Ўзбекистон: Миллий валюта курсини ким белгилайди?

Мария Яновская

 

Шермамат Абдуллазода узоқ вақт давомидаЎзбекистон Республикаси молия вазирлигида (шу жумладан, Казначействода) раҳбарлик лавозимларида ишлаб келган. 2004 йилда мамлакатдан қочиб кетган, ҳозир оиласи билан АҚШда яшаяпти. Жаноб Абдуллазода“Фарғона” ахборот агентлигига ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан курси қандай шаклланиши (аниқроғи учта курс), Ўзбекистон давлат бюджетини тузиш учун қандай маълумотлардан фойдаланишаётгани ҳамда республика молия соҳасида қарор қабул қилиш механизми қанақа эканлиги ҳақида сўзлаб берди. “Мамлакатни тарк этганимга ўн йил бўлганига қарамай, бу соҳада ҳеч нарса ўзгармаганига ишончи комил. Ҳаммаси бунданда ёмон бўлиб қолган”, – дейди Шермамат АБдуллазода.

– Сўмнинг курси қандай белгиланади? Нега улар учта: расмий, конвертация учун ва “қора бозор” курси?

– Бу масала чет эллик инвесторлар учун энг дардли бўлиб, энг кўп савол ҳам шу ҳақда берилади. Мен Молия вазирлиги Чет эл инвестициялари бошқармасида ишлаганман, бошқарма бошлиғи вазифасини бажариб, Ўзбекистонга келаётган барча инвестициявий лойиҳаларни таҳлил қилганман. Лойиҳадан фойда бўладими, унга ҳукумат кафолатини берса бўладими, шу ҳақда хулоса бериб келардим.

Барча ривожланган давлатларда эркин конвертация қилинадиган валютанинг курси талаб ва эҳтиёжларга қараб биржада шаклланади. Афсуски, ўзбек сўми ҳеч қачон эркин конвертация қилинадиган валюта бўлмаган ва яқин йигирма йил давомида ҳам бўлмайди. Ўзбекистонда барча молиявий харажатларни, шу жумладан, конветацияни назорат қилувчи Молия вазирлигида валюта курсини “осмондан олиб” ўйлаб чиқарадилар, ваҳоланки бу Ўзбекистон Марказий банкининг тўғридан-тўғри вазифаси саналади.

– “Ўйлаб чиқарадилар” деганингиз нимаси?

– Ўзбекистон ҳалқаро ҳамжамиятларга тақдим этадиган ҳисоботларида ўзини халқаро стандартларнинг барча талабларига жавоб бераётганини кўрсатмоқчи бўлади, чунки агар Халқаро Валюта фонди ёки бутунжаҳон банки Ўзбекистон бу талабларга жавоб бермайди, деган хулосага келса, унда ҳеч қайси инвестициявий банк займ бермай қўяди, Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритмайди. Тошкент барқарор иқтисодиёт кўрсаткичларини намойиш этишга мажбур. Шунинг учун барча расмий ҳисоботлар “ҳа, биз барқарормиз”, дея гувоҳлик берадилар. Курсни 1-2 сўмга алмаштириш мумкин, аммо у ўтган йили ХВФ ёки БЖБ текширган даврга нисбатан сезиларли даражада ўзгаргани йўқ.

Мазкур ҳисоботларнинг турган-битгани ёлғон. Ўзбекистон ҳеч қачон халқаро стандартларга жавоб бермаган, бунақаси бўлмаган ва яқин йиллар ичида бўлмайди ҳам.

Шермамат Абдуллазаде

Шермамат Абдуллазода ва “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориев  АҚШ, 2014 йил апрель.

– Сиз валюта курсини ўз билганларича ўйлаб чиқарадилар, демоқчимисиз?

-Ҳа. Сиз бошқа мамлакатларда, биржаларда валюта курсининг қандай кўтарилиб-тушишини кўриб турибсиз. Тошкентдагилар ҳам ўзлари учун шунақа қалбаки шкала, сохта графикларни чизиб юрадилар: бироз юқорироқ ёки бироз пастроқ… Молия вазирлигида (эртанги кунги валюта курси кўрсатилган – таҳр.) ҳужжат тайёрланади, вазирлар маҳкамасига, иқтисодий блок учун масъул бош вазир ўринбосирига берилади. У ерда ҳужжатни ўрганиб президент аппаратига оширадилар. У ёғига курсни жаноб Каримовнинг ўзи кўриб чиқади.

