“БИРДАМЛИК” ТАРАФДОРИ БЎЛГАН ҚОНУНШУНОС ДИЛСОРА ФОЗИЛОВА НЕГА ИККИЮЗЛАМАЧИГА АЙЛАНДИ?

ДИЛСОРА ФОЗИЛОВА

Куни кеча қонуншунослик фанлари кандидати Дилсора Фозилова ижтимоий тармоқлардан бирида “Бугунги Ўзбекистон ва Баҳодир Чориев” деб номланган мақола эълон қилди. Муаллиф ўз мақоласини яқинда “Бирдамлик” деб аталадиган жамоанинг Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида “қурултой” деб аталадиган бир йиғилиш ўтказиш ниятида бўлгани ва бу йиғилиш Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ҳукуматлари қаршилигига учрагани тўғрисидаги хабарга кўзи тушганидан бошлайди. У ўз мақоласида Ўзбекистонда жуда қисқа фурсат ичида рўй берган жуда катта ўзгаришларга бир неча мисоллар келтиради.

Иллюстратив фото

Нияти Баҳодир Чориев (Баҳодир Хон Туркистон) ва унинг фаолиятини муҳокама қилиш эмас, аксинча, “мухолифат” деган сўзнинг маъносига тўхталиш, мухолиф кучларининг демократик давлатдаги ўрни, вазифаси ва ҳуқуқларини муҳокамага олиб чиқиш ва билмайдиганларга шу тўғрисида осон тушуниладиган тилда маълумот бериш эканини урғулайди ва мухолифат тушунчасига қисқача, лекин пала-партиш изоҳ бериб, асосий эътиборни юқоридаги ўз билдиргисига зид ҳолда Баҳодир Хон Туркистон фаолиятига қаратади.  Хусусан, Д. Фозилова дунё сиёсатида мавжуд икки хил мухолифатни қуйидагича талқин қилади (матн айнан кўчирилмоқда):

  1. Ташқи мухолифат:

Биринчи тилга олмоқчи бўлганим, Баҳодир Чориевникига ўхшаган, кўзда тутилган давлат сиёсатига зимдан зиддиятли бўлган, давлат ичидаги конституция шартлари ва ўлчамларига жавоб бермайдиган ва конституция билан ҳимояланмаган мухолифатдир. Бундай мухолифат давлат билан музокаралар олиб боришга яроқсиз, чунки унда давлат сиёсатини тўлдиришга хизмат қиладиган программа йўқ. Қонун ва сиёсий жараёнларни тубдан ва кучли тушунмайди. Бундай кучлар давлатдан ташқарида сиёсий ёки сиёсий бўлмаган ташкилот сифатида рўйхатдан ўтган бўлишлари мумкин. Аммо бу уларни қайсидир давлат мухолифат сифатида тан олиши учун eтарли эмас. Давлат сиёсатига зиддиятли кучлар, улар хоҳ бошқа давлат кўринишида бўлсин, хоҳ нодавлат ташкилот бўлсин, хоҳ қандайдир ҳаракат ёки ўз-ўзини тан олган партия кўринишида бўлсин, давлат сиёсатига рахна солувчи кучлар бўлиб ҳисобланади ва ҳар қандай давлат улардан ўзини муҳофаза қилишга мажбур.

  1. Парламентар мухолифат:

Бугун мен тилга олмоқчи бўлган иккинчи турдаги мухолифат бу парламентар мухолифатдир. Бундай мухолифат давлат ичида рўйхатдан ўтказилади ва давлат парламентида ўринларга эга бўлади. Давлат парламентида фаолият юритиш унга давлатнинг ички сиёсатини яқиндан кузатиш, содир бўлаётган ўзгаришлар ва жараёнлар тўғрисида ичкаридан туриб чуқур маълумотга эга бўлиш ва шу билан бирга зиддиятли қарашларни ўртага олиб чиқиш, муҳокамага қўйиш ва керак бўлса давлат сиёсатига таъсир ўтказиш имкониятига эга бўлади. Парламентар мухолифат давлат конституцияси шартлари ва ўлчамларига мос келади ва конституция билан ҳимояланган бўлади. Парламентар мухолифат йўлбошчилари ёки баъзи аъзоларининг давлат раҳбарлигига ўз номзодини қўйиш, сайловларда қатнашиш ва ҳукумат учун курашишга ҳаққи бор. Уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари конституцион йўл билан ҳимоя қилинган…

