Бемаъни манзара ёхуд биз “иккичи” мусулмонларга айланиб қолмадикми?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унинг мазмун-моҳиятида Рамазон ойини азалий анъана ва қадриятларимиз руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширилиши ҳужжат билан назарда тутилмоқда.

Шу ўринда савол туғилади: Яратганини танитиш, Пайғамбарини билдириш, ўзининг нима мақсадда туғилгани ва то ўлимига қадар қандай яшаши кераклигини англатиш ва энг муҳими ҳалол-ҳаромнинг фарқини тушунтириш ўзбек халқининг азалий анъана ва қадриятларига кирадими? Ўзбек халқи ўз боласига бу тарбияни оилада, мактабда ва, албатта, Рамазон ойларидаги таровеҳ намозлари ҳамда Жума намозларига олиб чиқиб англатишган. Хўш, шундай экан, президент қарорида назарда тутилган, “Рамазон ойини азалий анъана ва қадриятларимиз руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш”кераклиги ҳақидаги фикрлар  нега инобатга олинмаяпти? Энг қизиғи, президентнинг қарори нега бажарилмаяпти ? Сабаби оддий – унинг мазмун-моҳиятига тушуниш учун эҳ-ҳе…

Умумий фикрлардан қочган ҳолда, гапимизни аниқ фактлар билан давом эттирамиз. KUN.UZ таҳририятига келиб тушган мурожаатларга кўра, республикадаги айрим вилоятларда 18 ёшга тўлмаган болалар отаси ёки унинг ўрнини босувчи шахс билан бирга бўлса-да, таровеҳ намозига киритилмаяпти. Буни Наманган вилояти мисолида ҳам кўрса бўлади. Ички ишлар ходимлари бунга тўсқинлик қилаётгани ва ҳатто айрим ҳолларда қўпол муомалада бўлаётгани ҳам майли, аммо… Аммо зиё тарқатувчи инсон сифатида энг юқори ўринда турувчи ўқитувчиларнинг ота-оналардан фарзандларини масжидга, таровеҳ намозига қўймасликларини сўраб, улардан “Кафолат хати” тўлдириб олишаётгани-чи?

Ўтган кеча бир воқеа содир бўлди. Таровеҳ намозини ўқиш учун масжидга кириб бораётганимда олдимда уч нафар бола бораётган эди. Ўша ерда турган посбон болаларнинг ортидан келаётганим учун мендан уларнинг фарзандимми-йўқми шуни сўради. Отаси болалардан олдинроққа кетаётганини кўрдим, бунинг устига вақтни тежаш ва болаларнинг киришида муаммо бўлмаслиги учун, “Ҳа, менинг болаларим”, дедим. Бундай қилишимга сабаб, уларнинг қалбида ўксиниш пайдо бўлмасин, масжидга келиб, нур олишсин, тасаввур олишсин, тарбия олишсин, деб ўйлаганим-да. Хуллас, болалар масжидга муаммосиз кириб кетишди.

Ҳамма ерда ҳам бу ҳолат кузатиляпти, десак муболағага йўл қўйган бўламиз. Посбоннинг кўнгли юмшоқ бўлса ёки омад кулиб боқса, хуллас ҳамма ерда ҳар хил. Мактаб ўқувчиларини, ўсмир ёшдагиларни таровеҳ намозларига қўймасликлари бир йилги гап эмас. Шундай экан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ёки Халқ таълими вазирлиги нега очиқ-ойдин айтмайди: мумкин ёки мумкин эмас деб? Нега жим туришади? Мумкин ёки мумкин эмаслиги сабабларини нега шаффоф йўсинда тушунтириб беришмайди? Бош вазир А.Арипов раҳбарлигида ўтказилган Рамазон ойини тартибли ва яхши ўтказиш масалаларига қаратилган ҳукумат селекторида кўп масалалар айтилди, аммо улар нега омма ҳукмига ҳавола этилмади?

