ФАСЛИ НАВБАҲОР ЎЛДИ, КЕТИБОН ЗИМИСТОНЛАР

Фасли навбаҳор ўлди, кетибон зимистонлар.

Дўстлар, ғаниматдур, сайр этинг гулистонлар.

Субҳидам тушуб шабнам, бўлди сабзалар хуррам,

Гул уза томиб кам-кам ёғди абри найсонлар.

Настаран ювиб юзни, ёсуман тузиб ўзни,

Наргис очибон кўзни интизори ёронлар.

Бир саҳар эдим уйғоқ, ўт тутошди оламга,

Тоғлар чекиб ларза, титради биёбонлар.

Қумрилар қилиб ку-ку, булбул айлабон чаҳ-чаҳ,

Сарви гул уза доим тортар оҳу афғонлар.

Булбул ўқигоч йиғлаб субҳидам хазон фаслин,

Ғунча қон ютуб, юз чок этти гул гирибонлар.

Кечтилар вафо аҳли қолмайин тутуб, савсан,

Кийди кўк қилиб сунбул зулфини паришонлар.

Куймасун бу савдода не учун димоғимким,

Ранжу ғуссада доно, кечса шод нодонлар.

Боғлардаги ўрик дарахтлари оппоқ гуллаган фаслда, доим умри ғурбатда, айрилиқда, Ватанидан йироқда юрган шоир Фурқатнинг ҳам, қалбида ажиб ҳислар ғалаён қилганлиги аниқ.У шундай гўзал фаслдан илҳомланиб, гўзал ашёрлар битганки, бизнинг ҳам унинг шеърларини ўқиб севинчимиз ортади.

Ҳамда бугунимиз манзараларига ўхшашликни кўриб ҳайратланамиз.

Баҳорга яшнаш, ёшариш фасли,  деб таърифу тавсиф берилган. Фасллар келинчагининг ташрифидан  ҳамма шоду хуррам.

Бутун борлиқ, кўнгиллар, қалблар яшнаган.

Баъзан, осмонни қора булут қоплаб, момоқалдироқ гумбирлайди, чақмоқ чақади.

Олдин секин- секин, кейин шовуллаб ёмғир ёғади. Тарновлардан  тушаётган ёмғир сувлари оқиб- оқиб ирмоқчалар  ҳосил қилади. Улар аста-секин она замин бағрига сингиб кетади.

Баҳорнинг бундай гўзал лавҳаларида инсон тақдирининг ҳам вазмин кечмиши муҳрланиб қолгану гўё, у ҳар баҳорда  шу такрор “оҳанглари”ни бизга узатаётгандек бўлади.

Шоирлар кечинмаларини ўз шеърларига жойлаштиради, баҳор эса инсон тақдирини ўз “ҳис”ларига жойлаштиргандек…

Она табиат ҳам ўз болаларининг оҳу фиғонини эшитиб, “дард” чекиб юрганлигига ишониб кетасан…

Устоз адиб Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов ) хонадонига гўзал ЙИЛБОШИ байрами кунларида, у кишининг ўртоқлари келдилар.

Адиб Эврил Турон бу байрамни жуда яхши кўради. Бу байрам болалик хотираларининг ажиб ҳислар билан ҳам қадрли. “Оппоқ бўз кўйлак, оппоқ бўз иштонлар кийиб олардик. Одамлар бўғирсоқ, чўзмалар қилиб тарқатарди, қирларга кўпчиликлашиб чиқиб кетардик. ”Наврўз” атамаси бизнинг сўзимиз эмас, уни “ЙИЛБОШИ” деб аташ керак”, – дейди, сўз устаси бўлган адиб, ҳар бир турки сўзларнинг йўқолмаслигидан қайғуриб.

Замона шундай носозликка қурилганки, илғор ғоявийлик, онгли фикрлилик, ҳур ва озодлик ҳақида тафаккур қилиш, ёвузлик ва онгсизлик ғолиб келиши оқибатида, инсоннинг умрига, тақдирига кескин таъсир этиши ҳам мумкин.

Адиб бир миллатнинг устидан бошқа миллат мустамлака қилишига қарши, юртининг озод ва ҳур яшаши учун, бутун бошли миллатнинг тақдирига таъсир қиладиган етук асар ёзди.Ушбу асари “Бу тоғлар-Улуғ тоғлар” романи эди.  Бу асари учун, халқига қилган муносиб хизмати учун тақдирланиш ўрнига, таъқибга учради тайзиқларга учради. “Шарқ юлдузи” журналида босилиб чиққандан сўнг, журналнинг шу сонлари қайта йиғиштирилиб олинган. Муҳаррири ишдан олинган. Муаллифни Совет ҳокимияти КГБси эса, қаттиқ назорат остига олган.

