Қорақалпоғистондаги оммавий норозиликлар туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида чекловлар жорий этилди

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги “Даут Ата” назорат-ўтказиш пункти вақтинча ёпилиб, автомобиллар ва одамларнинг ўтиши тўхтатилди.

Бу ҳақда 2-июль куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик хизмати хабар берди. Чекловлар Қорақалпоғистонда оммавий норозилик намойишлари бошланганидан бир кун ўтиб жорий қилинди.

Қозоғистон хавфсизлик хизмати «ўтиш бекатидаги чекловлар Ўзбекистон томонидан ахборот тизими ишдан чиққани» ҳақидаги ахборот келиб тушганидан сўнг жорий этилгани маълум бўлди. Муассаса хабарида ёзилишича, Қорақалпоғистондан Бейнеу (Манғистаудаги темир йўл вокзали) йўналишидаги темир йўл қатновини ҳам вақтинчалик тўхтатиб туриш кўзда тутилган.

Қозоғистоннинг Манғистау, Ақтўбе ва Қизилўрда вилоятлари Ўзбекистондаги Қорақалпоқ Автоном Республикаси билан чегарадош.

1-июль куни Қорақалпоғистоннинг маркази Нукусда минглаб одамлар Ўзбекистон Конституциясига киритилган янги ўзгаришларга қарши норозилик билдириб, кўчаларга чиққан.

Улар Конституциянинг янги лойиҳасидаги Қорақалпоғистоннинг суверен мақомини бекор қилувчи ва уни Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилувчи таклифга қарши. Акцияда қатнашганлар маҳаллий фаол Даулетмурат Тажимуратовнинг ҳибсга олинишидан ҳам норози бўлишган.

«Олға, Қорақалпоғистон» ҳаракати раҳбари Аман Сагидуллаевнинг айтишича, Даулетмурат Тажимуратов ҳибсга олинганидан сўнг намойишлар кучайган. 5-июль куни Тажимуратов халқни тинч митингга чиқишга чақирган. Кейинроқ унинг қўйиб юборилгани маълум бўлди.

Нукусда ҳозир мобил интернет ўчирилган. Намойишлар Қорақалпоғистоннинг Чибай ва Мўйноқ шаҳарларига ҳам тарқалди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳрида 1-июль куни бўлиб ўтган митинглар ҳақида гапириб, фуқароларнинг норозилигига “конституциявий ислоҳотларнинг нотўғри талқин қилиниши” сабаб бўлганини айтди.

«Ҳозирда жамоат тартиби ўрнатилди. Фуқароларга қонун бузилишига йўл қўйилмаслигини тушунтириш ва уларнинг мурожаатларини тегишли тартибда кўриб чиқиш ишлари олиб борилмоқда”, — дейилади вазирликнинг Телеграмдаги хабарида.

Намойишчиларнинг талаблари ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Сизлар қайси сайёрада яшаяпсизлар?

Сизлар қайси сайёрада яшаяпсизлар? Ёки қайси сайёрадан келиб қолгансизлар? Нимага, қандай мантиққа асосланиб бундай – отнинг калласидек жарима миқдорларини белгилаяпсиз? 2019 ...

Ўзбекистон янги ҳокимияти ноқонуний равишда фуқароликдан чиқарилган ватандошларини норози қилишда давом этмоқда.

Камолиддин РАББИМОВ Дунё тарихида ҳали бирон марта ҳам бирон давлатнинг ташқи репутацияси ички репутациясидан, яъни, ушбу давлат ватандошлари тасаввуридан жиддий фарқли ...

Ўзбекистонда қўлда терилган пахта учун қанча ҳақ тўланади?

Ўзбекистон ҳукумати бу йилги пахта мавсуми учун янги нархларни эълон қилди. Нархлар ўтган йилгидан деярли фарқ қилмади. Нарҳ наволар комунал хизматлар ошгани, жарималар ...