МEҲРОБДАН ЧАЁН-ҲАРАМ

Янги ўрда юқорида ёзғанимиздек, ҳақиқатан шукуҳлик, хушманзара бино қилинған эдиким, унинг ҳозирги харобасидан ҳам кўрса бўлур. 

Ўрда  қўрғонининг  ташқари  айланаси (тўрт  томони)  ажойиб  гулзорлар,  анвўи  мевалик дарахтлар билан зийнатланган. Бу боғни махтаб Худоёрнинг ўз шоири Мулла Ниёз Муҳаммад:

 

“Ясаб қасре саодат даврида боғи жаҳон оро,

Муаттар бўлди гулзоридин олам гунбази хазро1.

 

Шаҳи волоки берди зеб боғ ичра раёҳиндин,

Ўшал кун тутди ер саҳнини бўйи анбари соро2.

 

Ясарда тарҳини тарроҳ3лар андоғ сакиз гулшан,

Бу гулшан ҳар биридин топдилар юз минг чаман оро.

 

Ки ҳар ашжор4 асмор5ини таъмида шакар мазмар6,

Очарға шаккар оғзин муддаилиққа наҳад оро.

 

Хиёбон расталардин боғ топди зеби оройиш,

Гулистониға бергандек чаман оро гули ҳумро.

 

Жаҳон боғида ҳарна неъматидир бунда ул мавжуд,

Насиб эткай сенга юз йилғача ҳақ эй жаҳондоро…7

 

дейдир ва Худоёрға бу боғда юз йиллаб роҳатланмоқ учун дуо қиладир.

Домла  Ниёз  Муҳаммад  айткандек,  гулшаннинг  уч  тарафи  хиёбон,  расталар  ва  бунда эртадан-кечкача  халқ  қайнашиб  турар  эди.  Ўрда  боғининг  эшигида  доим  қоровуллар  қараб турғанлиқдан,  ўрдага  алоқаси  бўлмаған  кишилар  боққа киралмаслар,  фақат  ҳафтада  бир  кун, хоннинг кўнгил очиш соатларида, баъзи мустасно зотлар учун боғнинг йўли очиқ бўлур эди.

Боққа  кирилгандан  кейин,  тўғридан  янги  ўрданинг  дарбозаси,  муҳташам  музаяқакор  тоқ  ва равоқлар кўзни қамашдирар, киши гўё ўзини хон ҳузурида, истибдод салобати остида сезар ва мутантан8, ва музайян9 қасрдан руҳ олиш ўрниға, билъакс, бир даҳшат ва хавф ҳис эта бошлар эди.  Ўрданинг  хиштин,  кунгирадор  қўрғонлари  ости  билан  жазойири  қилич  тақинған  махсус муҳофиз  йигитлар  айланиб,  бегона  кишини  қўрғон  яқиниға  йўлатмаслар,  айниқса,  ўрданинг юқори қисмидан қўйилған ҳарам дарбозасиға яқинлашиш учун, ҳатто ўрданинг ўз ходимлариға ҳам  рухсат  йўқ  эди.  Ҳарам  дарбозасидан  юрғучилар  ёлғиз  хоннинг  ўғли – шаҳзода,  хоннинг хотин қариндошлари, канизлар, доя хотинлар, яна баъзи “махсус” юмишларга хон томонидан белгиланган  заифаларгина  эдилар.  Бу  дарбозадан  хоннинг  ўзи  ҳам  юрмас,  чунки  унинг ҳарамига кирадиган йўли ўз маҳкамаси ва шаҳнишин орқалиқ эди.

