ХАБАРЛАРНИНГ ҲИССИЗ ТАЛҚИНИ (давоми)

Ер ҳам боладай тарбия истайди. Уни тинмай парвариш қилиш керак. Ҳа, тинмай. Шунда у меҳнатига яраша мўл ҳосил беради. Бизнинг томарқамиз қўшниларимизникидан кичик бўлсада, кўп ва сифатли ҳосил олардик. Отам бизни ерга  астойдил меҳнат қилишни ўргатарди. Уч марта экиб, уч марта ҳосил олардик. Буни журналист икир-чикиригача ўрганиб ёзиши керак. Шунда материал кўркам чиқади.

Ҳамма қатори ота-онамнинг колхозда ишлашини ҳам тасаввур қиларсиз. Биз ҳам ер чопардик, ғўза ораларига ишлов берардик, ягана қилардик, пахта терардик. Шўро замонида шундай эди-да ҳаёт. Инсонда хоҳиш-истак бўлса, ҳаммасини бажаришга вақт топаркан.

Отам фақат бунигина эмас, бошқа даромад келтирадиган юмушларни ҳам қиларди ва бунга бизни ҳам ўргатарди. “Яхши яшайман десанг, меҳнатдан қочманг болаларим” дерди отам.

Отам ота-онасидан болалигида етим қолган. Меҳнат билан улғайган. Отамнинг зеҳни баланд эди. Бизнинг туманимиз (Иштихон)да корейслар ҳам яшардилар. Улар салат, тузлама, ”чимча”лар тайёрлаб сотиш билан ном чиқаргандилар. Аммо ўз ҳунарларини биз ўзбеклардан сир тутардилар. Отам шу нарсаларни тайёрлаш тўғрисида кўп бош қотирди. Кейин ишга киришди. Биринчи марта озроқ тузлама ҳозирлади. Сифатсизроқ чиқди. Аям буни бозорда пуллади. Даромад ёмонмас. Кейинги йил отам бизнинг кўмагимиз билан ўн қоп (салафан қоп) тайёрлади, аммо у кўнгилдагидай чиқмади. Учинчи йил эса отам тузламани сифатли тайёрлади. Шундан кейин биз ҳар йили карейсларникидан қолишмайдиган даражада тузламаю чимча, салатлар ҳозирлайдиган бўлдик. Бунга, ҳатто корейслар ҳам ҳавас қилардилар.

Биз “Шайхлар” отли аҳоли зич жойлашган улкан қишлоқда яшардик. Салат, чимча, тузламага харидорларимиз етарли эди. Қўшни қишлоқлардан ҳам бизникига қиш ойларида, салат, тузлама ёки чимча олиб кетишга келардилар. Отам тайёрловчи ва ўргатувчи, аям сотувчи, биз болалар эса ёрдамчи эдик. Қиш ойларида ишларимиз роса қизғин тус оларди. Отам тузлама карам учун махсус чуқурлар қазиб қўйганди. Биз баъзида 8-10 тоннагача шўр карам, бодиринг, помидорни тузлардик. Яна ҳар куни қўшимча равишда сабзидан ўттиз-қирқ килогача “марковча” салат ҳам ҳозирлардик. Қиш ойларида одамларда пул танқислиги бўлиб қолса, бизда эса аксинча  эди.

Отам пулларни тежаб, жой-жойига ишлатгани учун тўрт акамга тўрт иморат қуриб берди, уйлантирди. Олти қизни тўйлар қилиб турмушга берди. Набира тўйларни ҳам отам ўтказиб берарди. Шундай қилиб отам ҳалол меҳнатлари пули эвазига олтмишдан ортиқ тўй ўтказиб берган.

Нима учун мен буни ёзаяпман? Чинакам мулкдор бўлиш ва мамлакатда ишсизлигу фақирликни олдини олиш учун ота-оналаримизнинг иш тажрибаларини кенгроқ шаклда тарғиб майдонларига олиб чиқишимиз керак. Журналистлар ҳам бу жараённи билишлари, ўрганишлари лозим. Сўнг қаламни қўлларига олсалар ярашади.

Мен бой бўлиш ҳақида кўп ўйлаганман. Меҳнат билан топилган бойлик кишига қанчалик ҳузур бағишлайди. Бировнинг уйи орқасида ётган бир чўпни билиб –билмай олсак ҳам отам бизни жазоларди.Тўғрилик, поклик, ҳалоллик ҳақида гапириб, буларни онгимизга сингдирарди. Бошингга қилич келса ҳам ёлғон сўзлама, бировни орқасидан ёмонлама, ғийбатдан узоқ юр, ўқи, меҳнат қил, дерди отам.

