МEҲРОБДАН ЧАЁН-АДРАС ТЎН ВА ИССИҒ НОН “ФОЖИЪАСИ”

 Ёрлиғ  олишнинг  иккинчи  соатларида  бутун  шаҳарга  бу  хабар  тарқалиб  кетди.  Ўрда жарчиси бозор ва уруниш жойларда тўхтаб: 

— Айюҳаннос! Билмаган билсин – эшитмаган эшитсин:

Вақтики ажал паймонаси тўлди,

Мунший мулла Муҳаммад Ражаббек ўлди!

Фазл боғида очилған бир гул,

Яъни гул шохиға қўнған булбул.

Ба номи мулла мирзо Анвар,

Камолиға мусалламдир1 аксар.

Ҳузури муборакдан олиб ёрлиғ,

Майдони қаламкашликда қилур сухандонлиғ.

Ҳар кимсанингким бахти кулса,

Шоҳига жону дил ила хизмат қилса.

Лутфи шоҳонага сазовор бўлғай,

Атрофи зару зевар ила тўлғай!..

 

манзумаси билан жар солиб юрар эди.

Кечаги хабарларга кулги ва мазох тариқасида қараған шаҳар уламо ва ашрофлари бу кунги ҳақиқат олдида ҳар замон ёқа ушлаб: “Тавба, бу қандай бемазалик? Бир беному нишонга бунча илтифот!” дер эдилар. Шаҳарнинг аксарият қисми бўлған камбағал-косиблар бу масала устида бир хилдароқ фикр қилиб “ким бўлса ҳам ўзи инсофлик бўлсин, нима дединг-а, Мамарайим?”каби содда жумла билан ўз орзуларининг нимада эканини гавдалантирар, аммо Анварга иши тушиб,  унинг  шафқатини  кўрган  Сафар  бўзчи  кабилар  бу  хабардан  жуда  ҳам  хурсанд: “Қилмишидан топти бу йигит, бўғани жуда маъқул” деб, янги мирзобошининг таърифини қилар эдилар.

Махдум бу хабарни илгаридан кутиб турған бўлса ҳам яна шошиб қолди. Сўйинчига келган йигитни тўхтатиб қўйиб, дарҳол икки болани меҳмонхонани супуриб жой солишқа буюрди ва бошқа  болаларни  ёппа  озод  қўйиб  юборди.  Алпанғ-талпанғ  ичкарига  кириб,  ўқуғучи  қизлар ичида Нигор ойимни ўз ёниға чақирди:

— Ҳай, — деди, — Анварингдан киши келди, сандиғингни оч-чи!

Нигор ойим махдумнинг шошиб айткан бу сўзига тушунмади.

— Анвардан нима учун киши келади, сандиқни нега очай?

— Хай, аҳмақсан, — деди махдум энтикиб, — Анвар ёрлиғ олған, сўйинчига йигит келди; сандиқни очиб, шунга бир нарса бериб юборайлиқ, дейман, тез бўл!

Нигор ойим ҳам шошилинқиради, уйга кириб, сандиқнинг калидини тополмай тўрт томонни излар,  махдум  даҳлиздан  туриб  уни  койир  эди.  Калид  топила  бермагач,  махдумнинг  тоқати тугади, чиқиб қизлар ичидан Раънони чақирди.

— Топдим, топдим! – деди Нигор ойим.

Махдум уйга қайтиб кирди. Нигор ойим сандиқни очиб сўради:

— Қандай тўндан олай?

— Бўздан ол, бўздан.

Шу вақт Раъно ҳам уйга кирди. Махдум қизиға қараб кулди:

— Бахтинг-да, қизим, — деди, — Анвар аканг сармунший бўлибдир.

Раъно кулимсираб четка қаради:

— Мени нега чақирған эдингиз?

— Сандиқнинг калидини биласанми, деб чақирған эдим, калид топилди.

Нигор ойим бир бўз тўнни олиб, эрига кўрсатти:

— Шуниси бўладими?

— Ҳа бўлади, ташла.

— Ўрдадан келган кишига шу тўнни бериб бўлармикин?