1287-нчи йилнинг сунбула ойи, яъни эрта кузнинг кўклам ҳавосига яқин турған салқинча бир куни. Кечки соат бешларда ўрда ичида қайнаб турған ҳаёт бир оз тинчиб тушти, дарбоза ёнларидағи  қоровуллар  ичкарига  киши  киритмай  қўйдилар.  Ўрда  хизматчилари,  масалан, беклар, мирзолар, ясовуллар ва шулар сингари “сайид”10 ходимлари бирин-сирин чиқиб тарқала бошладилар.  Биринчи  дарбозанинг  икки  биқинида  турғучи  қоровул  йигитлар  ўрданинг  улуғ даражалик бекларини таъзим билан узатар, мансаби қуйироқ ясовуллар билан мутояба қилишиб қолар  эдилар.  Саркардалардан  баъзиси  дарбоза  ташқарисида  хизматчи  тарафидан  қантарилиб турған  отининг  ёниға  келиб,  отни  қараб  чиқар,  яхши  боқмағани,  ёки  тоза  супурмағани  учун сайис11ни койиб олар ва сўкуниш ораси сайис кўмагида отиға миниб жўнаб кетар эди.

Дарбозабонлар ўрдада зарур юмиши борлиғини сўзлаб, илтижо қилғучи ҳар қандай кишини ҳам ҳозир ичкарига йўлатмаслар ва асабийланиб койиб қайтарарлар эди.

— Бу ўзи қандай одам, қулоғиға ун босқанму! – деб жекириниб турған биринчи дарбозабон узоқдағи  кимгадир  қараб  қолди,  кўзи  ўша  тарафда  экан  бояғи  сўзини  такрорлади, — боравурингғ, оғизни очманғ, шери Яздон келганда ҳам ичкари киритмаймуз!

Илтижо  қилғучи  умидсиз  дарбозадан  йироқлашди.  Унинг  кетича  дарбоза  ёнида  банорас паранжилик  бир  хотин  пайдо  бўлиб,  ичкарига  парвосиз  кира  берди. “Шери  Яздон”12ни  ҳам киритмайдирган дарбозабонлар хотинни бошдан-оёғ кузатиб, индашмай қараб қола бердилар.

Хотин  ичкари  кириб  тўғриға  қараб  юрди,  асл  ўрданинг  улуғ  муҳташам  дарбозасиға яқинлашқандан кейин ўнгдаги айри йўлға бурилди.

Хотин ҳарам дарбозасини чоғлаб борар эди. Қўрғон остидағи соқчилар хотинға ёвош-ёвош қараб олиш билан кифояланар ва уни таниғандан парвосизча ўз ёнларидан кечирар эдилар.

Хотин ҳарам дарбозаси ёниға етиб, остонага қадам босқан чоғида бўсағадағи йигит “виш” этдириб қиличини қинидан суғурди.

— Тўхтанғ!

Хотин  тўхтади  ва  йигитка  қараб  бетидаги  чашмбандини  қия  очти.  Йигитнинг  жиддияти кулимсирашка  мубаддал13  бўлиб, ҳаводаги  қиличини  қайтариб  ғилофиға  солди.  Хотин  юзини очқан кўйи ичкарига юрди. Ўттуз беш ёшларда кўринган бу гўзал хотин ҳарам ходималаридан Гулшанбону эди.

Гулшанбону  Худоёрнинг  иккинчи  даврида  ўз  хусни  билан  бир  неча  мартаба  хоннинг илтифотига сазовор бўлған ҳарам канизларидан эди. Худоёр тахтни ташлаб Бухороға қочишға мажбур  бўлғандан  кейин,  оғасини  ғайри  шаръий  ишларда,  жумладан,  хотинбозлиқда  айблаб, тахтка  минган  Муллахон  ўз  даъвосиға  мувофиқ  Худоёр  ҳарамидаги  юзлаб  хотинларни  ўз йигитлари  орасида  хотинлиққа  тақсим  қилиб  юборди.  Шу  жумладан,  Гулшанбону  ҳам Маллахон  тарафидан  Худоёрға  қарши  урушда  қаҳрамонлиқ  кўрсаткан  бир  йигитка  инъом қилиниб,  шундан  бери  ўша  йигитнинг  никоҳида  хотин  эди.  Худоёр  учунчи  мартаба  тахтка мингандан кейин, Гулшан хоннинг ёниға келиб, эски “қадрдонлиқ” номиға ҳарамдан бир хизмат сўрағанида, “марҳаматлик”  хон  Гулшаннинг  арзини  ерда  қолдирмай,  ҳарам  ходимларининг жуда озлариға насиб бўладирған улуғ бир мартаба ато қилдиким, биз Гулшанга топширилған вазифанинг нимадан иборатлигин қуйида кўрармиз.

