Юлдузли тунлар-56

5

Тиниқ куз осмонида оқ ипакдан ҳам нафис мезонлар учади. Самарқанд боғларида катта дона анорлар етилган, соҳиби узумлар ва нақш олмаларнинг энг ширинлари қолган пайт.


Шаҳарнинг барча дарвозалари очиқ, кирди-чиқди бемалол. Ўн кундан бери Самарқандда на қўшин бор, на бир ҳокимият. Шайбонийзодалар Вахш бўйида Бобурдан енгилганларидан кейин Ғузор ва Қарши атрофларида яна астойдил бир жанг қилмоқчи бўлиб, куч тўплаб кўрдилар.
Бироқ Бойсун тоғларидан нарида Бобур қўшинига Шоҳ Исмоил юборган ўттиз минг қизилбош аскари келиб қўшилгани маълум бўлгандан кейин султонлар иккинчи марта мағлубиятга учрашдан қўрқдилару Қарши, Бухоро ва Самарқандни жангсиз ташлаб чиқдилар. Фақат улар душманларига захира қолдирмасликка тиришиб қўлларига тушган ҳамма от-улов, мол-ҳол, дон-дунни талаб олиб кетдилар. Шу муносабат билан кўчманчи қабилаларнинг яна бир талон-торожини бошдан кечирган ва уларга қарши нафрати бениҳоя ошган ўтроқ аҳоли энди бутун нажотни Бобурдан кутиб, унинг йўлига умид билан кўз тика бошлади.
Бобур иттифоқдошлари билан Ғузордан Қаршига, ундан Бухорога ўтган, бу қўрғонларга ишончли одамларини қўйиб, энди Самарқандга келмоқда эди. Бундан хабар топган самарқандликлар Чорраҳа дарвозасини, унга келиб кирадиган Бухоро йўлининг икки четини дорпеч, гилам ва палаклар билан безатдилар. Йўл бўйига ўнлаб муваққат дўконлар қурилди, ҳайит кунларидаги каби сайил бошланди.

