Роғун ГЭСидан хавф йўқми? Оролни қутқариб қолиш мумкинми? Олим президентларга таклиф берди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни Тожикистон Республикасига ташриф буюрди. Мазкур ташриф амалий жиҳатдан ҳар иккала мамлакат учун ҳар томонлама имконият эшиклари очилишига туртки бўлиши кутилмоқда. KUN.UZ таҳририяти мазкур тарихий воқеа муносабати билан ҳуқушунос, халқаро экология, инсон ва табиат хавфсизлиги фанлари академияси аъзоси Анвармирзо Хусайнов билан Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСи лойиҳаси борасида суҳбатлашди. Олим минтақадаги муаммоларни ҳал этиш, хусусан, Оролни сақлаб қолишга қаратилган лойиҳаси ҳақида сўзлаб берди.

Мақола kun.uz сайтидан олинди

—  Қадимдан ўзбек ва тожик миллатлари ҳақида ажойиб бир нақл юради: «Икки тилда сўзлашувчи бир халқ». Бу икки миллатнинг қардошлиги жаҳон тарихида камдан-кам учрайдиган мисолдир. Бугун Самарқандда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг ҳайкали қад ростламоқда. Бу қадимий Самарқандни безайди, икки миллат қадрдонлигини мустаҳкамлайди.

Роғун ГЭСи мавзусига тўхталиб ўтадиган бўлсам, бу лойиҳага бошида берилган баҳо нотўғри бўлган. Бошида энг баланд тоғ чўққисида бу ГЭС қурилса, унда 10 млрд куб сув йиғилса, эрта-индин, Худо кўрсатмасин зилзила бўлса, Тожикистон ва Ўзбекистон шаҳарлари сув остида қолади деган фикрга тўхталинар эди. Мана шунинг натижасида икки давлат ўртасидаги муносабатлар совуқлашди, чегарaлар ёпилди, деворлар тортилди.

XXI аср замонавий илм-техникаси нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, бундай қўрқувларга асос йўқ. Бу лойиҳага пул ажратган халқаро ташкилотлар ГЭСнинг хавфсизлигини, албатта, инобатга олишган. Агар сув омбори мустаҳкам қилиб қурилса, у 9 балли зилзилага ҳам чидаши мумкин. Бунга Марказий Осиё давлатлари миқёсида қурилган ва фойдаланилаётганига 30-40 йиллаб вақт бўлган сув омборларини мисол қилиб келтирса бўлади.

Гап шундаки, мана шу вазиятдан фойдаланган четдаги кучлар бор эътиборни шунга қаратди. Натижада, икки давлат ўртасидаги муносабатлар совуқлашди. Бугунга келиб, биз – олимлар жамоаси мана шу Роғун ГЭСи орқали Марказий Осиёдаги давлатларда учрайдиган сув муаммосини ҳал этиш лойиҳасини яратдик. Бу ГЭСнинг қурилиши Амударё қирғоқларида жойлашган тўртта давлат – Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон ва Туркманистон учун ўта манфаатлидир.

Бугун биз Роғун ГЭС қурилишини қўллаб-қувватлаймиз. Менимча, давлат раҳбарининг фикри шунга яқин ва ёки айнан шундай. Бугунги кунда Тожикистон ҳукуматининг катта бош оғриғи бор. Роғун ГЭСи 2020 йилда фойдаланишга топширилиши мўлжалланган. Ҳозир қурилиш кетяпти. Сув омборининг баланд жойи 135 метр бўлади, кейинчалик бу кўрсаткични 335 метргача кўтариш мўлжалланган.

Сувдан фойдаланиш, аслида, икки хил бўлади. Яъни, биринчиси суғориш, ирригация мақсадларида, иккинчиси энергетика ишлаб чиқариш. Куз-қиш мавсумида энергетика ишлаб чиқаришдан кейин 2-2,5 млрд куб метр оқава сув омборда йиғилади. Шу сувни қаерга жойлаштириш бугун Тожикистон ҳукумати учун долзарб масала бўлиб турибди.

