисоб ўқуғанингиз борми?

— Йўқ, тақсир.

— Домлангиз илми ҳисобни билурмикин?

— Билмаслар деб ўйлайман.

— Агар мен бир домла таъйин қилсам, ҳисоб ўқийсизми?

— Устозим рухсат берсалар, албатта ўқийман.

— Хўб… бўлмаса эрта кечка домлангиз шу ерга келиб, менга учрашсин.

— Хўб тақсир.

Eртаси  куни  махдум  келди,  Муҳаммад  Ражаббек  махдум  билан  сўзлашиб,  Анварни  ўрда хизматига  олиш  фикрида  бўлғанлиғини,  бунинг  учун  арабча,  форсийчадан  яна  ҳам  чуқурроқ маълумот  олиши  лозимлиғини  ва  ҳисоб  ўрганиши  кераклигини  айтди.  Махдум  Муҳаммад Ражаббекнинг  Анварга  мунчалик  марҳамати  учун  бир  оз  шошиб  қолса  ҳам,  лекин  бу меҳрибончилиқ сабабига яхши тушунганлиги жиҳатдан аввало бекнинг ятимпарварлиги, сўнгра Анварнинг  зако  ва  истеъдодини  махтади.  Анварни  одам  қилиш  йўлида  чеккан  ўз машаққатларини  ҳам  шикоят  йўсунида  сўзлаб  чиқғач,  бу  кунларда  эҳтимоми  том1  бирлан Анварга  форс  ва  арабийдан  дарс  бериб  турғанини  ва  алҳол  ҳам  Анвар  форсийча  тазкира  ва таҳрирлар  ёза  олишини  баён  қилиб,  неҳcа  хил  узрлар  ичида  ўзининг  илми  ҳисобдан

баҳрасизлигини билдирди, яъни Анварнинг илми ҳисоб ўрганиши учун бошқа муаллим керак бўлур, деди. Муҳаммад Ражаббек бу тўғриға ўзи домла топмоқчи болиб махдумга рухсат берди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-19

Ўн иккинчи боб От ўғрилари шошилмай кетишарди. Улар отларни гоҳ йўрттириб, гоҳ йўрғалатиб боришарди. Қоронғида отларни чоптириб бўлмайди, кейин бунинг ҳожати ҳам йўқ эди. Иш ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-9

Ўша куни мана шундай ҳодиса рўй берган эди. Султонмурот қилмишига яраша оладиганини олди. Бригадир ҳам қамчи билан саваламай нима қилсин. Қанча меҳнат, ҳаракат зое кетди. ...

“мусулмон” давлатлари халқлари—мусулмонларга       

МУРОЖААТНОМА!!       “Бисмиллоху рахмону рахим”, Деб бошлайман МУРОЖААТИМНИ.. Фарғонадан ёзяпман хатим, Нотинч қалбим бермай рохатни.. Азизларим, биродарларим, Мен ҳам Сиздай ...