Тожикистонни блокада қилиб миллиардлаб доллар фойдадан қуруқ қолганимиз…

Шу пайтгача Тожикистон ҳақида, уларга 20 йил давомида виза жорий этиб, уларни блокада қилиб қўйганимиз ҳақида нима ёзган бўлсам “қон-қардошлик”, “жон-қардошлик”дан келиб чиқиб ёзганман. Ўзингиз ўйлаб кўринг, чегаранинг уёғида “тожикистонлик” номи остида яшаётганларнинг камида 30-40% ўзбеклар, ўзимизнинг миллатдошлар эди. Қолганлари ҳам бизга бегона эмас, тил жиҳатдан биздан бироз фарқланса ҳам, аммо минг йиллардан бери биз билан аралашиб, ҳа шундай, қўшни бўлиб эмас, аралашиб яшаб, биз билан қиз олди-берди қилиб, урф-одат ва анаъналари ва эътиқоди бир хил бўлган миллат эди.

Ана шу одамларга, яъни “қон-қардош” ва “жон-қардош”ларимизга айнан Ўзбекистон манфати учун эмас, балки кимларнидир шахсий ғарази учун, зеро бу шахсий ғаразларнинг турлича талқинлари бор, 1999 йилда виза тартиблари жорий қилинди ва уларга поезддан бошқа ҳеч қандай транспорт воситаларида ёки пиёда Ўзбекистон ҳудудидан транзит сифатида фойдаланиш тақиқлаб қўйилди. Агар, Тожикистон аҳолисининг бир қисми ўзбеклар, қолган қисми ҳам “жон-қардош”лар эканини инобатга олсак бу иш мутлақо нотўғри бўлган эди. Шу пайтгача масалага шу тарафлама ёндашиб ёзганман.

 

Энди, масаланинг иккинчи, яна бир асосий жиҳати бор, қўйида шу ҳақда фикр юритаман.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида фуқаролар уруши рўй берган Тожикистонда ҳамма нарса издан чиқди. Шундан кейин бу мамлакат фақат истеъмолчи бўлиб қолди холос. Ўшанда Россиядан келаётган ун, ёғни айтмаса, Тожикистонга асосан биз маҳсулот олиб кириб сотдик. Ун, ёғ, сабзавотлар, дуккаклилар, полиз маҳсулотлари, бензин, дизель, суюлтирилган газ, сиқилган газ, ҳаммаси биздан кирар эди. Эсимда, Тошкентда очилган Кока-Кола заводи Тожикистонга ҳар куни бир неча вагонлаб маҳсулот жўнатар эди. Бу жараён 1999 йилда виза жорий қилиниб, чегаралаб ёпилиб, чегараларнинг тоғлардан ўтган қисмларига миналар кўмилгунча давом этди. Ундан кейин Тожикистонга қуш ҳам учиб ўта олмади. Шу билан биз жуда катта бўлмаса ҳам, яхши бир бозордан айрилдик.

2018 йил, чегаралар очилганда эса Тожикистон анча оёққа туриб олган, тожик тадбиркорлари кўпгина ишлаб чиқариш корхоналарини очиб бўлган эдилар. Агар ўшанда душманчилик жуда қаттиқ олиб борилмаганда ва чегаралар ёпилиб, тожикистонликларга виза жорий этилмаганда ўзбек тадбиркорлари Тожикистон бозорига кириб бориб, саноатнинг турли соҳаларида ва қишлоқ хўжалигида турли корхоналар очиб ёки Ўзбекистон маҳсулотларини етказиб бериб, буни ортидан орада ўтган йигирма йилда кўплаб натижага эришар эдилар ва бу мамлакатимиз учун фақат фойда бўлар эди.

 

Мен иқтисодчи эмасман, нўноқ бозорчиман. Аммо шу ҳолимда ҳам Тожикистонни 20 йил иқтисодий ва сиёсий блокада қилиш ортидан Ўзбекистон умумий ҳисоблаганда бир неча миллиардлаб доллар фойдадан қуруқ қолганини тахмин қилиб биламан. Бундан ташқари сайёҳлик соҳасида, шунингдек зиёрат сайёҳлиги, тиббиёт соҳаларида тожикистонликлардан анча пул ишласа бўлар эди. Не ажабки ўшанда буларни биронтасини ўйлашмади. Фақатгина, ҳаммаёқни ёпиб, блокада қилиб, Тожикистонда яшайдиган миллатдошларимизни ва тожик қардошларимизни азобда қолдиришди холос.

 

“Ўшанда шундай қилмаса бўлмас эди, террорчилар ва наркотик трафиги кучли эди” дейишингиз мумкин. Аммо, тан олайлик, Тожикистонни блокада қилиниши террорчиларга ҳам, наркотик кириб келишига ҳам алоқаси йўқ эди. Хўп, ана алоқаси бор ҳам дейлик, аммо блока қилганимиздан кейин ҳам барибир наркотик кириб келаверди, террорчилар хавф солавердику. Қолаверса, ҳозир ҳам террорчилар хавфи тугагани йўқ ва норкотик кириб келиш эҳтимоли бор, аммо бизда раҳбар ўзгаргандан чегараларни очиб юборди. Сабаби, ҳозирги раҳбаримиз ва ҳукуматимиз Тожикистонни блокада қилиб нафақат тожикистонликлар, балки биз  ўзимиз ҳам зарар кўраётганимизни яхши билишади. Шу учун ҳам блокадани очиб юборишди.

Қолаверса қанақасига яқин қўшни бир давлатни, буни устига аҳолисининг анчаси миллатдош ўзбек эканлигини билиб ҳам 20 йиллаб блокадада ушлаш мумкин?


Муаллиф:Ғайрат Йўлдош

Манба:Bugunning gapi UZ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Президент барча турдаги товарлар бўйича экспорт божхона божларини бекор қилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 15 декабрдаги фармонига биноан барча турдаги товарларга экспорт божхона божлари ва товарларни экспорт қилишни лицензиялаш бекор қилинди. ...

Бой ва ўрта ҳолнинг ўнта фарқи

"Forbes” фикрича, АҚШнинг 400 нафар бойининг маблағи паст тоифадаги 150 млн. одамнинг маблағидан кўпроқ экан. Ўрта тоифадаги одамларга келадиган бўлсак, яқин 10 йил ичида ...

Ўзбекистонда тадбиркорларни ҳомийликка мажбурлаган амалдорлар жиноий жавобгарликка тортилади

Тадбиркорларни ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурлаганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот телеграм канали маълум ...