Ўзбекистоннинг Хитой ва Монголиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Саидов бир вақтнинг ўзида Филиппин (қароргоҳи Пекинда) элчиси этиб тайинланди.
24 июль куни Бахтиёр Саидов Филиппин Республикаси Президенти Родриго Роа Дутертега ишонч ёрлиқларини топширди.
Суҳбат чоғида Филиппин раҳбари Филиппин ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама ва кўп томонлама даражаларда, шу жумладан, БМТ доирасидаги муносабатларнинг ривожланиши фаоллик тамойилига эга эканлигини қайд этди.
Р.Дутерте Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо берди.Филиппин етакчиси мамлакатларимиз ўртасида “ўзаро ҳамкорликнинг турли жабҳаларида умумий манфаатдорлик кўп” эканлигини таъкидлади.
Шу ўринда сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, экстремизм, терроризм ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш сингари йўналишлар алоҳида қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг июль ойида Бахтиёр Саидов Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси, 2018 йил апрелида Монголия (қароргоҳи Пекинда)даги элчиси этиб тайинланганди.