Умидларимни сўндирган хат

2019 йил 26 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz) манзили бўйича шахсан Ш.М. Мирзиёевга юборган охирги хатимга (7932-s/19) шу куннинг ўзида Президент Админстрацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик Хизматига юборилганлиги ҳақида билдирги келган эди.

Рости, Президент номига ёзган хатим туман ИИБ бўлимига юборилмаганидан, давлат раҳбарининг шахсан ўзига бўлмаса ҳам яп-янги ДХХнинг яп-янги раҳбариятига юборилганидан ниҳоятда хурсанд бўлган эдим. Президентга, Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан ўлаётган ишончларим озгина тирилгандай, сўнаётган энг сўнги умидларим элас-элас милтиллагандай бўлганди. Президент админстрациясининг бу ташаббусидан чексиз қувондим. Шу кундан эътиборан ДХХдан хабар кутиш одатимга айланди.  Ўзимча ҳар куни “мени ё бугун, ё эртага хатим юзасидан энди миллат душмани, ўғрибоши Рустам Иноятовнинг турқи совуқ МХХчилари эмас, балки янги ДХХнинг адолатли раҳбари Ихтиёр Абдуллаевнинг хушмуомалали, ҳақгўй ходимлари сўраб келади, телефон қилади”, деган хаёллар исканжасида илҳақ кўйда қолдим. Бироқ ундай бўлмади, кунлар кетидан кунлар зувиллаб ўтаверди, ДХХчилардан ҳеч қандай садо чиқмади…

Шу орада, жорий йил 11-февралда яп-янги ДХХ атрофида яна шов-шувлар болалаб, “мусаффо осмонимиз” узра парвоз қилиб қолди. Қайсидир нашр янги раҳбар И. Абдуллаев ва унинг бир неча шайкалари иқтисодий жиноят содир этиб қўлга тушганлигини, бошқа бир нашр Президент сиёсатига саботажлар уюштириб келганликлари фош бўлганлигини ва ҳ.к. ёзиб тревога қилишди. Бошқа амалдорларга боғлиқ шов-шувларга ўхшаб И. Абдуллаев атрофида эсган шов-шувлар ҳам қандай шиддатли бошланган бўлса шундай шиддатли тугади. Ҳали эскиришга улгурмаган янги ДХХ раҳбариятининг тақдири қандай интиҳо топганини билганлар билди, билмаганлар билмади. Юборган хат бўйича жавоб ёки чақирув қоғози кутаётган каминанинг қовуни яна қўлтиғидан тушди… Орадан кўп ўтмай Ш. Мирзиёев ислоҳ қилган ДХХга, эски раҳбар ўрнига яна яп-янги раҳбар, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов келди…

Янги раҳбарият виждонли, инсофли бўлса, менинг Президент Админстрацияси томонидан ДХХга юборилган, бир неча ойлардан бери чанг босиб ётган хатимга жавоб беришади, деган ўйлар яна миямда ғужғон айлади бошлади. ДХХнинг раҳбари, юзлаб, эҳтимол минглаб хат эгаларига, албатта, жавоб беради ва бериши керак! ДХХ Ўзбекистон аҳлини деярли хонавайрон қилишга чоғланган собиқ МХХ эмаслигини исботлаши шарт, деган чорасиз, эсиз умидлар юмилаётган кўзларимни аранг очиб, базўр уйғонди. ДХХнинг яп-янги раҳбаридан яна наилож ҳолда янги ташаббуслар кута бошладим…

Бироқ ДХХнинг янги раҳбарияти ҳам назаримда ташаббускор чиқмади, шу тариқа, камина уларни ҳам осмондан тош ёғса товонига ботмайдиганларга ўхшатдим.

Ҳар бир қадамимни зимдан, орқаваротдан, кимлардир орқали яширин йўллар билан текширишга устасифаранг ДХХчиларни уйғотиш мақсадида яна ноилож матбуотга юзланишимга тўғри келди. Катта эҳтимол билан 2019 йил 14 апрелда Facebookда қуйидаги мақолам эълон қилингандан кейин (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=2030959797026916&id=100003387478714) яп-янги ДХХ раҳбарияти менинг Ш. Мирзиёев номига ёзган хатимга жавоб беришга мажбур бўлди.

Бироқ, бироқ, минг афсуски, ДХХчилар хатимни, хатда кўрсатилган воқеа-ҳодисаларни пухта ўрганмасдан, шунчаки жавоб ёзиб тинчланди. Мен, ниҳоят  умримда биринчи марта ДХХдан жавоб хат олдим. ДХХ бўлим бошлиғи (ҳатто қайси бўлимлиги ҳам аниқ кўрсатилмаган) Р. Турсуновнинг имзоси билан, ДХХ учун давлат тили ҳисобланадиган рус тилида келган, атиги 60-65 сўздан иборат хат келди. Уни ўқиб шок ҳолатга тушиб қолдим (Хат эълон қилинмоқда). Хатда шундай дейилади: “Ваше обращение относительно применения морально-психологического воздействия и пыток в условиях Следстенного изолятора СГБ со стороны сотрудников не нашло своего подтверждения”. Яъни, ДХХ ҳибсхонасида менга нисбатан ахлоқий ва психологик таъсир ва қийноқлар қўлланилганлиги тасдиқланмаган. Тамом-вассалом!