Эътибор берилса, қонуншунос Дилсора Фозилова дунё сиёсатида мавжуд икки хил мухолифатни икки пунктга ажратган ва биринчи пунктини бевосита ва билвосита “Бирдамлик” ҳаракати мисолида талқин қилган. Бунга салбий эътироз билдириш фикридан йироқмиз, албатта. Чунки ҳар ким ўз фикрини у хоҳ тўғри, хоҳ нотўғри бўлсин, эмин-эркин билдириш ҳуқуқига эга. Лекин битта мавзуда, ўша-ўша олдин ўзи билган “Бирдамлик” ҳаракати хусусида икки хил фикр билдириш ҳар қандай қонуншуноснинг ҳам, сиёсатчининг ҳам обрўсига жиддий путур етказиб қўйиши мумкин. Дилсора Фозилова 2007 йилда “Бирдамлик” ҳаракати ҳақида ёзган “Бирдамлик” ҳақидаги фикрларим” мақоласида “Бирдамлик” ҳаракати фаолиятини ижобий баҳолаб, унга муваффақият ва бардамлик тилаган бўлса, кеча эълон қилган “Бугунги Ўзбекистон ва Баҳодир Чориев” деб номланган мақоласида эса 15-ноябрдан эътиборан айнан Ҳаракатдан Партияга айланган, сиёсий майдонда ўз нуфузига эга бўлган ташкилотни “Бирдамлик” деб аталадиган жамоа, “Бирдамлик” ХДҲ ўтказишга бел боғлаган Қурултойни эса қурултой эмас қандайдир йиғин дея ифодалайди.

Дилсора Фозилованинг 2007 йилда ва 2018 йилда ёзган мақолаларини ўқирканмиз, қонуншуноснинг ўзгарувчан позициясига лол қолдик. Агар “Бирдамлик” ХДҲ шу оралиқда ўз позициясини ўзгартирганда, олдинги танловларидан воз кечганда, у ҳолда Д. Фозилованинг қарашлари бизни ҳайратлантирмаган бўларди. “Бирдамлик” позициясини ўзгартирмади, аммо бир пайтларда “Бирдамлик”ни қўллаб-қувватлаган айримлар “турфа ўзгаришларга юз тутди”. Буни Дилсора Фозилованинг қуйида эълон қилинаётган мақоласидан ҳам билсак бўлади.

ДИЛСОРА ФОЗИЛОВА

Бирдамлик хакида фикрларим

Бирдамлик харакати хакида фикр юритишимга аввало харакат лидерининг ўзининг тактикасига лойиқ иш юритаётгани бўлди. Баъзан “Бирдамлик” фаолияти тўғрисида ёзилган мақолаларга шунчаки назар ташлардим. Боиси, фаолият юритаётган кичкина ташкилотлар шунчалик кўпайиб кетганки, уларда иш олиб боришдан кўра ўзини танитиш нияти яққолроқ сезиларди. Менда эса, кичкина ташкилотлар очаверишдан кўра мавжуд ташкилотларга бирлашиш лозим деган фикр кучлироқ. Баҳодир Чориевдан “Бирдамлик” харакати тўғрисида фикрларимни билдиришим сўралган мактуб олгач, ўйланиб қолдим. Демак, ҳаракат ўзининг стратегиясини одамларга танитишга интилмоқда. Чунки бирор нима тўғрисида фикр билдиришдан олдин уни ўрганиш, яхши ва ёмон томонлари тўғрисида фикр юритиш лозим.

Аввало, “Бирдамлик” сайтини очиб бошка кўпгина сайтлар сингари русча-ўзбекча қўшиб ташланган мақолаларни кўздан кечирар эканман, бироз хафа бўлдим. Ўзбек тилининг давлат тили деб тан олиниши осонгина кечгани йўқ. Бугун биз яна ортга қайтаяпмиз. Совет даврида шаҳарда яшовчи оила фарзандлари кўп холларда русчада тил чиқаришарди. Қишлоқ ёшлари билан шаҳар ёшлари орасида катта бир бўшлиқ пайдо бўлганди. Ҳамма хужжатлар, ҳамма қизиқарли маълумотлар рус тилида бўлиб, рус тилини билган одам ўзбек тилини билиши ҳам унча шарт эмасди. Буюк адибларимиз асарларини унитишимизга бир бахя қолганди. Рус тилини билганлар буюк, рус тилини билганлар ақлли, рус тилини билганлар устун эди. Бу айни ҳақиқат ҳам. Инсон канча кўп тил билса, унинг мулоқот кучи шунча ошади. Аммо тил билмоқ билан ўз тилини иккинчи ўринга қўймоқ бошқа-бошқа масала. Бугун биз тилимизни яна осонгина сотаяпмиз. Сотганда ҳам ярим чақага сотаяпмиз. Ўзимиз билиб-билмай сотаяпмиз. Миллат миллат деймизу, бугун миллатнинг тилига исқирт ишларни қолдириб, бошқа тилни оқсаройга олиб бориб, силаб-сийлаб жамият қурмоқчимиз. Бу ўзимизни бой бериш, бу миллатнинг қанотини қирқиш. Ўзбек дунёга ўзбек бўлиб чиқиши керак…