Раъно ҳам бўз тўнга эътироз қилди:

— Бериб бўлмайди, уят.

Махдум ўйланиб қолди:

— Бўлмаса, — деди иккиланиб, — жўнроқ адрасдан ол-чи, — Нигор ойим бир адрас тўн олиб махдумнинг қўлиға берди. Махдум тўнни ёруққа солиб кўрди:

— Йўқ, адрас ҳайф, Раъно, — деди тўнни тахиға солиб, — ҳалиги бўзни беравур.

— Бўз тўн бергандан, бермаган яхши, — деди аччиғланиб Раъно, — арзимаган нарса учун Анвар акамни уялтирасизми?

Раънонинг ёниға Нигор ойим ҳам қўшулди:

— Киши уялғулиқ бўлмасин, Раъно.

— Ҳайф-да, ҳайф, — деди махдум, адрас тўнни салмоғлаб кўриб, бояғи шошилиш ҳолати ҳозир йўқ, аммо юзида ачиниш вазияти бор эди. – Увол-да, увол, қизим, ипаги жуда қуюқ экан.

— Ипаги қуюқ бўлса, ҳеч нарса қилмас, — деди асабийланиб Раъно. – Кишининг иззати-нафси ундан ҳам қуюқ.

— Хайр, хайр, — деди махдум, адрас тўн билан видўлашқандек. – Сен Раъно, сочларингни ювиб сал одамшаванда бўлиб юрсанг бўлмайдими, қизим?

Махдум шу сўзни айтиб чиқди. Раъно махдумнинг орқасидан нима учундир кулиб юборди.

Нигор ойим югуриб эрининг орқасидан чиқди:

—  Ҳай,  Раъно! – деди  ҳавлида  кетиб  борған  махдумга, — нонларимизнинг  суви  қочқан, хамир қилишға вақт оз, бозордан иссиғ нон олдирасизми?

Бу гап махдумга адрас тўннинг алами устидан туз сепкан таъсирини берди.

Ҳавли ўртасида бош қашиниб қолди ва кўзини қисиб, хотиниға қаради:

— Жуда қаттиғми? – деб сўради.

— Жуда қаттиғ, ҳатто ушатишка ҳам қўлнинг кучи етмас.

Жавоб  яна  фалокатлироқ  эди. “Хўб,  нон  олдираман”  дейишка  ҳам  махдумнинг  мажоли қолмаған ҳолда бошини қуйи солиб, жавобсиз ташқариға жўнади. Меҳмонхона саҳнида кутиб ўлтурган  йигитка  ўз  қўли  билан  адрас  тўнни  кийдирди.  Йигит  дарбозадан  чиққунча  ҳам махдумнинг  кўзи “хайф  кеткан”  адрас  тўнда,  ҳатто  ундан  Анварнинг  келаётқан  хабарини сўрашни  ҳам  унуткан  эди.  Ҳавли  супурғучи  бола  сув  сепмай  чангитиб  юборғани  учун  уни “аблаҳ,  кучук!”  деб  койиди.  Меҳмонхонада  кўрпача  ёзиб  турған  боланинг  ёниға  келиб, кўмаклашди ва боланинг уқувсизлиғидан ранжиб, буни ҳам бирмунча ачитиб олди.

— Сен чопиб гузарга чиқ, — деди болаға, жой солиниб бўлғандан кейин. – Катта толнинг тегида Совур новвойнинг дўкони бор. “Махдум домлаға йигирма дона нон керак экан. Нархи қанчадан?” деб даррав сўраб кел. “Махдум домлаға” дегин, “арзон қилиб айтар эмишсиз, пули нақд эмиш” дегин… “Янги мирзабошининг ўрдадан меҳмонлари келар экан” дегин… Югур!

Болани нарх билишка жўнатиб, ҳавлига чиқди. Ҳавлидаги бола сувни кўб сепиб, ерни лой қилиб юборған эди, яна койиди ва дарбоза олди – кўчага ҳам сув септириб, ичкари кирди.

