Эркак киши билан қўл бериб сўрашишдан бош тортгани учун ишга қабул қилинмаган швециялик муслима судда ютиб чиқиб, иш берувчидан товон ундиришга муваффақ бўлди.
24 яшар Фараҳ Алхўжа таржимон сифатида ишга жойлашмоқчи бўлиб, суҳбатга борган. Бироқ эркак кишига қўл бермагани туфайли унинг суҳбати бекор қилинган.
Алхўжа хоним қўл бериш ўрнига қўлини кўксига қўйиб, салом берган.
Швециянинг меҳнат масалалари бўйича суди компанияни аёлни таҳқирлашда айблаб, Алхўжа хонимга ундан $4,350 миқдоридаги товон пули ундириб берган.
Мусулмон динига эътиқод қилувчи баъзи одамлар қарши жинс вакиллари билан жисмонан алоқа қилмасликка интиладилар.
Қўл бериб сўрашиш эса Европада илдизи узоқ асрларга бориб тақалувчи анъанадир. Бироқ Европанинг аксар давлатларидаги қонунлар компаниялар ва мансабдор шахсларга одамларнинг жинсига қараб турлича муомалада бўлишни ман этиши мумкин.
Судда 24 ёшли Алхўжа хонимни ҳимоя қилган Швециянинг дискриминация масалалари бўйича омбудсман идораси суднинг қарорида «ишга жойлашувчининг манфаатлари, ўз танасига эгалик ҳуқуқи ва давлатнинг диний эркинликни сақлашдаги аҳамияти» ҳисобга олинганини маълум қилади.
Суд нега бундай қарор олди?
Алхўжа хоним ишга жойлашмоқчи бўлган таржимонлик компанияси ўз ходимларига эркак ва аёлга тенг муносабатда бўлиш мажбурияти юклатилгани ҳамда жинсий фарқ важ асосида бир ходимининг бошқалар билан қўл бериб сўрашишдан бош тортишига йўл қўя олмаслигини иддао қилган.
Аммо дискриминация масалалари бўйича омбудсман Алхўжа хоним кўксига қўл қўйиб, салом бериш орқали эркаку аёлни хафа қилмасликка интилганини таъкидлаган.
Суд эса компаниянинг ходимларидан иккала жинс вакилларига ҳам тенг муносабатда бўлишни талаб қилишга ҳаққи борлигини тан олган, бироқ бу ҳуқуқ фақат қўл бериб сўрашишни талаб қилиш кўринишида бўлмаслиги лозимлигини маълум қилган.
Суд Алхўжа хонимнинг диний сабаблар асосида қўл бериб сўрашишдан бош тортиш ҳуқуқи Инсон Ҳуқуқлари бўйича Европа Конвенцияси томонидан кафолатланган эканлигини айтиб, компаниянинг ходимларидан жинсларга тенг муносабатда бўлишни бундай усулда талаб қилиши мусулмонлар манфаатларига зид, деган қарорга келган.
Бироқ ҳакамлар ушбу иш бўйича якдил фикрга кела олмаган – уларнинг уч нафари Алхўжа хоним даъвосини дастаклаган бўлса, иккитаси бунга қарши овоз берган.
Алхўжа хоним нима дейди?
Суддан сўнг Би-би-си билан суҳбатлашган Алхўжа хоним доим ҳақлигига чин дилдан ишонган нарса учун курашишдан тўхтамаслик муҳимлигига ишонганини айтади.
«Мен Аллоҳга ишонаман. Швецияда бундай эътиқодли одамларни учратиш қийин… ва бошқаларга зарарим тегмаётган экан, одамлар мени боримча қабул қилишлари лозим.»
«Менинг мамлакатимда… эркак ва аёлга турлича муносабатда бўла олмайсиз. Мен буни ҳурмат қиламан. Шу сабабдан на аёл, на эркак билан қўл бериб сўрашмайман. Мен бир вақтнинг ўзида ҳам диним талаблари, ҳам мамлакатим қонун-қоидаларига бўйсуниб яшай оламан.»