Балки Бирдамлик тўғрисида фикрларим ёзилган жойда тил муаммосига ўтиб кетиш керакмасдир, аммо кичкина камчиликлар катта хатоларга сабаб бўлиши гумонсиздир. Рус тилида мақола эълон қилишни истаган ўзбек сайтлари, имконлари етса сайтларини ўзбек ва рус тилида алоҳида-алоҳида олиб бормоқлари балки маъқулроқдир. Бизнинг муаммоларимиз, бизнинг ютуқларимиз – бу бизники. Унинг эшитувчиси ҳам, сўзлагувчиси ҳам фақат ўзимиз. Ўзбек тилида кучли мақола ёзувчи журналистлар йўқ дейишади. Шубҳасиз. Чунки қалами ўткирлашган журналист ўзини глобалроқ кўрсатиш учун ҳам рус тилига ўтиб кетаверса, кимлардир қулоқ соладиган юртдошлар рус тилида чиқишлар қилишса, ўзбекларда кучли журналист қоладими? Рус тилида айтилган кучли фикрлар ўзбек тилида ўзининг кучини йўқотадими? Йўқ, бу ўзбек тилини қанчалик билишимизга боғлиқ.

Бирдамлик ҳаракатининг баёнотини кўздан кечирар эканман, халқ билан алоқа олиб бориш тўғрисидаги йўли ҳақиқатга яқинлиги, “Осмондан келиш”лардан катта фарқли эканлигини сездим. Давлат ташқарисида туриб бирор нимани ўзгартира билмаслигимизни вақтнинг ўзи кўрсатмоқда. “Бирдамлик”нинг одамларга мақсадини тушунтириш, муаммоларни улар билан гаплашиш ёки музокара олиб бориш йўли билан хал қилиш тўғрисидаги фикрларига қўшиламан. Мен муаммоларни одамлар билан гаплашиш орқали, уларни эшитиш, тушунтириш ва тушуниш орқали ечиш мумкинлигига ишонаман. Зеро, ҳар кунлик ҳаётимизда баъзан учрайдиган тушунмовчиликларнинг ечими мулоқот эканлиги далил. Катта ҳаёт эса анашу кичкина муносабатлардан шакилланади. Сен оиланг билан, дўстларинг билан, атрофингдагилар, ишхонангдагилар ва қарама-қарши томонинг билан ўрнатган муносабатинг бу сенинг кимлигинг, жамиятга қанчалик яроқлилигингдир. Сен олимдирсан, сен шоирдирсан, сен арбобдирсан – аммо сени тинглашга мойил бўлган инсонни йўқотдингми, сен яроқсизсан. Шу аснода шоирнинг куйидаги сўзлари ёдимга келди:

Тинглаганни маст қиладиган,

Ғайри динни паст қиладиган,

Душманнида дўст қиладиган,

Тил-забони бўлсин йигитнинг.

Бугуннинг муаммоси ўша шоир айтган тилу-забоннинг йўқлиги эмасми?

Инсон боласи биргина Одам Ато ва Момо Ҳаводан бунёд бўлган экан, унда душман қайдан яралди. Душман иккита гаплашиб билмайдиган, музокара қилолмайдиган, бир-бирини тан олмайдиган инсондир.

