Юлдузли тунлар-55

4

Ниҳоят, барча режалар гаплашилган тарзда амалга ошди-ю, Бобурнинг мўғуллар билан биргаликда йигирма беш мингдан ошадиган қўшини ёз кунларида Амударёнинг Панж деб аталадиган юқори оқимидан ўтиб, Кўлоб орқали Вахш водийсига йўналди.


Шайбонийзодалар Шоҳ Исмоил қўшинининг Термиз томондан келаётганини, улар Бобур аскарлари билан қўшилса, енгиш мушкул бўлишини билар эдилар. Шунинг учун улар Убайдулла Султон бошлиқ бир қисм қўшинларини Қарши ва Самарқандда қолдиришиб, асосий кучларини Ҳисорга йиғиб келдилар. Темур Султон, Жонибек Султон, Ҳамза Султон ва Мамат Султон бошлиқ ўттиз минг отлиқ қўшин чўл ва водийлардан чиқиб, баланд тоғ оралиқларига шитоб билан кўтарилиб келмоқда эди. Улар Бобур қўшинини Вахш дарёсидан ўтказмасликка интилар эдилар.
Бироқ юқоридан тез тушиб келаётган Бобур бутун аскарлари билан Вахш бўйига душманидан анча олдин етиб борди ва Пули Сангин* деган кўприкдан ўтди. Сўнг одам оёғи тегмаган тик қоятошлар ва зовлар орасидаги баҳайбат даранинг даҳанасини* ва ҳарбий жиҳатдан қулай баландликларни эгаллаб олди. Пастдан ёпирилиб чиқиб келган ёв қўшини торгина йўл билан даранинг ичига киришга журъат этолмай тўхтади.
Султонлар от устида туриб анча вақт кенгашганларидан кейин Темур Султон бошлиқ ўн мингтача аскар даранинг ўнг томонига ўтди-ю, Бобур турган баландликка орқадан айланиб келмоқчи бўлди. Темур Султоннинг орқадан чиқиб келиб тўлғама ишлатишини Сарипул жангида кўрган Бобур унинг ниятини фаҳмлаб қолди. Дарҳол Мирзохон бошлиқ ўн минг отлиқни ёв айланиб ўтаётган томонга жўнатди. Айланиб ўтаётганлардан кўра тўғридан бораётганлар мўлжалланган жойга тезроқ етдилар ва баландликнинг Вахш дарёсигача бориб тақаладиган ҳамма муҳим нуқталарини ишғол қилдилар. Вахш учуримли қоялар орасидан шундай даҳшат солиб оқар эдики, унинг қирғоғини ёқалаб ўтиб бўлмас эди. Темур Султон қаршисидан чиққан аскарларнинг сафини ёриб ўтмоқчи бўлиб, пешингача жанг қилди, лекин мухолиф томон юқоридан тош юмалатиб, ўқ ёғдириб, уларга йўл бермади.
Очиқ чўлларда ўсган, текис водийларда дадил ҳаракат қиладиган султонлар ҳаммаёғи бекик даралар ва тик қоятошли тоғлар орасида жуда қийналиб қолдилар. Уларнинг даштий отлари ҳам тоғда дуруст чополмас эди. Баъзилари тик ёнадан тушаётганда тоғда юришга мўлжалланмаган қуюшқон ва айиллари узилиб кетар, эгалари отларидан йиқилиб тушишар эди. Шундай йиқилиб тушганлардан бирини тутиб олиб, Бобурнинг олдига «тил» тариқасида келтирдилар. Бобур «тил»ни сўроқ қилдириб, шайбонийзодалар орасида уларнинг энг истеъдодли саркардаси бўлган Убайдулла Султон йўқлигини, бошқалари дуруст-роқ олишишнинг эпини тополмай, чекинишга ҳам журъат этолмай, иккиланиб турганини аниқлади.
Бобур ёв қўшини сафланиб турган пастликнинг яқинида сув йўқлигини билар эди. Ҳаво иссиқ.
Куни бўйи югуриб-елиб чарчаган одамлар ва отлар ҳализамон чанқаб, сув қидиришга тушиши муқаррар. Сув эса ёв турган жойдан беш-олти чақиримча орқада эди.