Шаҳарнинг энг обрўли одамларидан йигирма-ўттизтаси қўрғон калитлари ва қимматбаҳо пешкашлар билан Бобурни бир кунлик йўлда пешвоз олдилар. Эртаси куни Бобур саф-саф отлиқ қўшин олдида мулозимлари билан Самарқандга яқинлашар экан, йўлнинг икки бўйини халойиқ тутиб кетганини, ҳаммаёқ байрам тусини олганини, том устларида, дарвоза олдиларида карнайлар ва нақоралар чалинаётганини кўрди.
Бобурнинг Ҳисордаги ғалабаси шарафига ёзилган шеърий таърихлар*, унинг Самарқандга келишини қутлайдиган сатрлар хаттотлар томонидан йирик-йирик ҳарфлар билан оқ ипак матоларга ёзилиб, йўл бўйларига, дўкон тепаларига, қўрғон ичининг кўзга кўринарли жойларига осиб қўйилган эди. Бобур хор-зор бўлиб чиқиб кетган ватанида бунчалик иззат- икром билан қарши олинишини хаёлига келтирмаган эди. У мавкаби билан шаҳарнинг марказий хиёбонидан Кўксаройга қараб ўтаётганда Улуғбек мадрасасининг баланд пештоқи ва миноралари устида қўшкарнайлар чалиб, нақораларни сайратиб, қувонч билдираётган ватандошларини кўрди. Шунда бирдан эти жимирлаб, кўзига ёш келди. Ёнида бораётган Қосимбекка қараб:
— Ишонгим келмас, тушимми бу, ўнгим? — деди.
— Ўнгингиз, ҳазратим! Ўнгингиз!
Хос навкарлардан сал кейинроқда саллаларига қизил ўтағалар қадалган Шоҳ Исмоилнинг беклари Аҳмадбек сўфи ўғли, Шоҳруҳбек Афшар, Муҳаммаджон эшик оғаси ўз мулозимлари билан бир тўп бўлиб келмоқда эдилар. Улар от устида ғолибларга хос виқор билан ўтиришар, юзларидан: «Биз бўлмасак Бобур Самарқандга қайтиб кўрсин эди!» деган бир маъно
англашилар эди.
Самарқандликлар эса бутун карнай-сурнайларини Бобурга қаратиб чалишарди. Шоҳ Исмоилнинг бек ва навкарлари халойиқ олдидан ўта бошлаганда карнайлар ва нақоралар бирин-кетин тиниб қоларди. Қизилбошларнинг шафқатсиз ишлари ва шиа мазҳабини зўрлик билан тарқатиш борасидаги ҳаракатлари Самарқандга жуда ваҳимали овозалар тарзида етиб келган эди. Шаҳарнинг сунний аҳолиси саф-саф бўлиб ўтаётган қуролли шиаларга хавотирли, нохуш назар билан қарашарди. Халойиқнинг совуқ муносабатидан қизилбош бекларининг қовоқлари осилиб борар, Бобурга кўрсатилаётган иззат-икромлар уларнинг ғашларини келтирарди.
Бундай мураккаб ҳолатлар Қарши ва Бухорода ҳам бўлган эди. Бобур ватандошларининг меҳмондўстлик туйғусини уйғотиш учун шу куниёқ Самарқанднинг майдон ва кўчаларига жарчи чиқартириб: «Шоҳ Исмоилнинг ғозийлари бизнинг мўътабар меҳмонларимиздандир!» деб эълон қилдирди. Сўнг қувончли айём муносабати билан меҳмонларга ва шаҳар аҳолисига уч кунгача ош беришни буюрди.
Бобур ва унинг одамлари бундан ўн йил муқаддам қамалда қолиб, очликдан интиҳосиз машаққатлар чеккан Бўстонсаройда, маҳалла ва гузарларда, боғ ва сайргоҳлардаги юзлаб тандирларда осиёги нонлар, ширмойлар, патирлар, чаватилар ёпилди, минглаб товоқ ошлар тортилди, беҳисоб кўп қўйларнинг гўштларидан қовурдоқлар, кабоблар, шўрвалар тайёрланди, асил чоғирларга тўла хумлар очилди.
Бобур ҳар куни меҳмонлари ва мусоҳиблари билан чоғир ичиб хурсандчилик қилар эди. Тўй-томоша устига яна тўрт тарафдан хушхабарлар келиб турарди. Андижон, Марғилон, Ўш ва Ўзган ҳаммаси бирин-кетин шайбонийзодалар ҳукмидан чиқиб, Бобур томонига ўтган эди.
Жанубда Қундуз, Кобул, Ғазна барчаси энди Бобурнинг қаламравидаги ягона мамлакатга айланганди. Унинг назарида, ҳаётининг энг бахтли даври бошланган, барча орзулари энди бекаму кўст рўёбга чиқиши керак эди.
Бироқ бу бахтнинг жуда омонат, жуда муваққат эканлиги энг аввал масжид билан бозорда билинди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_____________
* Ш э ъ р и й т а ъ р и х — махсус бир шеърий жанр бўлиб, ҳарфларидан абжад ҳисоби билан маълум йил ва ой келиб чиқади.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Дастхат (шеър)

Гўзаллик, покликдан уялиб, қисилиб, қимтиниб турасан, қоп-қора деворга суяниб, ёп-ёруғ хаёллар сурасан. Илоҳам, тонг каби юзингга ҳирсланиб, ҳезланиб боқарлар, кўзларин ...

Алишер навоий ким?

Алишер Навоий ким?   Алишер Навоий Хамсаси   Чор девон   Алишер Навоийнинг девонлари   Алишер Навоийнинг асарлари     Ўқитувчилар учун кўргазма ...

Шовруқ рўзимуродни ким ўлдирди? самарқанд ii (давоми)

 Алвидо: мен бутун оламни забт этдим.                            Эдгар Аллан По, “Буюк Темур” китобидан. Жомбой билан Самарқанд оралиғи 3 дақиқалик йўл. Яъни 6 километр. Биз ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400