Ҳар бир ташкилотнинг, ҳар бир ҳаракатнинг тамойилини кўздан кечирсангиз, тенги йўқ ажойиб мақсадларга, инкор этиб бўлмайдиган кураш йўлига, ишлаш услубига юз тутасиз. Бирдамлик ҳаракатининг ҳам ана шундай эзгу ишлар билан суғорилган мақсади тахсинга лойиқдир. Агар партия ва ҳаракатларнинг ҳамма айтганлари, улар хоҳлаганча амалга ошганда, биз бу кунларга тушмасдик. Шу қаторда “Бирдамлик” ҳаракатининг режалари ҳам Ўзбекистон шароитига қанчалик тўғри келиши тўғрисида кўп ўйладим. Халқ норозичиликлари, оммавий иш ташлашлар кўпинча ҳукуматни одамлар билан мулоқот қилишга мажбур этган, аммо бугун, ўзбек халқининг оммавий бирлашишига тўсқинлик қиладиган мухит анча чуқур томир ёйганлиги ҳам сир эмас. Сабаби одамлар ҳукуматнинг халққа ноҳак тазйиқларини кўп кўришди. Улар қўрқадилар. Қариялар ўтириб “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан” деб турганда, ёшларни норозичиликка сафарбар этиш осон бўлмайди.

Мен яна бир эътибор қаратмоқчи бўлган мавзу, “Бирдамлик” олиб бораётган ишлар мақсаднинг бир томонига ўхшаб кўринади. Унинг халқ ичига киришига имконияти бор. Агарда ҳозирги кунда мухолифатнинг бошқа йўналишдаги кучлари ҳам бирлашиб, ўзларининг энг одил режа ва кучларини “Бирдамлик” бораётган йўналишга сафарбар қилганларида балки мувофақият манзили яқинрок бўлармиди. Аммо телевизорни ўчириб қўйиш, кўчага чиқмаслик деган сўзлар менга эриш туюлди. Шундоқ ҳам аҳоли узундан узоқ серияллардан, ёки концертлардан бошқа нарса кўрмайди. Кўчага чиқмасликни эса амалга ошириб бўлмайди. Менимча уларни уйда сақлагандан, кўчага олиб чиқмоқ муҳимроқ. Одамлар бир хафта уйда ўтиролмайдилар, аммо бир хафта одамлар кўчага чиқмаса ҳукуматнинг отасининг гўри қозихона ҳам эмас. Тан олмоқ керак, агар шу ишни ёппасига амалга оширганда, бирор натижага эришиш ҳам мумкин. Аммо муаммо ана шу ерда. Яна бир эътиборли ҳақиқат эса айниқса шаҳарларда пулдан бошқа нарсани билмайдиганлар кўп, ва уларга чақириқлар аҳамиятсиз. Демак ҳаёт ҳар кунгидай давом этаверади. Уйдан чиқмай қўйганлар, ҳеч нима ўзгармаётганидан шубҳага тушадилар ва кейинги сафар бизни эшитмайдилар.

Булар менинг фикрларим. Имконият етгунча халқбоп кураш усулларини кучайтириб, натижа бермайдиганлари камайтирилса “Бирдамлик”нинг бугуни бошланиш эканлигига шубҳа қилмайман. Сиз халқ фаровонлиги учун интилаётган экансиз, сиз одамлар билан муомала, мулоқот ва музокара орқали ечим топишга ҳаракат қилаётган экансиз, демак ҳақ йўлдасиз. “Бирдамлик”ка мувофақият ва бардамлик тилайман. У бошқа ташкилот ва ҳаракатлар билан ҳам бирлашиш тўғрисида мулоқотлар олиб боришига ва унга эришишига тилакдошман.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бирдамлик хдп раҳбари баҳодир хон туркистон тўрт кундан буён очлик акциясини давом этирмоқда

Бирдамлик ХДП раҳбари Баҳодир Хон Туркистон тўрт кундан буён очлик акциясини давом эттирмоқда. Баҳодир Хон Туркистоннинг айтишича унинг саломатлиги бугунга қадар қониқарли ...

“бирдамлик”нинг фахрий аъзоси ботир норбоев оламдан ўтди

Профессор Ботир Норбоев фақат адабиётшунос олим эмас, профессионал сиёсатчи, довюрак мухолифат вакили ҳам эди. Ботир ака Ўзбекистон ҳали ўз мустақиллигини қўлга киритмаган ...

Бир кадрда: дилором исҳақова дўстлар даврасида туғилган кунини нишонлади

23 июнь куни Шоира ва «Бирдамлик Халқ Демократик» ҳаракати аъзоси, ҳуқуқ фаоли Дилором опа Исҳақованинг туғилган куни муносабати билан «Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракати» ва ...