Юлдузли тунлар-39

2

Ўратепанинг жанубидаги Туркистон тизма тоғи этакларига баҳор анча кечикиб келади. Ҳамал ойининг охирларида далаларга энди қўш чиқади. Қорли Пирях чўққисининг тагида тўрт томони баланд тепаликлар билан ўралган шамолпана Даҳкат қишлоғида ўриклар савр ойига бориб гуллайди.

Қишлоқнинг кунботиш томонида баланд тепаликка кўтариладиган тик йўл — бароз бор. Бароз шунчалик баландки, унинг юқорисидан Даҳкатга қаралса, қишлоқ теран бир чуқурликнинг тубига жойлашгандай кўринади.
Бароздан юқоридаги текис далада Тоҳир яланг оёқ бўлиб, ҳўкиз билан ер ҳайдамоқда.
Самарқандда Тоҳирга қўшилиб навкар бўлиб келган бир қулоғи кесик Мамат эса ҳали ҳайдалмаган зояк ерга қулочкашлаб уруғ сочяпти. У ҳам яланг оёқ бўлиб иштон почасини шимариб олган. Улардан нарида уч-тўртта даҳкатлик тожик деҳқонлар ҳам ер ҳайдаб, экин экаётир. Ер юмшоқ, ҳаво ёқимли, ишнинг унуми яхши. Шунинг учун ҳаммаларининг руҳлари кўтаринки. Шунча вақт жангу жадалда юриб, деҳқончилик касбини соғинган Тоҳир энди яйраб ер ҳайдайди ва бирда-ярим ашула хиргойи қилиб қўяди.
Бароздан пиёда кўтарилиб келган Бобур тоғда қўй боқиб юрган, далада қўш ҳайдаётган ёш-ялангларга қарар экан, бир нарсадан таажжубланди. Тоғу тошга поябзал чидамагани учун камбағалларнинг кўписи яланг оёқ юрарди. Уст-бошлари ҳам юпун, лекин руҳлари тетик, қоринлари тўйиб овқат ейишса, кайфлари чоғ.
Бобур ўзини шу ёшларга қиёс қилади: унинг ҳам тўрт мучаси соғ, ўзи кучга тўлган йигирма ёшли йигит, қишлоқ йигитларидан камлиги йўқ. Лекин нега у бунчалик ғамгин? Мана бу улуғвор тоғлар бағрида нега у гўзал табиатнинг тирик бир бўлагидай яйрай олмай-ди?
Ҳамма гап яланг оёқ юришда бўлганидай, Бобур ағдарма этигини ечиб марзага қўйди-ю, ҳайдалган ер устида сарпойчан юриб кўрди.
Тупроқ бахмалдай майин, ундан баҳор ва ёшликнинг ҳиди келади. Одамнинг тупроқдан яратилгани ҳақидаги ривоят эсга тушади.
Навкарлар ва деҳқонлар Бобурнинг яланг оёқ юрганини аввал ҳазилга йўйиб кулишди. Кейин Бобур этигини марзада қолдириб, Даҳкатнинг барозидан яланг оёқ тушиб кетаётганини кўришди-ю, ҳайрон бўлишди.
Барознинг майда тошлари Бобурнинг товонларига ботар, тик жойлардан тушаётганда чақир тошлар оёғига тикан бўлиб кириб кетаётгандай оғриқ қўзғар эди. Лекин Бобур тишини-тишига қўйиб оғриққа чидаб борар эди.
Барознинг ярмигача тушганда кетидан ағдарма этикни қўлига олиб, сакраб-сакраб Тоҳир етиб келди:
— Амирзодам, этикни кийинг! Тўхтанг. Бу тошлар оёғингизни яра қилмасин!
Бобур тўхтаб, Тоҳирнинг товонлари қорайган катта-катта оёқларига қаради:
— Сизнинг оёғингиз жароҳатсиз-ку?
— Э, амирзодам, биз ўрганиб кетганмиз.
— Мен ҳам ўрганмоқ истаймен.
— Нечун?
— Сизларга ҳавасим келур, — деди Бобур йўлида давом этиб.
Тоҳир ундан сал кейинроқда борар экан, кулди:
— Амирзодам, подшоҳнинг навкарга ҳаваси келиши мумкин эмас.
Бобур Тоҳирдан хиёл ранжиб:
— Сиз ҳам менга ишонмадингизми? — деди. — Тошкентда подшоҳлик даъвосидан воз кечганимни айт-ган эдим-ку!
Бу ҳодисага Қосимбек ҳам, бошқа кўпчилик бек ва навкарлар ҳам «аччиқ устида шунча-ки айтилган гап», деб қарашган ва ўша икки юз эллик кишининг ҳаммаси Қутлуғ Нигор хоним билан бирга Бобурнинг кетидан Даҳкатга келишган эди.
Тоҳир оғир тин олди-ю:
— Амирзодам, мен сизга ўзимдан ҳам ортиқ ишонурмен, — деди. — Аммо сизнинг шоҳлик ташвишидан қутулишингиз мумкин эмас.
— Нечун? Ахир шаҳзодаларнинг тожу тахтсиз ўтганлари йўқми?
— Бор. Аммо сиз ундайлардан эмассиз.