Ёзувчи орзу қилган кунлар –Ўзбекистон ҳалқи ўз мустақиллигига эришди.

Зиёлилар ҳаммадан кўп бу кунни хурсандчилик билан кутиб олган эдилар.

Аммо,ҳокимият қўлида бўлганлар… ўз характерларидаги худбинлик, манманлик, ўзи бўларлик тушунчалари билан давлатни бошқарди. Яна, зиёли қатламнинг тафаккурли мулоҳазалари билан ҳеч бир замон келишолмай келди.

Унинг устига туҳмат, лаганбардорлик, порахўрлик авж олди.

Армия ва куч ўз қўлларида бўлган золимлар истаганча зулм машиналарини юргизиб кўрдилар.

Инсон тақдирлари билан ўйнашдилар.Қамадилар, ўлдирдилар, бошқа мамлакатларга бадарға бўлишларига сабабчи бўлдилар.

Ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг ўн етти йиллик умрини ҳам, қамоқларда ўтказишга мажбур қилдилар.

Агар золимлар ўн етти кун турмада ўтирсалар, иродаси чайналиб, ўзлари эса расвои олам бўлишликларини тасаввур қилиш мумкин…

Лекин илғор тафаккур билангина инсон иродаси, ҳар қандай жабр-ситамлар олдида ғолиб келиши мумкин экан.

Бугун гўзал кунлар келди.Юртнинг Боши ҳам ўзгарди,ситамлар ўрнини Малҳам, аламлар ўрнини Шодлик, ҳақсизлик ўрнини Ҳақиқат эгаллади.

Ҳаёт ҳам ўз АДОЛАТ эшикларини собиқ мазлумлар учун очаяпти.

Одамлар ўғриликдан, порахўрликдан, кимнидир ўлдириб қамалиб кетишлари мумкин. Лекин сиёсатнинг калтабин тушунчалари деб, ноҳақдан-ноҳақ қамалиб ўтирганлар сони  кечган 25 йил давомида минглаган кишилардан ошиб кетган…

Шоир ва мухолиф сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг укаси, Муҳаммад Бекжон ҳам ноҳақ, бекордан бекорга 18 йил умрини қамоқда ўтказди.

Мухолиф фикрли бўлган барча инсонлар, 27 йил таҳликали умр кечуви остида қолган эдилар. Бир сўз айтиш, озгина эркин ҳаёт кечириш мумкин бўлмай қолган эди…

Мана озодликнинг яхши кунларини Муҳаммад Бекжонга кўриш ҳам насиб қилиб, дўстлари даврасида юрибди.

Устоз Эврил Турон: “Муҳаммад Бекжон жуда яхши инсон. Мен билан бирга қамоқда ўтирган. Характери мулойим, тўғрисўз, садоқатли дўст. Мендан ҳам яхши.

Муҳаммад Солиҳ менинг дўстим, акасидан ҳам яхши у”, – дейди.

Бахтиёр ака Исабеков –Ўрдабекли, адабиётшунос олим ва моҳир таржимон. Маҳмуд Қошқарий авлодидан. Ёзувчи ва тилшунос олимнинг суҳбатлари доим такрорланмас, қизиқарли мавзулардан иборат бўлади. Бир-бирига қилган ҳазилларида ҳам самимий беғуборлик мавжуд.

Рустам Сафо, шоир. Вазмин ва мулоҳазали киши экан.Чойни электрда эмас, тутинда қайнатишни хуш кўриб, ўзи алоҳида меҳр билан ўртоқларига дамлаб берди.У кишига ҳазиллашиб: “Рустам чой”дан ичайлик, дейди.

Тўра Мирзо, шоир, драмматург. Маннон Уйғур номидаги Тошкент санъат институтининг театршунослик бўлимини тугатган. “Амир Темур” трилогияси учун халқаро Фузулий мукофотига сазовор бўлган.Устознинг севимли шогирдларидан.

Тоҳир Қахҳор, шоир ва таржимон. Ошни Тўра Мирзо ака бошлаган бўлса,Тоҳир ака дамлади. У киши “Дўрмонда энг кўп мен ош дамлаганман”,- дейдилар.

