МEҲРОБДАН ЧАЁН-МАЪШУҚА МАҲБАСИ

Раънонинг иккинчи хати Анвар учун яна бир ташвиш эди. Унинг ёнига боришдан ҳеч бир мантиқ топмас, билъ-акс, юрак ўтининг аланга олишини, жароҳатларнинг янгиланишини кўрар эди. Китоб баҳонаси билан хат ёзиб, ўз дарагини айтиб, эвазига шундай ташвиш ортдириб олған Анвар, кечаги кунларда ҳиссиётка қаттиғ берилиб, китоб сўратиш оқибатини яхши муҳокама эталмаганидан  пушаймон  эди.  Шунинг  билан  бирга  ўзининг  мундан  сўнгғи  ҳаракатида  ҳам амният2 сезмас эди. Чунки Раънога учрашишдан ҳеч бир фойда тасаввур қилмаған муҳокамаси қаршисидағи  кучлик  бир  майл,  Раънога  йўлиқишдан  фойда  эмас  маъно  кўрсатар  эди… Учрашилганда шубҳа йўқким, Раъно йиғлар, кўнгилни бузар, шундан бошқа иш чиқмас, лекин иккинчи тарафда неча йиллиқ муҳаббат яна шу фожиъ учрашишка мойил каби эди.

Ул тун бўйи учрашишнинг яхши ва ёмон тарафларини ўйлаб ухлай олмади, ора-чора ухлаб кеткан аснолари ҳам яна шу учрашишка алоқадор тушлар билан кечди. Ҳар қанча ақл изи билан ҳаракат  қилишға  тиришса-да,  яна  учрашмаслик,  сукут  қилиб  кетишлик  эб  кўринмас  эди. Учрашиш — нечоғлиқ тадбирсизлик, жон койитиш бўлмасин, Раънонинг: “Мен билан охирги мартаба  видоълашингиз,  сиз  нашъу  намо  қилған  жойда  мени  ҳалокат  кутадир”  жумласи  ҳар қандайдур  андишаликни  енгарлик  ва  бу  жонсўз  хитобадан  кўз  юмиш  йигитлик  шаънига ярашадирған кўринмас эди.

Анвар  қатъиян  бориш  қарориға  келганда,  девонда  ўлтуриб  ишлар  эди.  Унинг  эндиги тараддуди  учрашиш  ёки  учрашмаслик  борасида  эмас,  Раънонинг  олдиға  очиқча  боришми, яширинчами  тўғрисида  эди.  Башарти  очиқ  борса,  махдумнинг  шубҳаланиши,  Раънони  четка қоқиб  ёки уларни  таъқиб  этиб,  яраға туз  сепиши,  Анварнинг  иззати нафсига  тўқуниши  аниқ. Яширин  борса…  Орада  хиёнат,  бузуқ  ният  бўлмағандан  кейин  яшириниб  юриш  нима  ҳожат? Хайр, яширинча ҳам борсин, баногоҳ махдум кўриб қолса… Унинг учун бу масалани ҳал қилиш ҳам мушкил эди.

Иккиси кечқурун қайтишиб келдилар: Султонали мирзо кундаги каби Анварни яхши ошлар билан меҳмон қилди. Шомни ўқуғандан кейин Анвар “бир неча соат ичида жиянлари олдиға бориб келиш учун” Султонали мирзодан изн олиб чиқди.

Қишнинг охирғи кунлари, кўчада қора совуқ билан изғириқ юрар эди. Тўққуз-ўн кунлик ой шаҳарнинг  қоқ  устида  чети  қорайған  сариқ  баркашдек  ялтираб  турар  эди.  Маҳалла  болалари эшикма-эшик юриб — “Барот келди, билдингизми, идиш-оёқ қилдингизми?” ашуласини айтар эдилар.

