Volvoдаги ўзбекистонлик: “Электромобиллар – автосаноатнинг янги давридир”

Volvo Group корпорацияси молиявий мутахассиси Шерзод Жалилов автомобиль гигантидаги фаолияти ҳақида сўзлаб, Ўзбекистонда электромобилларни ҳамда европача иш юритишни жорий этиш ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашади.

Volvo превью

Шерзод Жалилов Самарқандда туғилган, Тошкент молия институти Молия-иқтисодиёт факультетини ва Вроцлав давлат университети (Польша) Иқтисодиёт факультети магистратурасини аъло баҳоларга тамомлаган. Ўзбекистонда УзБАТ компанияси молия бўлими мутахассиси ва Аrtel компаниясида таъминот бўйича менежер сифатида ишлаган.

Ҳозирда Вроцлав шаҳрида яшайман. Volvo Groupнинг Польша бўлинмасида молиявий назорат бўлими мутахассиси лавозимида ишлайман. Қўшимча равишда Volvo Production Systemда фасилитаторлик қиламан. Ишим ишлаб чиқариш жараёнини статистик маълумотлар асосида мониторинг ва назорат қилиш, таҳлил ва молиявий ҳисоботлар тайёрлаш, етказиб берилган товар учун тўлов ўз вақтида ўтказилишини кузатишдан иборат. Шунингдек, асосан Бельгия ва Швеция бўйича молиявий масалаларни ҳал қиламан. Дарвоқе, компаниянинг бош қароргоҳи Швецияда жойлашган – Гетерборг шаҳрида. Volvoнинг бошқа мамлакатлардаги бўлинмаларига ишлаб чиқаришнинг ва умуман компаниянинг иқтисодий ҳаётини муҳокама қилиш учун тез-тез бориб тураман.

Чет элларга бизнес-сафарлар компаниянинг барча бўлинмаларидаги ноёб мутахассислар билан танишиш, дунёқарашни кенгайтириш ва янги ғоялар яратишга кўмак беради. Октябрь охирларида Кортрейк (Бельгия)га бордим – у ерда ўтган Busworld 2017 кўргазмаси компаниямиз янги моделларни тақдим этди.

Volvo 7900 Electric Hybrid
Volvo 7900 Hybrid шаҳар атвобуси. Фото: www.volvobuses.ru

– Volvoга ишга киришингиз қандай бўлганди?

Болалигимдан илм-фан ва технологиялар уйғунлиги тараққиётнинг асосий катализатори эканлигини тушунгандим. Дунёни ўзгартиришга ўз ҳиссамни қўша оладиганим компанияни излардим. Volvo Group – электромобиллар ишлаб чиқиш жараёнига бош қўшган бир неча компаниялардан биридир. Бу автосаноатнинг янги даври бошланишидир. Шу сабабли Вроцлав университети талабаси эканимдаёқ молиявий назорат бўлими кичик мутахассиси лавозимига резюме топшириб қўйгандим.

– Саралашдан ўтиш қийин бўлмадими?

Саралаш уч босқичда ўтказилди: резюме, тажриба ва билимлар, суҳбат. Биринчи икки босқич – стандарт таомил. Асосий эътибор учинчи босқичга қаратилади, унда комиссия номзоднинг шахсиятини аниқлайди. Дунёга ўзгача қараш сизнинг фойдангизга ишлайди. Бўлим менежери сўзларига кўра, бир ўринга 100дан зиёд номзодлар тўғри келган. Бизни жамоага қабул қилишди ва, молиявий жараёнларни ўрганиб Польшада татбиқ этиш учун, дарҳол Шимолий Каролина (АҚШ)га юборишди. Дастурнинг муваффақиятли якунланиши компаниядаги мавқеимизни мустаҳкамлади.

Volvo Шерзод 2

– Компания қандай шароитлар яратади?

Йил давомида бонуслар бериб борилади. Ижтимоий пакетга бепул тиббий текширув, спорт муассасаларига, кинотеатрларга ташрифлар киради.

Иш куни саккиз соатдан ошмайди. Бундан кейин инсон концентрациясини йўқотади, деб ҳисобланади. Мия чарчайди ва уйга бориши керак бўлади.

Fika маданияти билан танишиш манзур бўлди. Бу – шведлар маданиятига хос одат: ишни, иш ҳақидаги барча гап-сўзларни ва ўй-фикрларни четга суриб, ҳамма биргаликда қаҳва ичгани боради. Fika мия тўқималарини тозалайди, шундан кейин ишга соғлом ақл билан қайта киришиш мумкин бўлади.

– Volvoда ишлаш сизга нима берди?