— Аммо мен тожу тахтнинг бевафолигини билганларданмен. Шоҳ Жамшиддек, Искандар Зулқарнайндек тождорлар ҳам орттирган давлату молу дунёларини ташлаб, қабрга битта кафан билан кетган эмасларми?
Тоҳир яқинда тоғнинг нариги томонидаги Оббурдон қишлоғига борганларини эслади. Бобурнинг тожу тахтдан ихлоси қайтганлиги беҳазил бўлса керакки, шоҳ Жамшиднинг тилидан айтилган тожикча шеърни чашма бўйидаги тошга ўйдирди. Тўрт сатрлик бу шеърнинг икки сатри Тоҳирнинг эсида турибди:

Гирифтем олам ба марди-ю зўр,
Ва лекин набурдем бо худ ба гўр*

Оламни забт этган жаҳонгирларнинг салтанати ҳам омонат — ўзлари дунёдан кетишлари билан тугайди. Лекин шоирнинг яхши сўзлари тошга битилган ҳарфлардай асрлар давомида ўчмайди. Шундай экан, Бобур қолган умрини шоирликка бағишласа яхши эмасми?
— Мен жон дер эдиму, лекин беклар сизни қўймаслар,— деди Тоҳир.
— Бекларга ижозат берурмиз, кетурлар.
Бобур шу сўзининг устидан чиқа олишини яланг оёқ юриш билан исбот қилмоқчи бўлгандай, яна майда тошлар устидан сарпойчан юриб кетди. Бироқ унинг қийналиб бораётгани майишиб юришидан сезилди. Тоҳир уни қувиб етди-ю:
— Амирзодам, этикни кийинг, — деди. — Яланг оёқликни ҳавас қила кўрманг. Худо сизни ҳеч вақт бу кўйларга солмасин.
— Қайси кўйларга?
— Ялангоёқларнинг аҳволига тушманг!
— Ажабо! Ялангоёқлар одам эмасдирларми?
— Одам. Лекин сиз шоҳ бўлиб туғилгансиз!
— У ҳолда — шоҳ одам эмасдирми?
Тоҳир жавоб тополмай қолди. У шоҳ билан навкар орасида тоғдай баланд девор борлигини билар, Бобур бу девордан бир сакраб ошиб ўтмоқчи бўлаётгани ғалати туюларди.
Тоҳирнинг назарида, Бобур қайта шоҳ бўлишдан умидини узгану тушкунликка учрагани учун шу гапларни айтяпти.
— Амирзодам, агар сиз шоҳликдан шоирликни афзал кўрсангиз, унда мен ҳам… аҳли аёлим билан тинч бир гўшада деҳқончилик қилиб, сизга садоқат билан умр ўтказган бўлур эдим… Лекин бунинг иложи бўлмас…
Бобур этигини Тоҳирнинг қўлидан олди.
— Сиз қайтинг, — деди Тоҳирга. — Аммо бу гаплар орамизда қолсин. Кейин яна кенгашурмиз. Боринг!
Тоҳир бароздан қайтиб чиқар экан, Бобурнинг унга ўзини яқин олиб шунча ғалати гаплар айтганидан кўнгли кўтарилиб кулиб қўйди. Бироқ Бобур бир гўшада тинчгина яшайдиган мискинтабиат одамлардан эмас эди. Унинг яланг оёқ юришга ўрганмоқчи бўлгани эса Тоҳирга шоирона бир шўхлик бўлиб кўринарди.
Тоҳир барознинг тепасига чиққанда орқасига ўгирилиб қаради. Бобур ҳамон этигини қўлига олиб, пастлаб бормоқда эди. Тоҳир унинг чидамига тан бериб: «Лекин сўзидан қайтмайдиган одати ҳам бор!» деб қўйди.
Бобур оёғининг бир-икки жойи қавариб шилинганини сезса ҳам оғриғига чидаб, қишлоқнинг бериги четидаги чашма бўйига сарпойчан борди. Ундан нарида юмшоқ тупроқли сўқмоқ бор эди. Лекин қишлоқ одамлари унинг яланг оёқ юрганини кўриб, пасту баланд гап қилишлари мумкин эди.
Унга уйини берган қишлоқнинг кадхудоси ҳам, бек ва мулозимлар ҳам «Мирзо ҳазратлари» деб, Бобурга ҳамиша таъзим қилишар эди. Агар Бобур камбағал деҳқонга ўхшаб сарпойчан юрса, булар оддий яланг-оёққа таъзим қилгандай кўриниб, иззат-нафсга боришлари ва хафа бўлишлари мумкин эди. Шунинг учун Бобур аъёнлар учрайдиган жойлардан одатдагидай этик кийиб ўтар эди-ю, Даҳкатнинг атрофидаги ёнбағирларга боргач, яна яланг оёқ бўлиб оларди.
Оёғига ботиб озор берадиган ғадир-будур тошлар, буталар дилини ўртаётган аламли ўйларнинг тафтини оладигандай бўлар эди. Кунлар ўтиши билан унинг товонлари сағри чармидай қалинлашиб тош-пошлар, ёғин-сочинлар кор қилмайдиган бўлиб кетди.

