Юлдузли тунлар-5

АНДИЖОН
ГУЛ ВА ҚУЮН
1

Чопарлар ҳали йўлда. Уруш тўполони Андижонга етиб келганича йўқ. Шаҳарнинг шимолидаги кўркам чорбоғ баланд девор билан ўралган, дарвозаларга соқ-чилар қўйилган. Чорбоғ ичида ўн икки ёшлик Бобур мирзо чавандозлик машқлари ўтказмоқда. У чорбоғ четидаги ялангликдан бўз отни чоптириб чиқди-ю, бирдан жиловни қўйиб юборди. Камонга чапдастлик билан ўқ ўрнатди ва чопиб бораётган от устидан нишонга отди. Ёй ўқи нишон ёғочига «тақ» этиб урилгани баралла эшитилди.
Бир тўп отлиқлар машқни чинор соясида туриб кузатмоқда эдилар. Қора отлиқ Мазидбек нишонга биринчи бўлиб яқинлашди. У Бобурнинг бек аткаси* эди. Бобур отини қайтариб келаётганда, Мазидбек унга:
— Мўлжални андак баландроқ олибсиз, аммо зарбингиз беҳад яхши, — деди.
Мазидбек сопига садаф қадалган ёй ўқини нишондан авайлаб суғуриб олди-да, қанчалик чуқур ботганини бармоғи билан ўлчаб кўрди:
— Билагингизда куч кўп, амирзодам! Шерпанжасиз. Подшоҳ ҳазратлари сизни Бобур деб атаганлари бежиз эмас. Бобур арабча шер демакдир!
Бобур мирзонинг навкарлари, яроқбардор, тенгдош-кўкалдош* мулозимлари ҳам нишон атрофига йиғилдилар. Улар Бобурнинг ҳали ёш ўспирин эканини, қўлидаги камони бўйи-бастига мос қилиб кичрайтириб ишланганини билар эдилар. Шуни ўйлаб, Бобур мақтовни ўзига олгиси келмади.
— Шерпанжа деб отамни айтсинлар. Мен кўрганмен, зарблари бундан ўн ҳисса ортиқ. Мушт урсалар, энг зўр йигитни ҳам йиқитурлар.
— Камина ҳам айтмоқчи эдимки, амирзодамнинг шерпанжаликлари подшоҳ отангизга тортганлигингиздан нишонадир!
Мазидбек гапни моҳирлик билан бурганини сезиб Бобур кулиб қўйди. Унинг майин сарғиш тукли пешонасида, юқори лабининг устида тер резалари йилтирарди.
— Кун исиди, амирзодам. Ёз рамазони тинкани қуритур. Ифторгача толиқиб қолмасинлар. Энди бориб, салқинда мутолаа қилсинлар. Камина Андижон қўрғонини мудофаага тайёрлаш билан банд бўлурмен.
Бобур мулозимлари билан машқ майдонидан чиқаётганида кўнглида янги бир истак уйғониб, кўзлари шўх йилтиради. У отини тўхтатиб, орқасига ўгирилди ва жийрон қашқа от минган навкарни ёнига чақирди. Навкар ёндашганда, қўлини чўзиб, отининг эгарини силкитиб кўрди. Эгар маҳкам урилган эди. Бобур навкарга эллик қадамча нарига боришни, отдан тушиб, жиловидан секин етаклаб кетаверишни буюрди.
Мулозимлар орасида энг эътиборлиси Бобурнинг опаси билан бир онани эмиб ўсган ўн етти ёшлик Нўён Кўкалдош эди. Мазидбек йўқлигида Бобурни эҳтиёт қилиш Нўёнга топширилган эди. Нўён Бобурнинг нима қилмоқчи эканини фаҳмлаб, безовталанди:
— Амирзодам, ҳозиргина бир машқдан чиқдингиз. Бошқа мушкул машқларни эртага қолдиринг.
— Хўп, мушкули эртага қолсин, ҳозир осонини кўрайлик, — кулиб деди Бобур. Навкар айтилган жойга бориб отдан тушди ва жийрон қашқасини секин етаклади. Бобур бўз отни чоптириб бориб, навкарга етганда оёқларини узангидан бўшатди, қамчини тишига олди. Бўз от жийрон қашқа билан жипс келган заҳоти Бобур бўй чўзиб, нариги отнинг эгаридан икки қўллаб ушлади-ю, бор кучи билан эгардан эгарга сакради.