Қаҳрамон Маҳмуд,”Бирдамлик” ҳаракати фаоли. Қашқадарёлик йигит. Мен бу йигитни икки ойдан бери танийман. Кечаги байрам тадбиримизда эса  яқиндан танидим. Меҳмон кутишдаги барча ташкилий ишларни шу йигит бажарди, десам бўлади.Четдан одамларга ҳар қанақа баҳо бериш мумкиндир. Яқиндан эса, ҳақ баҳони бериш мумкин. Самимий, дилкаш ва устозларга хизмат қилишидан, юмушларни оғринмай бажаришидан шу йигитга тан бердим.

Умуман, устоз Эврил Турон байрамга сўйиладиган қўйни ҳам, “Бирдамлик “ҳаракати ташкилоти олдиндан тўлаб қўйганини айтдилар.

“Дўстларим билан йиғилганимизнинг хабарини бермоқчи бўлсанг, “Бирдамлик” раҳбари Баҳодир Хон Туркистонга, унинг аъзоларига ҳам табрик ва ташаккуримни етказгин”,- дедилар, – Умрлари узоқ, танлари соғ-саломат бўлсин! Қилган барча хайрли ишларига омад тилайман!”

“Ҳамда, мен юрагим туфайли оғир амалиёт кечирганимда, менга ўз хайр- эҳсонлари билан, хайрли ишлари билан яқиндан ёрдам қилган дунёдаги барча саховатли дўстларимни, “Дунё ўзбеклари” сайти муҳаррири Исмат Хушевни ҳам табриклаб қўйишимни айтдилар!

Ҳа… Халқимизда “Яхшилик қил дарёга оқиз, билса балиқ билар,билмаса Холиқ(Оллоҳ) билар” деган мақол бор.

Зеро, ўз севимли адибига яхшилик қилганликларини  халқимизнинг оқибатлилигидан, десак бўлади.

Шундай оғир кўргиликларга чидаб берган, ҳаётининг мазмуни курашлардан иборат бўлиб келаётган адибга биз ҳам сиҳат – саломатлик тилаймиз!

Сўзларимни тугатар онимда бугун яна устознинг ёнларига қадрдон шогирди, укаси Равшан Латипов ва у кишининг укалари, дўстлари байрамни адиб билан ўтказиш учун кириб келдилар. Байрам байрамларга уланмоқда…

Устознинг яна бир қадрдони олим, Мирёқуб Комилов  ҳам келдилар. Мирёқуб аканининг хушфеъл суҳбатларига мен ҳам кўп гувоҳ бўлгандим.У киши касалхонага ҳам, “Оқтош” санаториясида ётганларида ҳам бир неча марта устозни кўргани келганлар.

Адиб Эврил Турон суҳбатлашиб ўтирган онларида ҳам, дўстларининг ҳар биридан асарлари учун бир характер, бир руҳ, қандайдир, бир фикр, мавзу олаётгандек бўлиб туйилаверади менга.

Ҳаётга синовчан назар ташлашдек маҳорат, талантни юқтириш қувончи, адибнинг энг буюк бахти ҳисобланади.

БУЮК МАВЗУЛАРНИ, БУЮК ҒОЯЛАРНИ ЎЗ САЛОҲИЯТИНИНГ ЭНГ ЧЎҚҚИЛАРИДА ТУРИБ СИФАТЛАЁТГАН, ИЖОД ҚИЛАЁТГАН АДИБ ЭВРИЛ ТУРОНГА УЗОҚ –УМР,ТИНЧЛИК –ОМОНЛИК ТИЛАБ ҚОЛАМИЗ !

БАРЧА ДЎСТЛАРГА ҲАМ ЙИЛБОШИ БАЙРАМИ МУБОРАК БЎЛСИН!

Муаллиф: Гулзамон Акбар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қишлоқ ёшлари замонавий таълим масканида қачон таълим тарбия олишади?

 Кўриб турганингиздек бу тасвирлар Қашқарё вилояти Касби тумани Месит қишлоғи 51-умумий ўрта таълим мактабидир. Бу суратлар мактаб кўркига кўрк қўшиб турган тасвирлар бўлиши ...

Вск расмий сайти қайтадан иш бошлади

Маълумки, Виртуал Сайлов Комиссияси (ВСК)нинг www.saylov2015.org расмий сайти 17 мартда хакерлик ҳужумига учради. Натижада расмий сайти ичидаги барча материаллар, ҳужжатлар ...

Қашқадарёнинг интернети йўқ қишлоқлари онлайн билимни қандай олишади?

Қашқадарё вилояти касби тумани қўрахўжа қишлоғида интернет алоқаси йўқ ўқувчи ёшлар онлайн дарслар бошланса қандай ўқишади? Бу жуда қизиқ! Мамлакатимизда телекоммуникация ...