* * *

Даҳкатдан уч-тўрт чақирим қуйида Қоразов деб аталадиган баланд жарлар тагидан одамни оқизадиган улкан Оқсув елиб ўтади. Бу сувнинг ўнгга бурилиб, ёйилиб оқадиган сокинроқ бир жойида кечув бор.
Тоғ бағридан қиялаб ўтган сўқмоқ билан арчалар орасидан юриб келаётган Бобур тушга яқин Оқсувнинг шу кечуви олдидан чиқди ва дарёдан ўтиб келаётган йигирматача қуролли отлиқларга рўпара келиб қолди. Олдинда пиёзи чакмон ва қизил бўрк кийган Қосимбек. Унга эргашиб келаётган навкарлар ҳам таниш.
Бобур уларга яланг оёқ юрганини кўрсатгиси келмади-ю, йўлдан четланиб, баланд бир арчанинг соя-сига бориб ўтирди.
Лекин бу орада Қосимбек ҳам уни кўриб қолди. Кечувда қорнигача ҳўл бўлган отини Бобурдан анча нарида тўхтатиб, тез ерга тушди. Навкарлар ҳам Бобурни ҳурмат қилиб апил-тапил отдан тушдилар. Қосимбек отининг жиловини навкарига бериб, эгилиб таъзим қилган кўйича Бобурга яқинлашди. Мусибатли товуш билан деди:
— Амирзодам, бир қошиқ қонимдан кечинг! Яна бир шумхабар!…
Бобурнинг хаёли Тошкентга кетди. Қосимбек уч ойдан бери ўша ёқларда юрган эди. Бобурнинг тоғаси Маҳмудхон Шайбонийхоннинг элчиси шарафига зиёфатлар бериб юриб, ахири хон билан битим тузган эди. Бу битимга биноан Шайбонийхон Ўратепани Маҳмудхонга бериб, ўзи Ҳисорга қўшин тортиб кетган эди. Пайтдан фойдаланган Маҳмудхон укаси Олачахон билан бирга Фарғона водийсидаги Аҳмад Танбалга қарши уруш очган эди. Улар водийни Аҳмад Танбалдан тортиб олиб, Тошкент хонлигига қўшмоқчи эдилар. Шайбонийхон аввал бу ниятга қўшилган эди. Наҳотки энди сўзидан қайтган бўлса?!
— Не бўлди? Сўзланг!
— Шайбонийхон манфурлик билан сўзидан қайтмишдир, амирзодам! Тоғаларингиз Фарғона водийсида Аҳмад Танбал билан олти ой олишиб, уни енголмай, кўп талафотлар бериб, заифлашиб қолган пайтда Шайбонийхон битимни бузиб, кутилмаганда кетларидан бостириб келмишдир! Олдинда Аҳмад Танбал қўшини, кетларида ёлғон иттифоқчи Шайбонийхон қўшини! Тоғангиз бу икки балонинг орасида қолиб тор-мор бўлдилар! Шайбоний-хон уни асир олмишдир.
Бобур жойида ўтиролмай ўрнидан туриб кетди.
— Ё алҳазар! Тошкент ҳам кетдими, а?
— Э, сўраманг, амирзодам! Тошкентда икки минг қўриқчи аскар бор эди. Олти ойга етгулик захира бор эди! Қўрғонни қаттиқ туриб ҳимоя қилса бўлур эди. Бироқ асир тушган Маҳмудхон беҳад уятлик бир иш қилмишдир. Шайбонийхон уни қатл эттирмоқчи бўлганда, Маҳмудхон:
«Қонимдан кечинг, не талабингиз бўлса бажарай!» деди. Шунда Шайбонийхон шарт қўюрки, Тошкентдаги қўриқчи аскарларингизга буйруқ ёзиб юборинг, токи қўрғонни жангсиз ташлаб чиқиб кетсинлар, аммо хазина билан ҳарам қўрғонда қолсин. Жон ширин-лик қилиб, Маҳмудхон бу шартни қабул қилмишдир!
— Наҳотки бутун ҳарам Шайбонийлар илкига тушган бўлса?!
— Ҳа, амирзодам, ғолиблар қўриқчисиз Тошкентда уч кун элни таламишдир! Тоғойингиз Маҳмудхоннинг энг кўҳлик синглиси Давлат бегим Шайбонийхоннинг ўғли Темур Султон ҳарамига учинчи хотин бўлиб кирмишдир. Эллик уч яшар Шайбонийхоннинг ўзи Маҳмудхоннинг ўн олти ёшлик гўзал қизи Мўғил хонимни никоҳлаб олмишдир! Маҳмудхоннинг суюкли хотини Розия Султон бегим илгариги элчи Жонибек Султонга ғунчачи қилиб никоҳланмишдир! Бултур Хонзода бегим учун бизни шунчалар маломат қилган Маҳмудхон энди суюкли хотинини, қизини, синглисини ўз жони учун бунчалик шармандали аҳволга солгани бутун эл-улуснинг нафратини келтирмишдир!