Энди тасаввур қилинг, Тожикистонда Роғун ГЭСини қуриш ишлари давом этмоқда, аммо юқорида айтганимиз ташландиқ сувларни қаерга йўналтириш масаласи ҳал этилмаган. Улар ташлама сувларни Амударёнинг эски ўзани бўйлаб оқизиб юбормоқчи бўлса, бу сув 1100 километр бўйлаб пастликка қараб кетиши керак – Тахиатош сув омбори, Туямўйин сув омборигача. Шуни инобатга олиш керакки, Амударёнинг эски ўзани ёқаларида экин майдонлари, аҳоли турар жойлари жойлашган. Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон ҳудудида бу ўзан ёқалаб юз минглаб кишилар яшайди. Агар Роғун ГЭСининг оқава сувлари Амударёнинг эски ўзани бўйича қўйиб юборилса, ўша ер майдонларини ва аҳоли манзиллари вайрон бўлади, 300 минг киши яшайдиган жойлар вайрон бўлади. Бу эса жаҳон миқёсидаги техноген фалокат демакдир. Бунга албатта дунё ҳамжамияти йўл қўймайди.

Фото: centrasia.ru

Шу сабаб Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмоннинг боши қотган. Биз олимлар гуруҳи бу масалага ўз ечимимизни бердик.

XIX асрда Бухоро амирининг вазири, кейинчалик Бухоро амирлигининг Россиядаги мухтор элчиси бўлган Аҳмад Дониш худди шу масалада ўз фикрларини, лойиҳаларини тақдим этган эди. У сувни Амударёнинг юқори қисмидан олиб, Сурхондарё ва Қашқадарё орқали Бухорога олиб келиш ва у ердан Чоржўйга тушириб, ўзининг ўзанига тушириш йўлини таклиф қилганди. Лекин кейинги тарихий жараёнлар, урушлар ва инқилоблар бу режа амалга ошишига йўл бермади. Биз олимлар ҳам худди шу фикрларни илмий концепцияга айлантириб, лойиҳа тайёрладик.

Бизнинг ечимимиз шундан иборатки, Роғундан тушадиган 2,5 млрд кубометр ташлама сувни, бу 2020 йилда, кейинроқ 5 млрд кубометр сувни Сурхондарёда қурилажак сув омборига ўтказишни кўзда тутганмиз. Сурхондарёда шундай сув омбори учун қулай жой мавжуд. Қишда муздек сув далага ҳайдалса, ниҳоятда катта экологик ҳалокат юзага келади. Агар сув омборида тўпласак, баҳорда, ёзда бу сувдан фойдаланишимиз мумкин.

Устозим Амударёни манбаидан, биринчи булоғидан бошлаб, Оролга қуйиладиган жойигача кезиб чиққан. У дарё йўлидаги бир нуқтага эътибор қаратган. Туркманистон билан чегарамизда тасмадек ер харитада Туркманистон ҳудудида кўрсатилган – эни 300-350 метрлик жой. Лекин шу жойда туркманлар 6та насос станцияси қуришган. Бу станциялар орқали дарё сувлари 131 метр баландликка кўтаришади. Бу сувлар қумлар ичида адашиб юради, миллиардлаб кубометр сув қумга сингиб кетади, миллиардлаб кубометр қуёшда парланиб кетади. Яна бу сувни 131 метр баландликка кўтариш учун йилига 1 миллиард долларлик электр энергия сарфланади. Бу ваҳшийларча сувни исроф қилишдир. Собиқ тузум даврида шундай қўпол лойиҳавий хатога йўл қўйилган. Лекин бу хато мустақиллик йилларида ҳам тузатилмади. Лекин хатони тузатишга ҳеч қачон кеч бўлмайди, ҳозир бу хатони тузатиш учун қулай вақт келди.

