Эрта қайтган турналар (қисса)-9

Ўша куни мана шундай ҳодиса рўй берган эди. Султонмурот қилмишига яраша оладиганини олди. Бригадир ҳам қамчи билан саваламай нима қилсин. Қанча меҳнат, ҳаракат зое кетди. Нимага ҳам ярарди чўлоқ от? Гўштгами? Бироқ заҳматкаш жониворни сўйишга кимнинг қўли борарди? Чекиш ва бошқа биладиган одамларнинг айтишича, отнинг қаттиқ шикастланмаганлигигина бирдан-бир тасалли эди… Онатойнинг Оқтўриғини бир чолнинг ҳузурига олиб бордилар. У йилқиларни даволарди. Беда, пичан оборишиб, у ерда навбатчилик қила бошлашди. Омадлари келиб, беш кунлардан кейин Оқтўриқ илгариги ҳолига қайта бошлади ва уни отхонага олиб келдилар.

Умуман бу ҳафта оғир ўтди, уйда эса онасининг тоби қочиб қолди. Аввалига ўзини ёмон ҳис қила бошлади-ю, кейин иссиғи кўтарилиб кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолди. Султонмурот онаси, укаларига қараб уйда қолишига тўғри келди. У ана шундагина уйлари бўм-бўш, ҳувиллаб қолганини пайқади. Отаси армияга кетганидаги ўнтача қўйларидан бирортаям қолмади:
иккитасини ўзларига сўйишди, қолганларини ҳарбий заёмга сотишиб, бошқа солиқларга тўлаб юборишди. Яхшиямки, ҳали елини тўлишиб қолган, яқин-орада туғиши керак бўлган сигирлари, яна бир томонда Ажимуротнинг эшаги Қораёл бор. Бор-йўқ мол-ҳоллари мана шу.
Ўшаларни боқишга ҳам ҳеч вақо йўқ. Сарой томидаги ғарамда қуруқ маккажўхори пояси сақланарди. Ҳисоблаб кўрди, агар қиш чўзилмаса сигирнинг туғишига базўр етаркан, аммо қиш чўзилса, нималар бўлишини ким билади. Эшак ўзига ўзи емак топмоғи керак эди. У ҳовли атрофидаги янтоқ ва бурганларни еб юрарди. Ўтин-чўпга келганда аҳвол жуда чатоқ, таппи тутаёзган, шох-шабба яна бир неча кунга етарли қолган. Кейин нима бўлади? Итлари Оқтош ҳам саёқ бўлиб кетибди. Султонмурот маъюсланиб қолди. Ўз-ўзидан хижолат тортарди. Куну тун отхонада Оқсой десантини тайёрлаш билан машғул бўлиб, хўжаликлари қаровсиз қолганини ҳам пайқамабди. Отаси борлигида ҳечам шундай бўлармиди? Отаси пичан йиғса бутун қиш ва баҳорга етарди. Ўтинни ҳам ғамлаб ташларди. Нимасини айтасиз — отаси борлигида ҳаётлари бутунлай бошқача, хотиржам, саранжом-саришта, ораста эди. Фақат уйларидагина эмас, ҳамма ерда, балким бутун дунёда бошқача эди. Ҳозир ҳовлиларидан файз кетган. Худди куз пайти яп-роқларсиз қолган дарахтлар каби ҳовлида нимадир етишмай турарди. Ўтов ўз ўрнида, кўчалар, уйлар ўша-ўшаю, барибир отаси борлигидаги файз йўқ. Ҳатто ҳовли орқасидаги кўчадан ўтиб турадиган арава ғилдиракларининг тақир-туқур овози ҳам, илгаригидек, отаси шу йўлларда, худди шу араваларни ҳайдаган вақтидаги сингари мароқли эмас эди.
Жамбулга борган одамларнинг айтишича, шаҳарда шундай қимматчилик, очарчилик ва тўс-тўполон эмишки, тезроқ уйга қайтгинг келармиш. Демак, шаҳар ҳам ўша отаси билан борганларидай эмас, бутунлай ўзгарган.