—  Қизларни  озод  қўйибсан,  яхши, — деди  махдум  Нигор  ойимға. – Биз-ку  шу  хабарни кутиб турған эдик. Шундай бўлғандан кейин, нон-понингни тўғрилаб турмайсанми; ун бўлса-ку бор, аблаҳ, қани менга уч-тўртта нонингдан олиб кўрсат-чи.

Раъно  онасининг  сўзи  билан  қутидан  беш-олти  дона  нон  олиб  дадасининг  қўлиға  берди.

Дарҳақиқат,  бир-бирига  ўхшамаған  нонлар  тарашадек  қотиб  қолған  эдилар.  Махдун  уруниб  кўриб, биттасини ҳам синдиришға кучи етмади. Раъно, юзини четка ўгуриб, кулиб турар эди.

Махдум урина-урина ниҳоят ўзи ҳам кулди.

— Зор қолғуринг жуда ҳам қотипти-да, кун ҳам иссиқ-да, Раъно?

Бу сўздан Раъно баттарроқ кулиб юборди. Нигор ойим ҳам кулимсиди:

— Ахир, ўзингиз кечагина мен хамир қилай десам койидингиз, — деди Нигор ойим. – Биз-ку майли, куни бўйи ишлаб келган Анварга жабр. Шунчалик рўзғор қилиб, лоақал юмшоғроқ нон едирмасак… Киши жуда уялади.

—  Мен  иссиқ  нонга  бола  юбордим, — деди  махдум  қаттиғ  нонларни  Раънога  бериб. – Анварга жабр бўладир, деб ўйласанг мундан кейин ўзига лойиқ, оз-оз нон ёпиб тур. Сен билан мен бўлсақ қаттиғ нонни ҳам ея берамиз: жаззаси чойға бўктириш-да.

Махдум айтмаса ҳам Нигор ойим Анвар билан Раънога яширинча юмшоқ нон ёпиб берар, фақат бу кун ўша нондан бир-иккита қолған эди. Махдум энди нон сотиб олишни бўйниға олиб, ташқариға  чиқди.  Нарх  билиб  келган  болаға  йигирма  пул  бериб,  орқаси  куймаганини  олиш шарти билан нонға юборди.

Анварнинг “танишсизлиқ  ва  уйсизлиқ”  фикрининг  аксича  фотиҳахонлар  ҳам  кўриниб қолдилар, иккинчи, учунчи дуркум фотиҳахонлар келгандан сўнг, махдум Анвар олдиға киши юбориб, уни чақиртириб келишка мажбур бўлди.

Шу кун кечкача шаҳарнинг ҳамма табақаларидан ҳам фотиҳахонлар келиб турдилар. Ҳатто Анварнинг нодонлиғидан кулиб ёқа ушлаган уламолар, бой ва ашрофлар муборакбодчиларнинг аксариятини  ташкил  этар  эдилар.  Чунки  бу  кейинги  табақа  замонасозлиқ,  мувосо2  ва  тадбир орқасида  яшағучидирлар.  Анвар  ўзини  табрик  қилғучи  уламо  ва  ашрофлар  юзидан  очиқ равишда риё, шайтанат ва тамаъ ўқур, камбағаллардан содда самимият кўрар эди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

 


 

1 Тан бермоқ

2 Муроса қилиш

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-хайр энди, раъно!

Хотин-қизлар  жинсидан  иродаси  кучлик,  ҳатто  эрлардан  ҳам  жассурроқ  шахсларни  кўб учратамиз.  Шунинг  билан  бирга,  уларни  нақадар  кучлик  иродага  молик  ...

От кишнаган оқшом (қисса) 17-қисм

17 Кўзларимни очдим. Ё, тавба, Тарлон ҳамон чопиб бораяпти. Энди сойда чопиб бораяпти. Тарлон бир-бир босиб, оёқ илди. Бошини эгди. Пишиллаб нафас олди. Мен қаддимни ...

От кишнаган оқшом (қисса) 84-қисм

84 Тарлон-ай, нима кунларга қолдинг-а?... Тушда бўлаяптими, ё ўнгда бўлаяптими? Сен фарқламасанг, мен фарқлай олмай қолдим, Тарлон... Ҳалигилар қандай жонзот эди, Тарлон! ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400