Бугунги кунда Шавкат Мирзиёев, Имомали Раҳмон ва Гурбангули Бердимуҳаммедов бир-бири билан жуда яхши муносабатда. Уларнинг дўстлиги эвазига амалда кўп ишлар қилинмоқда.

Бизнинг таклифимиз шундан иборатки, сувни янги ўзандан оқизиш керак. Бу орқали катта муаммони ҳал қилган бўламиз.

Ўша 6та насос станцияси жуда эски, энергия тежамкор эмас. Уларни таъмирлаш учун ҳам катта харажат қилиб турилибди. Улар кўтариб бераётган сув эса бекорга қумга сингиб кетмоқда.

Янги насос станцияси қуриш учун ҳам катта маблағ керак. 10 миллиард доллар. Бу пулни ким берарди, Ўзбекистонми, Туркманистонми? Қолаверса, ундан қимматроғи бор – вақт йўқотамиз. Бундай станцияларни қуриш учун 3-4 йил вақт керак. Ундан ташқари, бу 3-4 йил давомида Қашқадарё, Навоий ва Бухоро вилоятлари сувсиз қолади. Бу вақт давомида миллиардлаб кубометр сув қумга кетади. Бу жуда катта йўқотиш бўлади.

Биз таклиф этаётган лойиҳамиз эса бунинг олдини олади.

Уч президент агар жуда тезлик билан бир қарор қабул қилишса, 2019 йил бошида Сурхондарёда сув омбори тайёр бўлиши, Амударё сувларини ўша сув омборига ғамлашимиз мумкин бўлади. Агар насос станциялари ишдан чиқса ҳам, ҳамма сувни Амударёнинг юқорироқ жойидан Сурхондарёдаги сув омбори орқали янги ўзанга ўтказишимиз мумкин. Янги ўзан қуриш учун ҳам кўп вақт кетмайди. 1 йил ичида сув омбориниям, янги ўзанниям қуриб улгуришимиз мумкин.

Туркманистонга ўтадиган жойда эса иккита катта гидроэлекторстанция қуриш ва электр энергиясига бўлган талабни қондириш мумкин бўлади.

Бизнинг лойиҳамизда тўртта давлатнинг ҳам (Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон) манфаатлари ҳисобга олинган. Роғунда энг арзон, энг кўп миқдорда электр энергияси ишлаб чиқарилади. Ҳар бир давлат бу энергиянинг тўртдан бир қисмини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу айниқса, Афғонистон учун манфаатли, юз йилга етади бу энергия. Уйлар бузилмайди, сиёсий низолар бўлмайди, бу лойиҳа ҳамма учун манфаатли лойиҳадир. Ўзбекистон ўн миллиардлаб доллар сарфлаб насос станциялари қуришига ҳожат бўлмайди. Ўзбекистонга 5 миллиард кубометр сув келиб туради. Биз сув мустақиллигига эришамиз. Бу сувнинг ортиқча қисмини Оролга қаратиб ҳайдашимиз ҳам мумкин.

Бу лойиҳа тезроқ амалга оширилса, бу уч давлат раҳбарини Нобель мукофоти учун номзод сифатида тавсия қилишимиз мумкин. Бу лойиҳа халқларнинг тинчлигини таъминлайдиган лойиҳа.

Орол муаммоси

Орол муаммосини ҳам ҳал қилиш мумкин. Бу лойиҳа анчагина сув тежаб қолинади ва бу сув Оролга оқиб боради.

Биласизми, дунёдаги сувни энг кўп исроф қилувчилар афсуски, қўшни Туркманистон. Собиқ тузум даврида москвалик лойиҳачи олимлар, Оролни қуритганлар Амударёдан Қорақум чўли ичига иккита канал ўтказишган. 800 километр қум ичидан ўтган битта канал. Ҳар йили бу каналларга йўналтирилган сувнинг 75-76 фоизи, 8-10 миллиард кубометр сув Қорақумга сингиб кетмоқда. Халқаро конференцияларда ҳамма кулади, нега сувни бундай исроф қилишга қўйиб қўйдинглар дейишади.