Кеч кириб, кун бота бошлаганда Бобур одамларига: «Бугун энди жанг бўлмади, эртани кутамиз», дегандай қилиб, отидан тушди. Тепаликда Бобурнинг ёнида турган мингдан ортиқ аскарлар ҳам отдан намойишкорона туша бошладилар.
Буни даранинг ташқарисидаги шайбонийзода султонлар кўриб турардилар. Лекин даранинг ичида — султонларга кўринмайдиган жойда Бобурнинг асосий кучлари отдан тушмай, саф тортиб, ҳужумга шайланиб турар эдилар.
Тепаликда турган Бобур ён-веридаги барча навкарлари билан кечки пайтда отдан тушганини ва навкарлар сафини тарқатиб юборганини кўрган султонлар «бугун чиндан ҳам жанг бўлмайди» деб ўйлаган бўлсалар керак. Улар ҳам сафларини бузиб, баъзилари отларини етаклаган ҳолда орқага бурилишди ва сув излай бошлашди.
Бобурга шу керак эди. У сакраб отига минди-ю, дара ичида ёвга кўринмай тайёр турган бек ва нав-карларига қараб қичқирди:
— Ёғий чекинди! Зафар бизники бўлур! Таъқиб этинг! Бу буйруқ оғиздан-оғизга ўтиб, бир лаҳзада бутун сафларга тарқалди. «Ёв қочса ботир кўпаяди» деганларидек, ёв чекинганига ишонган дарадаги аскарлар даҳана ташқарисига шердай дадил ҳамла қилиб чиқдилар. Бобур ҳам қилич яланғочлаб, тепадаги туғбардорлари ва хос навкарлари билан пастга отилди.
Шайбонийзодалар дара ичидан ва тепадан тоғ кўчкисидай отилиб тушиб келаётган ўн беш минг қўшин қаршисида шошиб қолдилар. Улар бузилган сафларига қайтадан тартиб беришга улгуролмай, ваҳима ичида қочишга тушдилар.
Бу қочишни ўнг томонда Мирзохон билан олишаётган Темур Султоннинг одамлари ҳам кўрдилару яккаланиб, қуршовга тушиб қолишдан қўрқиб, нариги бир дарага қараб чекиндилар.
Бобур хос навкарлари билан бирга ёвнинг асосий кучларини таъқиб қилиб бормоқда эди. Ғира-шира қоронғилик тушганда унинг Муҳаммад Султон Дўлдай деган беки Ҳамза Султоннинг қўшинини тор-мор қилиб, ўзини асир олиб келди. Хуфтон кечроқ Хўжа Калон бошлиқ навкарлар Маҳди Султонни ҳам қўлга тушириб келдилар.
Қоракўл ва Андижонда бўлган кўпгина қирғинларнинг сабабчилари мана шу султонлар эди.
Бобур уларни ўлимга ҳукм қилди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_____________
* П у л и С а н г и н — «Тош кўприк». Ҳозирги Норак шаҳрининг яқинида бўлган.
* Д а ҳ а н а — даранинг оғзи, кириб-чиқиладиган жойи.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Усмон қўчқоров-ваҳима

ВАҲИМА Ҳар гал Бухорони кезганда чандон Ваҳмга тушаман тошларга боқиб. Манови — минора, манови — зиндон... Ва кимдир ортимдан қилади таъқиб. Қайроқи майдондан кираман Аркка — ...

Чингиз айтматов:қиёмат 12-қисм

Ростини айтсам, ўша соатда бошимдан нима кечаётганлигини англамас, англашни ҳам истамас эдим. Кўринишдан худди менга ўхшаган, худди мен каби одам бўлган ўн қўшиқчига нега бу ...

Юлдузли тунлар-60

* * * Бўстонсаройнинг тиллакори қабулхонасида Амударё бўйидаги Урганч ва Қоракўл шаҳарларидан хушхабарлар билан келган бек ва аъёнлар шарафига зиёфат берилмоқда эди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400