Журналистлар шундай меҳнатсевар, ҳалол одамларни экранга олиб чиқсалар ёхуд улар тўғрисида мақола, очерк, эсселар ёзсалар элга ёқар иш қиладилар. Ҳамда ўзларининг умрлари ҳам мазмунли кечади.

Мен отамдан ўрганганим-15 кило сабзидан салат тайёрлаб Чорсу бозорига олиб чиқдим. Бу билан ўзимни синамоқчи бўлдим. Шунақа иш билан шуғулланувчи сотувчилар ёнида туриб қолдим. Мени сотувчи аёллар ҳайдаб юбормоқчи бўлишди. Улар кўпчилик бўлишгани учун “Шуни сотай, сўнг кетаман” дедим юмшоқ овозда. Қарасалар қишлоқча кийимдаги аёлни бемалол туртиб, ҳайдашлари мумкин.

Менга барчаси бақир-чақир билан  ҳамлага ўтишди. Мен биринчи бўлиб бировга қўполлик қилмайман.

Лекин менга ноҳақдан ҳужум қилсалар, бунга чидолмайман. Қаҳр отига минаман. Икки–учининг буринларини ерга ишқаб қўйишга ҳам кучим етади. Менга ёпишган икки хотинни гап билан силтаб ташладим. Улар “пичоқлаб ташлаймиз” деб, мени қўрқитмоқчи бўлишди. Бундан мен баттар ғазабландим, ҳамлага ҳамла билан жавоб бердим. Шундан сўнг, улар ҳовурларидан тушдилар, мен салатимни сотдим.

“Бозор оталарингнинг мулки эмас, ҳамманики, ҳаммага жой етади” дедим кетиш олдимда, хотинларга. Миқ этишмади. Ёв қараш қилганларича орқамдан қараб қолишди.

Мен ўз ҳаётимни мисол қилаётганим сабаби, қайси ишга киришманг, бошда қарши кучга йўлиқишингиз мумкин. Иш сўрасанг пора сўрайди, касалхонага пулсиз борсанг одаммисан демайди, ҳатто оғир хаста бўлсанг ҳам. Бозор элники деймизу турқи совуқ, юлғич паттачиларга учрайсан. То пора бермагунингча, ҳоли-жонингга қўйишмайди.

Бундай нарсаларни мухбирлар кўтариб чиқсалар бўлмайдими?

Бир педагог аёл кўрсатувда хорижга ишлашга кетаётган оилаларнинг фарзандлари тарбияси ҳақида куйиниб гапирди. Ҳар қандай тарбиячи ҳам боланинг ўз ота- онаси ўрнини босолмаслигини айтди. Ўйлаб қарасам, у ҳақ. Бундай пайтда ота-она фарзандларини қанчалар соғинадилар. Болалар ҳам ўз ота-оналарини ўйлаб эзиладилар, ичикадилар.

Мен Истанбулда бундай оғир кунларни бошимдан кечирганман. Ҳар куни Худо билан гаплашганман. Фарзандларим унга омонат эканлиги ҳақида Оллоҳга ёқмайдиган гуноҳ иш қилмаслигим учун ич-ичимдан унга илтижо қилганман. Юртимизда иш, маош бўлганда, бу ерларга келармидим, деб йиғлаганман.

Хорижда мен сингари аёллар қанча?

 (давоми бор)

Муаллиф: Гулзамон Акбар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бойлар россияни ёппасига тарк этаяпти

Ўтган 2018 йил давомида Россияни 7 минг нафар миллионер тарк этган. Миллионерларни мамлакатни тарк этишлари масаласида фақат Хитойгина Россиядан олдинда. Аммо, Хитойда ...

Фарғоналик аёл чақалоғини сурхондарёга бориб 3 500 000 сўмга сотиб келди

2019 йил 3 февраль куни Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Фарғона вилояти ...

Тилла конида 3 кишини тош босиб қолди, икки нафари ҳалок бўлди

17 сентябрь куни Пахтачи туманида жойлашган, давлат захирасида бўлган “Қорақўтон” тоғ ҳудудидаги шахтада 3 фуқарони тоғ тоши босиб қолди. Улар ўзбошимчалик билан олтин қазиб ...