Анвар махдумнинг маҳалласига келиб етканда, киши танимаслиқ даражада қоронғи тушди ва шу қаторда Анварнинг кўнглидаги қоронғилиқ ҳам кучайди, юрак уриши эътидолдан чиқиб, ўғри кишидек атрофига қарана бошлади. Бундан бирар ҳафта илгари бахт бўйини онғқитқан бу маҳалла ҳозир шунинг зидди билан ҳувиллар; ҳаммаёқ тим қоронғи, фақат бу маҳалла устида нурланиб кўринган ойғина унинг кўнглини ёритар, бироқ… Бироқ кажрафтор фалак3  уни ҳам бағрида қора доғи билан ўрда томонға қараб судрар эди…

 

Анвар ёпиқ ҳолда турған дарбоза ёниға келиб оҳиста итарди. Дарбозани занжир кўриб, кўз ўнги  қоронғиланди…  Бир  неча  фурсат  дарбоза  ёнида  қадалиб  турғандан  сўнг,  тўғриға  ўтди. Йигирма  қадам  чамаси  юриб,  қўшнининг  дарбозасини  итарди,  буниси  очиқ  эди.  Қоронғи

йўлакка  кирди.  Ул  махдумнинг  хуфтанга  чиқишидан  фойдаланмоқчи,  хуфтан  азони айтилгандан  кейин  ҳам  дарбоза  очилмаса,  сўнгра  қайтиб  кетмакчи  эди.  Узоқ  кутишка  тўғри келмади, маҳалла масжидида хуфтан азони айтилди, шундан бир оз кейин Раънолар дарбозаси

ҳам ғийқиллаб очилди.

Дарбозадан чиққан оёқ товши Анварга яқинлаб келар эди. Анварнинг юраги арзиқиб қўшни дарбозасининг ички томонидан очиқ табақа орқалиқ йўлға мўралар эди. Раънолар дарбозасидан чиққучи  тўғриға  ўтиши  билан  Анвар  турған  йўлакнинг  ичкарисидан  ҳам  оёқ  товши  келиб қолди. Анвар шошди, махдум беш-олти қадам йироқлашқач, йўлакдан чиқишқа мажбур бўлди.

Анвар  оёғидан  товуш  чиқармаслиққа  тиришиб,  секин-секин  дарбозага  юриб  келди.  Орқадағи оёқ товушларининг узоқлаша борғанини сезиб, хотиржамъ ичкарига кириб олди. Меҳмонхона саҳнида  бир  оз  аланғлаб  турғандан  кейин,  тўғриға — машқхона  эшигига  ўтди.  Машқхона эшигини очар экан, орқасиға — дарбоза йўлагига қаранди.

Даричалари  ёпиқ  машқхонанинг  ичи  ҳосидлар4  юрагидек  қоп-қоронғи,  даромад  ҳам ёпилғандан  сўнг  уй  гўё  лаҳад  тусига  кирди.  Зулумот  ичида  қолған  Анвар  орқа-ўнпгини ажратолмай  бўрё  устини  чоғлаб  бир-икки  қадам  юриб  келди  ва  икки  қўли  билан  тизасини

қучоқлаб чўнқайди. Даричалар тирқишидан тушкан ёруғлиқ билан зулумот бир оз кучсизланди, шунда  ҳам  унинг  кўз  ўнгга  қов5  каби  қоронғи  эди.  Ҳамма  тип-тинч;  қулоқ  остидағи чивиллашишдан бошқа товуш эшитилмас, ора-чора узоқдан келган бола йиғиси бу тинчлиқни бузғандек  бўлар  эди.  Шу  ҳодца  орадан  неча  дақиқалар  ўтиб  кетди.  Бир  вақт  ер  ости дукиллагандек бўлди. Бу дукиллаш секин-секин оёқ товшиға мубаддал бўлиб, унинг қулоқлари тиккайди.  Ичкаридан  чиққан  бирав  йўлакками,  меҳмонхонағами  ўтиб  кетди.  Анвар  энтикди, меҳмонхонанинг эшиги очилиб бир оздан кейин яна ёпилди, ҳавли саҳнида яна бирав юринди. Борған  сайин  машқхонаға  яқинлашиб  келган  оёқ  товши  билан  Анвар  тоқатсизланди.  Эшик очилиши билан беихтиёр ўрнидан туриб кетди…

— Анвар ака.

— Мен…

Эшик  очқан  Раъно  эди,  бир-икки  қадам  ичкарига  кириб  тўхтади.  Анварга  озғина  қараб турғач, узун нафас олиб орқасиға қайтди. Анвар бу ҳолнинг сабабига тушуналмаганидек, уни чиқармай  тўхтатишқа  ҳам  ўзида  жасорат  топмади.  Бирар  дақиқадан  сўнг  эшикда  яна  Раъно кўриниб, Анварнинг олдиға қорамтил бир нарса келтириб қўйди.