Гулшан  дарбозадан  ичкари  киргандан  кейин,  паранжи  остида  босилиб  тартибсизланган сочларини тузатди, чанг ўлтурган нилий ранг товор кўйлагининг этакларини қоқти, қўлидағи ёқут ва зумурад кўзлик олтин узукларини тўғрилаб тақти ва шундан сўнг зиналардан юқориға қараб  чиқа  бошлади.  Йигирманчи  зинадан  кейин  узун – ўрданинг  эни  қадар  бир  бўлак бошланиб, унинг ўнг-сўлини ўн чоғлиқ бухори чакма эшиклар зийнатлаган эдилар. Бу эшиклар ҳарамдаги алоҳида ҳавлилар ва улар даромад14ини кўрсатар эдилар.

Гулшан узун йўлакка чиқиб, ўнгдаги биринчи эшикни итарди. Ичкари тарафдан кекса бир ходима – эшик очар хола кўриниб, Гулшанга салом берди ва “хуш келдилар” деди. Гулшанни ичкари киритиб, эшикни беклади. Бу, ҳарамнинг кичкинагина сув ҳавлиси эди. Ўртадағи мис ҳовузда кўм-кўк сув мавж уриб, бир неча канизлар ҳовуздан сув олмоқда эдилар. Ҳавлининг шимолидаги ходималар турадирған кичкина бир уйдан бошқа мунда бино йўқ, фақат жанубда ҳалигидек бир эшик бор эди. Сув ҳавлисидаги бу ҳовуз ҳарамнинг бутун эҳтиёжини ўтар, уни ҳафтада бир неча мартаба махсус соатларда мешкоблар томонидан тўлдириб турилар эди.

Гулшан  паранжисини  қўлиға  олиб,  эшик  томонға  юрди.  Эшик  ёниға  келиб  секин-секин ҳалқани чертти. Эшик ичкаридан очилиб, бунда ҳам эшик очар хола кўринди. Лекин буниси ёшқина  бир  каниз  эди.  Гулшандан  паранжи,  чашмбандни  олиб, “хуш  келдилар”  деди.  Бу ҳарамнинг биринчи ҳавлиси эди. Ҳавлининг тўрт томони нақшинкор, ойнабанд, гул чакилган даричалик, ҳаммаси бир хил бичиқда танобий (зол) уйлар, ҳар бир уйга махсус даҳлизлар ва бир-бирига ямашдириб солинған хоналарни шу даҳлизлар бир-биридан ажратиб турар эдилар.

У  қадар  кенг  бўлмаған  саҳн  остиға  хиш  тўшалган,  ҳавли  юзида  тўрт-бешта  қизил  шолдан кўйлак ва бошлариға сариғ шолдан рўмол ўраб, оёқлариға бедонадан кафш масхи кийган ёш канизлар  сочилған  ҳолда  вазифалари  орқасидан  юрар  эдилар.  Гулшан  улар  билан  оҳиста сўрашди ва канизларнинг биридан ярим товуш ичида сўради:

— Он ҳазратим?

— Шаҳнишиндалар, — деди каниз, товшини четка чиқармаслиққа тиришиб.