– Ҳар сафар шахсан ўзи кўриб чиқдими?

-Ҳамма нарсани Каримовнинг ўзи шахсан назорат қилиб боради ва барчасига ўзи кўрсатма беради. Баъзида Каримовга баъзи маълумотларни етказмай қоладилар, дейишади. Аммо бу гап ёлғон. Агар унга бирор зарур маълумотни етказмай кўришсин, ўша ондаёқ турма, ертўла ва ҳоказо. Бу даҳшат ва бундан ҳамма қўрқади. Агар маълумот унга етиб бориши керак бўлса, у албатта етиб боради. Аммо қандайдир сабабларга кўра, унга етиб бориши керак бўлмаса, демак бормайди. Аммо сўмнинг курси албатта етиб боради.

Кейин бўлса ҳаммаси ўша схема бўйича ортга қайтади: Каримов – аппарат – Вазирлар маҳкамаси – Молия вазирлиги – Марказий банк.

Қоидага кўра, биржа Марказий банкга бўйсунмаслиги керак. Аслида шундай бўлиши керак, аммо Ўзбекистонда эмас. Кечқурун (ёки кечаси) “янги курс” ҳақида кўрсатма оладилар ва эрталаб ҳудди валюта савдосида шунақа вазият юзага келганга ўхшатиб эълон қиладилар.

– Нега энди тунда? Курс каллага келган ҳаёллар маҳсули экан, нега буни иш куни давомида бажариб бўлмайди?

– Мен Молия вазирлигида ишлган кезимда, коммунистик иш олиб бориш услублари сақланиб қолган эди. Ахир Каримов Ўзбекистон Коммунистик париянинг биринчи котиб бўлган, СССР тарқаб кетганидан кейин эса ҳаммаси бадтар бўлиб кетди, чунки Ўзбекистон эмас, балки Каримов уни назорат қиладиган раҳбарлардан мустақил бўлиб қолди, уни тергайдиган одам қолмади…

Бутун бюрократик система эски совет услубида ишлашни давом этди. Молия вазирлигида сўм курсини валюта-иқтисодий бошқармаси тайёрлайди. Ҳамма ишлар “мутлақо маҳфий” гриф остида олиб борилади. Ҳужжат молия вазирининг қўлига текканида у ўзини хўжайинлигини намойиш этади, ҳужжатдаги камчиликларни кўрсатиб, қандайдир талаблар қўяди. Ҳужжатни қайта ишлайдилар. Кейин вазир розилик билдирган рақамлар учун юқоридан дакки эшитмаймиз, дея ўй билан юқорига оширилади. Ва шундай кетаверади. Вақт ўтаверади. Баъзида тунгги ўн бир-ўн иккигача ишда қолиб кетамиз. Ҳеч ким ортиқча ишлагани учун қўшимча ҳақ олмайди, шикоят қилиш мумкин эмас.

– Ҳар куни шунақами?

– Деярли ҳар куни. Баъзилар гарчи зарур бўлмаса ҳам шанба ва якшанба кунлари ишга чиқар эдилар. Қайсидир фурсатда мен якшанба кунлари ишга бормай қўйдим. Бошқалар эса ўзларини кўрсатиш учун келардилар. Бошлиқнинг кўзига яхши кўриниш учун. Мен буни ёмон кўрардим.

– “Бозор курси” қаердан олинади?

– Уни ҳам шунақа (сунъий равишда) ўрнатадилар. Аммо бу курс валютани бозор шароитида сотиб олмоқчи бўлганлар учун, дея огоҳлантирадилар.

Эркин конвертация бўлиш учун мамлакатда етарли миқдорда валюта захиралари бўлиши керак. Ўзбекистонда доим валюта лимит ва (инвестор конвертация қилиши мумкин бўлган суммани чекловчи-таҳр.) квота бўлиб келгани учун ҳеч қачон эркин конвертация бўлмаган. Мен ҳикоя қилаётган даврда молия вазирлиги ҳар ойда валютани конвертация этишга рухсат берилган ташкилотлар ва корхоналарнинг ҳамда уларга расман конвертация қилишга рухсат берилган валюта миқдори кўрсатилган рўйхатни тузиб тасдиқлаб келган. Гап чет эллик инвесторлар ёки банклар олдида қарзларини валютада қайтариб бериш мажбуриятига эга компаниялар ҳақида кетмоқда.