Бир тасаввур қилайлик: ўсмирлик вақтида масжидга киритилмай, қалбидаги иштиёқ ўлган фарзандимизни 20 ёшга кирганда бир амаллаб олиб борамизми? У аллақачон бошқа нарсалар билан чалғиган, уларга муҳаббат қўйиб бўлган бўлади. Майли, бир амаллаб борар, кейинчалик дўстларидан уялибми ёки “кетдик-кетдик”ларга мажбуран эргашибми масжид остонасидан хатлар, аммо чин маънода у қачон Аллоҳни танийди? Қачон пайғамбарига муҳаббат қўяди? Дуо қилишни, масжидда, жамоатда ўзини тутишни қачон ўрганади? Кечирасиз-ку, масжидга жаноза бўлса борадиган бўлишди, шунда ҳам жанозада нима дуо ўқиш керак, ўқилиш тартиби қанақа, билишмайди. Таҳорат олиш, дуо ўқиш кабилар-ку олис манзилларда турибди. Кузатганмиз, жанозага келганларнинг аксари кўчада туришади, сигарет чекиб, сув ичиб. Қабристон одоблари алоҳида мавзу. Имом “Мулк” сурасини ўқийди, бу сура 6-7 дақиқа ўқилади. Аллоҳнинг сўзларини эшитиш ўрнига шунча вақт чўккалаб ўтирганига пушаймон ейдиганлар қанча? Бу ҳам майли, эртага шу бола оила қуради, бир хонадоннинг боши бўлади. Исломий илми бўлмаса, ким кафолат беради бировнинг боласини хўрламасликка, ким кафолат беради бўлар-бўлмасга “ТАЛОҚ” сўзини ишлатмаслигига ва ким кафолат беради шу ҳолида яшайверишига?! Буларни барчасини одам боласи қачон ўрганади, қачон унга кўникади?.. Ҳеч бўлмаганда Рамазон ойларида таровеҳга чиқиб, баъзи-баъзида, ўқиш бўлмаган пайт Жума намозига чиқиб, у ерда бўладиган тарбиявий, ҳаётий ва керакли суҳбатларни эшитиш айб эмас-ку. Биз “иккичи” мусулмон бўлиб қолмадикми?

Ҳамма ўта илмли мусулмон бўлсин, деган фикрдан йироқман. Лекин ўзини мўмин-мусулмон, деган киши бу борада энг кичик нарсаларни билмаслиги уят эмасми? Чунки биз ғурурланадиган ота-боболаримиз Ислом динининг арконлари бўлишган. Бу борада одамзотга кўрсатма беришган, йўл-йўриқ ўргатишган. Улар Аллоҳни, Қуръонни, пайғамбарини неча ёшдан билишган? Истасангиз эринмасдан улар ҳаётини таҳлил қилиб чиқинг. Деярли барчалари 8-9 ёшларида Қуръонни ёд билишган, фикри теран, илмга чанқоқ бўлишган.

Энг асосий гапни айтиш ҳам керак. Инсонларнинг эътиқод эркинлигини, ибодат қилиш ҳуқуқини ўз жойига ва ўз виждонига топшириб қўяйлик. Ҳар бир инсоннинг шахсий ҳудуди бўлган масалаларга аралашмаган маъқул.

Манба: KUN.UZ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Истанбул декларацияси шарқий қудсни фаластин пойтахти деб эълон қилди

Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ) давлатлари пойтахти шарқий Қудс бўлган Фаластин давлатини тан олишини эълон қилишиб, жаҳон ҳамжамиятини Шарқий Қудсни Фаластин давлатининг ...

Болалар боғчасидаги каъбанинг макети атрофида айланган воқеани милиция тергов қилмоқда

Қирғизистон Республикаси Боткен вилоятининг Ҳайдаркон шаҳридаги болалар боғчасида Каъбанинг макети атрофида айланиб юрган болалар ҳолатини текширилмоқда. Бу ҳақда Боткен ...

Келин-куёвлар тўйига етим ва ногирон болаларни таклиф қилди

Бу воқеа Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида бўлди. Жалолободлик 21 ёшли Раҳматулло Сайдахматов никоҳ тўйини бошқалардан ўзгача тарзда ўтказди. У тўйига шаҳардаги «Ак жол» ...