Мен эса хатим юзасидан ДХХдагилар мени ўз ҳузурларига чақириб, хатда тилга олинган важлар бўйича фактлар ва тибиий хулосалар талаб қилиш ини, шахсан суриштирув, керак бўлса тергов ишлари олиб боришини кутиб, чучварани хом санабман. Янги раҳбарият шикоятимга янгича ёндашади деб, ахмоқона ўйлабман.  Ҳалигача ДХХ бўлим бошлиғи Р. Турсунов хатимга нималарга асосланган ҳолда бундай саводсизларча жавоб

берганини асло билолмаяпман. Ахир “важ-карсонлар” тасдиқ топиши учун шикоят эгаси бўлмиш менинг ёрдамим керакку?! Бир инсон тақдири ҳақида гап бораётган чоғда хатга нега беписанд муносабатда бўлдийкин?

Ахир ДХХ ходимлари мени олдиларига чақиртириб, хатда тилга олинган воқеликлар бўйича исбот талаб қилмадику?! Агар мен буни исботлаб бера олмаганимда

у ҳолда “ДХХ ҳибсхонасида ахлоқий ва психологик таъсир ва қийноқлар қўлланилганлиги тасдиқланмади”, деб жавоб берса, керак бўлса туҳмат учун жазо қўлласа ҳам рози бўлардим. ДХХ ходимининг шаблонга айланган жавоб хати юборишдан наҳотки виждони қийналмаган бўлса?! Наҳотки, янги ДХХ таркиби ҳали янгича ёндошув, янгича қарашлар асосида ишлашга ўтмаган, эски МХХ иш усулидан воз кечмаган бўлса?! Менда МХХ томонидан менга нисбатан қўлланилган шафқатсиз қийноқларни тўла-тўкис исботлаб беришим учун фактлар етарли. Асосий факт, МХХ изоляторида ярим литрли банкада атайин такрор ва такрор сув қайнатиб, қайноқ сувдан чиққан кипятельникни такрор ва такрор оёқларимга босгандан қолган излар ҳали ҳам бор. Бу изларни хоҳлаган давлатда (фақат Ўзбекистонда эмас) тибиий экспертиза бехато таҳлил қила олади деган фикрдаман ва бундан асло шубҳам йўқ.

Қолаверса, мени тун ярмида МХХ ходимлари ташлаб кетган жойдан, яъни Тошкент шаҳридаги Оқтепа қабристони олдидан ўз уйига олиб кириб, менга яқиндан ёрдам берган шахслар, гувоҳлар тирик, шунингдек, шу пайтда Оқтепа маҳалла участка милициясида ишлаган милиция ходимларини ҳам топиш мумкин бўлса керак. Бундан ташқари, мен ҳеч қачон на “Бирлик” ва на “Эрк” партияларига аъзо бўлмаганимни ҳамда мазкур партияларнинг эшиги қайси томонга қараб очилишини билмаганлигимни ҳам исботлаб бера оламан…

Хуллас, ДХХнинг жавоб хатидан тўла норозиман. ДХХдан ушбу хатни олганимдан кейин иқрор бўлдимки, қонхўр МХХ гарчи амалда ДХХга айланган бўлса-да, бу тизимнинг одамларга муносабатида ҳеч нарса ўзгармабди. Эндиликда тизимда яқин йиллар ичида ўзгариш бўлишига зинҳор-базинҳор ишонмайман. ДХХнинг янги раҳбарияти ўз ўтмишдошларининг хатоларини такрорламасликка ҳам кафолат йўққа ўхшайди. Демак, ҳали-вери тизимга янгича сиёсат тадбиқ этилмайди.

Рўзибой Азимий,

Мустақил журналист

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қонунлар ишласа яхши, ишламаса ундан эртак яхши

Кеча Муҳрим Аъзамхўжаев ўз каналида футболимиздаги баъзи тутуриқсиз ишлар ҳақида пост қўйибди. Ўша постда ЎФАнинг баъзи тушунарсиз ишлари ёзилган. Яъни, кимларгадир "бир умр ...

Ҳоким қонунни ҳурмат қилмайдими?

Миришкор тумани ҳокими Равшан Комилов — замонамиз қаҳрамони. Унинг юртимиз олдидаги «хизмати» беқиёски, ҳатто тўрт дона маккажўхорини ҳам бюджетга тушишига ғамхўрлик қилади, ...

«пойабзаллар ичидаги йиртиқ пайпоқлар». кўзбўямачилик, тадбирбозлик ва маддоҳлик ҳақида

Бир йилдирки мамлакатимизда жиддий ислоҳотлар бошланди. Номигагина, кўзбўямачилик учун эмас, ҳақиқатда ислоҳ қилиш учун, халқнинг юкини енгил қилишга, мажруҳланган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400