Бобурнинг хаёли Ойиша бегимга кетди. Ундан кўнгли қолиб, ажрашиб кетган бўлса ҳам, лекин бир вақтлар илк ёшлик меҳри билан суйган хотинининг Шайбонийхон ҳарамига тушиши эҳтимоли уни даҳшатга келтирди. Опаси Хонзода бегимнинг Шайбонийхон ҳарамига тушгани озми?
Бобур Қосимбекка даҳшат тўла кўзларини тикиб сўради:
— Наҳотки Ойиша бегим…Eгачим Хонзода бегимнинг кундошига айлантирилган бўлса?!
— Йўқ, амирзодам! Не тил билан айтайки, Ойиша бегим хоннинг амакиси — эллик беш ёшли Кўчкинчихонга тўқол хотин қилиб никоҳланмишдир!
Бобур юзини қўллари орасига олиб нидо қилди:
— О, бу не разолат? Не шармандалик?!
Қора кўзларидан учқунлар сочиб Бобурга аччиқ гаплар айтган ўша Розия Султон бегим бугун Жонибек Султоннинг қучоғида! Бу йўғон гавдали маккор бек Маҳмудхон саройида элчи бўлиб, хон билан шатранж ўйнаб, атайлаб ютқизиб юрган пайтларидаёқ унинг суюкли хотинини кўз остига олиб қўйган бўлса эҳтимол. Ойиша бегим-чи?
Қосимбек армон тўла товуш билан сўзида давом этди:
— Кошки Маҳмудхон шунча уят ишлар қилиб, тирик қолган бўлса!
— Тоғойим ўлдирилдими?!
— Шайбонийхон биринчи мартасида уни ўлдирмаган эди. Лекин ҳалиги шармандаликлар билан руҳан ўлдиргандан баттар қилиб Мовароуннаҳр чегарасидан шарққа — Олтой томонга қувиб юборган эди. Бундан алами келган Маҳмудхон ўша ёқларда ўзига тарафдорлар топиб, қўшин йиғиб Шайбонийхондан қасд олиш учун яна Сирдарё бўйига келади. Хўжанд яқинида иккинчи марта жанг бўлиб, Маҳмудхон яна енгилади-ю, икки ёш ўғли билан асир тушади. Бу гал Шайбонийхон Маҳмудхоннинг ўзини ҳам, ёш ўғилларини ҳам аёвсиз қатл эттирмишдир!
— Ё алҳазар!.. Ё раб!..
Бир вақтлар Бобурга оқибатсизлик қилиб, алам ўтказган яқинларининг тақдир томонидан бунчалик шафқатсизларча жазоланиши Бобурни қора босириқдай эзиб, карахт қилиб қўйди.
Бобур улардан ҳар қанча ранжиганда ҳам бундай оғир жазоларни уларнинг ҳеч бирига раво кўрмас эди.
Бобурнинг ранги қув ўчиб, юз мускуллари титраётганини кўрган Қосимбек шумхабар келтиргани учун яна бир марта узр сўради. Бобурнинг сал тафтини оладиган чора қидириб:
— Амирзодам, қани, ўлтирсинлар, марҳумларнинг арвоҳига тиловат қилайлик, — деди.
Тиззалари бўшашиб, оёғида зўрға турган Бобур арча тагидаги бояги жойига қайтиб ўлтирди.
Қосимбек унинг қаршисига тиз чўкди. Навкарлар ҳам бирин-кетин чўнқайдилар. Қосимбек ширали, йўғон овоз билан қуръон сураларини оҳангдор қилиб айтиб, узоқ тиловат қилди.
Дарёдай бир зайлда оқадиган бу оҳанглар Бобурга дунёнинг бебақолигини, ўтиб турган ҳар бир дақиқа умр қайтиб келмайдиган неъмат эканини, ҳаётнинг ғаниматлигини эслатди-ю, у ўзини сал босиб, ялангоёқларини тўнининг этаги билан бекитиб қўйди. Тиловат тугаб, юзларига фотиҳа тортганларидан сўнг Қосимбек навкарларга қўли билан нарироқ бориб туриш ишорасини қилди. Улар узоқлашгач, Бобурга янада яқинроқ келиб, паст овоз билан деди:

— Шайбонийзодалар бу ғалабалардан қутуриб, Андижонга кўз тикмишлар. Босқинчилар эрта-индин Ўратепага ҳам келурлар. Энди бу ерларда юриш хатарли, амирзодам. Тоғ ошиб, Ҳисорга кетмоқ керак.
Ҳисор ҳукмдори Хисравшоҳ тахтни Бобурнинг амакиваччаси Бойсунқур мирзодан тортиб олиб, тахтга даъвогар бўлмасин, деб, ўлдиртирган эди. Бобур шуни эслади-ю:
— Менинг қордан қочиб дўлга тутилишим не даркор, жаноб Қосимбек? — деди.
— Менинг мақсадим бошқа, амирзодам. Камина Ҳисор беклари билан бултурдан бери махфий музокара олиб бормоқдамен. Уларнинг кўпи Хисравшоҳдан норози экан. Ўзи бир навкардан чиққан таги паст ҳукмдор. Тахтда ўлтиришга ҳаққи йўқ. Борсак, яхши беклари сизга ён босгайлар.
— Яна тахт талашишми? Йўқ, жаноб Қосимбек! Мен бу талашлардан жуда тўйдим! Ҳозир менга тинч бир гўша бўлса, дарвишона ҳаёт кечирсам, ашъор ёзсам — шу ўзи бас!..
Қосимбек боядан бери кўзини Бобурнинг яланг оёқларидан олиб қочмоқда эди. Шаҳзоданинг бундай юриши унга жуда эриш туюларди.
— Амирзодам, сиз бизнинг тақдиримизни ҳам ўйланг! Икки юз элликта содиқ одамларингиз — беклару мулозиму навкарларингиз сизга омад тилаб, аввалгидан ҳам катта мартабаларга етишингизга ишониб, тоғу тошда саргардон бўлиб юриши нечун?
Қосимбекнинг гапи тагида: «Чиндан дарвиш бўламен десангиз сизга бунча беку навкарларнинг не кераги бор? Нечун жавобини бермайсиз?» деган маъно ётар эди.
— Сиз келтирган мудҳиш хабарлардан кўнглим вайрон бўлиб турган пайтда яна бир мушкул гапни қўзғадингиз, жаноб Қосимбек!
— Густохлигим учун мени кечиринг!
— Аммо сиз ҳақсиз. Мен сиздек содиқ кишиларимнинг тақдирини ҳам унутмаслигим керак. Ростини айтинг, жаноб Қосимбек, Хисравшоҳнинг ўзи ҳам сизни хизматга чорлаганми?
— Чорлаган. Икки қайта махсус одам юбормишдир.
Бобур Қосимбекнинг мардона юзига, қирқ ёшга бормасдан оқ оралай бошлаган калта соқол-мўйловига маъюс бир назар ташлади.
— Сиздан маҳрум бўлиш мен учун беҳад мушкул!— деди. — Отам ўлгандан бери менга отадек ғамхўрлик қилдингиз. Мен сиздан кўрган садоқату яхшиликни ҳали бошқа ҳеч қайси бекдан кўрган эмасмен!
— Сарафрозмен, амирзодам!
— Энди шу яхшиликларингиз ҳурмати, мен сизга жавоб берурмен. Майли, Ҳисорга боринг!
— Сизни тарк этиб кетишга кўнглим йўқ, амирзодам! Бирга кетайлик!
— Мен ўзим ҳам шоҳлик занжиридан бутунлай озод бўлишга интилмоқдамен, жаноб Қосимбек.
Бу занжирнинг бир учи тобе одамларга боғланган бўлса, унинг иккинчи учи шоҳнинг ўзига боғланур экан! Шу сабаб, тобеларни занжирдан бўшатмагунча подшоҳнинг ўзи ҳам занжирбанд бўлур экан. Мен энди мана шу табиат бағрида занжирсиз яшашга қасд қилдим. Шунинг учун сизга жавоб! Бошқа беку мулозиму нав-карлар ҳам вақт-соати билан жавоб олурлар!
Бобур Қосимбек билан хайрлашмоқчи бўлиб ўрнидан турди. Самарқандда суюкли опасидан, Тошкентда хотинидан айрилган, бугун эса шунча машъум хабарлар эшитиб, яна энг ишонган бекидан ҳам ажрашишга мажбур бўлаётган Бобур ўзини ҳар қанча тетик тутишга уринса ҳам тиззалари букилиб, гандираклаб кетди. Қосимбек уни қучоқлаб хайрлашар экан, кўзлари жиққа ёшга тўлди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