Бироқ навкарнинг оти сакраш зарбидан чўчиб, ҳуркиб кетди. Бобурнинг хипча гавдаси бир лаҳза ҳавода муаллақ бўлиб қолди, кейин пастга тушиб кетди. Оёқлари ерга «тап» этиб урилди. Аммо у қўлларини эгардан бўшатмади — бўшатса ёмон йиқилишини сезиб, жон-жаҳди билан ёпишди. Билаклари чиндан ҳам кучли экан, шундай оғирликка бардош берди. Фақат навкар отини тўхтатиб олгунча Бобурнинг оёқлари ерни тирнаб судралиб борди-ю, бежирим ипак салласи бошидан учиб кетди.
Нўён Кўкалдош ёрдамга етиб келганда Бобур ўзини ўнглаб оёқда турар, бироқ ранги жуда оқариб кетган эди. Нўён отдан сакраб тушди ва Бобурга салласини олиб бермоқчи бўлди. Аммо Бобур тупроққа тушган саллага қарагиси ҳам келмади. Қамчи ҳамон тишида эди, уни қўлига олди, навкар етаклаб келган бўз отга индамай минди. Сўнг отига қамчи босиб, чорбоғ дарахтлари орасидан от чоптириб кетди.
Нўён унинг кетидан ваҳима билан тикилганича қолди. Ҳаммаёқ дов-дарахт, ариқ. Отлиқлар юрадиган катта йўл чорбоғнинг нариги четидан ўтади. Бобур эса тўғрига кетган тор сўқмоқдан, қалин дарахтлар орасидан елдай учиб боряпти! От ариқдан сакраб ўтаётганда Бобурнинг боши ариқ бўйида ўсган ўрикнинг катта бир шохига уриладиган эди. Аммо у отнинг бўйнини қучоқлаб, пастга шундай эгилдики, ўрик новдалари орқасини ишқалаб ўтди. Пишган ўриклардан бир қанчаси узилиб, ариқдаги сувга «чўлп-чўлп» этиб тушди.
— Сен нега отни маҳкам тутмадинг, авбош! — деб Нўён навкарни сўкди. — Ҳаммамиз амирзоданинг қаҳрига қолдик! Биздан хафа бўлиб кетдилар!
Бобур боғ тўридаги муҳташам кўшк олдига бориб, отини тўхтатди. Хизматкорларидан бири шошилиб келиб отнинг жиловидан олар экан, Бобурнинг ёлғиз ва бош яланг қайтганидан таажжубга тушди. Кўшкда Бобурнинг бувиси Эсон Давлат бегим уни кутиб ўтирган бўлса керак.
Агар ҳозир у Бобурнинг қай аҳволда қайтганини кўрса-ю, нималар бўлганини билса, мулозимлар ҳам, навкарлар ҳам жазо олиши аниқ. Чунки подшоҳ ҳазратлари Бобурни кўз қорачиғидай асрашни Эсон Давлат бегимга топшириб, чорбоғ ва қасрни ҳамма хизматкорлари билан унинг ихтиёрига бериб қўйган.
Мулозим ва навкарлар қўрқа-писа кўшкка яқинлашаётганларида мармар ҳовуздан беридаги беҳи шохига қантариб қўйилган бўз отга кўзлари тушди. Бобур ҳовуз бўйидаги тиллакори шийпонга кирганини сезишиб, шу ерда секин отдан тушдилар. Нўён Кўкалдош Бобурнинг салласини чангдан тозалаб, қўлида авайлаб олиб келмоқда эди. Шу пайт шийпон ичидан бошига бўрк кийган Бобур чиқди. Оти ҳурккан навкар ўзини Бобурнинг оёғи тагига ташлаб, узр сўрашга чоғланди.