Нега шундай экан-а? Демак, отаси йўклиги учун шундай бўлибди-да… У ҳозир қаерда, ҳоли не кечди экан? Охирги хат бир ярим ойлар чамаси олдин келганди. Қаердадир йўлда бирон ерда ушланиб қоляпти, деб тасалли берарди у онасига. Онаси уҳ тортарди. Фронтдан жўнатилган хат, эҳтимол, ушланиб қолиши ҳам мумкин. Балким хат ёзишга ҳеч кимнинг вақти ҳам йўкдир ҳозир? Ҳамма гап ана шунда, бироқ Чуй каналидан хат келмаслиги бошқаю, фронтдан хат келмаслиги бошқа. Мана, онаси ҳам, ҳаммалари ҳам шу ҳақда ўйлайдилар.
Аввалги кун тонг маҳалида ит ҳуриб, кейин жимиб қолди. Эркаланиб ғингшидию, бир оздан сўнг дераза тақиллади. Онаси сесканиб, касал бўлишига қарамай тўшакдан туриб кетди. Султонмурот ҳам дераза томон отилди. Ташқарида кимдир турарди. Биринчи бўлиб уни онаси таниди.
— Тоғанг Нурғози келди, — деди у ўғлига, — бор, кутиб ол. — Ўзи бўлса кўнгли айнаб, тиши тишига тегмай кўрпага кирди.
Онасининг акаси, Нурғози тоғаси тоғда яшар ва умр бўйи қўшни совхозда чўпонлик қиларди. Бир куни ёши ўтиб қолган бўлса-да, уни ҳам армияга чақиришди. Аммо Жамбулдан уни ва яна бир неча чўпонни уйига қайтаришди. Отарларда ҳеч ким қолмаган эди. Подани кимсасиз ташлаб кетиб бўлмайди-ку. Яхшиям Нурғози тоғалари бор экан, онда-сонда бўлсада, улардан хабар олиб турарди. Мана бу сафар ҳам кечаси қўйларни қўрага қамаб, синглисини касал деб эшитиб, тоғдан тушиб келибди. У оз фурсатга келиб, нима гаплигини билгач, тезроқ уйга қайтмоқчи эди.
Шамолда қорайиб, лўлига ўхшаб қолган, тулкитери тумоқ, кигиз қўнжли этиклари тиззасидан юқорисигача, баҳайбат, чайир тоғаси аёз билан бирга қўй ҳидини анқитиб кириб келди. Шу заҳотиёқ уйда ғала-ғовур кўтарилди. Эгнидан пўстинини ечиб синглисини ёнига чўккалади-да, унинг иссиқ қўлини ўзининг залворли кафтига олиб, индамай томир уришини эшитди.
Узоқ вақт диққат билан унинг нозик тўпиғини ушлаб, ўзининг қаттиқ, йўғон бармоқлари билан томирини текширди. Ниманидир сезиб, ниманидир аниқлади. Бир оз хаёлга чўмиб, йўталиб қўйди, сўнгра соқолини сийпалаб, хушнуд жилмайганча Султонмуротга деди:
— Ҳечқиси йўқ. Яхшигина шамоллаб, роса совуқ ўтибди. Билгандай гўшт, думба ёғи олиб келувдим. Қалампир ва пиёз солиб иссиқ, ёғли шўрва ичиб, обдан терла, — маслаҳат берди синглисига у. — Сен-чи, Султонмурот, эгардаги хуржунни олиб кел, нима бўлса ҳаммасини уйга олиб кир. Хуржунни эса бўшатиб бер… Узоқ ўтириб қололмайман, қўйлар эгасиз қолган.
Онаси тоғаси билан у ёқ-бу ёкдан гаплашиб олгунларича Султонмурот олов ёқиб, чой қайнатишга улгурди. Унгача кичкинтойлар ҳам уйғониб қолишди. Дарров тўшакдан туриб қип-яланғоч дийдирашганларича ҳаммалари тоғаларига ташланишди. У гўдакларни ёнида турган пўстинига ўраб олар, улар эса тиззасига, елкаларига ирғишлашарди. Айниқса, тоғанинг эркатойи Ажимурот бўлса расмана гўдак бўлди-қолди. Учинчи синфда ўқиётганига қарамай у қўзичоқдай эркаланарди. Тоғасининг тулкитери тумоғини бошига кийиб, қамчинини қўлига олиб ўзи эса худди отга мингандай тоғасининг елкасига чиқиб олди.
— Уялмайсанми! Туш! — Султонмурот уни бир-икки турткилади, аммо бунга Нурғози тоғанинг ўзи индамасди.
— Тегма унга, тегма, майли, ўйнайверсин.
Ана шундай қувноқ, сершовқин тонг отди. Ажимурот аллақачон мактабга бориши керак бўлса ҳам ҳамон имилларди. Онаси бақириб-чақирса ҳам у тоғасининг атрофида гирдикапалак бўлиб ивирсирди. Шундан сўнг тоғаси жиянини қистай бошлади. Базўр уни кийинишга кўндиришди. Охири шунга бориб етдики, Султонмурот укасининг қўлларидан тутиб ташқарига судраб чиқариб юборди. У бўлса эшикка тиралиб олиб, ташқарига чиқариб юборилганидан бўкириб йиғлай бошлади. Шу кўйи бақириб йиғлаганча мактабга равона бўлди. Болакайга ҳамманинг раҳми келиб кетди.