____________
* «Оламни мардлик ва зўрлик билан олдик, лекин ўзимиз билан бирга гўрга олиб кетмадик». Бобур 1502-йилда тошга ўйдирган бу сатрларни орадан
452-йил ўтгандан кейин 1954-йилда тожик олими А. Мухторов Оббурдон қишлоғидаги бир қудуқ ёнидан топиб олади. Тошга битилган бу шеър ҳозир
Душанбеда музейда сақланмоқда.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Абдулла  қодирий  номидаги  ўзбекистон  республикаси давлат мукофоти

АБДУЛЛА  ҚОДИРИЙ  НОМИДАГИ  ЎЗБЕКИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ -ЎзРнинг  бадиий  ижод  соҳасидаги  илк  олий  мукофоти. 1991 йил  6 февралда  таъсис  этилган. Ушбу ...

Юлдузли тунлар-11

ЎШ НАЖОТ ҚАЙДА? 1 Баланд қоятошлар билан текис воҳалар бир-бирига ғалати тарзда киришиб кетган Ўш атрофлари бир неча кундан бери жуда серҳаракат. Андижондан туяларга ортиб ...

Қашқойилар

Эронда хилма-хил халқлар яшайди. Ана шундай халқлардан бири қашқойилардир. Ушбу кўчманчи турк элати Исфаҳон атрофида (Форс вилояти) ва қисман Хузистонда яшайди. Уларнинг энг ...