Нўён Кўкалдош саллани нодир совғага ўхшатиб авайлаб кўтариб келаётгани Бобурга бирдан жуда кулгили туюлди. Ундан қаҳрли дашном кутиб бош эгиб турганлар тўсатдан кулги товушини эшитиб, ҳайрат билан бош кўтардилар. Бобур болаларча завқ билан гавдасини орқага ташлаб, хандон уриб кулар эди. Нўён Кўкалдош ҳам қўлидаги саллага энди бошқача кўз билан қаради ва кулиб юборди. Бошқалар ҳам елкаларидан тоғ қулаб тушгандай яйраб кулар ва жилмаяр эди. Бобур кулгидан тўхтаб, оти ҳурккан навкарга юзланди:
— Сизда айб йўқ эди…
Навкар ундан катта бир инъом олгандай астойдил миннатдор бўлиб таъзим қилди. Бобур Нўёнга тайинлади:
— Катта онам билмасинлар.
— Муддаомиз ўзи шу, амирзодам, — кулди Нўён ва бошқа мулозимларга сирдошларча кўз қисиб қўйди.
Шундай пайтда кўкалдош ва тенгдошлар ўзларини тахт ворисига хизмат қилиб юрган ёш мулозимлар деб эмас, унинг сирларига шерик бўлган яқин дўстлар деб билишар ва бундан кўнгиллари ўсиб, Бобурга меҳрлари ошар эди.
Кўшкдан чиқиб келган савдар Бобур қаршисида қўл қовуштириб, ичкарида мударрис уни кутиб ўтирганини айтди. Бобур бугун шариат илмидан дарс олиши кераклигини эслади ва тенгдошларидан истар-истамас ажралиб, кўшкка йўналди.
Eшиклари нафис ўймакорликлар билан безанган, ичидаги олтин-кумуш буюмлар кўзни қамаштирадиган кўшкда ҳозир Бобурни фақат битта хона ўзига тортар эди. Мударриснинг кутиб ўтирганига қарамай, Бобур яхши кўрган китоблари қўйилган шу хонага бурилди. Бахмал ва чарм муқовалар ичидан саҳифаларга битилган сатрларда улуғ шоирларнинг оташ нафаслари сезилиб тургандай бўлади. Бобур Фирдавсийдан, Саъдийдан минглаб байтларни ёд билади. Ҳозир у китоблари орасидан «Хамса»ни олар экан, узоқ Ҳиротда яшаётган Алишер Навоийни хаёл кўзи билан кўриб тургандай бўлди. Ҳиротда таълим олиб келган андижонлик меъмор мулла Фазлиддин мана шу кўшк ва мармар ҳовузли тиллакори шийпонни қурган пайтларида ёш Бобурга Навоий ҳақида жуда кўп ажо-йиб ҳикоялар айтиб берган эди. Меъмор Ҳиротдан Алишер Навоийнинг Беҳзод чизган расмидан яхши бир нусха кўчиртириб келган эди.
Бобур ҳам Навоийга ихлосманд эканини сезган меъмор унга мана шу расмни инъом қилган эди.
Бобур «Фарҳод ва Ширин» достони қатидан шу расмни олди-ю, шариат илмига оид дафтарининг ичига солди. Сўнг мударрис ўтирган хонага чиқди.
Оппоқ соқоли кўкрагини қоплаб ётган, катта оқ салла ўраган қошлари ўсиқ кекса мударрис дарсхона тўрида, банорас кўрпача устида ўлтириб, қуръондан қироат билан суралар ўқигач, форс тилида фиқҳ* илмининг қонунларини тушунтиришга киришди. Бобур араб-форс тилларини яхши ўрганган, қуръон сураларининг кўпини ёд билар, маъносини ҳам тушунар эди, фиқҳ илмининг баъзи нуқталарига қизиқар ҳам эди-ю, аммо ҳозир шу дақиқаларда унинг кўз олдидан Суҳроб ва Фарҳодларнинг қаҳрамонона ишлари сурон солиб ўтмоқда эди. Чорбоғдаги машқлар пайтида танасига сиғмай авжланиб кетган шўх, бебош бир куч ҳали ҳам қалбини жунбишга келтириб турибди.
Унга ёд бўлиб қолган севимли байтлар гоҳ туркий, гоҳ форсий оҳангларда мударрис қироатини ёриб ўтиб, хаёлида жаранглаб эшитила бошлади:

«Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин?»
«Зи мардони жаҳон марди биёмуз!*»

Ёд бўлиб қолган бу сатрлар хаёлидан ўтаётганда, Бобур дафтари орасига солинган суратни мударрисга кўрсатмасликка уриниб секин олди. Кўзларидан илҳом ва меҳр ёғилаётган Навоий узун қора чакмон кийган, ингичка ҳассага суянган. Унинг бутун қиёфаси яхшилик истаб келган ҳар бир кишига катта яхшиликлар қила олишидан далолат беради. Бобур суратга қараб туриб ўзича сўради: «Улуғ амир, насиб қилса, ҳузурингизга борсам, йўлимда Ахраману аждаҳо учраса, Фарҳодингиздай ҳаммасини енгиб ўтсам. Ўшанда сиз менга… шеърият тилсимини очғувчи калит берурмисиз?»
Мударрис қироат билан уқтираётган дарслари беҳуда кетаётганини бирдан сезиб қолди, секин ўрнидан турди-да, Бобурнинг ёнига келди. Бобур суратни яширишга улгуролмади.
— Одам сурати? — шиддат билан сўради мударрис. — Сиз қуръони шарифдан сабоқ эшитиш ўрнига, шариат қатъиян ман этган сураткашлик билан машғулмисиз.
— Мударрис жаноблари, бу суратни мен чизган эмасмен. Буни менга Ҳиротдин келтирмишлар. Бу улуғ зот — Амир Алишер.
Мударрис Навоийни шоир деб эшитган, асарларини ҳали ўқимаган эди.
— Одам суратини тарқатмоқ — шайтону лаиннинг иши! Қани бу суратни менга беринг, мирзом! Беринг!
Мударриснинг қаҳрли важоҳати суратни йиртиб ташлашдан ҳам тоймаслигини кўрсатар эди. Шунинг учун Бобур суратни бермай туриб олди. Мударриснинг ғазаби келди-ю, аммо тахт ворисига қаттиқ гапиришдан қўрқди. Бобурдан хафа бўлиб, Эсон Давлат бегимга шикоят қилгани кетди.
Eллик беш ёшлардаги салобатли кампир сидирға оқ атлас кўйлагини шитирлатиб дарсхонага кириб келаётганда Бобур дарҳол ўрнидан туриб, бувисига салом берди. Эсон Давлат бегим суратни қўлига олди ва Навоий тасвирига беихтиёр қизиқиб:
— Юзларида фаришталари бор зот эканлар, — деб қўйди. Сўнг ҳарир даканасининг бир чети билан юзини мударрисдан тўсиб, унга ярим ўгирилган ҳолда деди:— Мударрис жа-ноблари, бу сурат Ҳиротда шариат пешволарининг рухсатлари билан чизилган-ку.
— Мени маъзур тутинг, ҳазрат хоним, — деди эшик олдида қовоқ солиб ерга қараб тур-ган мударрис,— аммо Ҳиротда шариат қонунлари бузилмишдир. Шиалар таъсирида чизилган бу сурат бизнинг пок сунний мазҳабимизга мутлақо тўғри келмайди. Мен тахт во-рисини огоҳ қилмоқчиманки, бизга Муҳаммад алайҳиссалом васият қилган чин мусулмонлик алҳол Хуросонда эмас, Мовароуннаҳрдадир!
Eсон Давлат бегим мударрис билан мазҳаблар тўғрисида баҳслашиб ўтиришни истамади.
Бобурга юзланиб:
— Мударрис жаноблари бир жиҳатдан ҳақлар, — деди, — фиқҳ дарсида сурат томошаси ўринсиз, азизим. Тангри иноят қилса, сиз ҳукмдор бўлиб юрт сўрагайсиз. Шунинг учун фиқҳ қонунларини бошидан-охиригача билиб олинг. Суратни мен олиб кетай.
Бобур суратни бувисидан бир нафасга сўраб олди-ю, авайлаб китоб орасига солиб берди.
— Эҳтиёт қилингиз, сизга орзуйимни топширдим,— деди.
Eсон Давлат бегим неварасининг сўзларини ёқтириб деди:
— Балки Алишербекни Андижонга таклиф қилурсиз.
— Келурмиканлар? — кўзлари ёниб сўради Бобур.
— Самарқандга келганлар-ку, Фарғона водийсининг таърифи оламга машҳур. Илож топсалар, албатта келурлар. Алишербек ниҳоятда пок, авлиётабиат одам, деб эшитганмиз. Ўзлари келсалар, мударрис жанобларига ҳам манзур бўлишлари шубҳасиз!
Мударриснинг энди сал чеҳраси очилди. Қаддини тиклаб:
— Шояд шундай бўлса! — деб қўйди.
Eсон Давлат бегим уларни усталик билан яраштирганидан мамнун бўлиб дарсхонадан чиқди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* Б э к а т к а — ҳали балоғатга етмаган мирзоларга ҳомийлик қилиш учун подшоҳ томонидан тайин этиладиган масъул бек.
* К ў к а л д о ш — бир онани эмган болалар.
* Ф и қ ҳ — мусулмон қонуншунослиги.
* «Мардликни жаҳон мардларидан ўрган».

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-хоним ойимлар

Гулшан  эгнида  мунсаги  билан  даҳлизга  чиқиб,  ундаги  канизлар  томонидан "илтифотга лойиқ  кўрилгани"  учун  табрик  қилинди.  Кафшандозда  кийинар  экан,  кўзи  ...

Мажбурият

7. МАЖБУРИЯТ Қўқондан ҳар кун деярлик хабарлар келиб турар эди. «Қўқон сипоҳи томонидан Тошканд ўралди» деган хабарга энди ўн беш кунлаб вақт ўтган эди. Аммо ҳануз — ...

Юлдузли тунлар-72

4 Узоқ Сирдарё воҳаларида энди лола барг ёзадиган салқин ҳамал ойида Жамна бўйлари авжи саратон пайтидагидек иссиқ эди. Куни бўйи офтобда отлиқ юриб бадани мисдай қизиб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400