— Сизга кўрпача олиб келдим, — деди шивирлаб, — уйга аммам ва холамлар келишкан, мен уларни ухлатиб чиқаман…

Раъно шу сўзни айтиб, орқасиға қайта берди, эшикни бояғича ёпиб, ҳужрадан йироқлашди.

Аҳволга  бир  оз  тушунган  Анвар  кўрпачани  бўрёға  солиб,  устига  чиқди  ва  эркин  нафас  олиб ёнбошлади. Энди Раънонинг ҳар ҳолда чиқишини билса ҳам, бироқ, қачон чиқишини билмас, шунга биноан бир тавқ ўткунча кутиб ўлтуришини чамалар эди. Орадан бир оз фурсат кечканда дарбоза  очилиб  ёпилди.  Анварнинг  қулоғи  тиккайиб,  қаддини  ростлаб  ўлтуришка  мажбур бўлди. Оёқ товши яқинлашди, узоқлашди ва охирда битиб ҳам кетди.

Вақт жуда қийинлиқ билан ўтар, ташқарида “тиқ” эткан товуш уни бир аланғлатар эди. Бир тавқ ўтканига талай вақт бўлса ҳам, ҳамон Раъно дараксиз. Юраги сиқилған Анвар гоҳ ўлтуриб, гоҳ  ёнбошлар,  совуқда  музлаб  кеткан  маҳсилик  оёғини  турли  вазиятка  солиб  кўрар  эди.  Шу азоб  ичида  яна  талай  вақт  кечти.  Маъшуқа  маҳбасига  тушкан  Анвар  ўлтуриб  чидалмади, кафшини  кийиб,  ўрнидан  турди,  музлаган  оёғини  иситиш  ва  оғриққа  кирган  аъзосини ҳаракатлантириш учун уй бўйинча кезина бошлади. Неча вақт саҳн айланиб, яна ўлтурди, Ой ҳам бота бошлаған, чунки четдаги дарича тирқиши орқалиқ тушиб турған кучсиз ойдин изи ҳам йўқолиб, уйни  қоронғилиқ  босқан,  теваракда  чалинған  довулларнинг “гум-гум” оҳанги  ичида хўрозлар иккинчи мартаба қичқириб юборған эдилар. Анвар бир оз ёнбошлағандан кейин яна ўрнидан  турди,  кафшини  кийиб  келиб,  эшикни  очди,  саҳнга  тушиб  кўзини  уқалади.  Кўкда дуркум-дуркум юлдузлар сайр этар эдилар. Том бошидан ботишқа яқинлашқан ой нури аранг-аранг кўзга чалинар эди. Анвар тоза ҳаво искаб узун нафас олди.

— Зерикмадингизми?

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Маҳбас — ҳибсхона, қамоқхона.

2 Амният — тинчлик.

3 Кажрафтор фалак — эгри айланувчи фалак.

4 Ҳосид — ҳасад қилувчи, бахил.

5 Қов — куйдирилган пахтага нисбат.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Депутатнинг ноласи

Олимжон Тўхтаназаров: Наманганнинг Попидан, Тошкент тамон қайтаман. Аҳолини дардини, Президентга айтаман. Мавжуд бўлган муаммолар, Ечимини топмас ҳеч. Тумандаги холатни, ...

Абдулла қодирий:ўткан кунлар-5

5. КИРОЙИ КУЯВИНГ ШУНДОҒ БЎЛСА! Пояфзал бозори ва унинг бурчагидаги ҳавли... Ўқуғувчи албатта бу ҳавлининг эгаси билан таниш чиқар. Кўримсиз, чирк босиб қорайған, жуда кўб ...

Мeҳробдан чаён-оила ва кишилар билан муомала

 Махдум оиласини ҳам кийим-кечак важидан ўзи каби тутар эди. Кийим-кечакдагина эмас, ҳатто  озиқ-овқат  тўғриларида  ҳам  унинг  анчагина  келишимсиз  қилиқлариға  йўлиқилар  ...