Шаҳнишин – хоннинг  хос  ҳужраси,  хон  овқанланадирған,  ухлайдирған  ҳам  хотинларни қабул  қиладирған  уй  бўлиб,  сув  ҳавлисининг  қатори  билан  то  тахт  ўрнатилған  маҳкамагача қатор  уч  хона  танобий  уйлардан  иборат  эди.  Бу  уйлар  шаҳнишинликка  мувофиқ  бошқа бинолардан  баланд  қилиб  солинған  бинолар  орқаси,  жануби  хос  ойимлар – яни  хонимлар танобийси, ғарби – қисман танобий ва қисман ошхона ва ҳарам хазинаси биноларини ва бошқа ҳавлиларга чиқиш учун даромадларни ташкил этар эди.

Гулшан, “шаҳнишиндалар”  жавобидан  сўнг,  тараддудлангандек  бўлди.  Бир  оз  иккиланиб турғандан  кейин;  яна  бир  қайта  сочини,  рўймолини,  кийимини  тузатиб  олди  ва  шаҳнишин томонға бурулди.

— Ойихоним чақирадирлар, — деб бир каниз шивирлади.

Гулшан уч-тўрт қадам босқан эди, тўрдаги танобийдан чиқиб келган канизнинг ҳалиги сўзи билан тўхтади ва сўзсиз каниз томонға бурулди. Гулшан кирганда даҳлизнинг тўрида уч нафар каниз санама15 тикиб ўлтурар эдилар. Улар билан саломлашди. Ул саломлашқан аснода ичкари танобийдан  олти  ёшлар  чамалиқ,  оқ  туслик  қора  кўзлик  кўркамгина  бир  бола  сариғ  атлас кўйлагини ҳилпиратиб чиқиб келди.

—  Ассалому  алайкум…  Соғмилар,  шаҳзодам, — деди  Гулшан  кўлини  кўкрагига  қўйиб, болаға букилинқираған ҳолатда.

Шаҳзода жавобсиз кулимсираб, Гулшанга бир оз қараб турди-да, ичкарига кириб кетди.

Гулшан кафшандозда оёғини ешиб, гиламга чиқди. Даҳлиз ўн бир ёғочлиқ катта мунаққаш уйдан  иборат  бўлиб,  тахмонида  атлас  ва  адрас  кўрпа,  кўрпачалар  уюлған,  тоқчалари  анвойи хитойи ва қашқар чиннилари, бухоро мис ва кумуш идишлари билан зийнатланган эди. Гулшан кафшини еша бошлағач юқоридағи санама тикувчилар ҳам ўрунларидан турған эдилар, келиб кўришдилар. Улар кўришиб бўлғанда, бояғи каниз ичкаридан чиқди.

— Кирсинлар, — деди Гулшанга.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Кўк яшил

2 Тоза, соф

3 Лойиҳачи

4 Дарахтлар

5 Мевалар

6 Замири, ичи

7 Жаҳонни эгалловчи ҳукмдор

8 Тантанавор

9 Зийнатланган

10 Амир демоқчи

11 Отбоқар

12 Халифа Алига берилган нисбат

13 Алмашинган

14 Йўлак

15 Ироқи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шавкат раҳмон-дарё

Қўйвормайди кўҳна ўзаним, кундуз яшар самарларимда. Сайрагандай қумри, булбуллар товлангувчи камарларимда. Тоғлар тиниқ қорини берар, яшил водий — ёниқ гулларин, кечаларнинг ...

Бизга кучли танқидчилар керак

Ўзбек адабиёти ва санъатига назар ташлар эканмиз, устозларимиздан қолган адабий мерослар билан фахрлансак арзийди. Бу мерослар, истиқболимиз йўлини ёритгучи маёқлардек нур ...

Абдулла қодирий қайтмаган ҳовли

Мақола bbc.com сайтидан олинди Муаллиф: Анора Содиқова Тошкентнинг марказида Парижнинг 13-кварталига қиёслаш мумкин бўлган бир маҳалла бор... Ўша кўчада оқ тунукалар билан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400