Нурғози тоғанинг ҳатто жаҳли ҳам чиқди.
— Бу нима қилганинг? — деди у Султонмуротни койиб.
— Йўқ, тоғажон, мен унга тегмадим.
— Нимага йиғлаяпти бўлмаса?
— Султонмуротинг унга теккани йўқ, — болишдан бош кўтариб гапга аралашди онаси. — Йўқ. Нурғози ака, у отасини соғинганидан шундай қиляпти. Шунинг учун ҳам болалар сизга ёпишгани-ёпишган. Тўйиб кетдик. Кутавериб кўзимиз тўрт бўлди. Икки энликкина хат келса кошкийди. Мана, икки ой бўлдики, дом-дарак йўқ…
Нурғози тоғалари синглисини тинчита бошлади. Йиғламаслигини, болалари учун ўзини эҳтиёт қилишини тайинларкан, одамларни ўлди деб ҳисоблашиб, ярим йилдан кейин улардан хат олишганлари ҳақидаги ҳар хил воқеаларни гапириб берди. Уруш-урушлигини қилади-да…
Бу гал, Султонмурот бемор онаси ёнида ўтириб, ҳаётлари отасиз нақадар оғир кечаётганини чуқур ҳис этди. Ажимуротга ўхшаб кичикроқ бўлганидами, соғинчидан бор овози билан ҳўнграб йиғлаб оларди. Шу кўйи, йиғлаб-сиқтаб, боши оққан томонга жўнаган бўларди. Унинг салгина бўлса-да, умидвор бўлгиси келарди. Тез орада қайтмаса ҳам майли, фақат отаси тирик бўлса бас, ана ўшанда эркин нафас олиб, кутиб, чидаса бўлади. Энди у ўз муаллимаси Инкамол опанинг аҳволига тушунди.


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-6

Тўртинчи боб — Султонмурот, сенга нима бўлди? — Султонмурот Инкамол опани шундоққина партаси олдига келгандагина пайқади. — Ўзим. Ҳеч нима, — гўё ўзини оқламоқчидай ўрнидан ...

Эврил турон: йўлдаги ўйлар, фикрлар, мулоҳазалар (давоми)

(Давоми) Юқорида сиз “31 миллионли элдан 99 фоизи”... дедингиз. Бу фикр ҳақиқатга унча тўғри  келмайди. Келади. Ҳаёлан ҳар бир ўзбекнинг уйига бирма-бир кириб чиқинг. ...

Мeҳробдан чаён-хушёрлиқ

 Ҳозир Абдураҳмон ўзининг яқин мозийсида усти ширнига беланган от тезакдан бошқа бир нарса кўрмаганидек, истиқболида ҳам эпақалиқ бир ҳол тасаввур қилолмас эди. Бир неча ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400