Ушбу рўйхатга кирган компаниялар сўмларини расмий курс бўйича конвертация қилиш ҳуқуқига эга бўлишган.

Мисол учун, қандайдир “А” дея номланувчи компания келгуси ойда банкга 2 миллион доллар қайтариш мажбуриятига эга. Мисол учун, унга бир миллион долларга квота бериляпти. Комания нима қилади? Бир миллионни расмий курс бўйича, иккинчи миллионни эса анча қиммат бўлган “бозор” курсида сотиб олади. Компания банкга қарзини тўлаш учун валютани қиммат нархда сотиб олишга мажбур. Бу нимага олиб келади? Лойиҳанинг қимматлашувига. Чунки ҳар қандай инвестициявий лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланиши валютанинг “қора бозор” ёки тижорат курсига эмас, балки айнан давлатнинг расмий курсига асосланиб ҳисоб қилинади.

– Бозор курсини ҳам Каримов тасдиқлайдими?

-Ишонмаяпсизми? Ҳамммаси унинг қўлидан ўтади.

-“Қора бозор” курсичи?

– Йўқ. Бозор курси – бу давлат курси. Қора курс эса ноқонуний бозорда шаклланади, мен буни натурал биржа курси деб атаган бўлардим. Халқаро валюта фонди ва барча бошқа халқаро молиявий институтларнинг барча ҳисоботларида айнан мана шу “қора бозор” курси кўрсатилиши керак.

– Молия вазирлиги конвертация учун квотани компания эҳтиёжига нисбатан атайлаб камайтириб берадими? Валютани қимматроқ курсда сотиб олишга мажбур қилиш учун қилинадими бу?

– Ҳаммага бергани етарли валюта йўқ. Баъзи ташкилотларга йилнинг қайсидир даври мобайнида умуман ҳеч қандай конвертация берилмайди. Қўшма корхоналар очган инвесторлар Молия вазирлигига, Вазирлар маҳкамасига бориб илтимос қилардилар. Бу нимага олиб келди? Пора беришга.

Ушбу рўйхат тузилаётганда Молия вазирлиги мутахассислари қайси ташкилотларга тегиб бўлмаслигини яхши биладилар. Уларга биринчи навбатда, давлатнинг минимал курси бўйича берилади, чунки бу, мисол учун, Каримов қизининг ёки яна аллакимнинг лойиҳаси… Ҳомийлари йўқ лойиҳаларга эса квотани атайлаб камайтиришлари ва шу йўл билан пулларини шиллишлари мумкин.

Бу нарсани эсласам, оғриниб кетаман.

– Балки ҳозир бошқачадир?

– Нималар деяпсиз, ҳозир ҳаммаси олдингидан бадтар ёмон бўлиб кетган.

– Давлатнинг валюта сиёсати шуми энди?

– Ҳа. Бу Ўзбекистоннинг қоғозга тушмаган сиёсат қонунидир. Мен тез-тез эътироз билдириб турардим, тилим – душманим, деганларидек…

– Молиявий вазирлигининг осмондан олиб қўядиган яна қанақа ҳунарлари бор?

-Бюджет. Харажатлар даромадлардан кўпайиб кетмаслиги керак…

– Нима демоқчисиз, солиқлар…

– Ҳа. Молия вазирлиги солиқчиларга рақам беради ва улар шунча пулни тўплаши керак. Мен доим ҳайрон бўлардим: қанақа қилиб? Тўпланган солиқлар суммаси объектив тарзда белгиланиши керак. Мисол учун, ер солиғи инфляцияга боғлиқ. Энди агар ҳисоботларда биз инфляция йўқ, дея кўрсатамизу, лекин унда нега (ер нархи ўзгармаган бўлса ҳам) ер солиғи кўтариляпти?

