Афғонистон пойтахтининг дипломатик туманида кучли портлаш рўй берди, камида 10 киши ҳалок бўлди, тахминан 65 киши жароҳатланди, деб Reutersга таяниб “Халқ сўзи” ёзмоқда.
Жабрланганлар орасида болалар ҳам бор.
Афғонистон ИИВ матбуот котиби Насрат Раҳимийнинг маълумотига кўра, портлаш бугун Кобулнинг энг гавжум туманларидан бирида тиғиз пайтда, мамлакат мудофаа вазирлиги биноларидан бирининг яқинида содир этилган.
Маҳаллий хавфсизлик хизмати вакилларининг айтишларича, мудофаа вазирлиги муҳандислик бошқармаси яқинида юк машинаси портлаган. Шу заҳоти бинога уч нафар жангари бостириб кирган, отишма бошланган.
Фожиа қурбонлари ва жабрланганларига оид рақамларни “Ал-Жазира” телеканали ҳам тасдиқлаган.
“Синьхуа” агентлиги эса ҳалокат натижасида 34 киши ҳаётдан кўз юмгани, 68 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берган.
Ҳодиса жойи ўраб олинган, полиция ва махсус хизмат ходимлари иш олиб боряпти.
Ҳозирча бирорта террорчилик гуруҳи ушбу воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
Кобулнинг ушбу ҳудудида қатор ҳарбий ва ҳукумат идоралари, шунингдек, Афғонистон Футбол федерацияси ҳам жойлашган.