Ҳолбуки, каналлар остини бетонлаш, устини ёпиш мумкин. Америкада ҳамма каналлар усти ёпилган. Сувни қадрлаш керак. Тилда сувни зар деймиз, олтин деймиз, амалда сувга муносабатимиз жуда ёмон.

Ўзбекистон ташаббус қилиб сув тежамкорлиги йўлига ўтишини кутмоқдаман. Туркманистоннинг бу каналлардаги сувга эҳтиёжи ҳам йўқ, уларга фойдасиям йўқ бу каналнинг. Қолаверса, Орол фақат Ўзбекистоннинг эмас, бутун минтақанинг муаммоси, ҳамманинг бошига қум сочмоқда бу муаммо. Ўзбекистон халқи ҳамиша яхши ишларни бошлаб берган ва ўрнак бўлган.

centrasia.ru

Бир ёқадан бош чиқариб…

Ўзбекистон Роғун ГЭСи қурилишига хайрихоҳ бўлиши орқали қўшимча сув манбаига эга бўлади. Халқимизга тўғри йўлни барча воситалар билан тушунтиришимиз керак.

Барча бир ёқадан бош чиқариб ишласак, энг яхши ечимга эга бўламиз. Дунё устимиздан кулмайди, қадимий, маданиятли халқлар уйғонибди, дейишади.

Сувнинг қадри, сувнинг тежалиши миллий ғояга айланиши керак. Бу соҳани жуда яхши тушунадиган инсон, Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан жуда хурсандмиз. Яқинда қабул қилинган оқилона қарорлардан бири Сув вазирлиги алоҳида ташкил қилинди. Бу 25 йил олдин қилиниши керак бўлган иш эди.

Энди қилинадиган яна бир иш – сувга нарх белгилаш керак. Сувни қишлоқ хўжалигидан ташқари саноатда ҳам ишлатилади. Қишлоқ хўжалигига сарфланадиган сувга тенг миқдордаги сувни металлургия комплекслари, кимё комплекслари истеъмол қилади. Саноат корхоналари ҳам сувга ҳақ тўлаши йўлга қўйилиши керак. Масалан, Навоийдаги тоғ-металлургия комбинати бир тийин тўламасдан Амударё сувини ишлатиб келмоқда. У ердагилар сувни тежашни хаёлига ҳам келтиришмайди, агар пул тўлашса, тежамкор технологияларни қўллашга мажбур бўлишарди.

Тежалган сув эвазига биз янги ерларни ўзлаштиришимиз, балиқчиликни ривожлантиришимиз ва бошқача турдаги био хўжаликларни йўлга қўйишимиз мумкин бўлади.

Роғун ГЭСи тарихи

Фото: Википедиа

Вахш дарёсида Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳаси ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари охирида ишлаб чиқилган. 1976 йилда станция қурилиши бўйича тайёргарлик ишлари бошланган, 1987 йили Вахш тўсилган ва 1993 йилга келиб 40 метрли тўғон ўрнатилган ҳамда машина ва трансформатор залларидаги асосий ишлар якунланган.

СССР парчаланганидан кейин объектдаги ишлар тўхтаб қолади ва мустақилликка эришган Тожикистон ҳукумати қурилишни якунига етказиш учун инвестор ва пудратчилар излай бошлайди. Лекин 1992 йилда Тожикистонда фуқаролар уруши бошланди, бу эса мамлакатда катта лойиҳалар амалга оширилишига йўл қўймасди. Қолаверса, 1993 йилнинг 8 майида рўй берган тошқин вазиятни янада мураккаблаштирди – сув тўғоннинг бир қисмини бузиб юборади ва станциянинг техник иншоотлари сув остида қолади.

2004-2007 йилларда Россиянинг «Русал» компанияси ГЭСда фаолият олиб боради. Россиялик муҳандислар тадқиқот ишлари олиб бориб, ГЭСни қисман тиклашади. Бироқ 2007 йилда шартнома бекор қилинади.