Volvoда бирор сония бўлмадики, мен ўзимни моҳият ва мақсадга тушунмай, келиб, ишини қилиб кетадиган одамдек ҳис қилган бўлсам.  Аксинча, компания менинг ўрним нақадар аҳамиятли эканлигини англатиб туради. Ҳар гал янги электромобиллар чиқарганимизда ва бу билан Европа транспорт қиёфасини ўзгартираётганимизда, дунёни яхшироқ қилаётганимизда мен буни яққолроқ ҳис этаман. Яқинда шаҳарда очилган кўргазмада Tesla автомобилларининг тест-драйви ўтказилди. У ерда кўрганларим бу йўналишдаги лойиҳаларимиз устида янада руҳланиб ишлашга ундади.

Volvo polestar
Volvo Polestar 1 электромобили. Фото: www.evo.co.uk

– Европада электромобиллар қанчалик кенг тарқалган?

“Европа 2020” стратегияси қабул қилингач, ЕИ транспорт тизими буткул ўзгармоқда. Европа бўйлаб сайр қиларканман, электромобиллар анъанавий автомобилларни қанчалик тез сиқиб чиқараётганлигини кузатаман. Tesla автомобиллари, Volvo электр автобуслари одат тусига кирди. Биз, масалан, Бельгия, Швеция, Норвегия, Люксембургга электр автобуслар етказиш ҳажмини кенгайтирдик. Гетерборгда ElectriCity лойиҳасини ташкил этдик – у шаҳарни тўлиқ электромобиллар билан таъминлашни кўзда тутади. Volvo Car компанияси 2019 йилдан бошлаб тўлиқ электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтади. Дунё жуда тез ўзгармоқда, бугунги инновациялар тез орада эскирган маҳсулотга айланади.

– Электромобилларни Ўзбекистонда қўллаш ғоясига қандай қарайсиз?

Фикримча, жаҳон автогигантлари ёқилғили машиналар ишлаб чиқаришдан бутунлай воз кечадиган кунларга оз қолди. Шу сабабли, мамлакатимиз ҳозирданоқ электромобилларни жорий этиш учун шароитлар яратиш борасида ўйлаши керак. Кичик синов шаҳар-лойиҳалардан бошлаш ва уларни электр-шаҳарларга айлантириш, қуёш батареяларидаги электр зарядлаш қурилмалари ва электрда юрувчи жамоат транспортлари билан таъминлаш мақсадга мувофиқ бўларди. Албатта, бундай лойиҳалар муайян қийинчиликларга эга, йирик инвестицияларсиз иш битмайди.

Шерзод Volvo

– Volvo тажрибасининг қай жиҳатларини Ўзбекистонда қўллаш мумкин?

Бу ерда “бошлиқ” ва “бўйсунувчи” деган тушунчалар йўқ. менежер ғоялар тўпланиши учун муҳитни яратади, холос. Уларни амалга оширишда лавозимидан қатъи назар барча қатнашади. Бундай муҳитда ноёб ғоялар яратиш истаги ўз-ўзидан ўсади ва инсон кундан-кунга такомиллашиб боради.

Фикримча, бундай шароитларни Ўзбекистондаги компанияларда яратиш ижобий натижалар келтиради ва ходимларга катта таъсир кўрсатади. Компаниянинг дунёдаги мавқеи унда ҳукм сурувчи руҳиятга кўп жиҳатдан боғлиқ, деб ўйлайман.

– Ўзбекистонга қайтиб, бу ерда ишлаш ёки ўз лойиҳангизни юритиш режада борми?

Албатта. Кунлар жуда қизғин ўтишига қарамай, Ўзбекистонни соғинаман. Миллий таомларимиз ва… қуёшимиз етишмайди.

Юртга қайтгач, Volvoда олган тажрибамни татбиқ этиб, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишни истардим. Ғояларни тўплаш учун қулай муҳит яратиш компанияларга фикр юритишнинг янги босқичига чиқиш имконини беради ва жаҳон майдонида илгарилашга хизмат қилади. Лекин бу ягона мақсад эмас. Асосий мақсад – инновацияларни жорий этиш орқали иқтисодиётни ривожлантириш.

Фото: Қаҳрамонимизнинг шахси альбоми

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тошкентда 25 минг долларга уйини сотган ва уни сотиб олган фуқаролар ушлангани ҳақидаги маълумот нотўғри

Тошкентда 2 хонали уйни 25 минг долларга сотаётган вақтда фуқаролар Р.Т. ҳамда Н.Л.ларнинг ушлангани тўғрисида ОАВда эълон қилган хабарлар юзасидан Бош прокуратура ахборот ...

Энди порахўрлардан олинган пул мактаб қурилишига сарфланади

Бу ҳақда бугун, 6-февраль куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Бишкек шаҳридаги № 69 ва № 12 мактабларининг ўқувчилари билан учрашуви чоғида маълум қилди. «Ўтган ...

Чилонзорда овқатдан заҳарланган 4 киши вафот этди

Ҳодиса юзасидан батафсил маълумотлар экспертиза хулосаси чиққанидан сўнг маълум қилинади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати берган хабарга кўра, Тошкент шаҳрининг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400