Порталда нима гаплар ёҳуд янги прездент замонасида “ногиронларга аравача бепул берилармиш” деб эшитувдим?

Ўтган йил бошида “бундан кейин ногиронлар аравачаси ҳар беш йилда – бепул берилармиш” деб эшитиб қолдим.

Бармоқ букиб санаб кўрсам, хукуматдан арава олмаганимга роса беш йил бўлибди ва мен аравага ариза бердим.

Уч ой ўтиб-ўтмай навбатим етишига ўн қадам қолди, аммо шу билан тўхтаб қолди.

Шу йил февраль ойида иккинчи китобим – МЕН ТУРМУШ ҚУРМОҚЧИМАНни ёзиб тугатдим ва ундан бир нусҳа чиқартириб президентга юбордим.

– Жаноб Президент! Бундан ТЎҚҚИЗ йил олдин менга 5000 нусҳада бепул китоб чиқартириб бераман деб ваъда берган эдингиз (мана ўша хатнинг нусҳаси), аммо ногиронлик аравасига ўтириб қолганим сабабли изланишларим 9 йилга чўзилиб кетди. Илтимос, китобларимни юзага чиқаришда амалий кўмак берсангиз…

Негадир бу хатим Қорақалпоғистон Соғлиқни Сақлаш Вазирлигига келиб тушибди. (Касалванднинг муаммосини Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги ечиши керак – маъқул ечим!)

Билсангиз, қорақалпоқ оғаларимиз дангалчи халқ, шунинг учун дангалини айтишди:

– Бизда типография ҳам, ортиқча пул ҳам йўқ! Агарда ССВга “притензиянгиз” ёки биздан не ёрдам керак бўлса айтинг, ёрдам берайлик?

Икки йилдан бери ногиронлик аравачасига ўнинчи ўринда навбатда турибман, хеееч навбатим келмаяпти, шуни таниш-билишчилик қилиб олдинроққа ўтказиб беришларини сўрадим…

Орадан хафта ўтиб касалхонадан қўнғироқ бўлди.

– “Минздрав”дан сўрашяпти, шу ногиронга арава бердингми деб? Сиздан илтимос, олдим деб қўл қўйиб беринг? Арава келса, биринчи “очеред”да сизга берамиз?

ҚЎЙМАЙМАН деганимдан кейин улар нима қилишибди – айтайми?

Ишонмайсиз, аммо бу рост – улар эски уйимизга бориб, отамга олдим деб ёздириб, қўл қўйдириб кетишибди!

– Ота, – дедим. – шу ишни бекор қилибсиз. Бўлди – иш ёпилди. Энди менга арава беришмайди…

Ана берамиз, мана берамиз билан йилнинг биринчи чораги ўтди. Иккинчи чоракда эса главрач бўшатилганини эшитиб қолдим. Уйимизга келган “дафтарчи” қиздан янги бош шифокорнинг телефон номерини билиб келишни илтимос қилдим.

Янги “главрач” гапларимни тинглаб бўлиб:

– Бўлиши мумкинмас! – деди. – Бизнинг туманда арава олмаган ногирон қолмади! Сизгаям берилган бўлиши керак?

– Худо урсин, мен арава олмадим! – қасам ичдим. – Тўғри, февраль ойида кейинги квартал берамиз деб қўл қўйдириб кетишган эди…

– Маълумини билиб телефон қиламан. – ваъда берди главрач. – Тез орада муаммоингизни ҳал қиламиз!
Шу гурунг бўлганигаям икки ойдан ошди, лекин аравачадан дарак йўқ.

Энди порталга ёзсамми деб турибман.

Ҳа, нима – эр ё хотин кераклар ҳам порталга ёзаётганмиш-ку?

Куни кеча:

– Устингиздан порталга арз қиламан! – дея огохлантирсам, главрач кимлигимни эслатиб қўйди:

– Сиз 33 миллионсиз, қайси бирингиз билан президент шуғилланади, деб ўйлайсиз? Хатингиз барибир менга келади, мени эса айтар гапим шу – кутинг, сизга кейинги квартал каляска берамиз! Ё Тошкентдан сиз учун махсус юборилади деб ўйлайсизми?

– Аниқ кейинги квартал берасизми?

– Узоғи билан охирги квартал…

Бу гапидан кейин янги главрачнинг олдингисидан фарқи йўқлигини тушиндим, аммо барибир порталга хат ёзмоқчиман.

Биламан, бу хатим айланиб-айланиб яна главрачни қўлига тушади, аммо ҳамма қариндош-уруғимга топшириб қўйдим: “бу сафар коляскани олволай – имзо қўйиб бериш қочмайди!”

Муаллиф: Қадамбой Отабоев

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қорақалпоғистонда севгилисини ўлдирган йигит 12 йилга қамалди

Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманида шу йил март ойида 24 ёшли А.Тенелбаев ўзининг яхши кўрган қизи 21 ёшли С.Қуралбаевани ўлдирган эди. Бунга эса С.Қуралбаеванинг ...

Жазо муддатини икки баравар ўтаган “бирлик” фаоли қамоқдан чиқди

“Бирлик” халқ ҳаракати партиясининг Наманган вилояти раиси бўлиб ишлаган 70 яшар Муҳаммадали Қорабоев 11 йиллик қамоқдан сўнг озодликка чиқди. (more…)

Мактаб формасидаги бош кийим масаласи кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида Халқ таълим вазирлиги ҳукуматнинг янги қарори лойиҳасини жойлаштиргани ҳақида аввал хабар берилган эди. Қайд этиш ўринлики, ...