Шундан сўнг Тожикистон Жаҳон банкини Роғун қурилишини молиялаштиришга таклиф этади. Банк фақат ҳар томонлама экспертизадан кейин маблағ ажратишга рози бўлганди.

Мутахассислар ва Амударё ҳавзасидаги мамлакатлар билан ўтказилган маслаҳатлашувлардан сўнг Жаҳон банки оригинал лойиҳага ўзгартириш киритилганидан кейин ГЭС қурилишига киришиш мумкинлигини билдирган.

Четдан сармоядор топа олмагач, 2008 йилдан бошлаб Тожикистон объектни ўз кучи билан қайта тиклашга киришди. Душанбе расмийлари Роғун ГЭСИ мамлакатга электр энергияси танқислигини енгиб ўтиш имконини беришини иддао қилади.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон кўп йиллар давомида бу сув иншооти қурилишига қаршилик қилиб келган. Ўзбекистон ҳукумати Амударёга келадиган сув тўсилиши орқали қишлоқ хўжалиги жиддий зарар кўриши, шунингдек, минтақада эҳтимолий зилзила рўй бериши тўғонни бузиб, ўз ҳудудларини сув остида қолдириши мумкинлигини инобатга олган ҳолда бу лойиҳага рози бўлмаган. Шу туфайли Роғун ГЭС мавзуси Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги асосий баҳсли масала бўлиб келган. Аммо 2016 йил сентябрда Ўзбекистонда ҳукумат тепасига Шавкат Мирзиёев келди ва қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратди. Хусусан, томонлар Роғун масаласида музокаралар ўтказишди.

2016 йилнинг 29 октябрь куни Тожикистон Вахш дарёси ўзанини тўсиб, Роғун ГЭСи қурилишини бошлаб юборди. Республика раҳбари Имомали Раҳмон қурилиш ишларига бош-қош бўлди.

Фото: president.tj

Роғун ГЭСи 3600 мВт қувватга эга бўлиб, иншоот лойиҳасининг умумий қиймати тахминан 3,9 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. Унинг тўғон баландлиги эса 335 метр бўлиб, бу дунёдаги энг баланд тўғон бўлиши мумкин.

Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСини қуриш учун маблағ топиш мақсадида халқаро бозорларга 500 миллион долларлик қимматли қоғозларни чиқарганди. Ушбу қимматли қоғозлар АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи ва Осиё давлатлари сармоядорларига сотилган.

Фото: president.tj

ГЭСнинг биринчи турбинаси 2018 йил якунида, иккинчиси — 2019 йил бошида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Ушбу иккита агрегат ёрдамида ишлаб чиқариладиган энергияни қўшни давлатларга, асосан, Афғонистонга сотиш ҳисобига Роғун ГЭСининг кейинги қурилиши давом эттирилиши мўлжалланган. Айни пайтда бу ерда 15 мингга яқин мутахассис ва ишчилар ишлашмоқда, қурилиш ишларига 2100дан ортиқ техника, машина ва механизмлар жалб этилган. Қурилиш 5-8 йил давом этиши мумкин.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Хуш келибсиз, меҳмонлар, ёки, кечирим сўрайман, азизлар!

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга ташриф буюрган туристлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан  икки баробарга ошди,- хабар беради Республика оммавий ахборот ...

Сурхондарёда ем- хашак муаммоси

Сурхондарёда бу йил ем-хашак нархи ҳаддан зиёд кўтарилиб кетди. Қиш ойлари ва баҳорнинг дастлабки даврида бир дона прессланган сомон нархи 20000 сўмгача кўтарилди. Бу ярим ...

“рўмол ўраган қизимни қайси мактабда ўқитай?”

Қизим Шайхонтоҳур туманидаги 324-мактабда биринчи синфда таълим олади. Аллоҳга шукур, хулқи ёмонлиги тўғрисида ҳеч ким эътироз билдирмаган. Мактабдаги барча фанларни қунт ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400