Эрта қайтган турналар (қисса)-22

Ўн бешинчи боб


Шамолда иссиқ қон ҳидини тобора аниқроқ искаб бораётган бўри борган сари иштаҳасини карнай қилиб юборган ўша ис анқиётган жой томонга думини қисганича чопиб борарди… Қиш бўйи озиб қолганига қарамай бу кекса йиртқич ҳамон баҳайбат эди. Оқсойдан сайғоқлар кетгунларича қишни бир амаллаб ўтказарди. Энди эса сайғоқлар урчигани Оқсойдан катта қумлоққа кетишган. Ёш бўри галалари бўлса тоғларда ҳолсизланиб қолган архарларни сўқмоқларда тутиб юришибди. Қари бўри энг оғир дамларни бошидан кечирарди. У қишки уйқудан кейин суғурларнинг пайдо бўлишини кутарди. Кунлаб, соатлаб кутарди. Суғурлар яқин кунлар ичида офтобга чиқишлари керак эди. Бу ўлимдан қутулиш демак эди. Суғурлар ер остида, ўзларининг чуқур, тубсиз инларида шунчалик узоқ ётгандики! Бу кунларда Оқсойда бўри қанчалик очлик ва зерикиш билан яшамади!
Бўри ўлжанинг бегона бўлишидан чўчигандек қоннинг ўзига тортувчи ҳиди томон елиб борарди. Бу ё катта ўлжа, ё отнинг жасади эди. Тер ва гўшт ҳиди унинг бошини айлантириб, маст қилиб қўйганди! Бу бўри умр бўйи тўдаси билан уч ёки тўрт мартагина отларни қувишга муваффақ бўлганди, холос.
Бўри ярим очиқ оғзидан сўлагини оқизиб, бўм-бўш ошқозонида қаттиқ оғриқ сезганича чопиб борарди. Бўри булутли тонг ғира-ширасида чопиб бораётган оқиш сояга ўхшаб еларди.
Бўри шундоқ чопиб боришда ўлжаси устига ташланмоқни қанчалик хоҳламасин, кўникма кўникмалигини қилди — ўзини тутиб, узокдан ўлжаси атрофини бир айланиб олди. Айланди-ю, довдираб қолди — ўлик от ёнида одам бор эди. Одам қўрқиб ўрнидан турди.
— Эй! — бақирди Султонмурот ерни тепиб.
Бўри тисланиб, думини оёқлари орасига қаттиқ қисиб, хоҳламайгина, бир четга қочди. Кетиш керак эди. Одам турибди. Одам ўлжани олиб кетишга халал беради. Бўри сал нарироқ қочиб бориб бирдан тўхтади-да, паст овозда улиб одамга юзланди. Бўрининг кўкиш, бесаранжом кўзлари қаҳр билан ёнарди. Калласини эгиб, тишларини ғижирлатиб, ғазаб билан секин-аста яқинлаша бошлади.
Султонмурот бўрини хатарга солувчи қичқириқ билан тўхтатди ва Чопдорнинг бошидан юганини ечиб олишга улгурди. У тезда юган билан оғир темир сувлиқни ўраб дастак қилиб олди. Энди сувлиқ унинг қуроли бўлиб қолди.
Бўри яна ҳам яқинроқ келиб ерга ётиб олди, жунларини ҳурпайтириб, сакраш олдидан худди қисилган пружинадай қотиб қолди.
Султонмурот умрида биринчи марта ўз юрагининг уришини яққол эшитди — у кўксида қаттиқ қисилиб турган юмалоқ нарсага ўхшаб тепарди…
Султонмурот юганни қулочкашлаганча, хиёл энгашиб, курашга шай бўлиб турди…


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Тамом)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-62

7 Бундан бир ярим йил аввал Хонзода бегим ёлғиз ўғилчаси билан Балхдан Қундузга келаётганда унинг юрагини титратган номаълум хавф-хатарлар гўё мана шу оғир чекиниш пайтини ...

Юлдузли тунлар-77

* * * Қайиқларга миниб кемага етганларида Бобур Хўжа Калонбекни кеманинг тумшуқ томонидаги хонаи хосга бошлади. Кема дарё бўйлаб сузиб борар экан, сувнинг шамоли энг аввал ...

Янги кун муборак эй дўсти азиз!

Ўкинчлар эрисин сўнгги қор билан, Орзулар тафтида кўкарсин умид. Майли ғам ташвишни қувамиз бирга. Армонлар юракка солмасин таҳдид. Байрам татирмиди бўлмасангиз сиз? Янги кун ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400