Қачонлардир мен солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаганман. Бюджетга пул тушмагани боис мен катта компания ёки ташкилолардан келгуси йил тўловлари ҳисобига бюджетга пул ўтказиб беришни сўрашга мажбур эдим. Бирор жойда шунақа иш қилинганини кўрганмисиз? Ўшанда менинг бошлиқларим шундай қилишга мажбурлашар эди.

Мен яқинда Халқаро Валюта фондининг Ўзбекистон бўйича вакили тайёрлаган ҳисоботни ўқиб чиқиб ҳайрон бўлдим. Бу аёл, ХВФ вакиласи Ўзбекистонда иқтисодиёт барқарор ва ҳатто кўрсаткичлар ўтган йилгига қараганда 10 фоизга яхшироқ деб ёзибди.

– У ҳам ҳукумат тарфидан тайёрланган ҳисоботларни ўрганиб чиққанку. Аслида иш қандай кечаётганини у қаердан билиши мумкин?

– Ҳа. Унинг учун бошқа йўл йўқ. Бундан ташқари, Ўзбекистонда шунақа услуб мавжудки, текширувчи келса, уни жуда яхши кутиб оладилар, музейларга олиб борадилар, дустурхон солиб меҳмон қиладилар… Улар текширувчи неча кунга келганини билишадику. Кейин бўлса, унга ҳужжатнинг тайёр лойиҳасини тутқазишади: мана ҳаммасини ёзиб тайёрлаб қўйдик, деб…

Мен ХВФнинг айнан ўша ҳисоботини Ўзбекистон томони тайёрлаган демоқчи эмасман. Бироқ халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарида маҳаллий кадрлар ишлайдилар, улар ўз давлатига қарши бирор нарса ёза оладиларми? Агар номаъқул нарсани ёзишса, эртаси куниёқ СНБнинг қўлига тушадиларку.

Шунинг учун ҳаммаси яхши деб ёзадилар.

– Мени гангитиб қўйдингиз. Агар солиқ суммаси ва валюта курси осмондан олиб белгиланса, унда иқтисодиётнинг фалокатга йўлиқишига оз қолди, деганини англатадику. Ахир бу узоқ вақт давом этиши мумкин эмаску?

– Менинг тасаввуримча тизим шунчалик чалкашиб кетганки… Аммо Каримов ҳокимиятни тарк этмагунича, буларнинг бари давом этаверади. Бу барқарор мезон. У ўзининг баъзи ваколатларини бош вазирга ўтказиши мумкин ёки умуман барча ваколатларини бериб қўйиши мумкин, аммо Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармайди. Барибир ҳамма нарсани ўзи назорат қилади. Ваколатларни тақсимлашлар эса хўжакўрсинга, холос.

– Нақд пул эса меҳнат муҳожирларидан келяпти…

– Ҳа. Улар ўз оилаларини қўллайдилар, ўзлари ишлаётган мамлакатларнинг иқтисодиётини қўллайдилар. Ўзбек халқим, олий маълумотли, зиёли, ҳунарманд одамлар оиласини тарк этиб четга элга чиқиб кетишга мажбур бўлаётганига ва у ерларда ҳар қандай ишни бажаришга киришиб кетаётганларига жуда ҳам куюнаман. Мен уларни иш билан таъминлаётган мамлакатлар ва тадбиркорлардан миннатдорман.

Мария Яновская

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

http://uzbek.fergananews.com/article.php?id=1639

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда евро курси 10332.75 сўм доллар эса 9446.65 сўм бўлди 

Ўзбекистон Марказий банки 2019 йилнинг 1 октябридан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қийматини белгилади. Унга кўра, 1 АҚШ доллари 9446.65 сўм этиб белгиланди. Бу эса ...

Ўзбекистон бу йил яна евробондлар чиқариши мумкин

Ўзбекистон февралда евробондлар чиқаришни муваффақиятли бошлаганидан сўнг бу йил яна бир марта долларда еврооблигациялар чиқарган ҳолда жаҳон бозорига йўл очиши мумкин. Бу ...

Россияда бензин нархи туша бошлади

Россиянинг айрим ҳудудларида бензин нархи пасайишни бошлади. Бу ёқилғининг улгуржи нархининг тушиши билан боғлиқ. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди. “Февраль ойи охиридан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400