Фарғоналик тадбиркорлар “Болалар спорти” фондига пул ўтказишга мажбурланяпти


Фарғона вилояти Олтиариқ туманида ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган тадбиркорларнинг Озодликка шикоят қилишича, туман ҳокимлиги ва солиқ инспекцияси мулозимлари тадбиркорлардан “Болалар спорти” жамғармасига бир миллион сўмдан пул ўтказишга мажбур қилмоқда. Тадбиркорлар, бундан ташқари, мунтазам равишда обуна ва металлолом учун пул ўтказишга мажбурланаётганини иддао қилмоқдалар.

Олтиариқ туманида ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган тадбиркорлардан бири Озодликка бу ҳақда шикоят қилар экан, “Болалар спорти”га пул ўтказиш учун улар cолиқ идораси инспекциясига чақиртирилганини айтди:

– Солиқ идорасида инспекция бошлиғи, ҳоким ўринбосари бор эди. Бир миллион сўм “Болалар спорти” фондига пул ўтказасан деди. Бунча пулга имконим йўқ десам, бўлмаса 500 минг сўм ўтказасан, деди. Ҳар йили бир-икки марта ана шу фондга мажбуран пул ўтказдиради. Шунча пул қаерга чиқиб кетяпти, болалар спортига қандай фойдаси бўляпти, ўзлари ҳам айтиб беролмайди, деди тадбиркор.

"Болалар спорти"га мажбурий пул ўтказиш учун тадбиркорларга шундай қоғоз берилган

“Болалар спорти”га мажбурий пул ўтказиш учун тадбиркорларга шундай қоғоз берилган

Унинг айтишича, аслида ихтиёрий ҳомийлик рутбасида бўлган пул ўтказиш, ихтиёрий-мажбурийга айланиб кетяпти:

– Агар сиз шу пулни ўтказмайман десангиз, бўпти ўзингдан кўр дейишади. Кейин шантаж бошланади. Корхона ёки дўконингизни арзимаган баҳоналар билан солиқчилар босади. Керак бўлса, милиция ва прокуратурани ҳам ишга солишади. Бу методни ҳамма тадбиркоралар яхши билиб олган. Шунинг учун, “олсину даф бўлсин”, дейдида шу пулни бериб тинчишади, деди тадбиркор.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир тадбиркор эса, улар “Болалар спорти” фондидан ташқари обуна ва металлолом учун ҳам пул ўтказишга мажбурланаётганини айтди:

– Ҳамма тадбиркорлар обуна ва металлоломдан безиб қолган. Обунага бир миллион сўм, металлоломга 500 минг сўм ўтказдиради. Обуна бўлган газеталаримизни ярми ҳам бизга етиб келмайди. Металлоломга топширилган пул ҳам қаерга кетаётганини биз билмаймиз. Лекин ҳокимлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари босими остида биз шуларни тўлашга мажбур бўлиб келаяпмиз, деди иккинчи тадбиркор.

Унинг айтишича, катта амалдорларга қарашли дўкон ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳар қандай тўловлардан озод қилинган:

“Шундай дўкон ва АЁҚШлар борки, уларнинг “крышаси” МХХчилар ёки милиция бошлиқлари дейишади. Уларнинг мушугини ҳеч ким пишт демайди. Қани бир солиқчи кириб кўрсинчи, ўша куни энасини кўради. Заправкасидан 20 литр бензин олсангиз, 17 литр беради. Нега 3 литр кам бердингиз десангиз, сўкиб беради. Биз тадбиркормиз ва булар эркатой тадбиркоралр эканлигини яхши биламиз, дейди тадбиркор.

Олтиариқ тумани солиқ инспекциясининг ўзини таништирмаган мулозими, “Болалар спорти”га пул ўтказилаётганини тасдиқлади. Бироқ мулозимнинг айтишича, бу тадбир ихтиёрий тарзда амалга ошириляпти:

– Тўғри, бизда бориб айтиляпти. Агар, маъқул келса, ўз ҳисобида ортиқча пул бўлса, “Болалар спорти” фондига ўтказиб бериш сўраляпти. Лекин мажбурлаш йўқ. Бизда “эркатой” дўконлар ва АЁҚШлар ҳам йўқ. Ҳамма қонун олдида бир хил жавоб беради, деди солиқ инспекцияси мулозими.

Шавкат Мирзиёев 7 январь куни прокуратура ходимлари билан бўлган учрашувда прокурорлардан тадбиркорлар фаолиятига коррупцион тўсиқларни қўяётган амалдорларни жиноий жавобгарликка тортишни илтимос қилган эди.

-Тадбиркор йўлига қарши чиқиш давлат сиёсатига, президент сиёсатига қарши чиқишдир. Афсуски, бу борада айтилаётган гаплар, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан мансабдор шахслар томонидан тадбиркорларга нисбатан таъмагирлик ҳолатлари ҳали-бери учраб турибди. Бу эса тадбиркорларда ҳақли норозилик уйғотмоқда. Бундай ҳолатларнинг ҳар бири бўйича айбдор шахсларни аниқлаб,сўзсиз жиноий жавобгарликка тортиш шарт, -деган эди Мирзиёев.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси 2012 йилнинг 31 октябрида Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов фармони билан тузилган эди.

Ўзбекистонда тадбиркорлар турли хил хайрия жамғармаларига, жумладан, болалар спортини ривожлантириш фондига бир неча йиллардан буён пул ўтказишга мажбурланётганидан шикоят қилиб келадилар.

https://www.ozodlik.org/a/uzbek-tadbirkor-ulpon-oltiariq/28520792.html

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Конституциямизнинг нуфузини ошириш — давр талаби

Юртдошларимиз ҳар йили 8-декабрь куни Ӯзбекистон Республикаси  Конституцияси қабул қилинган кунни  нишонлашади. Конституциямизни диққат билан ӯқиган киши унинг ӯзимизга, ...

Ўғли қийнаб ўлдирилганини иддао қилган она президент қабулига бораётганда ҳибсга олинди

Каромат Қодирова Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ички ишлар бўлимида 33 яшар ўғли қийнаб ўлдирилгани ва асосий айбдорлар жазодан қутулиб қолаётганидан шикоят қилган ...

Наманганда тадбиркордан 300 доллар пора олган солиқ раҳбари қўлга олинди

Наманганда хусусий тадбиркордан 300 доллар пора олган солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи қўлга олинди, дея хабар берди Ўзбекистон ИИВ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400